"Ўзбекистон ҳаво йўллари" расмийси блоггерни итга қиёсладими?

Давронбек

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" Тижорат департаменти директори ўринбосари Давронбек Ниязов блоггер Никита Макаренконинг чипта нархлари қиммат, деган эътирозига жавоб берди.

Facebookда изоҳ қолдирган Ҳаво йўллари расмийси нархлар ёқмаса Олма ота орқали учишни тавсия қилган.

"Сизга ҳеч ким Олма ота орқали учишга монелик қилгани йўқ. Танлов ўзингизда. Авиакомпания беш ой олдин рейс ҳақида хабар берган, чипталарни сота бошлади. Ким биринчи бўлса ўша арзон олаяпти. "Ит ҳурар, карвон ўтар", деган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" расмийси Давронбек Ниязов.

Давронбек Ниязовнинг гаплари баҳсу-мунозарларга сабаб бўлган.

Матбуот хизмати тугатилади

BBCUZBEK.COM "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ширкатининг матбуот хизмати билан боғланиб, ушбу масалага ойдинлик киритишни сўради.

Гўшакни кўтарган ходим, матбуот хизмати тугатилаётгани, унинг ваколатлари ва вазифалари Авиареклама департаментига берилаётганини айтди.

"Матбуот хизмати тугатиляпти. Ҳаммамизга бу ҳақда айтишган. Матбуот хизматининг иши билан авиареклама департаменти шуғулланади", деди у.

Авиареклама бўлимидан гўшакни кўтарган ходим, бу ҳолатдан хабари борлигини, аммо унга изоҳ бериш билан матбуот хизмати шуғулланиши кераклигини айтди.

"Матбуот хизматимиз шунчаки ўз ишини бажармаяпти. Бизга юклашяпти. Бизнинг ишимиз бошқа, реклама билан шуғулланамиз. Матбуот хизмати устидан шикоятингиз бўлса, раҳбариятга билдиришингиз мумкин", дейди изоҳ авиареклама департаменти ходими.

Ҳаво йўллари расмийсининг жавобидан бир кун ўтиб Ақтўбеда Россияга ишлаш учун кетаётган бир автобус ўзбекистонлик тириклайин ёниб кетди.

Ижтимоий тармоқларда фикр қолдираётган ўзбекистонликлар агар Ўзбекистонда парвозлар монополия бўлиб фақат Ўзбекистон ҳаво йўлларига қараб қолмаганда нархлар арзон бўлиши мумкинлигини муҳокама қила бошлашди.

Россия - Ўзбекистон йўналишида "Ўзбекистон ҳаво йўллари", "Ютэйр", "Аэрофлот" ва "Трансаэро" компаниялари йўловчи ташийди. Йил давомида нархлар муттасил ўзгариб туради. Баҳор ойларида Ўзбекистондан Россияга келувчи йўналишларнинг нархи кўтарилиб кетса, кузда акси.

Бошқа йўналишлардан фарқли бу авиакомпанияларнинг асосий мижозлари - оддий меҳнат муҳожирлари.

Москвадан Андижонгача 3014 км, Москвадан Ўшгача 3067 км. Масофа фарқи бор йўғи 50 км, аммо чипта нархида катта тавофутни кўриш мумкин. Дейлик, 2017 йил 1 ноябрь кунини олсак.

Москвадан Андижонга билет нархи 14000 рублга (243 доллар) яқин. Айнан шу кунга Ўшга учувчи самолётларга сотилаётган чипталар нархи эса 9800 рубль (170 доллар).

Аэропортни ўзида фаолият юритаётган Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакассасидан чипталар нархини сўрадик. Яқин кунларга умуман чипталар йўқ. Оператор томонидан 25 октябрь кунига 20 000 рубль (347 доллар)га чипта таклиф қилинди. Қимматлигига қарамай, муҳожирлар самолётда келишмоқда.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek