ШҲТ: Ишончнинг чуқур таназзули. Россияда ўзбекистонликларни урушга чақиришаяптими? Бошпанасиз талабалар тақдири нима бўлди? Ўзбекистон ва дунё, янгиликлар

Сурат манбаси, official
- ШҲТ Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик.
- Ўзбекистонликларга Россия ҳарбий комиссариатидан хат келяптими?
- Тошкент ҳокими уйсиз талабалар муаммосини қандай ҳал қилди?
- Президент Шавкат Мирзиёев Қирол Чарльз учинчига табрик йўллади
- Ўзбекистоннинг оғир шароитда яшаётган афғон оилаларга ёрдами.
"Глобал даражада ишончнинг чуқур таназзули"
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ўтказиладиган ШҲТ саммити олдидан «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» сарлавҳали мақоласини эълон қилди.
«Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос «тарихий эврилиш» палласига тўғри келди — бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда», - деб бошланади Президент мақоласи.
Мирзиёев дунёда кечаётган жараёнларга баҳо бераркан, «Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас», деб ёзади.
Президент фикрига кўра, бу муаммонинг ечими «конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир»
Президент Мирзиёев ўз мақоласида ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим эканлигини таъкидлаган.
Сиёсатшунослар Ўзбекистон президентининг «глобал даражада ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани» урғуланган чиқиши ҳақида ўз таҳлилларини билдирмоқдалар. Жумладан, Камолиддин Раббимов Мирзиёев мақоласидан шундай маънони англаганини билдирди:
- "Ҳа, дунёда геосиёсий қутблашув кетмоқда; ҳа, минтақамиз борган сари глобал рақобат ва қудратли давлатлар манфаатларининг тўқнашувлари масканига айланиб бормоқда; лекин, Ўзбекистон томонлардан бирини танлаб, глобал зиддиятларга қўшилиш ниятида эмас. Ташқи дунёда қанча тортишиб, урушсангиз ҳам, Ўзбекистонни бу можароларга тортманг! Ўзбекистон ўзининг кўпвекторли ва тенг векторли ташқи сиёсий йўналишини сақлаб қолади!"
Алоқадор мавзулар:
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси 15−16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.
Ўзбекистонликлар урушга қатнашишга мажбурланаяптими?
Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Украинадаги урушда иштирок этишга оид таклиф хатларини олишаётганини билдиришмоқда.

Сурат манбаси, Social media
Ҳарбий комиссариатдан таклифнома олганини билдирган ўзбекистонлик муҳожир Москвада масофавий таълим олгани ва ҳозирда Пермда ишлаётганини ёзади.
23 август куни мигрантнинг яшаб турган манзилига келган таклиф хатида Россия Мудофаа Вазирлиги ҳарбий қисмларига шартнома асосида хизмат учун бериладиган имтиёзлар баён этилган.
Таклифномада ҳарбий хизматчига ойига 200-250 минг рубль (3000-4000 доллар атрофида) тўланиши, 3 маҳал бепул овқатланиш, бепул таъминот, бепул тиббий ёрдам, жамғарма-ипотека асосидаги бепул турар-жой билан таъминланиши каби шароитлар яратилиши билдирилган.
Ижтимоий тармоқларда эса меҳнат муҳожирларининг Украина урушида иштироки учун Россия фуқаролиги ваъда қилинаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам бор.
Бу каби хабарлар куни кеча ижтимоий тармоқларда Украинада ўзбекистонликларнинг асирга олингани айтилаётган видеотасвирлар ортидан яна муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ютуб тармоғидаги Butusov Plus канали 10 сентябр куни эълон қилган видеотасвирлар 25- ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харкив вилоятининг Балаклия шаҳри остонасида рус қўшинларини ёриб ўтиш пайти олинганлиги айтилади.
2 нафар ўзбекистонлик эканлиги айтилаётган асирларни сўроқ қилиниши чоғида бири қурилишда ишчи бўлгани, ҳужжатсизлиги боис, урушга мажбуран юборилганини, иккинчиси эса талаба бўлганлигиги, пул ишлаш учун урушга ёлланганини айтади. Ҳар иккиси ҳам самарқандлик ва Москвадан борганлиги айтилган.
Мазкур видеотасвирлар бўйича Ўзбекистон ТИВ, консулликлар ҳозирча изоҳ берганлари йўқ.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларини Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан тийилишга чақириб, бу каби ҳаракат учун ўзбекистонликларни ватанларида жиноий жавобгарлик кутиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирган.
Ҳоким ётоқхона муаммосини қандай ҳал қилди?
Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида янги қурилган "Tashkent Index" савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли бино бир ҳафта талабалар учун турар жойга айлантирилади, деб ёзади Кун.уз нашри.
Хабарга кўра, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шу таклифи асосида, мажмуа ҳудудидаги янги савдо дўконлари ҳозир ётоқхонага мослаштириб жиҳозланмоқда.
Шунингдек, 2022 йил режасига мувофиқ, Тошкент шаҳрида қурилиши керак бўлган 11 та ётоқхона қуриб битказилгунига қадар, савдо мажмуаси вақтинча ётоқхона сифатида берилиши билдирилган.
«Бу - тадбиркорларнинг сотиб олган дўконлари. Шу дўконлар базасида ётоқхоналар ташкил этилмоқда. Бу албатта вақтинча, лекин талабаларимизнинг бугун ижарага уй тополмай, сарсонгарчилик, турли стресс ҳолатлари олдини олиш, уларнинг ўқишга иштиёқи сўнмаслиги, тушкунликка тушмасликлари учун ҳамда Тошкент шаҳрида ўзларини қулай ҳис қилишлари учун барча инфраструктурага эга ётоқ жой билан таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди»
Талабалар учун тайёрланаётган жойлар вақтинча бўлишига қарамай, яшаш, овқатланиш, хавфсизлик, саломатлик ва транспорт билан боғлиқ масалалар бўйича аниқ қулайликлар ишлаб чиқилмоқда", - деган Тошкент шаҳар ҳокими нашрга.
Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев бир ҳафтадан кейин тайёр бўлиши кутилаётган ётоқхона ҳудудида талабаларнинг ишлаши ҳам мумкинлиги, метрогача бепул автобуслар қўйилиши ҳақида ҳам маълум қилган.
Афғон халқига 58 тонна озиқ-овқат
Ўзбекистон Афғонистонга навбатдаги инсонпарварлик юкларини юборган.

Сурат манбаси, official
"58 тонналик инсонпарварлик юклари ортилган автомашиналари Ҳайратон чегара ўтказиш пункти орқали қўшни мамлакатнинг Балх вилояти шимолидаги Калдор туманига етказиб берилди", деб ёзади Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Телеграмдаги расмий ахборот канали.
Хабарга кўра, асосан озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами оғир ижтимоий шароитда яшаётган оилаларнинг ўзларига тарқатилган.
Ўзбекистондан Британияга табрик
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Чарльз Учинчига унинг тахтга ўтириши муносабати билан табрик йўллади.

Сурат манбаси, official
Мактубда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги ўзаро ишонч ва юксак ҳурмат руҳидаги кенг қамровли шериклик келгусида ҳам изчил ривожланишига ишонч билдирилган, дея маълум қилди Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.
"Давлатимиз раҳбари қиролга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилавий бахт-саодат ҳамда ғоятда шарафли фаолиятида улкан ютуқлар, дўст Бирлашган Қироллик халқига эса тинчлик-осойишталик, давомий равнақ тилаган": дейилади хабарда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














