Россия: Муҳожирлар қўрқуви нимадан? Қамоқдаги ўзбеклар урушга мажбурланаяптими? Мигрантлар нима қилсин? Ўзбекистон, янгиликлар

Россиядан тезроқ кетинг!
Россияда қисман сафарбарлик эълон қилингач, миграция масалалари бўйича юристлар ва фаоллар мамлакатда меҳнат муҳожирлигида бўлган ўзбекистонликлар ва Россия фуқаролигини олган хорижликлардан мурожаатлар сони кескин ошиб кетганини билдиришди.
«Тонг жаҳони» МЧЖ раҳбари, мигрантлар учун бепул юрист Россия паспортига эга бўлган муҳожирларни тезда мамлакатни тарк этишга чақирди.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, Social media
- Қолган муҳожирларга ҳам Россиядан чиқиб кетишни маслаҳат бераман. Чунки, биринчидан, сизни «кўнгилли ҳарбий хизмат» учун шартнома қилишга мажбурлашади. Иккинчидан, урушга яроқсизларни армия эҳтиёжлари учун бепул ёки яшашга ҳам етмайдиган арзимаган пулга ишлашга мажбурлашади. Сизнинг бу ерда қолишингизда ёки ўққа нишон, ёки қулга айланиш ҳавфи бор, - хавотирларини билдирди юрист Валентина Чупик.
"Қамоқдамиз, урушга мажбурлашаяпти"
Ҳуқуқшунос меҳнат муҳожирларини ватанларига қайтишга чақираётган бир пайтда Россиянинг турли ҳудудларидан Марказий осиёлик мигрантлар урушга даъват қилинаётгани, чақирилаётгани ва мажбурланаётгани ҳақидаги хабарларни йўллай бошлашди.
- Россия фуқаролигини олган қирғизларга хавас қилмайман. «Повестка» (Чақирув қоғози) биринчи бўлиб уларга келаяпти, - деб ёзади Семет Аманбеков хужжат суратини илова қилиб.
Юрист Ботиржон Шермуҳаммад эса Россия колонияларидаги ўзбекистонликларни урушга боришга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар олаётганини айтади.
- «Ким кўриб ўқиётган бўлса, илтимос, ёрдам беринглар. Владивосток марказий турмасида 500 дан ортиқ ўзбек ўтирибди, урушга мажбурлашаяпти. Бизни олиб кетинглар», дея қайта-қайта ёзди Шаҳарбек номли профил эгаси юристнинг Ютубдаги каналида урушга сафарбарлик мавзусига бағишланган жонли дастурида.
«Ўзбекистон элчихонаси эътибор қаратса бўларди», таъкидлайди юрист.

Сурат манбаси, Social media
ТИВ даражасида талаб керак
Ўзбекистон расмийлари ҳозирча Ўзбекистон фуқароларининг бошқа давлатда ҳарбий хизмат ёки ҳаракатларга ёлланиш учун ватанда жиноий жавобгарликка тортилишдан қайта-қайта огоҳлантиришмоқда.
Россия томони эса чет эл фуқароларини шартнома асосида хизматга жалб қилиш учун катта пул, уй ва Россия фуқаролигини таклиф қилмоқда.
Яъни, урушда қатнашадиган мигрантлар ватанига қайтгач, жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун Россия фуқаролигини олиб, шу давлатда яшаб қолиши мумкин тартибида мужда берилмоқда.
- Бизнинг давлатимиз Ташқи ишлар вазирлиги даражасида Россия ҳудудида мигрантларни урушга ёллашга йўл қўйилмаслиги тўғрисида қатъий талаб йўллаши лозим, - дейди ўзбекистонлик юрист Валентина Чупик.
Энг кўп берилаётган саволларга жавоблар
Сўнгги бир кун ичида муҳожирлардан тўхтовсиз тушаётган саволларни жамлаб, юрист Зарнигор Омониллаева жавобларини эълон қилди.
«Энг кўп бериладиган саволларга содда қилиб жавоб берсам», - дейди юрист. Мигрантларнинг саволлари ва юрист жавоблари қуйида берилмоқда:
Мигрантларни урушга олиб кетадими?
Агар Россия фуқаролигини олмасангиз, Россия ҳарбий қўшинларига қўшилиш ҳақида шартномага қўл қўймасангиз, Россия учун чет эл фуқароси бўлиб қолаётган бўлсангиз — унда сизни ҳеч ким ҳеч қаерга мажбурлаб урушиш учун олиб кета олмайди. Бунга ҳаққи йўқ.
