Буча қирғини: Мени ҳам ўлдиришгани яхши эди

Ирина Абрамова Бучадаги вайрон этилган уйи ёнида
Сурат тагсўзи, Ирина Абрамова Бучадаги вайрон этилган уйи ёнида
    • Author, Жоэл Гунтер
    • Role, Буча, Украина

Владимир Абрамов куёвини ёрдамга чақирди, ўзи Киевнинг Буча шаҳридаги уйида содир бўлган ёнғинни ўчиришга астойдил ҳаракат қилди.

Рус аскарлари Владимирнинг уйи дарвозасини бузиб, уйга қарата ўт очдилар, 72 ёшли Владимир, унинг қизи 48 ёшли Ирина ва унинг турмуш ўртоғи 40 ёшли Олегни ҳовлига судраб олиб чиқдилар.

Унинг айтишича, аскарлар Олегни дарвозадан пиёдалар йўлагига олиб чиқишган, уй дарвозаси олдида туриб граната улоқтиришган, жуда кучли портлаш бўлган ва уйга ўт кетган.

Владимир кичкина ўт ўчиргични олиб, оловни ўчиришга беҳуда уринди. "Олег қаерда? Олег ёрдам берворсин!" қизини чақирди.

Лекин жавоб рус аскарларидан биридан келди, дейди у.

"Олег энди сизга ёрдам бермайди".

Иринанинг айтишича, Олег дарвоза ташқарисидаги йўлакдан топилган. Унинг ётган ҳолатидан билиш мумкинки уни тиз чўктиришган ва масофадан туриб, бошига ўқ узишган. У Бучадаги Яблонска кўчасининг муюлишида сокин ҳаёт кечираётган пайвандчи уста бўлган, уни уйидан олиб чиқишган ва ўлдиришган.

Volodymyr Abramov stands in the house once shared by his daughter and son-in-law
Сурат тагсўзи, Владимир Абрамов қизи ва куёви билан бирга яшаган уйи вайронасида.

Бу қотиллик яқинда рус қўшинлари Киев чеккасидан чиқиб кетганидан кейин Бучада аниқланган ўнлаб, балки юзлаб қотилликлардан биридир. Майор Анатолий Федорук душанба куни камида 300 тинч аҳоли ўлдирилганини айтди. Ҳозирча расмий ҳисоб йўқ.

Россия ваҳшийликларга алоқадорлигини рад этмоқда. Аммо унинг ёниб кетган танклари шаҳарда тўлиб ётибди. Черков ҳудудида очиқ қабр бор, ўликлар ҳали ҳам ичида, баъзилари қора қопларда, баъзилари қумда ётибди. Йўлларда ўқ илма-тешик қилган фуқаролик машиналари турибди, камида биттаси ичида жасад бор. Уйлар бомбаланган, уларнинг дарвозалари олдилари танклар билан яксон қилинган. Маҳаллий аҳоли рус аскарлари ҳеч қандай сабабсиз уйлари яқинида тинч аҳолини отиб ўлдирганини айтади, сунъий йўлдошдан олинган суратлар ҳудуд руслар назорати остида бўлган пайтда жасадлар кўчаларда ётганини кўрсатади.

Рафиқаси Иринанинг сўзларига кўра, Олег Абрамовни ўлдирган россиялик аскарлар ундан "ҳеч нарса сўрамаган"лар.

"Улар ҳеч нарса сўрашмади ва ҳеч нарса демадилар. Шунчаки ўлдирдилар, - дейди у. - Шунчаки кўйлагини ечиб, тиз чўкишга буюришди ва отиб ташладилар".

Владимир Абрамов уйи дарвозаси ёнидаги йўлакда куёви Олег тиззалаб қўйилиб бошидан отилган жойни кўрсатади.
Сурат тагсўзи, Владимир Абрамов уйи дарвозаси ёнидаги йўлакда куёви Олег тиззалаб қўйилиб бошидан отилган жойни кўрсатади.

Сешанба куни, Олег ўлдирилган жойда, қора қон доғи ҳамон кўриниб турган жойда у йиғларди. У югуриб чиқиб, унинг жасадини кўрганида, уни олиб чиққан тўртта рус аскари ҳеч нарса бўлмагандек тик туриб сув ичишган. У уларга қарата мени ҳам отинглар деб қичқирди ва улардан бири милтиқни кўтарди, кейин пастга туширди, кейин яна кўтарди ва яна туширди, шунда Владимир уни орқага судраб дарвозадан ичкарига олиб кирди.

"Бу аскарлар бизга кетиш учун уч дақиқа вақтимиз борлигини айтишди ва бизни шиппак билан югуришга мажбур қилишди, - дейди Владимир. - Буча қиёматга ўхшарди - ҳамма жойда жасадлар, кўчалар тутунга тўла."

Владимир ва Иринанинг Олегнинг жасадини кўчада қолдиришдан бошқа чораси йўқ эди ва у ўша ерда деярли бир ой ётди, улар эса яқин атрофдаги қариндошларининг уйида бошпана олишди. Қайтиш хавфсиз бўлгач, Владимир куёвини асфальт ёнидаги нотекис ерга дафн қилмоқчи бўлди, у ерда ярим қазилган чуқур сешанба куни ҳали ҳам кўриниб турарди.

Аммо ишдан чарчаган ва рус аскарларидан қўрқиб кетган Владимир Олегни ҳовлига олиб кириб, ўша ерга ётқизди. Кейинроқ украиналик ҳарбийлар жасадни фургонга ортиб олиб кетишди, дейди Владимир. "Энди уни қандай топишимизни билмайман."

Россиялик аскарлар чиқиб кетганидан кейин Буча черкови яқинида топилган оммавий қабрлар
Сурат тагсўзи, Россиялик аскарлар чиқиб кетганидан кейин Буча черкови яқинида топилган оммавий қабрлар

Украина расмийлари Буча кўчаларини жасадлардан тозалаган, бироқ улар ертўла ва хусусий уйлар ҳовлиларида ҳам топилишидан хавотирлар бор. Расмийлар бу даҳшатларни рўйхатга тушириш жараёнини эндигина бошладилар. Бучага етказилган зарар шунчалик каттаки, бир вақтлар гўзал шаҳарча бўлган бу ерни тиклаш учун қанча таъмир зарурлигини тасаввур қилиш қийин.

Сешанба куни шаҳарча бўйлаб ўтган, портлаган танклар ва вайрон бўлган уйларга тўла кўчани 84 ёшли Григорий Замогилний атрофидаги вайронагарчиликни сезмагандек супуриб юрган эди. Негадир унинг уйи омон қолди - йўл бўйидаги ягона соғ бино.

"Мен немислар билан урушни кўрдим, энди эса руслар билан уруш, - дейди Бучада туғилиб ўсган собиқ муҳандис Замогилний. - Бу ерда кўраётганларингиз ҳайвонларнинг шафқатсизлиги."

Сешанба куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида нутқ сўзлаган Украина президенти Владимир Зеленский русларни Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг даҳшатли жиноятларни содир этишда айблади ва айбдорларни Нюрнбергдаги нацистлар сингари суд қилишга чақирди.

"Россия ҳарбийлари ватанимизга хизмат қилган ҳар бир кишини қидириб топиб, мақсадли равишда ўлдирди, - деди у. - Улар бутун оилаларни, катталарни ва болаларни ўлдиришди ва жасадларни ёқишга ҳаракат қилишди".

Бучадаги Абрамовлар уйининг вайронаси
Сурат тагсўзи, Бучадаги Абрамовлар уйининг вайронаси

Украина Россиянинг Буча ва унга яқин Ирпиндаги ҳаракатлари юзасидан ҳарбий жиноятлар бўйича тергов бошлади. Унда айтилишича, ҳозиргача икки шаҳар атрофида 410 кишининг жасади топилган.

Руслар чекиниб, шаҳар атрофларидаги каттароқ ҳудудлар озод қилинар экан, кўпроқ ваҳшийликлар - кўчаларда кўпроқ жасадлар топилиши, оммавий қабрлар очилиши мумкин, деган хавотирлар бор. Владимир ва Ирина Абрамовалар битта жасадни қидирмоқдалар ва улар уни топа олмасликларидан қўрқишяпти.

"У сокин ҳаёт кечирадиган, умуртқа поғонасидаги жароҳат боис бир умрга ногирон бўлиб қолган пайвандчи эди", дейди Владимир.

"Ўлимидан олдин, мен ҳовлида эдим, уни очиқ дарвозадан тиз чўкиб ўтирганига кўзим тушди, у сўнгги сўзларини айтди. Улардан "нима учун" деб сўради."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Мақолани тайёрлашда Родион Мирошинк ва Дария Сипигина кўмаклашган.

Фото суратлар муаллифи Жоэл Гунтер.