Тожикистон-Қирғизистон: Йиғлаган яна халқ... Уруш ва Тинчлик, янгиликлар

ёрдам

Сурат манбаси, Official

    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон

Тожик-қирғиз чегарасида юз берган қуролли можарони тугатиш борасида икки ўртада шартномалар тузилганига беш кун ўтишига қарамай ҳали-ҳамон чегаранинг ҳар икки тарафидаги аҳоли орасида хавотирлик аригани йўқ.

Ҳар икки томон бир-бирини келишув шартларига амал қилмасликда айблашда давом этмоқда.

Бу гал кенг кўлам тус солган тожик-қирғиз можароси Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти иш кўраётган кунларга тўғри келди. Чегарадаги жанглар оқибатида ҳар икки томондан ўнлаб одам ҳалок бўлди, юзлаб киши яраланди.

Қирғизистон томони оммалаштирган кейинги маълумотларга кўра 59 нафар киши ҳалок бўлган, 144 нафар киши яраланган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан билдиришларича 41 нафар тожикистонлик ҳалок бўлган. Лекин тожикистонлик мустақил журналистлар ҳисоб-китобларича ҳалок бўлганлар сони камида 60 нафар ва бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин.

Ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги тинч ҳаёт кечирган одамлар эканлиги айтилмоқда. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, фақат Бобожон Ғафуров туманининг Овчиқалъача қишлоғида яшовчи тинч аҳолидан 18 киши ҳалок бўлган, камида 20 киши яраланган.

Исфара шаҳрининг Чоркў қишлоғида беш кишидан иборат бутун бошли оиланинг ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Тожикистон томони ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг аниқ сони, уларнинг неча нафари ҳарбий, неча нафари тинч аҳолига мансублар эканлиги борасида сўнгги хулосани эълон қилганича йўқ. Аниқлашлар давомида низо қурбонлари сони ошмоқда. Кейинги кунларда қурбонлар қаторига Хистеварз(собиқ Қистакўз) қишлоғида яшаган 8 ёшли Бишарифа Воҳидова қўшилди.

Қонли тўқнашувларнинг келиб чиқиши учун ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда. Лекин кўпчилик тинч-осуда яшаётган қўшниларни учинчи куч гиж-гижлаган деган фикрда.

«Биз қирғиз қўшнилар билан аҳил яшардик…»

Бу галги тожик-қирғиз чегарасидаги қуролли можаро 14-сентябрь тонгида, соат 7 дан ўтганда келиб чиққан. Тожик томонига кўра, Тожикистонга қарашли Ворух анклавига яқин «Кеҳ» чегара заставасига Қирғизистоннинг «Булоқбоши» чегара заставаси томонидан ҳеч қандай асоссиз ва огоҳлантиришсиз миномётлардан ўт очилган.

Боткендаги отишма (Қирғизистон ҳукумати видеосидан кадр)

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Боткендаги отишма (Қирғизистон ҳукумати видеосидан кадр)

Қирғиз томони эса аксинча можаро келиб чиқишида тожик томонини айбламоқда. Уларнинг фикрича, тожик чегарачилари ўзлари бўлиши назарда тутилмаган ҳудудга кириб келишган.

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига қарашли чегара қўшинларидан маълум қилишларича, қирғиз чегарачилари фақат миномётлар эмас, балки пулемёт ва автоматлардан ҳам ўқ ёғдиришган. Натижада можаро бошланишидаёқ икки нафар тожик чегарачиси ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлардан бири 23 ёшли Сафарали Ҳасаннинг хизмат муддати тугашига икки ҳафта қолган эди.

Ворухдаги отишмада тожик томонидан 6 нафар ҳарбий ва яна 5 нафар оддий аҳоли яраланган.

Қирғизистон томони эса 2 нафар чегарачи ва тинч аҳолидан 2 киши яраланганини билдирган.

«Биз Исфаранинг энг чекка қишлоқларидан бири - Лакконда яшаймиз. Қишлоғимизнинг бир томони Ўзбекистон, бир томони Қирғизистон. Шу пайтгача қирғиз чегарачилари Ворух, Чоркў томонларга ҳужум қилишарди. Лекин биз қирғиз қўшнилар билан аҳил яшардик. Ўртадаги муносабатлар бузилмасидан олдин ҳамқишлоқларимиз қирғизларнинг ерини ижарага олиб, шоли экишарди, деҳқончилик қилишарди. 16-сентябрь куни…», - бу сўзларни айтаётган лакконлик Нигора Бобохонова жим бўлиб қолди.

Бироздан сўнг хўрсинганча сўзини давом эттирди: «Кутилмаганда қирғиз чегарачилари қишлоғимизга ҳужум қилиб, бир нечта уй ёниб кетди. Ўнга яқин чегарачи бизни ҳимоя қиламан, деб яраланди. Ҳозир биз - аёллар, болалар, қариялар тоғда жон сақлаб ўтирибмиз».

Фақат у эмас, биз гаплашган кўплаб тожикистонликлар аслида ҳеч қандай можаро чиқмаслигини исташлари, борди-ю уруш бўлганда ҳам, ҳарбийлар ўртасида бўлиши, ҳеч қачон оддий аҳоли жабрланмаслиги зарурлигини айтишди.

Исфаранинг Чоркў қишлоғида яшовчи 50 ёшдан ўтган Муҳаммадризо кўз ёшларини артганча гапиради:

- Бир оиладан беш киши, агар ҳали дунёга келмаган болани ҳисобласак, олти киши ҳалок бўлди…

Кейинчалик бу воқеа ижтимоий тармоқларда ҳам тарқалди.

Хабарларга кўра, Чоркўдаги уйлардан бирига қирғиз ҳарбийлари отган снаряд келиб тушади. Жабрланганларни «тез ёрдам» да беморхонага олиб боришаётганда қирғиз ҳарбийлари машинага қарата гранатомётдан ўт очишади.

Натижада машина бутунлай ёниб кетади. Беморхонага олиб кетилаётган 53 ёшли Муҳайёхон Фаёзова, унинг келинлари - 29 ёшли Дилноза Баҳромзода, 25 ёшли Садоқат Ўктамзода, уларнинг фарзандлари - 6 ёшли Асмоахон Амриддинзода ва 5 ёшли Имрон Илҳомзода ҳалок бўлишади. Келинларнинг бири кўз ёриш арафасида бўлган.

Айни бир пайтда тожик ҳарбийларининг қирғиз овулларига бостириб киргани ва Тожикистон байроқларини ўрнатишлари акс этган суратлар тарқалган.

Тез ёрдам машинаси

Сурат манбаси, Asia-Plus.tj

Қирғиз куч тизимлари тожик томонидан жанговар ҳаракатларда қора кийимли, соқолли жангчилар ҳеч қандай маълум этувчи белгисиз қатнашаётганларини иддао қилишган.

Уларга кўра бу жангчиларнинг қандай ҳарбий қисмга мансублиги борасида бирон-бир белги йўқ.

Лекин Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот маркази бу иддаони рад этган ва аксинча қирғиз ҳарбийлари махсус бўлинмаларни ишга солаётганини билдирган.

Туташ қишлоқлар ва овуллар

Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик хизмати матбуот марказига кўра, Тожик томони чегарадаги вазиятни яхшилаш учун бир неча марта ҳаракат қилган. Лекин ҳар гал интилиш муваффақият қозонмаган. Қирғиз томони муаммони музокаралар йўли билан ечишни рад этиб, ўт очишда давом этаверган.

Айни иддаолар расмий Бишкек томонидан ҳам янграб келмоқда.

Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) Бош котиби Станиславь Зась чегарадаги вазиятнинг кескинлаши муносабати билан Тожикистон ва Қирғизистоннинг Хавфсизлик котиблари - Насрулло Маҳмудзода ва Марат Имонқулов билан телефонда гаплашган. Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам КХШТ-ОДКБ аъзоси саналади.

Самарқанддаги Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашаётган Тожикистон ва Қирғизистон Президентлари Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров учрашиб, чегарадаги можарони муҳокама этишган. Улар келишган ҳолда тегишли тизимларга ўт очишни тўхтатиш, куч ва воситаларни бевосита чегарадан олиб кетиш топшириғини беришган.

Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги «Равот» чегара-назорат масканида Тожикистон ва Қирғизистон миллий хавфсизлик хизматлари раҳбарлари Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Ташиев, ҳар икки мамлакат Ташқи ишлар вазирлари, Суғд ва Боткен вилоятлари сарварлари музокара ўтказишган.

Натижада ҳар икки томон 16-сентябрда, соат 14. 30да ўт очишни тўхтатишга келишган. Можаро сабабларини ўрганиш учун қўшма комиссия ташкил этилган. Икки мамлакат ўртасидаги чегараларни аниқлаш ва белгилаш учун давлатлараро комиссия ишини тезлаштиришга келишилган.

Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 970 километрни ташкил этади. Шундан 519 километри белгиланган, холос. Чегаранинг икки томонидаги қишлоқлар ва овуллар бир-бирига туташиб кетган.

Масалан, Тожикистондаги энг йирик қишлоқ саналадиган Хистеварзни Қирғизистоннинг Арқа (Борбордук) овули билан битта йўл ажратиб туради. Хистеварзликларнинг қабристони Қирғизистон ҳудудида қолиб кетган.

«Ўртоқларимни соғинаман»

«Мен Овчиқалъачанинг энг чекка қишлоғида яшайман. Чегаранинг нариги томонидан узилган ўқ биз томонга ҳам етиб келди. Даладаги молларга ҳам ўқ тегиб, нобуд бўлди. Энг ёмони масжид ва мактаб ёнида турган қанча одамлар ҳалок бўлишди. Ўн саккиз нафар инсоннинг қабрга қўйилгани ҳақида айтишди. Улар орасида уч нафар шифокор ҳам бор», деди Овчиқалъача қишлоғида яшайдиган Хадича Маҳмудова.

Унинг айтишича қишлоқ аҳолиси уй-жойини ташлаб қочиб кетган. «Биз- келинларим, невараларим билан Бўстон шаҳрида жон сақлаб турибмиз. Икки хонали уйда яшайдиган меҳрибон онахон бизга бошпана берди», деди Хадича.

Фақат Овчиқалъача эмас, чегарада жойлашган барча қишлоқлар аҳолиси уй-жойини ташлаб кетган. Уларнинг маълум қисми қариндошлари, танишларининг уйларида яшашмоқда. Катта кўпчилик Хўжанд, Гулистон, Бўстон шаҳарлари, Бобожон Ғафуров туманининг чегарадан олисроқ қишлоқларидаги мактабларга, осойишгоҳларга, ҳатто масжидларга жойлаштирилди.

Айни бир пайтда ижтимоий тармоқларда чегарадаги қирғиз қишлоқлари аҳолисининг уй-жойини ташлаб кетаётгани акс этган видеотасвирлар ва суратлар берилмоқда.

«Биз кўздек яқин қўшниларимиз - тожиклар билан аҳил-иноқ яшардик. Бозор-ўчарни Тожикистондан қилардик. Қизим кўричак бўлганда Қистакўздаги касалхонада операция қилишди. Ўзимизнинг касалхоналар олисда. Духтурлар сал кечикканимизда, қизимнинг кўричаги ёрилиб кетиши мумкинлигини айтишди», деди Қирғизистондаги Лайлак районининг Арқа овулида яшайдиган, ўз исмини билдирмасликни сўраган аёл.

Унинг айтишича, пандемия бошланганча овулларига Тожикистоннинг 113-рақамли «маршрутка» си қатнаган ва фақат Қистакўзга эмас, балки Хўжанд ва бошқа тожик шаҳарларига бемалол бориб-келишган. Чегарада жанглар бошлангач, бошқа ҳамқишлоқлари каби бу аёл ҳам оиласини олиб овулидан бош олиб кетган.

Ҳозирда Қирғизистонда яшайдиган 45 ёшли Қанибек аслида Исфаранинг Нефтеобод шаҳарчасида туғилиб-ўсган. «Шаҳарчамизда барча миллатлар - қирғизлар, тожиклар, ўзбеклар иноқ яшардик. Фалокатга учраб, оғир яраланганимда, менга ёрдам беришган», деди Қанибек.

«Уруш-жанжал кимга кераклигини билмайман. Тақдир тақозоси билан Нефтеободдан қўчиб кетганман. Уч-тўрт йилдан буён киндик қоним томган ерга бора олганим йўқ. Ўртоқларимни соғинаман, лекин бора олмаяпман. Аввалига пандемия чиқди, ўтган йили эса, кутилмаганда жанжал бошланди. Энди йўллар очилай деганда, яна қайси бир худобехабарлар уруш бошлашди», деди Қанибек хўрсиниб.

«Каттами-кичикми, урушнинг номи ўчсин. Муаллима, врач, қайси бирини айтайин, ҳалок бўлишди. Мен болаларимни олиб, Хўжандга қараб қочдим. Бизнинг қишлоғимизни Қирғизистоннинг қишлоқлари билан бор-йўғи битта йўл ажратиб туради. Қўшнилар билан иноқ яшардик. Улар бизнинг бозорларимиздан харид қилиб кетишарди. Ўзлари тожиклар билан бозоримиз бир, мозоримиз бир, деган гапни кўп такрорлашарди. Орага шайтон кирдими, дейман. Менимча, узоқ-узоқларда туриб қирғизларни бизга қарата кимлардир гиж-гижлаяпти», деди Бобожон Ғафуров туманининг Хистеварз қишлоғида яшайдиган Жамол Юсупов.

Тожик анклави томон йўл очилди, лекин хавотир аримаяпти

Кузатувчиларга кўра тожик ва қирғизлар орасидаги можаролар ҳали Шўролар давридан буён давом этиб келади. Олдинги можаролар кўпроқ ер, сув талашиш оқибатида келиб чиққан. Лекин кейинги бир ярим йил орасидаги низолар жиддий тус олган. 2021-йил баҳорида келиб чиққан қуролли можаролар туфайли 49 киши ҳалок бўлган ва 260 нафар яраланган эди.

Лекин бу галги можаролар қурбонларининг аниқ сони айтилганича йўқ. Фақат Қирғизистон томони ҳалок бўлганлар ва яраланганлар рўйхатини келтирди.

Кузатувчиларга кўра, агар битта қишлоқнинг ўзида 18 киши ҳаётдан кўз юмиб, 20 нафардан ортиқ киши яралангани назарда тутилса, Тожикистон томондан берилган қурбонлар анчагина кўп бўлиши мумкин.

Бу эса, сентябрдаги можаролар қурбонларининг 2021-йилдаги қуролли тўқнашувлар қурбонларидан кўп бўлиши борасида хавотирлик уйғотади.

Айни бир пайтда орадаги можарони тинч йўллар билан ҳал этиш борасида иккитомонлама музокаралар давом этмоқда. «Гулистон» чегара-назорат масканида Тожикистон ва Қирғизистон ишчи гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар оташкесим шартларига риоя қилиш билан бирга чегарадаги вайронгарчиликлар оқибатини тезроқ бартараф қилиш муҳим дея санашди. Шу билан бирга орадаги йўллар нақлиёт ҳаракати учун очилишини таъминлашга келишилди.

Шу куннинг ўзидаёқ Исфарадан анклавдаги Ворух қишлоғи томон элтадиган йўл очилди.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров БМТ Бош ассамблеясида чиқиш қилиб, Қирғизистон томони бошқаларнинг ерига даъво қилмаслиги, лекин ҳеч кимга бир қарич ҳам ерини бериб қўймаслигини таъкидлаб ўтди. У «Биз ҳеч қачон биринчи бўлиб отишни бошламаганмиз. Доим қурол ишлатишдан қочганмиз, боз устига, ҳеч қачон қуролсиз фуқароларга қарата ўт очмаганмиз!» деган.

Айни бир пайтда Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳиддин Нью-Йоркда аввал БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва сал кейинроқ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби Хельгой Шмид билан учрашган ва тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама этишган.

Сирожиддин Муҳиддин Антониу Гутерришга Қирғизистон томонидан ҳужум бошланганини тасдиқловчи видеотасвирлар ва фотоларни топширган.

Шунингдек, у Тожикистон ҳеч қачон чегара масалаларини ҳарбий йўл билан ҳал этиш ташаббускори бўлмагани, аксинча, сиёсий-дипломатик тарзда ечим топиш учун ҳаракат қилганини билдирган.

Тожикистон томони шартномалар имзолангандан сўнг ҳам шимолдаги Исфара, Деваштич, Бобожон Ғафуров, Жаббор Расулов, мамлакат шарқидаги Лахш туманларига қирғиз ҳарбийлари учувчисиз аппаратлар -дронлар учиришганини иддао этишган. Шунингдек, тожик томонига кўра, қирғиз ҳарбийлари келишувни бузган ҳолда оғир артиллерияни чегарадан узоққа олиб кетишмасдан, ниқоблаб қўйишга уринишмоқда. Қирғиз томони ҳам худди шунга ўхшаш иддао билан чиқишган.

Шартномага кўра эса, чегаранинг ҳар икки томонида камида 10 километрлик масофада оғир артиллерия қолмаслиги зарур.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз томонини имзоланган шартномаларга риоя килишга чақирмокда. Акс ҳолда бу вазият қирғиз томонидан навбатдаги ҳужумга тайёргарлик деб баҳоланади деган вазирлик вакили.

Айни бир пайтда Тожикистон томони жангларда асир тушган тўрт нафар қирғизистонлик ҳарбий хизматчини қирғиз томонига топширган.

Ворух йўлидан кейин Хўжанд-Конибодом йўли ҳам очилган. Уй-жойини ташлаб кетган кишилар ўз қишлоқларига қайта бошлаганлар. Аммо уй-жойи ёниб кетганлар, вайрон этилганлар ҳалигача муваққат бошпаналарда туришибди. Фақат улар эмас, қариндошлари, танишлариникида яшаётган юзлаб оилалар уйларига қайтишдан чўчишмоқда.

Гарчи тинч ҳаёт изга туша бораётгани айтилаётган бўлса-да, фақат чегарага яқин қишлоқлардагина эмас, балки чегаранинг ҳар икки томонидан 10-15 километр наридаги аҳоли манзилларида ҳам зўравонликлар қайталанишидан хавотирликлар ариган эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek