Ўзбекистон: Фарғонанинг сўконғич ҳокими Ғаниевга яна ишонч билдирилди - O'zbekiston

Сурат манбаси, fergana.uz
Сенат томонидан қатъий огоҳлантириш ва 3 ой муддат олган ҳамда Бош прокуратура томонидан интизомий чора кўрилиши сўралган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев қайтадан ҳоким ва сенатор бўлиб тайинланди. Ғаниевнинг номзодини Президент Шавкат Мирзиёев тавсия қилган.
Ҳокимнинг ишини янги йилдан сўнг кўриб чиқишини айтган Вазирлар маҳкамаси ва Ўзбекистон Олий мажлисининг сенати Ғаниев масаласида сукут сақламоқда.
Қўл остидагилар ва оддий халқни ҳаромилар, деб сўкиш билан танилган, соч-соқолни "чертса чикиллайдиган" қилиб олишни ҳамда блогерларнинг жанозасини ўқишни буюрадиган ҳокимга афтидан президент Шавкат Мирзиёев яна бир бор ишонч билдирган.
Шуҳрат Ғаниев 17 январ куни Фарғона вилоятидан сайланган 6 сенатордан бири бўлди.
13 январ куни эса Халқ депутатлари Фарғона вилоят кенгаши Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Фарғона вилоятига ҳокими лавозимига кўрсатилган Ғаниев номзодини бир овоздан тасдиқлади.
Шу вақтгача икки марта халқ ва президентдан узр сўраган Шуҳрат Ғаниев блогернинг жанозасини ўқиш ҳақидаги сўнгги таҳдидидан сўнг узр ҳам сўрамаган эди.
Интернетга сиздирилган аудио файлларда Шуҳрат Ғаниев Қува туман ҳокимига газ ва электр йўқлигидан норози бўлиб видео мурожаат қилган ва унда Ғаниевнинг истеъфосини сўраган блогернинг жанозасини тезроқ ўқишни буюрган эди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қува тумани ҳокими: — Саломалейкум.
Шуҳрат Ғаниев: — Саломалейкум. Қани ўша?
Қува тумани ҳокими: — Шуҳрат Мадаминович, аниқлаштир деганингизга аниқлаштириш....
Шуҳрат Ғаниев: — Аниқлаштириш керак эмас, қачон ўқилади унинг жанозаси?
Қува тумани ҳокими: — Чорасини кўрдик...
Шуҳрат Ғаниев: — Чора кўриш эмас бу оғайни, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни.
Қува тумани ҳокими: — Тушунарли...
Шуҳрат Ғаниев: — Нима деганинг у тушунарли.
Қува тумани ҳокими: — Мана режа туздик ҳозир бошланди...
Шуҳрат Ғаниев: — Каттахолангникига бошландими? А? Аммангни сумалаги бошландими? Ҳосил байрамидан маҳрум бўлдинг, тамом.
Аввалига Фарғона вилоят ҳокимлиги ушбу аудио ёзув Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканлигини рад қилди ва уни чоп қилган "Озодлик" радиосини туҳмат қилаётганликда айблади.
Текширув ўтказган Бош прокуратура 2 декабр кунги селектор мажлисида айтилган ушбу таҳдидлар вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканлигини 30 декабр куни тасдиқлади.
Шуҳрат Ғаниевнинг сўзларида инсон ҳаётига ва соғлигига тажовуз қиладиган реал таҳдид ва асос йўқ, деб топган Бош прокуратура ҳокимга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилди.
Бироқ Бош прокуратура сўконғич ҳокимнинг интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборди.
Вазирлар маҳкамаси 18 кундан бери сукут сақламоқда.
13 январ куни Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов Фарғонага бориб Президент Мирзиёев томонидан номзоди тавсия қилинган Шуҳрат Ғаниевнинг ҳоким бўлиб тайинланиш жараёнига бош-қош бўлди.
30 декабр куни Би-би-си билан гаплашган Сенат масъулларидан бири Бош прокуратура Шуҳрат Ғаниев борасидаги хатни аввало Вазирлар маҳкамаси кўриши ва кейин бирор чора ҳақида қарор бериши кераклигини айтганди.
17 январ куни Сенат матбуот хизмати билан боғланиб бўлмади.
Қўл остидагилар ва оддий одамларга нисбатан ҳақорат ва таҳдидлари ёзилган овозлар тез-тез интернетга сиздириладиган Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ижтимоий тармоқда турли мэмларга сабаб бўлган.

Сурат манбаси, fayzbog.uz
30 сентябр куни сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан қатъий огоҳлантириш ва уч ой синов муддати олган Шуҳрат Ғаниев бу муддат тугамасдан икки марта интернет қаҳрамонига айланди.
15 ноябр куни ҳоким мажлисда иштирок этаётган тадбиркорнинг сочи ва соқолини "чертса чикиллайдиган қилиб қириб" олишни буюрган.
"Ўртоқ Кобулов, соқолиниям, чочиниям ялтиллатиб қириб жўнатиб юборинглар. Чочини ҳам, соқолини ҳам анақа қилинг, чертса тикиллайдиган қилиб қўйинглар", дейди ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
28 сентябр куни Би-би-сига Шуҳрат Ғаниев томонидан ўтказилган селекторнинг овози келиб тушди.
Унда Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги диний ҳолат, одамларнинг соқол қўйиши ва аёлларнинг рўмол ўрашига қўйилиши керак бўлган тақиқлар ҳақида гапиради.
"Ҳурматли ҳокимлар эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам. Маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у ўша рўмолини олиб оғзингга тиқиб қўяман", дейди Шуҳрат Ғаниев.
4 август, якшанба куни Президент Мирзиёевнинг кескин танқидларига сабаб бўлган Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоят ҳокимлари содир этган амаллари учун узр сўради.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир кун олдин 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўради.
Кечирим сўраш воқеасидан кўп ўтмасдан Шуҳрат Ғаниев президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда давлат мукофоти билан тақдирланган саноқли вилоят ҳокимларидан бири бўлди.
Ўзбекистон раҳбари уни "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрган.
Мирзиёев ўтган июл ойида снослар билан боғлиқ можаролар манзарасида Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари қаторида Фарғонаникини ҳам "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган"ликда танқид қилган. Ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтган.
"Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлаган Мирзиёев.
2018 йил, 24 январ куни Фарғона вилоят ҳокими Россияга кетишда автобусда ёниб кул бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг тупроққа қўйилган танаси совиб улгурмасдан тошлоқликларнинг "падарига лаънат" деган ва уларни "ҳароми", дея ҳақоратлаган.
18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобусда ёниб кетган ўзбекистонликларнинг 16 нафари тошлоқликлар бўлган.
"20 яшар, 22 яшар йигитлар. 99-йил йигит ҳам бор битта. Йигирмага кирган. Уйланмаган йигитларни оп кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти? Карахт ота-онаси. Бу ерда энди бечора участковой айбдор бўлади... 2005 йилда Қақир деган жойда милицияга тош отиб қувган шулар бўлади, шу ҳаромилар... Икки-учтадан хотин қилганиям тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиган мулласиямтошлоқдан, хотинларни қўйвориб, алимент тўламай юрганиям тошлоқдан. Падарингга лаънат сен тошлоқликларни... "
Ғаниев вилоят аҳолиси фожиа қурбонларининг оилаларига 80 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатишга "мажбур бўлгани"дан таассуф изҳор қилган.
У ўзини ахборот воситаларида танқид қилишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.
"Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди, ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб", деган ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
Афғонистондаги уруш қатнашчиси экани айтиладиган Шуҳрат Ғаниев 2011 йил 7 ноябрдан буён Фарғона вилоятига раҳбарлик қилиб келади.
У Ўзбекистон тарихида Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан расман огоҳлантирилган ва муҳлат берилган ягона сенатор ва ҳокимдир.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилган ва ДХХ ҳамда прокуратурани уларга тегмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Маҳаллий кузатувчилар марҳум Ислом Каримов даврида маҳаллий ҳокимларни ўша пайтдаги МХХ тийиб турганини айтишади.
Мирзиёев 2016 йилда келажакда ҳокимларни сайлайдиган тизим жорий этилишини айтган, аммо бу борада аниқ режа тақдим этмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












