Ўзбекистон: сўконғич ҳокимлар энди қандай жазоланади, маошлар нархлардан ошдими ва Самарқандда яна нима гап? Дайжест

Сурат манбаси, Rasmiy Telegram
- Сурхондарё ҳокимининг яна ҳақоратли аудиоёзуви тарқалди
- Таҳлилчилар сўнгги 5 йилда аҳоли даромади ва нархлар ўсишини ўрганди
- "Новая газета"нинг ёпилиши Украина урушига боғлиқми?
- ШҲТ: Самарқандда нима гаплар?
Ҳоким чарчаса, сўкинадими?
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов эканлиги айтилаётган шахснинг кластер вакили, деб ишонилган шахсни сўкиб, ҳақорат қилганлиги аудиоёзуви тарқалди.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий муносабат билдириб, ҳақорат ва сўкишлар овозининг вилояти ҳокими Тўра Боболовга қисман тегишли эканлигини тасдиқлаган.
Шунингдек, ҳоким суҳбатлашаётган шахслар Қизириқ туманининг собиқ ҳокими И.Юсупов, тумандаги кластер вакили Х.Х. эканлиги, ушбу мулоқот жорий йилнинг 17 январь куни бўлиб ўтгани ва аудиёзув суҳбатдан «кесиб олиниб, бошқа овозлар қўшилган ҳолда монтаж қилингани» билдирилган.
«Интернет тармоғига сиздирилаётган мазкур аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган қисмидаги ўта ҳақоратли сўзлар вилоят ҳокимига тегишли эмас», - дейилади ҳокимлик Матбуот хизматининг расмий муносабатида.
Шу билан бирга ҳокимнинг ҳақоратли сўзларини «ҳолатларни таҳлил қилиш жараёнида асабий ҳолатда қўпол сўзлар ҳам ишлатиб юборган» дея изоҳланади. «Аудиоёзувнинг 2:07-дақиқасидан 2:10 дақиқасигача бўлган ҳолат бундан мустасно», - дея қўшимча қилинади.
Матбуот хизмати аудиоёзувнинг Тўра Боболовнинг овози деб тан олган қисмларида ҳам ўта ҳақоратли сўзлар қўлланилган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати Тўра Боболовнинг «иш учун жиддий толиққани сабаб беихтиёр масъулларга қаттиқ гапириб юборган бўлиши мумкин»лигини ёзади.
Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг август ойида ҳам Ангор тумани прокурорини ҳақоратли сўзлар билан койигани аудиоси тарқалган ва Президент Мирзиёев ҳокимга танбеҳ берганди.
Алоқадор мавзулар:
- Фарғонанинг сўконғич ҳокими Ғаниевга яна ишонч билдирилди
- Ўзбекистон: Нарх-наво энди тушадими - ҳукумат нима қила олади? Видео
- Ўзбекистон: Ҳокимдан арз қилган ҳоким, ҳокимлар Ялтада дам олади ва энди фуқаролар текшириш учун ИИБга олиб кетилмайдими? – Янгиликлар
- Сўх можароси: Ҳоким нима учун тошбўрон қилинди? (Видео)
Даромад нархлардан баландми?
Ўзбекистон Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) таҳлилчилари мамлакатда охирги беш йилда асосий истеъмол товарлари нархининг ўзгариши аҳоли фаровонлигига қандай таъсир кўрсатганлигини таҳлил қилди.

Сурат манбаси, PMTI Telegram
ПМТИ таҳлиллари натижасига кўра, аҳоли даромадлари бензин, пропан, гўшт каби маҳсулотлар нархига нисбатан ўсган.
Аммо электр энергияси, газ, пахта ёғи, 1-нав буғдой уни, ҳаво ва темирйўл транспорти, олий таълим шартнома пули, мактабгача таълим муассасалари тўлов нархлари аҳоли даромадларига нисбатан кўпроқ ошган.
Хулоса ўлароқ эса сўнгги беш йилда Ўзбекистонда ўртача иш ҳақининг маҳсулотлар ва хизматлар нархидан тезроқ ўсгани ва бу аҳоли фаровонлик даражасига ижобий таъсир кўрсатгани таъкидланади.
Шу қаторда, «бензин ва пропан нархларининг ошиши иш ҳақига нисбатан тезроқ ўсгани автомобиль эгалари фаровонлигига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин», деб ёзади ПМТИ таҳлилчилари Телеграм каналида.
Маҳкама курсисидаги газета

Сурат манбаси, VLADIMIR GERDO/TASS
Россияда танқидий мақолалари билан танилган нашрлардан бири "Новая газета" судга тортилди.
Москванинг Басманний суди Роскомнадзорнинг 2006 йилда "Новая газета"га берилган оммавий ахборот воситаларини рўйхатдан ўтказишни бекор қилиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди.
Суд "Новая газета"нинг босма нашрини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топди, дея аниқлик киритмоқда нашр ўзининг Телеграм-каналида.
Роскомнадзор судга даъво аризасига кўра, 2006 йилда нашр таҳририят таъсисчисини ўзгартиргани, бироқ "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонун талабига кўра, низомни Роскомнадзорга тақдим этмагани бўлган, деб ёзади "Медиазона"
Ҳимояга кўра эса, нашр 2002 йилда нашр этила бошлаган, тўрт йил ўтиб эса газетани рўйхатдан ўтказиш учун янги низом тақдим этишни талаб этмайдиган кичик ўзгаришлар бўлган.
Роскомнадзор даъвоси нашрнинг Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин юзага келган муаммолари манзарасида қўзғатилган.
Газета бош муҳаррири Дмитрий Муратов эса журналистларга "Бу аҳамиятсиз, буюртмали, сиёсий қарор. Ҳеч қандай қонуний асосга эга эмас", - деди.
ШҲТ саммити ва Самарқанд
Ўзбекистон вакилларига кўра, Самарқанддаги ШҲТ саммитида Эрон бу ташкилотга доимий аъзо сифатида таништирилади.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳадов The Print нашрига берган суҳбатида бу борада билдирган.
У, шунингдек, Ўзбекистон ШҲТ янги ривожланиш шароитидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишдан манфаатдорлигини ҳам таъкидлаган.
Элчи жаноблари ШҲТ фаолиятида тўлақонли аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мақомида иштирок этиш учун яна 10 га яқин мамлакатдан аризалар ҳам кўриб чиқилишини маълум қилган.
Россия президенти Владимир Путин ҳам ШҲТ Самарқанд саммитида шахсан иштирок этиши маълум қилинди. Бу хабарни Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлаган.
«Путин ҳақиқатан ҳам Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида иштирок этади, жуда муҳим ва ўзига хос нуфузли тадбирни кутаяпмиз. Дарҳақиқат, Путин у ерда бир қанча муҳим халқаро учрашувларни режалаштирмоқда», — деди Дмитрий Песков.
15 ва 16 сентябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида ташкилотга аъзо мамлакатларнинг барча раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. Эрон ва Беларусь ҳам ташкилотга аъзо бўлиш ниятида эканлиги хабар қилинган.
Ҳозирги кунда ШҲТ таркибига саккиз давлат - Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон киради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














