Эрон: Ҳижобга қарши норозилик намойишларида рўмоллар ёқилмоқда Eron Islom Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, TWITTER
Теҳрон ахлоқ полицияси ҳибсхонасида 22 ёшли Маҳса Аминий ўлими бутун Эрон бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда.
Маҳса Аминий ўтган Жума - 16 сентябрь куни дафн этилди.
Бироқ мана шу кунгача бешинчи тундирки, норози намойишчилар Эроннинг турли шаҳарлари кўчаларига чиқиб, ўз норозиликлари ва ғазабларини изҳор этишаяпти.
Эрондан олинаётган хабарларга кўра, Урмия ва Пироншаҳр шаҳарларида хавфсизлик кучлари норозилик намойиши иштирокчиларига қарата ўқ узган, икки шаҳарда икки эркак отиб ўлдирилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Шероз шаҳрида полиция ходими ўлдирилгани хабарлари олинмоқда.
Охирги олти кун давомида норозиликлар камида олти инсон ўлимига олиб келган деб кўрилаяпти.
Аксар норозилик намойишларининг иштирокчилари хотин-қизлар.
Алоқадор мавзулар:
Намойишларда аёллар ўз рўмолларига ўт қўйганлари видеолари тарқалди.
Полиция билан тўқнашувлар рўй берган.
Бир видеода намойишчиларга қарши олиб келинган сув замбараги автомобили ортга қайтиб кетишга мажбур бўлгани акс этган.
Маҳса Аминийга нима бўлди?

Сурат манбаси, MAHSA AMINIY oilasi
22 ёшли Маҳса Аминий Эрон шимоли-ғарбида жойлашган Сақез шаҳрида яшаган.
У иниси билан бирга пойтахт Теҳрон шаҳрига келган.
Теҳронда уни Ахлоқ полицияси ходимлари тўхтатиб ҳибс этганлар.
Ахлоқ полициясига кўра, Маҳса рўмолини талаб қилинганидек ўрамаслик билан қонунни бузган.
Сочлари етарли тўсилмаган, кийими ҳам қўл ва оёқларини тўла бекитмаган.
Теҳрон полицияси идорасида Маҳса йиқилган.
Уни шифохонага олиб боришган, шифохонада комага тушган.
Орадан бир неча кун ўтиб вафот этди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари вазифасини бажарувчи Нада ал-Нашиф айтишича, полиция ходимлари қўлидаги тўқмоғи билан Маҳсанинг бошига урганлари, унинг бошини полиция машинасига ургани хабарлари ҳам тарқалган.
Теҳрон полицияси Маҳсага ноинсоний муносабат қилинганини рад этади, "бирдан юраги ёмон бўлиб қолган", дейди.
Бироқ оиласининг айтишича, Маҳса соппа-соғ бўлган.
"Эрон расмийлари Ҳижоб қоидаларига риоя қилмаган аёлларни нишонга олиш, зуғум қилиш ва ҳибс этишни тўхтатишлари лозим", деди БМТ инсон ҳақлари олий комиссари вазифасини бажарувчи.
Эрон Олий Руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳаменеийнинг ёрдамчиси 19 сентябрь куни Аминий хонадонига бориб яқинлари билан кўришган, "бузилган ҳуқуқларни муҳофаза этишга барча идора-ташкилотлар чора кўрадилар", деб айтган.
Эрон парламенти депутати Рашиди Кўчи ахлоқ полицияси фаолиятини очиқча танқид қилди, уларнинг "хатоси Эронга фақат зиён келтиради", деб айтди.














