Украина: Қирғин бўлгани айтилаётган Бучада жасадлар тўпланмоқда Rossiya Ukraina Bucha

Руслар Бучадан чекинганда, ўликларни қидириш ва ҳужжатлаштириш бўйича кенг кўламли операция бошланди. BBC News ўта оғир ва қайғули иш билан шуғулланаётган маҳаллий полиция ва қурбонларнинг оила аъзоларига ҳамроҳлик қилди.
Огоҳлантириш: Ушбу мақолада дилни хира қилувчи тафсилотлар мавжуд.
Полиция бошлиғи Виталий Лобас Буча шаҳридаги ташландиқ мактабдаги партада ўтириб, топилган жасатлар ҳақидаги маълумотларни тўпламоқда.
Кенг елкали, калта қора сочли, камгап бошлиқ Лобас ҳар бир неча дақиқада мобил телефонига қўнғироққа жавоб беради, қисқа суҳбатлар деярли бир хил: манзил, бир нечта тафсилотлар, қариндоши ёки дўстининг телефон рақами.
Алоқадор мавзулар
Руслар келишидан олдин у маҳаллий полициянинг оддий бошлиғи, Бучанский 1-округининг бошлиғи бўлиб, кун бўйи оддий маҳаллий жиноятлар ва тасодифий қотилликлар билан шуғулланган. Буча озод этилгандан сўнг, у ўз кунларини ҳали ҳам мактаб плакатлари осиғлиқ турган шу ташландиқ синфхонада, ўликларни оммавий излашни мувофиқлаштириш билан шуғулланиб ўтказмоқда.
Лобаснинг олдидаги мактаб партаси устида бир пайтлар Киевнинг тинч ва таниқли бўлмаган чеккаси, ҳозир эса бемисл жиноятлар содир бўлган ҳудудга айланган Буча харитаси турибди. Бу ҳудуд бир ой давомида Киевга ҳужум қилмоқчи бўлган рус қўшинлари назорати остида эди. Мана бир ҳафтадан ошди, у озод этилди, сўнг содир этилган даҳшатларни очишнинг секин ва оғриқли жараёни бошланди.


Ҳар сафар телефон жиринглаганда Лобас олдидаги харитага қарар ва оддий қоғозга қўлда керакли маълумотларни, ҳар бир жасадга бир қатор ёзиб қўярди. Тонгда у А4 қоғознинг бир томонини тўлдириб, бошқа томонига ўтди. Унинг айтишича, бир кун аввал у ерда 64 нафар жасад бўлган. Ундан аввалги кун 37 та. У ўша куни қанча бўлишини билмасди, лекин бу рақам қирқтага сакрашини кутган эди, чунки яқин жойда оммавий қабр қазилаётган эди. Лобас ушбу минтақанинг фақат бир қисми учун масъул ва яна кўплаб жасадлар унинг назоратидан ташқаридаги жойларда топилган.
Лобас вақти-вақти билан танаффус қилиб, мактаб ўйин майдончасига сигарет чеккани чиқиб келарди, лекин ҳатто ўша дақиқаларда ҳам жасадлар ёки уларларни йиғишдаги муаммо билан боғлиқ қўнғироқлар тинмасди. Бучада ёмғир ёғаётган эди, жасадларни ўликхонага олиб борган фургонлардан бири лойга ботиб қолди. Тезда трактор топиш керак эди, чунки фургонлар сони чекланган ва жасадлар кўп эди. Лобас одатда жойлардаги ишларни ўз ёрдамчиларига топширади, лекин айниқса оғир жиноятларда у ўзи боради.
"Масалан, одамларнинг қўллари орқасига боғланган ҳолда бошига ўқ узилган бўлса, мен бораман", деди у.
"Жасадлар ёқилган бўлса ҳам бораман."

