Ўзбекистон матбуот эркинлиги ва Шуҳрат Ғаниев: Ҳоким ҳақидаги мақолалар нима учун “йўқолиб қолди”?

Йўқолиб қолган сайтлар саҳифалари

2 июн куни Ўзбекистондаги қатор маҳаллий интернет нашрлари Сўх аҳолиси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев истеъфосини талаб қилгани, халқ ҳокимнинг фаолиятидан қаттиқ норози эканини ёзиб чиқди. Бироқ орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бу мазмундаги мақолалар аксар сайтлар саҳифаларидан йўқолиб қолган.

2 июн давомида эълон қилиб борилган, асосан, "Халқ Ғаниев керак эмас деяпти", "Халқ Ғаниевдан норози" каби сарлавҳали мақолалар бир неча соатдан сўнг интернет сайтларида кўринмай қолган.

Кун уз мақоласи

Сурат манбаси, kun.uz

Мақолалар ўрнида "404: Ушбу саҳифа мавжуд эмас ёки вақтинчалик тизимдан ўчирилган" огоҳлантиришлари пайдо бўлган.

Би-би-сининг текширувлари ортидан Ўзбекистондаги, камида, 8 та интернет сайтидан бу мазмундаги мақолалар йўқ бўлиб қолгани аён бўлган.

Ўзбекистондаги энг оммабоп Daryo.uz, Kun.uz дохил Xabar.uz, Uznews.uz, Repost.uz, Hordiq.uz, Aniq.uz, Zamin.uz сайтлари шулар жумласидан.

Кун узнинг рус тилидаги мақоласи

Сурат манбаси, kun.uz

Фарғона вилояти ҳокимининг сўхликлар ғазабига учрагани ҳикоя қилинган мақолалар интернет нашрлари таҳририятларининг ҳеч қандай огоҳлантиришларисиз йўқолиб қолган бўлсада, уларнинг Google кешидаги нусхалари сақланиб қолган.

Масалан, 2 июн соат 13:20 да Kun.uz сайтида эълон қилинган "Ғаниев яна диққат марказида. Сўхликлар ҳокимдан қаттиқ норози бўлишди" номли мақолада "ҳудуддаги вазият вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг эҳтиётсизлиги туфайли янада кескинлашишига бир бахя қолгани, маҳаллий фаоллардан бири халқ Ғаниев керак эмас деяётганини айтгани", шунингдек, ҳокимнинг 1 июн куни тарқаган "Қишлоқларни харитадан ўчириб қўяман" деган аудиоёзуви тафсилотлари тўлиғича келтирилган.

Дарё уз мақоласи

Сурат манбаси, daryo.uz

Бундан ташқари, ушбу мақолада Шуҳрат Ғаниев аҳолидан узр сўраб, тартибсизликда иштирок этганлар жазоланмаслигига ваъда бергани биринчилардан бўлиб тилга олинган.

Архив нусхасида Kun.uz мақоласи сайтдан ғойиб бўлгунга қадар 14,395 марта ўқилганини кўриш мумкин.

Мазкур мақоланинг русча таржимаси ҳам Kun.uz сайтидан ғойиб бўлган.

Мамлакатдаги яна бир оммабоп нашр бўлмиш Daryo.uz саҳифаларидан эса айни мавзуга бағишланган иккита мақола йўқолиб қолган.

Техник носозлик?

Дарё уз мақоласи скриншоти

Сурат манбаси, daryo.uz

Би-би-си вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида интернет нашрлари билан боғланиб кўрди.

Daryo.uz нашри бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев мақолаларнинг йўқолиб қолиши сабаби "Ҳар доимгидек, техник носозлик" эканини айтиш билан чекланди.

У бир вақтнинг ўзида ўнга яқин сайтда бир мазмундаги мақолалар билан бир вақтнинг ўзида техник носозлик юзага келиши эҳтимоли қанчалик юқори, деган саволга жавоб бера олмаслигини маълум қилди.

Хабар уз мақоласи скриншоти

Сурат манбаси, xabar.uz

Аммо Би-би-си билан суҳбатлашган бошқа маҳаллий матбуот вакиллари бу ҳолатнинг тасодиф эканига ишониб бўлмаслигини айтдилар.

Уларнинг сўзлашича, ҳатто, Президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам "исталмаган" материалларни "юқоридан қўнғироқ" усулида олдириб ташлаш амалиёти тўхтамаган.

Улар бу "юқори ташкилотлар"нинг аниқ номини тилга олмасалар-да, қўнғироқлар, одатда, куч тизимларига дахлдор мулозимлардан бўлишини қўшимча қилдилар.

"Хабаримиз йўқ"

Репост уз мақоласи скриншоти

Сурат манбаси, Repost.uz

Би-би-си мамлакатдаги оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, ОАВ таҳририятлари ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ОАВ орқали давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоат назоратини ўрнатиш бўйича чоралар ишлаб чиқишга масъул бўлган Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳам боғланди.

Агентликнинг расмий сайтидаги "Ахборот хизмати бўлими бошлиғи" дея кўрсатилган рақамга қилинган қўнғироққа жавоб берган мулозим сайтлардан Шуҳрат Ғаниевга дахлдор материалларнинг ўчириб ташланганидан хабари йўқлигини билдирди.

Узнюс веб сайти

Сурат манбаси, uznews.uz

"Эътибор бермабмиз бунга. Ўчирилганини кўрганимиз йўқ. Ҳозир бизда ахборот хизмати раҳбари йўқ. Ҳали тайинланмаган. Қолаверса, шу масалалар билан шуғулланадиган мутахассисимиз отпускда", жавоб берди мулозим.

"Сизнинг саволларингизга жавоб бера оладиган рақам беришим мумкин. 10-15 дақиқадан кейин телефон қила оласизми?"

Бироқ шундан сўнг ушбу рақамга қилинган қўнғироқларга ҳеч қандай жавоб бўлмади.

Олис йўл

"Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуннинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмаслиги ҳамда ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек, уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд уларнинг нашрдан бутунлай олиб ташланишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгилаб қўйилган.

Замин уз веб сайти

Сурат манбаси, zamin.uz

Бироқ "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 12-моддаси 1-қисмида веб-сайт эгаси ҳамда блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги кўрсатилган.

Шунингдек, мазкур моддада белгиланган мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда, веб-сайтдан фойдаланиш Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкинлиги қўшимча қилинган.

Ўзбекистон матбуот ва сўз эркинлиги рейтингларида узоқ йиллар энг қуйи поғоналарни эгаллаб келгани билан маълум.

Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида эса бу борадаги аҳвол яхшилангани эътироф этилган.

"Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилотининг 2020 йил учун халқаро матбуот эркинлиги индексида Ўзбекистон 180 давлат ичида 156-ўринга муносиб кўрилган.

Шу йилнинг апрел ойида эълон қилинган ҳисоботда ташкилот Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистонда нисбатан ижобий ўзгаришлар кузатилгани, жумладан, йиллар давомида "қора рўйхат"да бўлган сайтлар очилгани, маҳаллий журналистлар коррупция ва мажбурий меҳнат каби нозик мавзуларни ёрита бошлаганини тилга олган.

Бироқ ҳисоботда юқори мартабали ҳукумат расмийларини танқид қилиш ҳануз имконсиз экани, ҳукумат матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб тургани, цензура ва ўзини ўзи цензура қилиш ҳолатлари ҳамон мавжудлиги таъкидлаган.

"Сиёсий плюрализм ва диктатура жиноятлари устидан адолат ўрнатмай туриб мутлақ матбуот эркинлигини тиклаш жуда мушкул. Ҳали анча узоқ йўл босиш лозим", дейилади ҳисоботда.

Шуҳрат Ғаниев тўғрисидаги мақолаларнинг оммавий ўчириб ташланиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга қаратилган фармони эълон қилиниши билан бир кунда содир бўлди.

"Шу билан бирга, айрим раҳбарлар рейтинглар билан ишлашга етарлича эътибор қаратмаётганлиги ва халқаро ташкилотлар томонидан ўтказилаётган сўровларда аксарият ислоҳотлар ўз аксини топмаётганлиги оқибатида устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси қуйи поғоналарда қолмоқда", дейилади ушбу фармонда.

Алоқадор мавзулар:

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek