Қозоғистон ҳибсга олинган қорақалпоқлар ким? Россия Қирғиз-Тожик чегара низосида ёрдам бермоқчи. Ўзбекистон ва Хитой нимага келишди?

Сурат манбаси, Makan.uz
- Қорақалпоғистон воқеаларига алоқадорликда айбланган икки киши ҳибсга олинган.
- Россия ТИВ Тожик-Қирғиз чегара низосини ҳал этишга ёрдамини таклиф қилди.
- Ўзбекистон билан Хитой ўртасида 15 миллиард долларлик келишув
Фаоллар Ўзбекистонга экстрадиция қилинадими?
Қорақалпоғистонда июль ойи бошида рўй берган оммавий норозилик намойишлари юзасидан Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида камида икки нафар фаол ҳибсга олинган, дея хабар берди "Озодлик" радиоси.
Хабарга кўра, қорақалпоғистонлик фаоллар Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетов 13 сентябрь куни уйидан олиб кетилган. Бу ҳақда радиога Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратов маълум қилган.
Қўшқарбай Тўремуратовнинг рафиқаси Қалия Мангибаева турмуш ўртоғига Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси - «Конституциявий тузумга тажовуз» (159-модда) ва «Жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш» (244-модда) бўйича айблов қўйилганини нашрга айтган.
Қўшқарбай Тўремуратовнинг рафиқаси «Озодлик»ка «менга 159 ва 244-моддани қўйишаяпти, Ўзбекистонга экстрадиция қилишади, деб айтди» деган.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қорақалпоғистонлик фаолларнинг ҳибсга олинганлиги бўйича изоҳ бермаган.
Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакили Оқилбек Муратов Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетовларни оиласи билан узоқ йиллардан бери Олмаотада яшаганини билдирган. Аммо уларнинг фаолияти, ўтган ёздаги Қорақаолпоғистон воқеаларига алоқаси бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.
Қорақалпоғистонлик фаоллар Олма-ота шаҳрида ҳибсга олиниши Қозоғистон президенти Қосим-жўмарт Тоқаевнинг ШҲТ саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келиши манзарасида рўй берган.
Алоқадор мавзулар:
- Арманистон - Озарбайжон ўртасида нима бўлмоқда? Қурбонлар сони 100 нафарга яқин
- Қорақалпоғистон: Манзара қатағон даврларини эслатар эди — журналист орган ходимлари ташрифи ҳақида
- Қирғизистон-Тожикистон чегарасида отишма: Қурбон ва яраланганлар борлиги айтилмоқда
- Ўзбекистон учрашуви: Путин ва Си Цзиньпин Самарқандда нимани гаплашишади?
15 миллиард долларлик келишувлар

Сурат манбаси, Rasmiy
Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари Қўшма баёнот имзоладилар, Си Цзиньпин "Олий Даражали Дўстлик" ордени билан тақдирланди
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беришича, Самарқанддаги «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг Конгресс марказида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтган.
"Давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзоладилар. Унда асосий келишувлар қайд этилган, ҳар томонлама стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва уни мустаҳкамлаш истиқболлари акс этган", - деб ёзади president.uz сайти
Расмий хабарга кўра, олий даражадаги ташриф доирасида 15 та ҳужжат имзоланган.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка доир умумий қиймати 15 миллиард долларлик келишувларга эришилган ва битимлар имзоланган.
Икки томон бир-бирини айблаган
14 сентябрь куни Тожикистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегарада отишма содир бўлган.

Сурат манбаси, Getty Images
Тожикистон чегара қўшинлари отишма натижасида тожикистонлик икки нафар чегарачи ҳалок бўлган, яна икки нафари тан жароҳати олганини билдирган.
Қирғизистон томони эса 4 нафар киши яралангани, уларнинг 2 нафари чегарачилар эканини маълум қилган.
Чегарадаги низо шу куниёқ томонлар вакиллари аралашуви ва музокараси билан тўхтатилган.
Отишма сабаблари ўрганилганда Тожикистон томони қарши томонни чегара постини асоссиз ўққа тутганликда айблаган.
Бу воқеа юзасидан Россия ТИВ вакили Мария Захарова ўз муносабатини билдириб, "икки давлатни яраштириб" қўйишни таклиф қилди.
- Россия ТИВ томонларга чегара масалалари бўйича узоқ муддатли ўзаро мақбул ечим топишда, Россиянинг чегараларни белгилаш, жумладан, Марказий Осиёдаги қўшнилар билан бўлган бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда ёрдам беришга тайёр", - деди Мария Захарова.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














