Ўзбекистон: Тошкент Сингапур бўладими ё Москвага айланадими? Видео, O'zbekiston Dunyo

Ҳафта бошидан буён дунёнинг Мумбай ва Истанбул каби улкан шаҳарларга хос манзарага Тошкентда ҳам кузатилди.
Ижтимоий тармоқда талабаларнинг пойтахтга қайтиши ортидан кўчаларда жиддий тирбандликлар кузатилгани тўғрисида кетма-кет хабарлар қолдирилмоқда.
Бироқ тирбандликлар сабаби фақат ўқув йили бошланишига боғлиқ эмас, деган фикрлар кўп йиллардан буён айтиб келинади.
Тирбандликлар муаммоси Ўзбекистон пойтахтида, айниқса, охирги икки йилда жиддий муаммога айланган.
Фаоллар аҳолиси нисбатан кам Тошкент шаҳрида бу муаммо дунёнинг йирик мегаполисларидаги ҳолат даражасига кўтарилаётгани ҳукуматнинг вазиятни юмшатиш йўлида қўл ураётган амаллари акс таъсир кўрсатаётганига боғли, дея бир неча бор таъкидлаб чиққанлар.
Би-би-си эрта тонгда Тошкент кўчалари бўйлаб кўзланган манзилга етиб олиш учун қанча вақт сарфлашга тўғри келишини тажриба қилиб кўрди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мазвулар:
- Ўзбекистон: Нега ўзбеклар йўлларда кўп ўляпти?
- Ўзбекистон: Сифатсиз йўл қурувчиси ҳам қотиллик шеригими?
- Ўзбекистон: сўконғич ҳокимлар қандай жазоланади, маошлар нархлардан баландми ва Самарқандда яна нима гап? Дайжест
- Эксперт: Ўзбекистон учинчи ренессансга эришолмайдими? Мирзиёев ҳоким ва раҳбарларни нега "савалаяпти"? Ўзбекистон ва дунё, янгиликлар
5 сентябрь…

Сурат манбаси, Ijtimoiy tarmoq
5 сентябрдан Ўзбекистонда янги ўқув йили бошланган.
Ўн минглаб талабалар пойтахтга қайтган, ўқувчилар эрта тонгдан яна илм даргоҳлари томон йўлга чиқишган.
Шу куни ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқ орқали Тошкент шаҳрида Москва, Истанбул каби йирик шаҳарлардагидан қолишмайдиган жиддий тирбандликлар кузатилгани ҳақида ёза бошлаган.
Бундан ташқари жамоат транспортида ҳам анчагина тиқилинч ҳолат юзага келгани, айрим метро бекатлари киришда кўчага қадар навбатлар ҳосил бўлгани ҳақида хабарлар қолдирилган.
"Москвадаги ҳолат бизга ҳам келибди. Энди бирор жойга бориш учун камида бир соат вақтли йўлга чиқаверинглар", дея ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири.
"Талабалар Тошкентга келгани дарров билинди: кўчаларда катта тирбандлик. Биз ўқиган пайтда деканимизда ҳам машина бўлмаган", ёзиб қолдирган бошқа бир фойдаланувчи.
Кўплаб ўзбекистонликлар йўлларда ҳаракатнинг "қотиб қолиши" шундоқ ҳам яхши ривожланмагани айтиладиган жамоат транспорти фаолиятига жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани, кўзланган манзилларга етиб олиш одатдагидан сезиларли кўп вақт талаб қилаётганини хабар қилган.

Оқибатда, кўплаб йўловчилар хусусий такси хизматларидан фойдаланишга мажбур бўлган.
Расмийлар ҳам юзага келган вазият жиддий эканини урғулаган.
"Тошкент метрополитени" ДУК 5 сентябрь куни йўловчиларга мурожаат қилиб, тирбандликлар олдини олиш йўлида метрополитенда ўрнатилган ҳаракатланиш қоидаларига риоя этишни сўраган.
Расмий хабарда айтилишича, сентябрь ойидан бошлаб метрополитендан фойдаланувчи йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан кунига 200 мингдан ошиши кутилмоқда.
"Прогнозларга кўра, сентябрь ойида бир кунда 550-580 минг, октябрь ойида 600 мингга етади", дейилади 5 сентябрдаги хабарда.
10 чақирим учун 44 дақиқа
Тошкент шаҳрининг серқатнов кўчаларида эрталаб 7:00 - 9:00 ва кеч томон 18:00 ва 20:00 оралиғида, халқ тили билан айтганда, йирик "пробка"лар юзага келиши сўнгги йилларда одатий ҳолга айланган.

5 сентябрдан аҳволнинг янада абгорлашгани тўғрисидаги хабарлар ортидан Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров реал вазиятни ўз кўзи билан кўриш учун тажриба ўтказишга қарор қилди.
Тажриба тирбандликлар пайтида шаҳарнинг бир нуқтасидан иккинчи нуқтасига етиб олиш йўлида қанча вақт ва сабр сарфлашга тўғри келишини билишдан иборат эди.
Тажриба доирасида Яшнобод туманидаги "Дўстлик" метро бекатидан Олмазор туманидаги "Чорсу" бозорига қадар бўлган масофа енгил автомашинада Яндекс Хариталар картографик хизмати таклиф қилган 10 чақиримлик энг қулай йўл орқали босиб ўтилди.
Натижада, ушбу белгиланган манзилга етиб олиш учун 44 дақиқа вақт сарфлашга тўғри келди.
Картографик хизмат куннинг сокин вақтларида айни масофани 20-22 дақиқа ичида босиб ўтиш мумкинлигини кўрсатди.
Муаммонинг сабаби нимада?
Тармоқда пойтахтда тирбандликнинг янада кучайгани янги ўқув йили бошлангани билан боғлиқ экани таъкидланган фикрлар кўплаб қолдирилган бўлсада, аслида муаммонинг илдизи янада чуқурлиги тўғрисидаги қарашлар ҳам янграган.
Бундай қарашларда Тошкент ортиқ пиёдалар шаҳри бўлмай қолганига анча йиллар бўлгани, кўчаларда асосий устунлик машиналарга бериб қўйилгани муаммоси яна бир бор ўртага ташланган.

Пойтахтда норентабел ва автомобиллар ҳаракатига халал беради каби фажлар билан трамвай ҳамда троллейбусларнинг ҳаракатдан олиб ташлангани, кўчалар янада кенгайтирилгани, жамоат транспорти ривожига у қадар эътибор берилмаётгани, оқибатда, аҳолида шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишдан ўзга чора қолмаётгани ортидан кўчаларда машиналар сони кўпайиб бораётгани борасида олдин ҳам фаоллар бот-бот айтиб чиқишганди.
Ҳукуматнинг вазиятни юмшатиш йўлида, асосан, кўчаларни кенгайтириш, аввал ёпиқ бўлган йўлларни очиш, кўп қаватли кўприклар қуришга эътиборни кучайтиргани танқидга тутилиб, бундай чоралар амалда шаҳарга янада кўпроқ машиналарни жалб этади, дейилади.
Расмий маълумотларга кўра, йил бошида пойтахт доимий аҳолисининг сони 2,8 миллионни ташкил этган, март ойида эса шаҳардаги енгил автомашиналар сони 503 минг донага етган.
Таниқли иқтисодчилар ва жамоатчилик фаоллари - Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов ва Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов август ойида ўтган ўзаро суҳбат давомида ушбу муаммони тилга олиб, Ўзбекистон транспорт масаласида айрим давлатлардаги "тарихий хатолар"ни такрорлаётгани ҳақида гапирган.
"Дубай ҳақида айтадиган бўлсак, у ерда 2010 йилда зўрға метро пайдо бўлди. Ҳали ҳам шаҳарсозликнинг энг ёмон намуналари борасида Дубайдан ёмонроқ мисол топиш қийин.
Ҳозир ҳукумат йиллар давомида қилинган хатоларни тузатяпти. Ва бу хатоларни тузатиш учун жуда қиммат тўлашяпти. Чунки вақт нуқтаи-назаридан бир жойдан иккинчи жойга бориш жуда қийин бўлиб қолган", - деган Ҳошимов суҳбат давомида.
Шунингдек, Беҳзод Ҳошимов вазият ўз вақтида ўзгартирилмаса, Тошкент ҳозирда транспорт коллапсини бошдан кечираётган Индонезия пойтахти Жакарта аҳволига тушишини тахмин қилган.

Сурат манбаси, Toshkent shahar hokimligi
"Жакарта кўп жиҳатдан Тошкентга ўхшайди. Кўчалари ниҳоятда кенг, лекин йўллар жуда тирбанд. Одамлар машинасига ёстиқлар қўйиб қўйишган: бир хил пайт "пробкалар"да ухлашга тўғри келади. Шаҳар деярли юрмайди, айниқса иш кунлари.
Гарчи Жакартада машина арзон, бензин арзон, шаҳарда машинада юриш бепул бўлса ҳам, аксар жакарталиклар қиммат Сингапурни яхши кўришади. Ваҳоланки, Сингапурда йўлда юриш қиммат (шаҳар марказига кириш пулли). Ихтиёрий жакарталикдан сўрасангиз, Сингапур яхшими ёки Жакарта деб, албатта Сингапур дейди. Лекин ўзларига келинглар унда, Сингапурдагидек қилайлик, бензинга субсидияни тўхтатайлик, десангиз, рози бўлиши мушкул. Айтмоқчиманки, бу кетишда Тошкент ҳам Жакарта бўлиб, икки соатлаб тирбандликда туриш - бу келажагимиз. Анча қийналганимиздан кейингина нимадир қиламиз".
Танқидлар ва қадамлар

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati
Фаоллар танқидига учраб келаётган бўлсада, ҳукумат жамоат транспортини ривожлантириш устида бош қотириб келмоқда.
Апрель ойида президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти фаолиятини кескин танқид қилиб, йўлларни кенгайтириш тирбандлик муаммосига ечим эмаслигини таъкидлаган эди.
"Ҳаёт тезлашди, одамларнинг фаоллиги ошди. Лекин жамоат транспорти аввалгидай турибди. Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Жамоат транспортига устунлик бериш керак. Дунё тажрибасига қаранглар. "Ақлли светофор"лар ўрнатиб, йўл ҳаракатини онлайн бошқариб, кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш зарур. Келгусида ҳамма шаҳарларимизда шундай қиламиз. Самарқанд бунда андоза бўлиши керак", - деганди давлат раҳбари.
2020 йилда Тошкент ерусти ҳалқа метросининг биринчи босқичи қуриб битказилган.
Расмийларнинг умид қилишича, айни вақтда қурилаётган ерусти ҳалқа метросининг иккинчи босқичи фойдаланишга топширилгач, қатнов энг муаммоли кўчалардан бўлмиш Қўйлиқ - Сергели йўналишидаги транспорт оқими 12 фоизга камаяди.
Июль ойида эса олти йиллик танаффусдан сўнг Тошкентга трамвайларни қайтариш бўйича илк режалар очиқланди.
Мулозимлар Ипподром - Шимолий вокзал - ТТЗ йўналиши бўйлаб шовқинсиз ҳаракатланадиган трамвайни ишга тушириш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш арафасида турганликларини маълум қилишди.
Август ойида Транспорт вазирлиги тирбандликларни бартараф этиш йўлида Сингапур билан ҳамкорлик қилиш, жумладан, жамоат транспорти, таксилар фаолиятини тартибга солиш, аэропортлар бошқаруви каби йўналишлардаги илғор тажрибаларни ўрганиш режаланаётганини билдирган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















