Россия Жиноят кодексига «мобилизация» ва "уруш вақти" киритилди. Бу ким ва нимага хавф солади? Янгиликлар

Сурат манбаси, SERGEI MALGAVKO/TASS
Давлат Думаси Россия Жиноят кодексига Украинадаги уруш билан боғлиқ муҳим қўшимчалар киритди. Улар талончилик, жанг қилишдан бош тортиш, асир тушиш, дезертирлик ва мудофаа тартибини бузганлик учун жазо чораларини белгилайди. Жиноятнинг "сафарбарлик даврида ёки ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида" содир этилиши оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Экспертнинг қайд этишича, халқаро гуманитар ҳуқуқни бузадиган ҳарбий жиноятлар учун Россия Жиноят кодексида жазо белгиланмаган.
Бугун Давлат Думаси Россия Федерацияси Жиноят кодексидан 331-модданинг фуқароларни уруш даврида ёки мавжуд бўлмаган "уруш даври" қонунлари бўйича жанговар вазиятда ҳарбий хизматга қарши жиноятлар учун жазолаш талабини чиқариб ташлаш учун овоз берди. Бундай махсус қонунлар 1996 йилда Жиноят кодекси қабул қилинганидан бери - Чеченистондаги уруш ва бошқа аксилтеррор операцияларига қарамай, ишлаб чиқилмаган эди.
Бунинг ўрнига депутатлар зудлик билан Россия Федерацияси Жиноят кодексига "уруш даври" учун жиноятларнинг алоҳида элементларини қўшдилар. Ҳар қандай жиноятни оғирлаштирадиган ҳолатлар орасида энди унинг "сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида" содир этилганлиги ҳам бор.
Жиноят кодексининг амалдаги нормаларига олтита янги модда ва 13 та қўшимча саноқли дақиқаларда ҳеч қандай муҳокамасиз қабул қилинди - булар июль ойида маъқулланган қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишига ўзгартиришлар киритиш тарзида амалга оширилган, у ҳам бутунлай бошқа масалада (маҳкумларга жазони ўташ шартларини енгиллаштириш қоидаларига аниқлик киритиш) эди. Давлат Думаси йиғилишида тузатишларнинг ўзи ҳам эълон қилинмади - депутатлар иккинчи ва учинчи ўқишда дарҳол «жадвал» учун овоз беришди ва ҳеч ким бу масала бўйича гапиришни ёки савол беришни хоҳламади.
Би би си Украина билан уруш, рус армиясининг йўқотишлари ва рус ҳарбий хизматчиларининг "махсус операция"да иштирок этишдан оммавий равишда воз кечиши манзарасида Россияда қандай янги жиноятлар ва жазолар жорий этилаётганини ўрганди.
Янги модда «Талончилик»
Ҳарбий хизматга мажбур бўлган россияликлар билан боғлиқ асосий ўзгаришлар "Ҳарбий хизматга қарши жиноятлар" бобига киритилмоқда. Унга биринчи марта иккита янги модда қўшилган.
Улардан бири «талончилик»дир. Бу биринчи марта Украинанинг аҳоли пунктларида россиялик ҳарбийлар томонидан оммавий талончилик ҳақидаги шов-шувли ҳолатлар, жумладан, мустақил ОАВ томонидан тасдиқланганидан кейин жорий этилди. Россия расмийлари бу фактларни тасдиқламади.

Давлат Думаси жиноят таркибини қуйидагича белгилади. Биринчидан, бу "айбдор ёки бошқа шахслар фойдасига ўзганинг, шу жумладан, ўлганлар ёки ярадорларнинг мулкини, шунингдек, тинч аҳолининг мулкини ҳақини бермай олиб қўйиш ва (ёки) ўзгартириш", Бундай ўзлаштиришни талон-тарож деб ҳисоблаш учун бу қилмишларни "қонунга зид" тарзда, "ўз манфаати йўлида", «эҳтиёж билан боғлиқ бўлмаган шаклда», "ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида ёки қуролли шароитларда содир этилганлигини исботлаш керак бўлади".
