Қирғиз-тожик чегарасида яна отишма, яраланганлар бор, Мирзиёев юпқа муз устидами? Ўзбекистон ва Марказий Осиё, янгиликлар

Сурат манбаси, Rufatergeshev
- Лукашенко Мирзиёевнинг «ўсгани» ва «муз устидалиги»ни айтди
- Энди Қозоғистонда Президент бир марта 7 йилга сайланадими?
- Қирғиз-тожик чегараси яна нотинч, КХШТ аралашди
Яна қуролли отишмалар
16 сентабр куни Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна қуролли низо юз берган, яраланганлар бор.
Жума куни тонгда ўт очишни тўхтатиш ва можаронинг авж олишига йўл қўймаслик мақсадида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати директори Уларбек Шаршеев ва Тожикистон Чегара қўшинлари қўмондони Ражабали Раҳмонали ўртасида учрашув ўтказиш ҳақида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган.
Томонларнинг музокаларига қарамай, отишмалар тўхтамаётир. Қуролли низо 14 сентабр куни бошланганди. Отишма Булоқ-Боши, Кўк-Сой, Паски-Ариқ ҳудудларида бўлиб ўтган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Тожикистонни барча келишувларни бузиб Боткен туманидаги фуқаролик ҳудудларини ўққа тутганликда айблади. Худди шу айбловни тожикистонликлар Қирғизистонга нисбатан эълон қилди. Тожикистон Чегара қўшинлари Қирғизистон ҳарбий хизматчилари Исфарадаги турар жой биносини ёқиб юборганлигини билдиришди.
Қирғизистон чегара хизмати маълумотларга кўра, 16 сентябр кунги отишмалар оқибатида 11 киши шифохонага ётқизилган.
Отишма бўлган ҳудудлардаги тинч аҳоли хавфсиз жойларга вақтинчалик кўчирилмоқда.
КХШТнинг хабарига кўра, бугун КХШТ Бош котиби Станислав Зас Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов ва Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода билан қирғиз-тожик чегарасида юзага келган вазиятнинг кескин кескинлашгани муносабати билан телефон орқали мулоқот қилди.
Алоқадор мавзулар:
- Қозоғистон ҳибсга олинган қорақалпоқлар ким? Россия Қирғиз-Тожик чегара низосида ёрдам бермоқчи. Ўзбекистон ва Хитой нимага келишди?
- Марказий Осиё бошига Украина куни тушиши мумкинми, Россия ШҲТни ўзгартирмоқчими ва Ўзбекистон нима дейди?
- Россия ва рус тили тақдири ёхуд Тоқаев даврида Қозоғистон қандай бўлади?
- Ўзбекистон: Қирғизистон чегарасида яна отишма ва Мирзиёевнинг олтин тангаси чиқдими? – янгиликлар
«Яхшигина ўсдингиз»
Беларус президенти Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёев билан ШҲТ саммити доирасидаги ўзаро мулоқотда Самарқанд шаҳрининг бугунги кўриниши, Ўзбекистон Президенти ва мамлакатнинг ҳозирги вазияти ҳақида муносабатини билдирган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Лукашенко «Самарқандни ёшартирган» деб таърифлаган Мирзиёевни яқиндан билишини тасдиқловчи фикрларини айтаркан, «Босиб ўтган йўлингиз жуда ажойиб, сиёсатчи сифатида (охирги йилларда) яхшигина ўсдингиз», дейди.
Шунингдек, Лукашенко Ўзбекистоннинг ҳозирги мураккаб сиёсий жараёнлар даврида «қилиши лозим бўлган ишни қилгани»ни айтади.
- «Мамлакат сирпаниб кетмаслиги учун ўзингиз юпқа муз устидан юриб кетяпсиз», - дея таърифлаган Александр Лукашенко.
Президент Шавкат Мирзиёев 15 сентябр куни Беларус Президенти Александр Лукашенкони қабул қилган. Президент матбуот котибининг ёзишича, "Диққат марказида фақат иқтисодий масалалар" бўлган.
Бир марта 7 йилга ва номи қайтган Остона
Қозоғистон парламенти бир марталик 7 йиллик президентлик муддатини ва пойтахт номини Остона деб ўзгартиришни маъқуллади.

Сурат манбаси, Rasmiy
Қозоғистон парламенти депутатлари президентлик муддатини ўзгартириш бўйича конституциявий тузатишлар лойиҳасини қўллаб-қувватладилар Шунингдек, Қозоғистон пойтахти номини ўзгартириш лойиҳаси ҳам маъқулланди.
Тасдиқланган "Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасига кўра Қозоғистонда президентлик муддати 5 йилдан 7 йилгача оширилади, сайланиш ҳуқуқи эса бир муддатга қисқартирилади.
Депутатлар пойтахт номини ўзгартириш лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Унга кўра, Нурсултон шаҳрига Остона номи қайтарилади.
2019 йилда пойтахт номини ўзгартириш шаҳар бюджетига 30 миллион тенгега тушди. Қозоғистон расмийларининг таъкидлашича, эски номни қайтариш рақамли ҳужжат айланиши туфайли камроқ харажат қилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














