Фарғона вилоят ҳокимлиги Ғаниев сўзларига изоҳ берди: "Букрини гўр тўғрилайди..."

Сурат манбаси, fergana.uz
Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати интернетга сиздирилган ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг қўпол муносабатига изоҳ берди. Ҳоким мажлисда иштирок этаётган тадбиркорнинг сочи ва соқолини "чертса чикиллайдиган қилиб қириб" олишни буюрган эди.
Озодлик радиоси чоп қилган аудио файлда Шуҳрат Ғаниев фермернинг ўрнига келган кишини турғизиб соқоли учун танбеҳ бераётгани эшитилади.
"Ўчир бу лойиҳани! (кейин иш юритувчига юзланиб) тушунтиришингга ҳам, бошқанггаям, хўжайининггаям салом айтиб қўй. Бор, залдан чиқ, бор", дейди.
Кейин залда ўтирган Кобулов исмли шахсга юзланиб тадбиркорнинг соқолини олишга кўрсатма бергани эшитилган.
"Ўртоқ Кобулов, соқолиниям, чочиниям ялтиллатиб қириб жўнатиб юборинглар. Чочини ҳам, соқолини ҳам анақа қилинг, чертса тикиллайдиган қилиб қўйинглар", дейди ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
Фарғона вилоят Ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов ҳолат юзасидан 12 дақиқалик видео баёнот жойлади.
Обидов видеони ўзбек халқ мақоли билан бошлаган.
"Халқимизда аччиқроқ бўлса-да, ибратли бир мақол бор. Букрини гўр тўғрилайди", дейди Муҳаммаджон Обидов.
Шундан сўнг у қарийб 4 дақиқа Озодлик радиоси мухбирларини нохолис ахборот тарқатишда айблаган.
Муҳаммаджон Обидовнинг айтишича, Ғаниев ўтказган мажлисда фермер иштирок этмаган. Унинг ўрнига фермерга алоқаси бўлмаган бошқа бир тадбиркор аралашмоқчи бўлган.
"Вилоят ҳокими лойиҳанинг ҳақиқий эгаси билан мулоқот қилиши мумкинлигини айтган. Ана шу тадбиркор бу учрашувга соқоллари ўсган ва бир хил ажойиб бир кийимда келганлиги учун унинг ёнида ўтирган инсонга бу йигитнинг соқолини олдириб қўйинг, деган тавсия берган. Бўган гап шу", дейди Обидов.
Фарғона вилоят матбуот котибининг айтишича, Озодлик радиоси бу нарсани нотўғри талқин қилиб, "Фарғона вилоят ҳокими фермерга кредит ажратишни соқоли ўсиб кетгани учун рад этди" деган мақола берган.
"Биринчидан Фарғона вилоят ҳокими кредит берадиган ташкилот эмас. Унда бундай ваколат йўқ. Кредитни банклар беради", дейди у.
Обидовнинг айтишича, ўша куни Ғаниев Тадбиркорлар уйига келган 379 та тадбиркорнинг ҳар бири билан мулоқотда бўлган. Муаммоси ҳал бўлган аксар тадбиркорлар учрашувдан кўнгли тўлиб чиқиб кетган.
Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари соқоли учун мажлисдан чиқариб юборилган тадбиркор Аҳмаджон Ёқубов билан ва "Шерзод" фермер хўжалиги раҳбари Раҳмонали Шерматов билан учрашиб уларни гапиртирган.
2 дақиқа 18 сония давом этган Аҳмаджон Ёқубовнинг изоҳидан англашилишича, гўёки ҳоким Шуҳрат Ғаниев тадбиркорнинг соқолини ялтиллатиб олиш ҳақида буйруқ бермаган. Аксинча ҳоким муаммо бўлса тадбиркорнинг орқасида туришини айтган.
Ёқубов Раҳмонали Шерматовнинг ўғли мактабда бўлгани учун, унинг ўрнига турганини айтган. Кейинроқ Аҳмаджон Ёқубов ўғли эмас неварасини репетиторга оборгани учун мажлисда қатнаша олмаганини билдирган.
Видеонинг 6:38 сониясида Ёқубов мажлисда ўрнимда турганимда соқолим мана шу ҳолатда эди, деб қўли билан олинган соқолини кўрсатган.
Агар соқоли олинган бўлса, Ғаниевга нимага эътироз билдирган деган савол пайдо бўлади.
