Фарғона ҳокими тошлоқликларга Россияга боришни тақиқлади

Сурат манбаси, daryo.uz
Ақтўбеда 52 нафар ўзбекистонликнинг ўлимига олиб келган фожиага жавоб чораси сифатида Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Тошлоқ туман аҳолисининг Россияга боришини тақиқлаган.
Ҳоким бу ҳақда Фарғонадаги махсус селектор мажлисида гапирган.
Маълум бўлишича, 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобусда ёниб кетган ўзбекистонликларнинг 16 нафари тошлоқликлар бўлган.
Ҳоким Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, улар орасида 1999 йилда туғилган йигит ҳам бор.
Аммо Би-би-сига етиб келган аудиоёзувда ҳоким фожианинг сабаблари, жумладан, вилоятдаги ишсизлик ва турмуш шароитларига эмас, балки оқибатларга эътибор қаратади ва фожиадан бутун Тошлоқ аҳлини масъул тутади.
Шуҳрат Ғаниев тошлоқликлар ҳақида ҳақоратли сўзлари билан гапиради.
"20 яшар, 22 яшар йигитлар. 99-йил йигит ҳам бор битта. Йигирмага кирган. Уйланмаган йигитларни оп кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти? Карахт ота-онаси. Бу ерда энди бечора участковой айбдор бўлади... 2005 йилда Қақир деган жойда милицияга тош отиб қувган шулар бўлади, шу ҳаромилар... Икки-учтадан хотин қилганиям тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиган мулласиям тошлоқдан, хотинларни қўйвориб, алимент тўламай юрганиям тошлоқдан. Падарингга лаънат сен тошлоқликларни... "

Сурат манбаси, Screenshot
Ҳоким вилоят милициясига Россияга отланган ҳар бир тошлоқликни ва Фарғонадан Тошкентга қатновчи киракашларни назорат остига олиш ҳақида топшириқ берган.
У шунингдек, тошлоқликларнинг Ҳаж зиёратига боришларини ҳам тақиқлаган.
"Энди Тошлоқдан ҳеч ким Ҳажга бормайди. Тошлоқликларнинг биронтаси Ҳаж сафарига бормайди, тиригиям бормайди, отасиям бормайди", - деб айтган Шуҳрат Ғаниев ва туман ҳокимига "Чиқиб кет залдан, йўқол!", дея ўшқирган.
Ғаниев вилоят аҳолиси фожиа қурбонларининг оилаларига 80 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатишга "мажбур бўлгани"дан таассуф изҳор қилган.
У ўзини ахборот воситаларида танқид қилишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.
"Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди, ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб", деган ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
23 январь куни Ақтўбедаги фожиада ҳалок бўлган 52 нафар фуқароларнинг жасадлари тупроққа қўйилган.
Ғаниевнинг фожиага муносабати Президент Шавкат Мирзиёевнинг фожиа қурбонлари ва сабаблари ҳақида айтган сўзларидан кескин фарқ қилади.
Мирзиёев одамларнинг ўзга юртларда сарсон бўлишида давлат раҳбарияти камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганини сабаб қилиб келтирганди.
"Мана кеча бўлган фалокатлар ҳам кўп нарсани одамга далолат қилади. Халқимизнинг олдида қарзимиз жуда-жуда кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлатчилик, давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарларнинг энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида қилмаганидан далолат", - деб айтган Президент фожианинг эртаси куни Сурхондарёга сафари чоғида.
Шуҳрат Ғаниевнинг бундан аввал вилоят тиббиёт мулозимларини "ҳайвон" деб атаган аудиоёзуви интернетда кенг тарқалганди.
2016 йил августидаги селекторда ҳоким соҳа раҳбарларининг "калласини сапчадай узиб ташлаш" билан таҳдид қилган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимлар ўзининг жойлардаги вакили эканини таъкидлаб, МХХ ва прокуратурани уларга нисбатан ўзбошимчалик билан чора кўришдан огоҳлантирганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













