Қирғизистон ва Тожикистон бир-бирини айбламоқда Markaziy Osiyo Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Asia-Plus.tj
Тожик-Қирғиз чегарасидаги ҳалокатли ҳужумларни бошлаш, ўт очишни тўхтатиш келишувларини бузишда икки мамлакат расмийлари қарши томонни айблаб баёнотлар бердилар.
Икки томон ҳам нариги томонни асоссиз тинч аҳоли инфратузилмаларини нишонга олиш, қуролсиз инсонлар ўлимида айблаяптилар.
14 сентябрь куни бошланган, 16 сентябрдаги икки мамлакат президентларининг Самарқанддаги оташкесим келишувларига қарамасдан, қуролли ҳужумлар давом этгани хабар қилинган қонли ҳодисаларда қарийб 100 инсон ҳалок бўлгани, 150 дан ортиқ киши жароҳатлангани маълум қилинган.
Алоқадор мавзулар:
Қирғиз расмийларига кўра, Боткен вилоятидаги тўқнашувда 59 киши ҳалок бўлган, 144 киши жароҳатланган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Эмомийнинг Душанбе шаҳрида ташкил этилган брифингда айтишича, охирги кунларда 41 Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган.

Сурат манбаси, EPA
Томонлар бир-бирини қуролли тўқнашувларда танклар, миномётлар, ракета ва жанговар дронларни ишга солишда айбладилар.
Қарама-қаршилик бошланганидан кўп ўтмай, томонлар ўт очишни тўхтатишга рози бўлишди, аммо вазият фақат якшанба тунидагина тинчланган.
Қирғизистон ҳукумати вакилларининг хабар беришича, икки давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари чегара участкаларида биргаликда патруллик қила бошлаган.
Президент Садир Жапаров 19 сентябрни Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилди.

Президент Жапаров қирғизистонликларга телевизион мурожаат қилди, мамлакат жанубига бориб урушмоқчи бўлган ёшларга Боткенга бормасликни, ҳар хил фитна ва миш-мишларга учмасликни маслаҳат берган.
"Биз Қирғиз-Тожик масалаларини фақат тинч йўлда ҳал этиш ҳаракатларимизни давом эттирамиз", деган Президент Жапаров.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам можарони музокара йўли билан ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаган.
Россия Президенти Владимир Путин икки мамлакат раҳбарлари билан телефон мулоқотида зиддиятларни тинч йўл билан ечишга чақирган.
Европа Иттифоқи, Бирлашган Миллатлар ташкилоти ҳам Қирғизистон ва Тожикистонни муаммоларни музокаралар йўли билан ҳал этишга даъват қилганлар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















