Ўзбекистон: Сўхликлар нима учун ҳокимдан норози? O'zbekiston (Видео)

Сурат манбаси, official
1 июн куни Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувда сўхликлар Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев кетсин, дея талаб қилди.
Ўзбекистонда ҳокимларнинг халқ орасидаги имиджи у қадар хавас қилгулик эмас. Ўтган йиллар давомида одамларнинг маҳаллий ҳокимлар қўл урган амаллардан шикоят қилгани кўп бор кўзга ташланди.
Оддий аҳоли ҳокимлар уйини бузиб ташлаганидан, тадбиркорлар ҳокимлик бизнесига босим ўтказганидан, фермерлар ери тортиб олинганидан норозилик билдирди ва билдириб келмоқда.
Ижтимоий тармоқларда сўхликларнинг талаби ортидан ҳокимларга нисбатан оммавий норозилик ўзининг навбатдаги босқичига чиққани айтилмоқда.
Сўх аҳолиси қонунга зид бўлса-да, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевни тошбўрон қилишгача ҳам етиб борди.
Аввалига, Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов Озодлик радиоси билан суҳбатда Шуҳрат Ғаниевнинг тошбўрон қилинганини рад этган эди.

Сурат манбаси, Screenshot
Бироқ Би-би-си ихтиёридаги видеода оломон орасидан чиқиб кетаётган вилоят ҳокими томон тошлар ёғилгани, одамлар маълум жойга қадар уни қувиб боргани кўринади.
Ушбу видеода тошбўрондан сўнг яна одамлар томонидан ўраб олинган Шуҳрат Ғаниев ўзига тош келиб текканини айтиб, жанжалда иштирок этган йигитларга тегилмаслигига ваъда бергани, сўхликларни тинчлантиришга ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин.
"Менга қара, мен ҳеч қаерга кетганим йўқ, мен ҳеч қаерга кетмайман. Менинг ўлигим ҳам, тиригим ҳам шу ерда. Мен Афғонда хизмат қилган одамман. Фақатгина бир номард мана шу еримга тош отдида. Мени яралашни нима кераги бор?" дейди ҳоким видеода.
"Пистолет билан отса, ҳеч нарса эмас-а? Ярангизни битта вазелин билан тузатасиз, ўлган одамни нима қилиб берасиз?" унга савол ташлайди оломон ичидаги йигитлардан бири.
"Мен ҳарбийларга ҳам, ички ишлар ходимларига ҳам - ҳаммасига айтаман. Мана илтимос: қайси ёшларимиз билиб-билмай шўҳлик қилган бўлса, шуларга тегмайсизлар. Шунинг учун, жон укалар, жон ўғилларим, мен қолай, бир-икки оқсоқоллар қолсин. Бизларнинг ишлашимизга халақит қилманглар. Мен тирик бўлсам, бир қарич еримниям, бир пақир сувимниям бериб қўймайман", дея сўхликлар билан муроса қилишга уринади Ғаниев.
Аксар ўзбекистонликлар ҳокимларнинг фаолиятини ёқламаслиги айтилади, лекин маҳаллий раҳбарларга оммавий тарзда ҳужум қилиш ёки уларнинг истеъфосини талаб қилиш ҳолати деярли учрамайди.
Сўх аҳолиси қонунга зид бўлсада, туманнинг собиқ ҳокимини тошбўрон қилишгача ҳам етиб борди.
Хўш, сўхликларнинг маҳаллий раҳбарларга нисбатан бу қадар ғазабга минишининг сабаби нима? Ҳокимларга нисбатан бундай кайфият фақат Сўхга дохилми?
Ўзгармаган ҳокимлар

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келишидан кўп ўтмай, бундан буён давлат бошқаруви "халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилади" тамойилига асосан олиб борилади, деган гапни бир неча бор такрорлади.
Бироқ фаоллар ва жамоатчилик ҳокимларнинг муштумзўрликка асосланган иш услуби ҳали амалда эканини таъкидлайди.
Ҳокимларнинг ўз қўл остидагилар, ҳатто, оддий фуқароларни уриши, тепиши, ҳақоратлаши, бутун бошли ҳудудлар аҳолисини таҳқирлаши тўғрисидаги хабарлар бот-бот матбуотда кўзга ташланади.
Фаоллар кўп йиллардан буён ҳокимларнинг халқ иродасини инобатга олмаслиги, ўз ваколатидан бемалол четга чиқиши, омманинг маҳаллий маъмурият фаолиятига таъсир ўтказа олмаслиги ҳамда ҳокимликларнинг кўп ҳолларда халқдан узилиб қолганига сабаб сифатида маҳаллий раҳбарларнинг бевосита аҳоли томонидан сайланмаслигини кўрсатиб келадилар.
Содда қилиб айтганда, улар ҳокимлар юқоридан тайинланиши ва шунчаки маҳаллий кенгашлар томонидан тасдиқдан ўтиши туфайли ҳам ўзи раҳбар бўлган ҳудудда истаганча ваколатга эга эканини айтадилар.
1 июнь куни ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани ишонилган аудиоёзув тарқалди.
Унда вилоят ҳокими Сўхда юз берган ҳолат ҳақида гапира туриб, туман аҳолисига жанжал кўтарган қишлоқларни харитадан ўчириб қўйиш, барча таъминотни тўхтатиб қўйиш, "Сўхликлар - ношукур одамлар" сарлавҳали мақолани эълон қилиб юбориш, маҳаллий йигитларни қамаш билан таҳдид қилаётгани қулоққа чалинади.
Оқибатда, ҳокимнинг бутун бошли қишлоқларни харитадан ўчириб ташлаш, одамларни судсиз қаматиб юборишга қанчалик ваколати бор экани борасида кескин саволлар юзага чиққан, сўхликлар Ғаниевнинг бу гапларидан қаттиқ ғазаб отига минган.
Бош вазир билан учрашув пайтида сўхлик фаоллар Шуҳрат Ғаниев "Сўхни харитадан ўчириб юбораман", деганини эшитганликларини таъкидлаб, вилояти ҳокими дохил барча ҳудудий раҳбарларни ўзгартириб беришни илтимос қилганлар.
Ғаниевнинг ўзи раҳбар бўлган ҳудуд аҳолисига нисбатан бундай таҳдид қилгани борасида ҳозирча бирор расмий изоҳ берилмаган.
"Босим ўтказиш яхшиликка олиб келмайди"
1 июнькунги мулоқотда сўхликлар Бош вазир Абдулла Ариповдан ўзларига бошқа ҳоким қўйишни сўраб, ўз номзодларини илгари сурганлар, аммо Бош вазир бунга жавобан раҳбар тайинлаш ва давлатчиликнинг ўз тартиб-қоидаларини борлигини эслатган, аҳолидан босим ўтказмасликни сўраган, акс ҳолда, бу яхшиликка олиб келмаслигидан огоҳлантирган.
3 июнь куни Сўх туманига янги ҳоким тайинлангани, у 2019 йилдан буён туман ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев экани хабар қилинган.
Ўзбекистонда маҳаллий раҳбарлар президент Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга зид иш юритиши, президентни саботаж қилиши, натижада, халқда норозилик кайфияти кучайишига сабаб бўлиши тўғрисидаги гаплар тез-тез қулоққа чалинади.
Ҳокимлар кўп вақтини халқ дардига қулоқ тутиш эмас, балки юқоридан келган топшириқларни бажаришга сарфлаши туфайли ҳам уларнинг халқ олдида жавобгарлик ва масъулият ҳисси паст экани кўп такрорланади.
Ҳатто, президент Мирзиёевнинг ўзи ҳам шу йилнинг январь ойида маҳаллий раҳбарларга кўп ваколатлар бериб юборилганини тан олиб, уларнинг фаолиятини назорат қилиш бўйича янги тизим яратиш шартлигини таъкидлаган эди.
Президентликка илк сайланган кунлариданоқ Шавкат Мирзиёев маҳаллий ҳокимликларга сайловларни ташкил этиш тизимини яратиш ҳақида сўз очган, агар ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулияти кескин ошиши ҳақида гапирган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