Тушга яқин Лобас бўлинмаларидан бирининг 24 ёшли ходими Дмитрий Кушнир қўнғироқ қилиб, Буча чеккасидаги кўп қаватли турар-жой биноси орқасида топилган жасадни рўйхатдан ўтказишни сўради.
Кушнир ўрмон чеккасидаги хали кўкармаган майдондаги ёлғиз бинога яқинлашганида, участка чегараси ўрмонга туташган жойда, бино орқасида икки одамни учратди. Улар кўк рангли жарроҳлик қўлқопи кийган ва боши орқасидан ўқ узилган одамнинг қисман чириган танаси устида туришарди. Жасад қизил гулли оқ кўрпа устида, атрофда эса бўш пиво ва спиртли ичимликлар идишлари ётарди. Кўк жарроҳлик қўлқопларига қараб дастлаб турган одамларни тиббиёт ходимлари деб ўйлайсиз, лекин улар ўзларини Володимир ва Серхий Брежнев - марҳумнинг отаси ва укаси деб таништирдилар. Ерда 30 ёшли собиқ ошпаз Виталий Брежневнинг жасади ётарди, у руслар келишидан олдин шу ердаги турар-жой биносининг олтинчи қаватида севгилиси билан тинч-тотув яшаган.
Володимир ва Серхийнинг Виталий билан алоқаси бир ой олдин, руслар Бучани эгаллаб олганда узилиб қолган. Унинг уйини текшириш учун шаҳар чеккасига келишнинг иложи йўқ эди, шунинг учун улар бир ой давомида унинг тириклигини тасдиқлаш учун ижтимоий тармоқлардан беҳуда қидиришди.


Руслар бир ҳафта олдин чекинганда, Виталийнинг севгилиси Серхига қўнғироқ қилиб, воқеани айтиб берди. Руслар турар-жой биносига ҳужум қилиб, ҳар бир хонадонга милтиқ билан кириб, одамлардан сим-карта ва калитларни топширишни талаб қилишди, деди у. Унинг сўзларига кўра, улар Виталий билан уни турли хоналарда сўроқ қилишган, уларни калтаклашган ва итларини отиб ташлашган. Кейин у ва бир гуруҳ аҳолини ертўлага олиб тушиб қамаб қўйишган ва Виталийни алоҳида олиб кетишган ва унга уни бошқа кўрмаслигини айтишган, кўрмади ҳам.
Украина армияси Бучага кириш хавфсиз деб эълон қилингандан сўнг, Володимир ва Серхий кўп қаватли уйга йўл олишди. Ичкарида улар қонга бўялган зинапояларни ва одамларнинг квартираларидан чиққан ва сочилган шахсий фотосуратларни топдилар. Ҳар бир эшикда тўрт-бештагача ўқ тешиги бор эди. Пўлат плитали эшиклар лом билан очилган. Бир ёғоч эшик қулфини ўқ билан буза олишмаган чоғи, эшик ўртасини портлатиб бузиб киришган. Бошқа эшик ортига уй эгалари оғир столни суриб қўйгани кўриниб турарди, аммо бу уларни ҳимоя қила олмаган.
Володимир ва Серхий олтинчи қаватга кўтарилганда, 83-хонадон эшиги олдида ов милтиғидан ўқ узилганини кўрди. Ичкаридан чириган нарсанинг ҳиди тараларди. Руслар квартирани талон-тарож қилган, пул излаб шамоллатиш қувурларини ва ҳатто ҳаммомдаги дренажни бузишган, деб тахмин қилади Серхий. У Виталийнинг ётоқхонасига кирганида, акасини тирик топишга бўлган умидига берилган илк зарбани олди. Ёстиқда сингган қон доғи бор эди, қон тўшак ортидаги деворларга сочилганди. Полда рус армияси ўз милтиқларида қўллаган 7,62 мм калибрли иккита ўқ қолдиғи ётарди.
"Бу ерда бир одам ўлдирилган деб ўйлайсиз, - дейди Серхий. - Аммо жасад йўқ эди."
Шундай қилиб, Володимир ва Серхий Виталийни қидиришни бошладилар ва энди улар ака ва ўғил бўлган тирик Виталийни эмас, балки унинг жасадини қидираётганликларини тушунишарди. Серхийда Виталийнинг паспорт фотосурати бор эди. "Биз қидирдик, қидиравердик, - дейди у, - ва биз биринчи навбатда унинг юзини қидирдик."
Огоҳлантириш: Қуйидаги суратлар айримларнинг дилини хира қилиши мумкин.

Сурат манбаси, Empics
Бино орқасида, ўрмон ёнида улар саёз қабрга ўхшаш нарсани топиб, қазий бошлашди. У ердаги қолдиқларни эксгумация қилиш учун вақт керак бўлди. Аввалига улар нотаниш гул нақшли кўрпани кўрдилар ва қалбларида умид уйғонди. Аммо жасадни кўтарганларида, унинг ичида Виталийнинг квартирасидан олинган парда бор эди. Кейин жасаднинг этиклари кўринди, уни танидик деб ўйлашди. Бу вақтга келиб, қоронғи туша бошлади, улар комендантлик соати бошланишидан олдин уйга қайтишлари керак эди, шунинг учун улар танани чойшаб билан ёпишди. Умид чўғлари ўчмаганди.
"Бугун охирги тегиниш бўлди, - деди Серхий эртаси куни танага қараб. - Бугун биз унинг оёқ кийимларини ечиб, оёқларини кўрдик."
Виталийнинг оёқлари пайпоқ ва этикда бўлгани сабабли, бир ой давомида танасининг қолган қисмига қараганда яхшироқ сақланиб қолганди.
"Биз унинг оёғининг шаклини кўрдик", деди Владимир.

"Кейин биз бурун ва қўлларнинг шаклига қарадик, - деди Серхий. - Биз бу бизнинг қондошимиз эканлигини билдик."
Володимир икки йил олдин Бучада кичик квартира сотиб олганди - ўғлининг келажагига сармоя. Виталий пандемия бошланиб, ишсиз қолгунча Киевдаги ресторанлардан бирида ошпаз бўлган. У қурилишда ўриндошлик асосида ишлаган ва барқарорроқ иш қидираётган эди. Унинг севгилиси ва ити бор эди, мана энди яхши ҳудудда квартирали ҳам бўлганди. У балиқ овлашни ва ов қилишни яхши кўрарди, бўш вақтларида эса қўзиқорин териб, овқат пиширарди.
"У бу ерда тинч ҳаёт кечираётганди, - дейди Серхий. - У оддий йигит эди, бори шу, меҳрибон одам эди. У борини берди."
"У ўғил ва ука эди", дейди Володимир кўз ёшларини аранг тутиб.
Кўп қаватли уйга кираверишда офицер Кушнир полиция баённомасини тўлдираётган эди. Володимир машинасига бориб, иккита кичик картон олди ва ҳар бирига ўз исми ва телефон рақамини, шунингдек, Виталийнинг исми ва манзилини ёзди. Кейин қўшниларидан сиёҳ оқиб кетмаслиги учун скотч сўради, чунки Бучада ёмғир қаттиқроқ ёға бошлаганди. Сўнг жасад олдига қайтиб борди, бу сафар жарроҳлик қўлқописиз. Бир картонни Виталийнинг тўпиғига, иккинчисини эса билагига боғлаб қўйди.
"Мен ўғлимни йўқотишни хоҳламайман", деди у.
Офицер Кушнир баённомани тугатиб, уни чақирди. Бошлиқ Лобас жасадларни йиғаётган фургонни чақирди. Володимир ва Серхий ёмғирдан панага чиқиб, фургон келишини кутишди.

