Алла Пугачёва Украина урушини қоралади, Буча ва Изюмдан кейин Россия ҳарбий трибуналга тортиладими? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Машҳур Россия қўшиқчиси Алла Пугачёва Адлия вазирлигига мурожаат қилиб ўзини ҳам "хориж агенти" деб эълон қилишни сўради.
"Мени ҳам севимли ватанимнинг хорижий агентлари қаторига киритиб қўйинг, чунки мен эрим билан биргаман. Эрим ҳалол, виждонли ва самимий инсон, Россиянинг ҳақиқий ва сотилмас ватанпарвари, Ватанининг гуллаб-яшнаши, тинч ҳаёти ва сўз эркинлигини истайдиган, бизнинг мамлакатимизни яккамохов қиладиган ва бизнинг фуқароларимизнинг ҳаётини оғирлаштирадиган рўёвий мақсадлар учун бизнинг йигитларимиз ўлими тўхташини истайдиган ватанпарвардир", деб ёзди Инстаграмдаги ўзининг саҳифасида Алла Пугачева.
Алоқадор мавзулар:
16 сентябрь куни Россия Адлия вазирлиги телебошловчи ва ҳажвчи Максим Галкинни хориж агенти бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритганини эълон қилди, Россия расмийларига кўра, Максим Галкин сиёсий фаолият билан шуғулланади, Украинадан моддий ёки бошқа ёрдамларни олади.
Украина босқини бошланганидан кейин Россияда кўплаб юридик ва жисмоний шахслар "хориж агенти" деган рўйхатга киритилди, фаолиятлари тақиқланди, жиноий ишлар қўзғатилди.
Уруш бошланганидан кўп ўтмай, Максим Галкин ва Алла Пугачева болалари билан Россиядан чиқиб кетдилар,
Алла Пугачева болалари билан август ойида Исроилдан Россияга қайтди.

Сурат манбаси, .
Максим Галкин бошиданоқ урушни қоралаб чиқди, Россия аскарларининг Бучадаги ҳарбий жиноятларига муносабат билдирди.
Алла Пугачева ўзининг аксилуруш мавқеъсига бир неча марта шаъма қилди, лекин бевосита Украина босқини ҳақида очиқ гапиргани йўқ.
Сентябрь ойи бошида Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков, Максим Галкин билан йўлимиз бошқа-бошқа, деб муносабат билдирган эди.
"Ёмон ва номақбул баёнотлари билан ўзларига доғ туширган артистлар бор. Мен Алла Пугачеванинг бирорта баёнотини эшитганим йўқ, эри эса ҳа, у билан аниқ йўлимиз бир эмас, эри жуда ёмон баёнотлар қилди", деганди Дмитрий Песков.
Алла Пугачеванинг Россия Адлия вазирлигига мурожаат қилганидан кейин Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков бу мурожаатга муносабат билдиришдан бош тортди.
"Бу Кремлга алоқаси бор савол деб ўйламайман", деган Дмитрий Песков.
Европа Иттифоқи раиси Чехия Россияга қарши ҳарбий трибунал ташкил қилишга чақирди

Сурат манбаси, Reuters
18 сентябрь куни Европа Иттифоқига раислик қилиб турган Чехия Россия Украина ҳудудида содир этган деб кўрилаётган ҳарбий жиноятларни тергов қилиш учун халқаро трибунал тузишга чақирди.
Бунга Украина қуролли кучларининг мамлакат шимоли-шарқидаги Харкив вилояти Изюм шаҳрини Россия ҳарбийларидан тозалаганидан кейин топилган юзлаб қабрлар сабаб бўлди.
Қабрларда ҳам ҳарбийлар, ҳам тинч фуқаролар, болалар ва аёлларнинг жасадлари топилди.
Украина ҳарбийларининг қўллари орқасига боғланган ҳолида отиб ўлдирилганлари, тинч фуқароларнинг эса шаҳар бомбардимонга тутилгани оқибатида ҳалок бўлганлари хабар қилинмоқда.
Изюмда милиция бинолари қийноқхоналарга айлантирилгани аён бўлди, оммавий қабрлардаги айрим жасадлар қийнаб ўлдирилгани далиллари топилмоқда.
Фақат бир ўрмонда 400 дан зиёд қабр топилган, айрим қабр устидаги ёғочларга фақат рақам қўйилган.
Маҳаллий одамлар ҳарбий жиноятлар ҳақида гувоҳлик бермоқдалар.
Украина расмийлари 59 инсон жасади эксгумация қилинганини айтдилар.
"XXI асрда тинч аҳолига бундай ҳужум қилишни ақлга сиғдириб бўлмайди ва бу жирканчлидир. Биз барча ҳарбий жиноятчиларни жазога тортлишини талаб қиламиз", - деди Чехия Ташқи ишлар вазири Ян Липавский.
Россиянинг Украинадаги жиноятлари бўйича худди Иккинчи Жаҳон урушидан кейин немис фашистлари устидан тузилганидек Нюрнберг трибуналига ўхшаш халқаро трибунал ташкил қилиш таклифини Буюк Британиянинг собиқ бош вазирлари Гордон Браун, Жон Мейжор ва бошқа сиёсатчи, олим ва ҳуқуқшунослари илгари сурган эдилар.
Ҳозир Россияга қарши терговни Ҳаагадаги Халқаро Жиноят Суди тергов қилаяпти, у Россия президенти Владимир Путинга қарши ҳам айблов илгари суриши мумкин.
19 сентябрь куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Изюмдаги ҳарбий жиноятлар даъволарига муносабат билдирди, уларни ҳам ёлғон деб атади.
Шу йил апрелида Россия қўшинлари Киев вилоятидан чиқиб кетганидан кейин Буча шаҳрида Россия ҳарбийлари тинч одамларни ўлдиргани аниқланган, Россия расмийлари уларни "постановка", "саҳналаштирилган" деб рад этган эдилар.
"Бу Бучадаги сценарийнинг ўзи-ку. Ҳаммаси бир сценарий бўйича давом этаяпти. Бу ёлғон ва биз бу ҳодиса бўйича ҳақиқатни талаб қиламиз", деди Дмитрий Песков.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













