Сўх: Мирзиёев ва Жээнбеков чегара бўйича мукаммал чораларга келишган - O'zbekiston, mintaqa

Президент Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали ўзбек-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама қилган.
Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, икки раҳбар "бундай вазият бошқа такрорланмаслиги учун мукаммал чоралар қабул қилиш муҳим эканини таъкидлашган".
Мукаммал чоралар нима бўлиши мумкинлиги ҳақида расмий маълумот йўқ.
Ўтмишда Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадаги анклав ва эксклавлар муаммосини ўзаро ер алмашиш орқали ҳал қилиш йўлини муҳокама қилгани маълум.

Сурат манбаси, Official
Зиддият нуқтаси
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, 31 май куни ўзбек-қирғиз чегараси "Чашма" учатскасида юз берган "маҳаллий даражадаги ҳодиса"да ҳар икки томондан жабрланганлар бор.
Расмий Тошкентга кўра, можаро "Чашма" булоғининг ариқларини биргаликда тозалаш пайтида келиб чиққан.
"Ҳодиса натижасида икки томондан ҳам жабрланганлар бор. Уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди", дейилади ўзбек томони тарқатган расмий хабарда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Айтилишича, икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарларининг музокаралари натижасида "вазият тўлиқ назоратга олинган".
Аввалроқ қирғиз томони камида 25 кишининг жароҳатлангани, вазият барқарорлашаётгани, аммо танглик сақланиб қолаётганини айтганди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида таъкидланишича, ҳар икки томон аҳолисини ичимлик ва суғориш суви билан таъминловчи "Чашма" булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида келишув мавжуд.
Ҳар икки томон можарони 2017 йил октябрида имзоланган Чегара ҳудудида ишонч чоралари бўйича Битим қоидаларига мувофиқ ҳал қилиш тўғрисида келишиб олгани айтилмоқда.
Расмий хабарда икки давлат расмий ҳайъатлари маҳаллий аҳоли билан мулоқот қилгани айтилган.

Сурат манбаси, Social Media
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов "давлат бир қарич ерини ҳам бериб қўймаслиги"ни айтиб, сўхликларнинг муаммоларини ҳал қилишга ваъда бергани хабар қилинмоқда.
Айтилишича, бу Ўзбекистон тарихида мамлакат бош вазирининг Сўхга илк ташрифи бўлган.
Арипов: "Босим ўтказманглар"
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов билан учрашув чоғида маҳаллий аҳоли вакиллари ўзларининг қамалда қолганини айтиб, чегарадаги вазиятдан шикоят қилган.
Ижтимоий тармоқларда Ариповнинг мулоқот чоғида ўзининг сўзини бўлганлардан ғазабга келганини кўриш мумкин.
"Қачон бош вазир келиб, сизлар билан мулоқот қилган? Эшитсанглар гапираман, эшитмасанглар кетаман", дейди бош вазир.
У сўхликларни маҳаллий кадрларни тайинлашда марказий ҳукуматга босим ўтказмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Аҳоли вакиллари ҳокимларнинг яйловларни ўзларига қарашли одамларга бериб юбораётганидан шикоят қилган.
Фэйсбукда чоп этилган видео сўнггида аҳоли вакиллари Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев номини эшитиши билан жунбушга келганини кўриш мумкин.
Расмийлар видеони шарҳламаган.
Ариповнинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашуви тафсилотлари ҳақида расмий ахборот йўқ.
Тошбўрон
31 май куни ўзбек-қирғиз чегарасида келиб чиққан зиддият оқибатида камида 25 киши яраланган.
Бу ҳақда 1 июнь куни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар тарқатди.
Хабарда айтилишича, яраланганлар Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги шифохонага жойлаштирилган, улардан икки нафарининг аҳволи жиддий.
Маҳаллий аҳоли олган жароҳатлар тошбўрон оқибати экани айтилади.
31 май кунги ҳодисаларда Сўх туманининг собиқ ҳокими Таваккал Раҳимов ҳам яраланган.
Бу ҳақдаги хабарни Би-би-сига Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов тасдиқлади.
Унга кўра, собиқ ҳокимнинг "бошига тош теккан, ҳозирда аҳволи яхши".
Барқарор, аммо таранг
Ўзбек томонидан қанча одам жабр кўргани ҳақида расмий маълумот йўқ.
Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати якшанба куни Фарғона вилояти Сўх туманига қарашли, Қирғизистоннинг Боткен вилоятига туташ Чашма қишлоғидаги "Чашма" булоғи устида келиб чиққан зиддиятни бартараф этиш учун икки давлат расмий вакиллари ўртасида музокаралар олиб борилаётгани, вазият назорат остида эканини айтган.
"Айни вақтда вазият назорат остида. Низонинг сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда", дейилади ДХХ Чегара қўшинларининг Телеграм каналида тарқатилган расмий хабарда.