Кун ўтган сайин, бошлиқ Лобаснинг синфхонасидаги қўмондонлик пункти гавжумлашди. Ходимлар келиб-кетиб турибди, жиноят жойидан баённомалар тузилди. Лобаснинг столи устидаги рўйхат тобора узунлашиб, телефони тинмасди.
Россия танкларининг вайрон бўлган карвони ёнидаги қудуқда ўлик аёл топилди. Кўп қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида жасад бўлган. Фургонлардан бирининг ҳайдовчиси қўнғироқ қилиб, жасадни топа олмаганини айтди. Бир аёлнинг шахсан ўзи қўшниси ўлгани ҳақида хабар бериш учун синфхонага келган. "Мен ҳамма нарсани тушунаман", деди Лобас аёлга қараб, яна ишига шўнғиди. - Бугун уни олиб кетишга ҳаракат қиламиз." Лобаснинг отаси қўнғироқ қилди. "Дада, мен жуда бандман, - деди. - Ҳаммаси жойида."
Руслар ҳужуми пайтида Бучадаги иккита полиция участкаси вайрон қилинган ва Лобас шароитсиз қолган эди. Жасадларни солишга қоп етишмасди. Унинг жамоасида ҳам олдинги кунларда бу янги ишни давом эттира оладиганларгина қолганди. "Заиф бўлганлар бошида кетишди", дейди у. Иш шу қадар катта эдики, ҳис-туйғуларга берилишга вақт йўқ эди.
Лобасга яна қўнғироқ бўлди. "Тўққизта? - деди. - Қаерда?"
Қўнғироқ қўшни полиция бўлимидан бўлган. Тўққизта жасад яқин атрофдаги далага кўмилган. Лобас телефонни қўйиб, мобил қурилмаларидан бирида рақам терди. "У ердаги жамоа ҳолдан тойган ва уларда жасад қопи ҳам қолмаган, - деди у. - Улар кун бўйи жасад тўплаган. Илтимос, ҳозир бориб уларга ёрдам беринг. Жасад қопларини топинг ва жасадларни йиғишга ёрдам беринг."

Тўққизта қабр дала чеккасида, тупроқ йўл охиридаги тўсиқ ортида бир текисда тизилган эди. Россия босқини вақтида ўлганларни қўшнилари дафн қилган бўлса, ҳозир полиция кўмагида яна ўша қўшнилар уларни қайта қазиб чиқармоқда.
"Бу одамларнинг баъзилари дори-дармонларни вақтида ололмагани учун вафот этган, баъзилари эса руслар томонидан ўлдирилган", дейди дала яқинидаги бинолардан бирида яшовчи 45 ёшли украиналик Геннадий. У жасадларни кўмишга ёрдам берган ва ҳозир ҳам асосий ишни қилмоқда.
"Булар бизнинг қўшниларимиз эди, - дейди Геннадий юзида чуқур ғазаб билан. - Мана, қўшни уйдан Толя амаки ва унинг қўшниси. Мана, қўшни уйда яшовчи яна бир одам. Бу одамнинг ўқдан яраси бор эди, биз уни танимасдик, лекин ёнидан паспорт топдик. Кекса аёлнинг қандли диабети оғир бўлган, уни Бучадан чиқармоқчи бўлдик, лекин яшил йўлак йўқ эди, шунинг учун у вафот этди. Бу одам ити билан сайрга чиққанча қайтиб келмаган. Биз эксперт эмасмиз, лекин у отиб ўлдирилганга ўхшайди."
Жасадларни қазиб олиш қийин эди. Улар чуқур қабрларга яхши кўмилган, ёмғир эса тупроқни ҳўллаб, сирпанчиқ қилиб қўйган. Устига яшил пластик ёмғирпўш ташлаган Геннадий ҳар бир қабрга бирин-кетин тушиб, жасадларни қалин камар билан боғлаб, юқорига кўтариш учун атрофини очади.
Ҳар бир жасад нима топилган бўлса, ўшанга ўралган эди: пардалар, турли рангдаги ва нақшли кўрпалар. Улар полиция томонидан текширилди ва барча аниқ яралар iPhone'да суратга олинди. Етарлича жасад қоплари топилди, бироздан кейин фургон етиб келди. Унинг орқа эшикларига кимдир "200" - ўликларни ташиш учун ҳарбий идентификаторни ёзиб қўйганди. Жасадлар ортилди. Осмон кулранг бўлиб, ёмғир савалаб турарди.

Виталийнинг уйида Володимир ва Серхий фургон келишини имкон қадар кутишди. Қоронғи тушди ва улар уйга кетишлари керак эди. Виталийнинг жасади ер юзида яна бир кеча ётиши керак эди. Киевда соат 21:00 комендантлик соати жорий этиш аллақачон кеч бўлган, бироқ йўл-йўлакай ҳарбий назорат пунктларида ўлим ҳақидаги гувоҳнома кўрсатилса, уларни ўтказиб юборишарди.
Эртаси куни эрталаб қуёш чиққанда ота ва ўғил яна Бучага қайтишди. Улар фургонни бошқа кутишмади, Виталийнинг жасадини машина орқа ўриндиғига ортишди ва жанубга, бир соатлик йўлдаги Боярка шаҳарчасидаги ўликхонага йўл олишди.
Босқиндан олдин Боярка ўликхонаси ходимлари кунига учтача жасадни қабул қилган, уларнинг аксарияти табиий сабаблар билан вафот этган. Буча озод қилингандан бери улар кунига элликка яқин жасад қабул қилмоқда, уларнинг 80 фоизи ўлдирилган, дейди у ерда 16 йил давомида тиббий эксперт бўлган 39 ёшли Семён Петрович.
Боярка чеккасидаги касалхона орқасида жойлашган ўликхона яқиндагина иккита музлатгични ижарага олган, иккаласи ҳам жасадга тўла эди. Ўликхона дарвозаси яқинида ва иккала томонида юк машиналари турибди ва панжара ёнида жасад қоплари ётибди.
"Ходимлар ҳам, жой ҳам етишмайди, - дейди Петрович, тиббий эксперт. - Етарли одамимиз бўлганида ҳам, жасадларни қаерга қўямиз?"
Одатда у ҳар бир жасадни синчковлик билан очиб кўради ва ўлим ҳақидаги гувоҳнома беради. "Ҳозир биз уларни тезда кўриб, қўлда қисқача ёзиб беряпмиз", дейди у.

Сурат манбаси, Empics
Жасадни ўзлари олиб келганлар фақат Володимир ва Серхий эмас экан. Ўликхонага шахсий машиналар етиб келди, адёл ва латтага ўралган жасадлар олиб чиқилди. Қариндошлар, дўстлар излаб келишади. Татьяна Жиленко чет элда бўлган дўстининг отаси жасадини қидираётган эди. "Унинг кўксида паспорт бор эди", деди у ходимларга. Александр Заковоротний қайнотаси учун келган, у қишнинг қаҳратонида руслар газни ўчириб қўйганида, газ баллонидан қўлбола иситгич ясаган, аммо олов ўчгач ухлаб қолган ва ис газидан ўлган.
Володимир ва Серхий Виталийни таниш учун чақирилгунча ташқарида кутишди. Улар ҳар ёқда жасадлар ётадиган тор, шифти пастак ўликхонада туришарди, ҳидга чидаб бўлмас эди. Улар Виталийнинг жасадига яқинлашиш учун очиқ жасад ёнидаги иккита замбил ўртасига кириб, ундан таниб олиш мумкин бўлган чандиқларни излашлари керак эди. Улар патологоанатомга Виталийнинг оёқларини таниганларини такрорладилар. Володимир четга қаради, сўнг яна жасадга. У шубҳа ва умид ўртасида қолганди.
Шундан сўнг у музлаткичли юк машинасининг орқасига ўтиб, кўкси тўлиб йиғлай бошлади. Виталийнинг танаси қопда 552 рақами билан олиб чиқилди - 552чи жасад, йил бошидан буён бу кичкина ўликхонадан шунча жасад чиққан, бу одатий йилга қараганда деярли икки баравар кўп эди ва юзлаб жасадлар бир ҳафта ичида келган.
Полиция унинг бармоқ изларини олиб, Володимир ва Серхийга ортда қолганлиги сабабли шахсни тасдиқлашга бир ойга яқин вақт кетишини, акс ҳолда уни қабристонга дафн қилиш учун олиб кетишлари мумкинлигини айтди.
Володимир ва Серхий жасад ташийдиган фургонни кутмасдан, Виталийни эҳтиёткорлик билан машиналарининг орқа ўриндиғига жойладилар ва уни бир соат йўл юриб, вайрон бўлган уйлар ва ҳафталар давомида кўчалари жасадга тўла Бучага олиб боришди. Аллақачон тўлиб кетган қабристондан ташқарида, йўл бўйига узун қилиб тизиб янги қабрлар қазиларди. Тобутнинг тепасида руҳоний дафн маросимини ўтказди. Марҳумнинг онаси йиғлаб юборди. Яқин атрофда, ўрмон томонда портламаган ўқ-дориларнинг портлаш овози эшитилди. Володимир ва Серхий қабристонга кириб, Виталийни ерга қўйилган узун қатор жасад қоплари ёнида қўйишди.

Виталийнинг шахси аллақачон тасдиқлангани ва Бучада дафн этилиши керак бўлганлиги сабабли, у қирмизи мато билан оддий ёғоч тобутга жойлаштирилди ва икки кундан кейин дафн этилади.
Володимир ва Серхий қабристонни тарк этди. Володимирнинг уйи гарчи Киевда бўлса да, саратоннинг сўнгги босқичидан азият чекаётган рафиқасини ўғли ёнига дафн қилиш учун шу қабристондан жой гаплашди.
Икки кундан сўнг, оила ёруғ ва совуқ тонгда Бучага келишди. Яна бир бор Володимир ва Серхий етакчилик қилиб, тобутни ғиштли бинога олиб киришди. Лили ташқарида, жасад қоплари орасида ёлғиз ўзи скамейкада сигарет чекиб ўтирди. Тобут атрофига оила йиғилди, руҳоний дафн дуоларини ўқиди ва черковдаги икки кекса аёл тутатқи тутатиб, қўшиқ айтди. Кейин Виталийни орқасига 200-рақами ёзилган фургонда қабристон ташқарисидаги йўл бўйлаб янги қабрлардан бирига олиб кетишди ва дафн этишди. Володимир ҳали ҳам шубҳалар билан курашди. "Мен ҳали ҳам бармоқ излари бу менинг ўғлим эмаслигини кўрсатар дея умид қиламан", дейди у.
Ўша куни Буча шаҳридаги ташландиқ мактабга қайтган бошлиқ Лобас партасига ўтириб қариндошини топишда ёрдам сўраб келган одамни тингларди. У қариндошининг жасади оммавий қабрдан топилгани ҳақида эшитган экан. Унинг сўзларига кўра, эркак черков яқинидаги катта оммавий қабрда бўлган, бироқ у полицияга бериб юборилган. У бошлиқ Лобасга фотосурат бермоқчи эди, лекин Лобас ишлар бундай ташкиллаштирилмаслигини тушунтирди. "Биз суратдаги одамни излаб, барча жасад қопларини очолмаймиз, - деди у. - Ўзингиз тушунасиз, бу вақтни беҳуда ўтказиш бўлади".

Лобаснинг тушунтиришича, ўликхоналарда етарли жой йўқлиги сабабли номаълум жасадларни кўмишни бошлашга тўғри келган. Аммо у жасадларнинг бармоқ излари ва фотосуратлар олинаётгани ва сақланишини айтди. "Одамларнинг ўзи дафн этилганига қарамай, маълумотлари сақланиб қолади, - деди у. - Расмлар қолади."
Қўнғироқлар бўлишда давом этди - Яблунская кўчасидаги жасад, мактаб яқинидаги яна бир жасад. "Биз бу икки манзилни аллақачон тозалаб олдик, келинг, кўпроқ йиғамиз", дейди Лобас. У сигарета чекиш учун ўйин майдончасига борди. Унинг айтишича, топилаётган жасадлар сони камайишни бошлаган. У иш тез орада тугайди, деб ўйларди. "Ҳозир дам олиш кунларимиз йўқ, жасадлар йиғиб бўлингунча ишлаймиз", деди у. У сигаретни ташлади. Унинг телефони жиринглаб турарди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