"Соқолни қаранг, деди. Соқолни олдириб олсангиз яхши бўларди деб жичча танбеҳ берди", дейди у.
Бироқ аудио ёзувда ҳоким Ғаниев "яхши бўларди" деган сўзларни ишлатмаган.
"Ўртоқ Кобулов, соқолиниям, чочиниям ялтиллатиб қириб жўнатиб юборинглар. Чочини ҳам, соқолини ҳам анақа қилинг, чертса тикиллайдиган қилиб қўйинглар", деган ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
Аҳмаджон Ёқубов соқоли ўсгани ўзининг айби эканлигини айтган.
"Лекин бу ўзимнинг айбим мана шу ҳолатда катта йиғилишга, тем более вилоятимиз ҳокими Шуҳрат Мадаминовичнинг йиғилишига шу ҳолатда келганим ўзимнинг айбим. Бетта тадбиркорни бир ҳақоратлаган йўқ, бир сўккани йўқ, нафсониятига тегадиган гап гапиргани йўқ. Банкинг билан ишла, муаммо бўлса мана ман турибман, еб Шуҳрат Мадаминович айтди", дейди у.
Ёқубовнинг таъкидлашича, йиғилишдан чиқиб тўғри сартарошхонага борган.
"Шерзод" фермер хўжалиги раҳбари Раҳмонали Шерматов уч яшар неварасини репетиторга олиб боргани учун учрашувга кечикканини айтган.
Видеонинг 9:09 сониясида Раҳмонали Шерматов кўзларини бир журналистга ва бир камерага қаратиб Озодлик радиосига хитоб қилади.
"Эй, озодликдагилар, (шу ерда тасвир кесилиб монтаж қилинган, таҳ) нимага бундай туҳмат қиласизлар, ҳаммаёқ жойида, муаммо йўқ ҳеч қанақа (шу ерда тасвир яна кесилиб монтаж қилинган, таҳ). Шунақа туҳматинглар учун халқ сизларга ишонмай қўйган", дейди Шерматов.
Ҳокимлик матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов жамоатчилик жойига соқол ўстириб келиш ана шу жамоага нисбатан ҳурматсизлик эмасми, дея савол ташлайди.
12 дақиқалик видеода Муҳаммаджон Обидов Фарғона вилоят ҳокимининг тадбиркорнинг сочи ва соқолини қиртишлаб олдиришга буйруқ беришига изоҳ бермаган.
Бундай ваколат ҳокимда йўқ бўлса-да, бу гапларни нима учун айтганини изоҳламаган.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев соқолли эркакларнинг соқолини олишга чақириғи биринчи марта бўлаётгани йўқ.
Шу йилнинг сентябр ойи охирида сиздирилган аудиода Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилгани маълум бўлганди.
Унда Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги диний ҳолат, одамларнинг соқол қўйиши ва аёлларнинг рўмол ўрашига қўйилиши керак бўлган тақиқлар ҳақида гапиради.
У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган.
"Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсунишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?", дейди у Қува тумани ҳокимига
Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.
Вилоят ҳокими икки кун олдин Марғилон шаҳрида "Ипакчи" бозорида автотураргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган.
"Катта автостоянкани биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. Автостоянкада турибди. Шаҳарни ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини", дейди Шуҳрат Ғаниев.
Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради.
- Ўша "Ипакчи" бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг. Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг, дейди Шуҳрат Ғаниев.
Шов-шувли аудиоёзув ортидан, Сенат Регламент ва одоб комиссияси фавқулодда йиғин ўтказиб ҳокимга уч ойлик муҳлат берганди.
"Тўғри, меҳнат қилишнинг ҳам, ҳамма нарсанинг хулосаси бор. Аввало мен Давлатимиз раҳбари, менга юксак ишонч билдирган муҳтарам Президентимиздан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўрайман. Ҳурматли сенаторлар, сизлардан кечирим сўрайман. Имконият берсаларинг, хулоса қиламан", деганди ШУғрат Ғаниев
Шуҳрат Ғаниев президент Шавкат Мирзиёев томонидан давлат мукофоти билан тақдирланган саноқли вилоят ҳокимларидан бири бўлади.
Ўзбекистон раҳбари уни "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрган.
Мазкур янгилик Фарғона вилоят ҳокимининг 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўрашидан кун ўтиб бўй кўрсатган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













