Нега Мирзиёевдан ўрнак олиш қийин?

Сурат манбаси, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати
Президент Мирзиёев Ўзбек амалдорининг психологиясида ўзгариш ясамоқчи.
Аммо бу ўзгариш тез орада кўзга ташланадиганга ўхшамайди.
Нега?
Боиси, Ўзбекистонда кўпчилик мансаб-лавозимни эгаллашни яхши яшаш, енгил турмушга эришиш, мамлакатда мавжуд бўлган қатор имтиёзлардан фойдаланиш, бунга қўшимча, ўзининг мансаби, мавқеидан фойдаланиб, бойиш манбаи, жамиятда баланд обрўли бўлиш йўли деб тушунади.
Шўролар замонида мансабга эришиш ўз билими, кучи билан раҳбарият эътиборига тушиш эвазига, комсомол ёки коммунистик партия сафидаги фаоллик эвазига бўлар, унда ҳам мафкуравий талқинда раҳбар халқ хизматкори экани урғуланарди.
Тан олиш керак, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин раҳбар таърифи ва талқини ўзгарди.
Ўзгарганида ҳам салбий томонга ўзгарди.
Ҳоким ёки вазир лавозимига тайинланаётган инсоннинг нақадар халқпарварлиги иккинчи-учинчи даражали масалага айландигина эмас, аксинча, ўзининг халқпарварлигини намойиш этган одам раҳбарликка номуносиб кўриладиган замон ҳам бўлди.
Чунки раҳбар икки-уч йилда алмаштириладиган бўлиб қолди, анча-мунча раҳбарлар ана шу икки-уч йилни, лавозимидан фойдаланиб бойлик орттиришга улгуриш фурсати, деб тушунадиган бўлиб қолдилар.
Ҳокимлик лавозимига эришиши билан бутун бошли завод-фабрика ёки халққа нафи тегаётган бирор бинонинг ғиштлари, трубалари, темир конструкцияларини бузиб сотишни бошлаган ва бундан бойиб, жазосиз қолган раҳбарлар кўп бўлди.
Бугун Президент Мирзиёев истаётган нарса - раҳбар "ўзини ўйлайдиган", эгаллаб турган лавозимини суистеъмол қилиб, халқ фарвонлигига тўғаноқ ва Ўзбекистон тараққиётини орқага сурадиган инсон бўлмаслиги лозим.
Аммо, банкда бўладими, давлатнинг бошқа масъул идора-ташкилотида бўладими, қўйиб берадиган имзосини ўз моддий манфаатдорлигининг асосий манбаси деб биладиган бугунги раҳбар Ўзбекистон Президентининг чақириғидан кейин халқ манфаатини биринчи ўринга қўя оладими?
Агар жазога тортилиши муқаррар бўлмаса, Президент Мирзиёев таъбиридаги "ноинсофлар" халқ манфаатини ўйламайдилар.
Чунки халқ манфаатини ўйласа, ўзи хомчўт қилган фойдадан айрилиб қолади.
Бу - Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотлар йўлидаги асосий тўсиқ.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002
