Агар жиноятнинг ушбу белгиларининг барчаси тасдиқланса, айбдор олти йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Агар талончилик ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўравонлик қўллаш ёки шундай зўравонлик қилиш таҳдиди билан содир этилган бўлса, энг юқори муддат 10 йилгача оширилади.
Шу билан бирга, жазо қўллаш учун асос фақат катта миқдорда талон-тарож қилиш - 250 минг рублдан ортиқ, олдиндан режалаштирган ҳолда ёки ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли зўравонлик ёки унинг таҳдиди билан содир этилган тақдирда пайдо бўлади. Бунинг учун 3-12 йил қамоқ жазоси белгиланади. Уюшган гуруҳ томонидан ўта йирик миқдордаги талон-тарож қилганлик учун - 1 миллион рублдан ортса, шунингдек, одам ўлдириш ёки жабрланувчига оғир тан жароҳати етказиш таҳдиди бўлса, 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш муддати белгиланади.
Россияда сафарбарлик ва уруш даврида ҳарбий хизматга қарши жиноятлар учун жиноий жавобгарлик биринчи марта киритилаётганини "Фуқаро. Армия. Қонун" инсон ҳуқуқлари гуруҳи (Россиянинг "хорижий агентлар" реестрига киритилган) директори Сергей Кривенко Би би сига тасдиқлади.
Унинг фикрича, «талончилик» ҳақидаги янги модданинг пайдо бўлиши талончилик Россия армиясидаги кенг кўламли ҳодиса эканлигини ва расмийлар буни тўхтатишга қарор қилганини кўрсатади. Шу билан бирга, модда шундай тузилганки, ўлжа машиналарда олиб кетилмаса, бироқ, масалан, дўкондан ёки аҳолидан тортиб олинса, "эҳтиёж учун" деб ҳисобланиши мумкин, дейди у.
Асирга тушиш, дезертирлик
Жиноят кодексининг яна бир янги моддаси - "Ихтиёрий таслим бўлиш" ҳақидадир. Бунинг учун давлатга хиёнат белгилари бўлмаса, ҳарбийлар 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга колонияга жўнатилади. Ҳарбийлар биринчи марта таслим бўлган тақдирда, шунингдек, "ўзини озод қилиш учун чора кўрган, ўз ҳарбий қисмига ёки хизмат жойига қайтган ва асирликда бўлганида бошқа жиноятлар содир этмаган бўлса" бундай жазодан озод бўлиши мумкин.
Қисмни рухсатсиз тарк этиш Жиноят кодексининг икки моддаси билан тартибга солинади. 337-модда бебошлик, "узрли сабабларсиз" жойида ҳозир бўлмаслик билан боғлиқ. Худди шу ҳаракатлар "хизматдан бўйин товлаш" учун бўлса, дезертирлик ҳисобланади (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 338-моддаси).
Сафарбарлик ёки қуролли тўқнашув даврида дезертирлик қилиш 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Энди жазо учун қилмишнинг пастки чегараси умуман назарда тутилмаган, максимал муддат - 7 йилгача, қурол билан, гуруҳ бўлиб ёки тил бириктириб қочган тақдирда - 10 йилгача.
Сафарбарлик ва жанговар ҳаракатлар давридаги одатий бебошлик учун жазолар қаттиқроқ. Муддатли ҳарбий хизматчи ёки шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи 2-10 кун давомида сафга келмаса, у беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. 1 ойгача келмаса - 7 йилгача, бир ойдан ортиқ -10 йилгача қамалади. Тинчлик даврида бу муддатлар мос равишда 2, 3 ва 5 йилгачадир.
Шу билан бирга, Дума томонидан қабул қилинган қонунга кўра, эндиликда захирада бўлган фуқаролар ҳам ҳарбий ўқув лагерларига келмагани учун шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар каби ҳукм қилинади.

Сурат манбаси, GAVRIIL GRIGOROV/TASS
Бундан ташқари, уруш даврида агар ҳарбий хизматчи биринчи марта бебошлик ёки дезертирлик (лекин қуролсиз, гуруҳларсиз ва олдиндан режалаштирмай) содир этган бўлса, Жиноят кодексининг мавжуд кўрсатмаси қўлланилмайди, жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Бундай ҳолатларга соғлиғининг оғирлиги ёки яқин қариндошларининг дафн маросими, шунингдек, тиббий ёрдам олишнинг иложи бўлмагани киради. Шуниси эътиборлики, депутатлар уруш давридаги бундай ҳолатлар учун жазони оғирлаштиргани билан, «дедовшина», ҳарбий хизматчини таҳқирлаганлик учун жазоларни қаттиқлаштирмаган.
Сергей Кривенконинг айтишича, агар ҳарбий хизматчи "оғир ҳолатлар" туфайли, масалан, командирнинг хўрлашлари ёки «дедовшина» сабабли бўлинмани тарк этган бўлса ва бунинг учун уруш вақтида жавобгарликдан озод қилишни тақиқлаш ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқларини жиддий бузади. "Энди улар бундай вазиятда бўлинмани тарк этиб, ҳарбий полицияга таслим бўлиш имконияти бор - қабул қилинган тузатишлар амалда ҳарбийларни чидаб бўлмас шароитга солиб қўяди", дейди у.
Сафарбарлик ёки жанговар ҳаракатлар вақтида ўзини касалга солиш, ўзига қасддан зарар бериш ёки ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан хизматдан бўйин товлаганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган. Энди жазонинг пастки чегараси йўқ, энг юқориси 7 йил.
Депутатлар чўкаётган ҳарбий кемани (тинчлик даврида - 5 йилгача) тарк этиш тўғрисидаги нормани ўзгартирмаган, эҳтимол, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган денгизчилар ҳам бўлган «Москва» крейсерининг чўкишидаги ноаниқлик бунга сабаб бўлиши мумкин. Мудофаа вазирлиги «Москва» крейсери жанговар ҳаракатларда қатнашмаганини маълум қилди.
Буйруқларга бўйсунмаслик ва жанг қилишдан бош тортиш
"Ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида ёки қуролли тўқнашув ёки жанговар ҳаракатлар шароитида" ёки "ҳарбий ёки жанговар ҳаракатларда қатнашишдан бош тортганлик" учун ҳарбий хизматчилар икки йилдан учга йилгача муддатга колонияга юборилади. Тинчлик даврида бу олти ойгача ҳибсга олиш ёки кўпи билан 2 йилгача жазо батальонида ўқиш билан жазоланади.
Агар бўйин товлашлар гуруҳий бўлса, шунингдек, "хизмат манфаатларига жиддий зарар етказиш" ёки оғир оқибатларга олиб келган бўлса, озодликдан маҳрум қилиш муддати тинч вақтга нисбатан икки баравар оширилади - бунинг учун сиз 3 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинишингиз мумкин.

Сурат манбаси, AFP/GETTY IMAGES
"Сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида ёки қуролли тўқнашувлар ёки жанговар ҳаракатлар шароитида" бошлиқларнинг ёки бошқа шахсларнинг ҳарбий хизмат мажбуриятларини бузишига сабаб бўлганлик ва қаршилик кўрсатганлик учун оғир жазолар назарда тутилган. Агар бундай ҳаракатлар зўравонлик ёки уни қўллаш билан таҳдид қилиш билан бирга бўлса, шунингдек, бошлиқни калтаклаш ва зўравонлик қилиш ҳолатларида 5 йилдан 15 йилгача бўлган муддат белгиланади.
Тинчлик даврида бу жиноятларнинг барчаси учун максимал 8 йил талаб қилинади, минимал муддат эса умуман белгиланмаган.
Сафарбарлик ва ҳарбий можаролар даврида жанговар навбатчилик, чегара ёки қоровуллик бурчини бажариш қоидаларини бузганлик учун эндиликда сиз 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинишингиз мумкин. Эндиликда мамлакат хавфсизлиги учун "жиддий оқибатлар" юзага келган тақдирдагина жанговар хизмат учун ўн йиллик муддат кўзда тутилган.
Патруль ёки кундалик нарядда (қоровул ва қўриқчидан ташқари) низомни бузганлик учун энг кўп жазо етти йилгача оширилди.
Қасддан ноқонуний буйруқ бериш ва ҳарбий жиноятлар
Янги қонун лойиҳасида Жиноят кодексининг 42-моддаси ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, унга кўра, " ноқонуний буйруқ ёки кўрсатмани қасддан бажармаслик жиноий жавобгарликни истисно қилади", деб таъкидлайди Кривенко. Аммо Жиноят кодексида ҳарбий хизматчи қайси буйруқларни "ўз-ўзидан ноқонуний" деб ҳисоблаб, бажармаслиги мумкинлиги тушунтирилмаган, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси. Унинг сўзларига кўра, бу ҳарбий жиноятлар ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилишига олиб келадиган ҳар қандай буйруқлар бўлиши мумкин.
Масалан, Женева конвенцияларига кўра, фуқаролик объектини ўққа тутиш уруш жинояти ҳисобланса ва қўмондон унга қарата ўқ узиш ҳақида буйруқ берса чи? Бу ҳал қилиб бўлмайдиган зиддият, деб ҳисоблайди Кривенко ва қонун чиқарувчи ҳарбийларни буйруқни бажаришдан бош тортганлик учун жазо тайинлар экан, қайси буйруқларни бажармаслик кераклигини ҳам аниқ белгилаши керак эди.
"Қўл остидагилар бошлиқ томонидан берилган буйруқнинг қонунийлигини баҳолаши ва ноқонуний буйруқларни бажарганлик учун жавобгар бўлиши керак. Шу билан бирга, аниқ ноқонуний буйруқ берган бошлиқ ҳам жавобгардир. БМТнинг Халқаро ҳуқуқ комиссияси томонидан ифодаланган, Нюренберг процесси принципларига кўра, «Ҳукумат ёки бошлиқнинг буйруғини амалга ошириш, агар онгли тарзда танлов имконияти бўлса, одамни жавобгарликдан озод қилмайди», дейди Кривенко.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг қайд этишича, Россия Жиноят кодексида ҳарбий жиноятлар жиноят деб белгиланмаган. Босқинчилик уруши олиб бориш ҳақидаги модда эса Жиноят кодексида номигагина бўлиб, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг кўплаб бузилишлари унга киритилмаган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, Давлат Думаси буйруқни бажармаслик ва жанг қилишдан бош тортиш тўғрисидаги нормаларга ўзгартириш киритаётганда, ушбу моддани ҳам кенгайтириши керак эди.
Қуролларга зарар етказиш ва давлат мудофаа тартибини бузиш
Қуролли тўқнашув шароитида қурол-яроғ, ўқ-дорилар ёки ҳарбий техника буюмларини қасддан йўқ қилганлик ёки шикастлаганлик учун энди беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Агар хатти-ҳаракатлар қасддан эмас, балки оғир оқибатларга олиб келган деб топилса, айбдор беш йилгача бўлган муддатга колонияга юборилиши мумкин.
Амалдаги Жиноят кодексида бундай жиноятлар учун пастки чегара белгиланмаган, қасддан содир этилган ҳаракатлар учун энг юқори муддат беш йил, қасддан содир этилмаган ҳаракатлар учун икки йил белгиланган.
Ҳарбий мулкни йўқотганлик учун сиз 7 йилгача колонияга боришингиз мумкин (тинчлик даврида - максимал 2 йил).
Жиноят кодексининг янги моддасида мудофаа тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Шартнома шартларини такроран бузганлик ёки уни бажаришдан бош тортганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг, энди жиноий жазо 1-3 миллион рубль миқдоридаги жаримадан 4 йилдан 8 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилишгача кўзда тутилган. Беш миллион рубль миқдорида зарар етказилган ёки давлат мудофаа буюртмасини бажармаган тақдирда, жиноятчи беш йилдан ўн йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