Агар урушга бормасанг, ёмон бўлади, деб қўрқитса, дўқ-пўписа қилса, мигрантлар нима қилсин?
Шундай дўқ-пўписа, босим ва қўрқитишларга учраган ҳар бир мигрант ўз давлатининг элчихонасига зудлик билан мурожаат қилиши ҳамда ёрдам сўраши керак. Сизга ёрдам беришмагунча элчихонани тарк этманг. Агар ёрдамдан қониқмасангиз ёки умуман ёрдам беришларига эриша олмасангиз қўрқмай ОАВларда ва ижтимоий тармоқларда жар солинг. Ҳа, айнан жар солинг-ки, бундай босимлар халқаро инстанциялар, дипканаллар ва ҳукуматлар ўртасидаги муҳим масалага айлансин.
Россияда ВНЖ олган бўлсам, урушга олиб кетишадими?
Йўқ. Шартнома асосида ўзингиз, ўз ихтиёрингиз билан ҳарбий қўшинлар таркибига кирмасангиз, сизни ҳеч ким сафарбар қила олмайди. ВНЖ олган бўлсангиз ҳам Ўзбекистон фуқароси бўлиб қолаверасиз. ВНЖ сизга Россияда доимий яшаб, ишлашга рухсат беради, аммо Россия учун ҳали ҳам чет эл фуқароси саналишда давом этасиз.
Россияда РВП олган бўлсам, урушга олиб кетишадими?
Йўқ, олиб кетишмайди. Сиз Россия учун РВПси бор чет эл фуқароси саналасиз. Юқорида айтганимдек, чет элликларни олиб кетишга қонуний ҳаққи йўқ.
Чегаралар ёпиладими?
Давлат тарафидан чегаралар ҳозирча ёпилгани йўқ. Қисман мобилизация ҳақидаги президент фармонида чегараларни ёпиш кераклиги ҳақида айтилмаган. Ҳозирча чегаралар очиқ.
Кимлар Россиядан кета олмайди?
Россиянинг мобилизация ҳақидаги қонунининг 21-моддасига кўра (ст.21, № 31-ФЗ «О мобилизационной подготовке и мобилизации в Российской Федерации») ҳарбий заҳирада турган Россия фуқаролари мобилизация эълон қилинганидан кейин мамлакатни ҳарбий комиссариат рухсатисиз тарк этиши тақиқланади. Кўриб турганингиздек, чет эл фуқароларига тақиқ йўқ.
Мени ҳам Россия, ҳам Ўзбекистон паспортим бор. Мен Россиядан кета оламанми?
Ҳарбий заҳирада турган бўлсангиз Ўзбекистон фуқаролиги сизда бор бўлишига қарамай, кета олмайсиз.
Россия фуқаролигим бор, ҳарбий заҳирада борлигимни қандай текшираман?
Агар Россияда ҳайдовчилик гувоҳномасини олган бўлсангиз, ГИБДДга ҳарбийлик гувоҳномасини ҳам олиб борган бўлишингиз керак. Эслаб кўринг.Қолган индивидуал ҳолатларни юрист билан аниқлаштиришни маслаҳат бераман.
Мигрантларга ишлар нима бўлади?
Иш масаласи умуман муаммо бўлмайди. Яқин орада иш берувчиларга яна ишчилар етишмай, ойликлар кўтарила бошлайди. Қиш келяпти. Рубль курси янада мустаҳкамланиши, яьни кўтарилиши кутилаяпти. Шунинг учун айнан иш борасида ҳеч қандай муаммога учрамайсиз. Аммо, урушга кетмай, ишлашга қолган кучишлатар тизимлар, масалан полиция, росгвардиялар фронтга кетмаслик учун қизғин меҳнат фаолиятини бошлашларига тўғри келади. Натижада тажрибамдан келиб чиқиб, яна мигрантларга қарата текшир-текширлар, облавалар бошланади, деб ўйлайман. Устига тинимсиз митинглар, тартибсизликлар, кўчадаги жахлдор ва ҳадиксираган одамларнинг қўполлиги каби кофакторлар бор.
Мигрантлар патент тўлаб, регистрация қилишлари керакми? Ҳужжатлар бекор бўлмадими?
Ҳеч нарса бекор бўлгани йўқ. Патентни аввалгидек тўлаш керак. Миграцион қайдларни (регистрацияларни) узайтириб, юриш керак. Буларсиз ноқонуний юрган бўласиз ва "запрет" қўйишлари мумкин.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