Сурат манбаси, AKIPRESS
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда одамларнинг тош отаётгани, сим тўсиқларни қўпориб ташлашга уринаётганини кўриш мумкин.
Ҳар икки томондан камида биттадан уйга ўт қўйилгани айтилмоқда.
Қирғиз томони ҳудуддаги вазият барқарорлашгани, аммо ҳануз таранглигича қолаётганин айтмоқда.
Қирғизистон ўз томонида хавфсизлик чораларини кучайтиргани хабар қилинади.
1 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Қирғизистон бош вазири вазифасини бажарувчи Кубатбек Боронов билан музокалар олиб борган.
Қирғиз томонига кўра, музокаралар Боткен вилоятининг "Чечме-Автодорожный" чегара-ўтиш нуқтасида бўлиб ўтган.
Ҳар икки томон зиддиятни бартараф этиш ва чегарадаги тангликнинг ёйилмаслиги учун чоралар кўришга келишгани хабар қилинади.

Сурат манбаси, Official
Ижтимоий тармоқларда Бош вазир Ариповнинг сўхликлар билан мулоқот қилаётгани акс этган суратлар тарқалмоқда.
Ўзбек томони музокаралар тафсилотлари ҳақида расмий хабар тарқатганича йўқ.
Узоқ тарих
Сўхдаги охирги ҳодиса яна бир марта Ўзбекистон эксклавидаги инсоний инқирозга эътибор қаратган.
Охирги пайтларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашуви ҳамда чегара музокараларининг фаоллашганига қарамай, Сўх аҳолиси амалда қамалда қолаётир.
Фарғона вилояти таркибидаги алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик бўлган Сўх тумани ҳамма томондан бошқа давлат - Қирғизистон билан ўралган.
70 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган туманнинг ўзи Қирғизистон ҳудуди орқали яна икки қисмга - шимолий ва жанубий Сўхга бўлинган.
Аҳолисининг асосий қисмини этник тожиклар ташкил этадиган сўхликлар чегарадан ўтишдаги тўсиқлар ва иқтисодий қийинчиликлардан шикоят қилиб келишади.
Сўх аҳолиси асосан, деҳқончилик билан тирикчилик қилади ва аҳолининг катта қисми мавсумиий ишлар учун Россияга қатнаши айтилади.
Сўхликлар ўзларининг мол-қўйларини боқиш учун кўпинча Қирғизистон ҳудудидаги яйловларга ўтишади.
Қирғизистонликларнинг вақти-вақти билан бунга тўсқинлик қилиши шундоқ ҳам қийин аҳволдаги сўхликларнинг турмушини янада оғирлаштиради.
Охирги ҳодиса ҳам бир гуруҳ сўхликларнинг қирғиз томонидаги яйловга ўтишга уриниши ортидан юз бергани айтилмоқда.
Совет даврида Ўзбекистон қирғиз яйловларини ижарага олгани маълум.
Зиддият марказидаги Чашма қишлоғи аҳолиси чегара муаммоси сабаб иккига бўлиниб қолгани айтилади.
Чегаранинг икки томонидаги баъзи оилаларнинг ота-оналари қирғиз, фарзандлари эса ўзбек фуқаролари.
Ўзбек ва қирғиз томони Сўх муаммосини ўзаро ҳудуд алмашиш орқали ҳал қилиш масаласини муҳокама қилгани ҳам айтилган.
Бу борадаги музокараларнинг тафсилоти маълум эмас.
2012 йилда марҳум президент Ислом Каримов Сўхдаги муаммоларда "ташқи кучлар"ни айблаганди.
Аммо таҳлилчиларга кўра, муаммо Ўзбекистон ва Қирғизистонга тегишли ва биринчи ўринда, инсонпарварлик инқирозидир.
Ўтмишда Сўхдаги вазият халқаро зиддиятни келтириб чиқаришидан хавотирлар билдирилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












