Ўзбекистон: Ҳукумат блогернинг жанозасини ўқитмоқчи бўлган Ғаниев ишига "янги йил"дан сўнг баҳо беради

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Бош прокуратура блогернинг жанозасини ўқитиш тўғрисида буйруқ берган овоз Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканлигини тасдиқлади. Ҳокимга интизомий чора кўриши керак бўлган Вазирлар маҳкамаси Ғаниев иши янги йилдан сўнг маълум қилишини билдирди.
Ғаниев овозини пранкерларники, деган Муҳаммаджон Обидов энди ҳоким жанозаси ўқинг, деган топшириғи тумандаги газ ва электр муаммосини ечишга қаратилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
Вазирлар маҳкамаси матбуот котиби Бахтиёр Ҳасанов Фарғона вилоят ҳокими иши бўйича унда расмий маълумот йўқлигини билдирди.
"Нима чора кўрилишини ҳужжати келганидан кейин раҳбарият кўриб чиқади-да, шунга қараб ундан кейин жавоб айтишимиз мумкин. Эртага дам олиш куни байрамдан кейин (боғланиш мумкин. Таҳ.)", дейди Бахтиёр Ҳасанов.
Олдинроқ Бош прокуратура ижтимоий интернетга сиздирилган таҳдидли овоз Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканлигини тасдиқлади.
"Вилоят ҳокимлигида ўтказилган селектор йиғилишида Ш.Ғаниев Қува туманидаги ҳолат бўйича туман ҳокимига юзланган ҳолда муомала маданиятидан четга чиқиб, таҳдидий ва қўпол сўзлар ишлатган. Ушбу ҳолат номаълум шахс томонидан ёзиб олиниб, тарқатилган", дейилади Бош прокуратура баёнотида.
Интернетга сиздирилган аудиофайлда Шуҳрат Ғаниев қўл остидаги масъули Қува тумани ҳокимига юзланиб икки марта қайсидир фуқаронинг жанозасини ўқиш ҳақида топшириқ бераётганини эшитиш мумкин.
Лекин прокуратура ҳокимнинг ушбу таҳдидларида жиноят аломатлари топилмаганини айтган.
"Ш.Ғаниевнинг сўзларида инсон ҳаётига ва соғлигига тажовуз қиладиган реал таҳдид, яъни уларни амалга оширилишидан хавфсираш учун асослар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинди", дейилади баёнотда.
Бироқ прокуратура Шуҳрат Ғаниев Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари талабларини бузганлиги учун интизомий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига хат юборган.
Ҳам ҳоким ҳам сенатор Шуҳрат Ғаниев ишини 30 сентябр куни Сенатнинг регламент ва одоб комиссияси кўриб чиққанди. Комиссия Шуҳрат Ғаниевни огоҳлантириб, 3 ой муҳлат берганди.
Сенатдаги Би-би-си манбасининг айтишича, айни дамда сенат Шуҳрат Ғаниев масаласини кўриб чиқмаяпти. Манба Фарғона вилоят ҳокимининг иши сенатда янги йилдан сўнг кўриб чиқилиш эҳтимоли борлигини билдирди.
Шуҳрат Ғаниев блогернинг эмас, газ ва электр муаммосининг жанозасини ўқинг деганмиди?
Овоз Шуҳрат Ғаниевга тегишли эканлигини рад қилиб, уни пранкерлар ўхшатганини айтган ва "Озодлик"радиосини туҳматчига чиқарган Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов баёнот уники эмас, балки ҳокимликники эканлигини таъкидлади.
"Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг Баёноти муайян шахс, ушбу ҳолатда М.Обидовнинг эмас, ўз номи билан айтилганидек, ҳокимлик муносабатидир", дейди Муҳаммаджон Обидов баёнотида.
Матбуот котиби, шунингдек, таҳдид янграган 2 декабр куни Исроилда хизмат сафарида бўлганлигини ва Ахборот хизматининг Баёноти ҳокимлик маълумотига асосланганлигини таъкидлаган.
Муҳаммаджон Обидов Бош прокуратура хулосасига қарамасдан Шуҳрат Ғаниевнинг таҳдидли иборалари газ ёки электр муаммосини ҳал қилишга қаратилган бўлиши ҳам мумкинлигини айтиб кетган.
"Қолаверса, Ш.Ғаниевни узоқ йиллардан буён таниб-билганларга маълумки, у бирон бир муаммо тўлиқ хал бўлдими, демоқчи бўлганида баъзан "муаммонинг жанозаси ўқилдими" деган иборани ҳам ишлатиб туради. Лекин бу иборани аниқ шахсга нисбатан ишлатганини эшитмаганман. Шунинг учун "Озодлик" Ш.Ғаниевнинг овози деб тарқатган аудиоёзувдаги ибора газ ёки электр муаммоси ҳал этилдими, деган маънода билдирилган бўлиши ҳам мумкин", дейди Муҳаммаджон Обидов.
Обидов ҳокимликнинг Ахборот хизматига "ёпишиб" олгани йўқлигини таъкидлаган.
"Фаолиятимдан қониқмаган иш берувчи истаган вақтда меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин", дейди у.
Би-би-сининг Обидов билан боғланишга қилган ҳаракатлари самара бермади.
Би-би-си Муҳаммаджон Обидовдан баёнотларни беришдан олдин вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва жаноза ўқиш ҳақида топширини "режа тузиб бошлашини" маълум қилган Қува туман ҳокими билан боғланган ёки боғланмаганлиги ҳақида сўрамоқчи эди.
Сўконғич ҳоким
Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлганига ҳали бир ой бўлгани йўқ эди.
15 ноябр куни ҳоким мажлисда иштирок этаётган тадбиркорнинг сочи ва соқолини "чертса чикиллайдиган қилиб қириб" олишни буюрган.
"Ўртоқ Кобулов, соқолиниям, чочиниям ялтиллатиб қириб жўнатиб юборинглар. Сочини ҳам, соқолини ҳам анақа қилинг, чертса тикиллайдиган қилиб қўйинглар", дейди ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
28 сентябр куни Би-би-сига Шуҳрат Ғаниев томонидан ўтказилган селекторнинг овози келиб тушди.
Унда Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги диний ҳолат, одамларнинг соқол қўйиши ва аёлларнинг рўмол ўрашига қўйилиши керак бўлган тақиқлар ҳақида гапиради.
У Қува туманида қўшма корхона очган туркиялик сармоядорга соқолини олиш ҳақида гапирганини айтган.
"Мен айтдим, яхши қўшма корхона очибсизлар раҳмат. Лекин бунақа соқолни қўйиб олманглар. Чет эллик меҳмон, лекин бу шу ерда фаолият юритиб тирикчилик қиладиган бўлса, Ўзбекистон қонунларига бўйсунишга мажбур бўлади ва соқолини оламиз биз. Туркия республикаси фуқаросини. Шундай дедимми?", дейди у Қува тумани ҳокимига
Қува тумани ҳокими вилоят ҳокимининг гапини тасдиқлаган ва ундан сўнг ўзлари яна гаплашиб олганини таъкидлайди.
Вилоят ҳокими икки кун олдин Марғилон шаҳрида "Ипакчи" бозорида автотураргоҳни бошқараётган тадбиркорнинг соқолини қандай олдирганини гапирган.
"Катта автостоянкани биттаси бошқаряпти. Соқолни қўйиб олган. Бошига шиаларнинг дўпписини кийиб олган. Автостоянкада турибди. Шаҳарни ҳокимини чақирдим. Гапир нима бўлганини", дейди Шуҳрат Ғаниев.
Шунда Марғилон шаҳар ҳокими туриб соқолли эркакка тушунтириб, соқолини олишгани ҳақида ҳисобот беради.
- Ўша "Ипакчи" бозори раҳбарини алмаштиришинг керак эди ўша куни. Нимага олмадинг. Олиб ташланг уни бозордан. Падарига лаънатни ўзини олиб кириб тиқиб ташланг, дейди Шуҳрат Ғаниев.
Ғаниев туман ҳокимларига рўмол ўраган аёллар борасида огоҳлантириш беради
"Ҳурматли ҳокимлар эшитиб олинглар. Бирортанг мажлис қилсанг, ман борсам ўша кийимда ўтирган аёл кишини кўрсам. Маҳалла раисими у, ўқитувчими у, жамоатчими у, депутатми у ўша рўмолини олиб, оғзингга тиқиб қўяман", дейди Шуҳрат Ғаниев.
4 август, якшанба куни Президент Мирзиёевнинг кескин танқидларига сабаб бўлган Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоят ҳокимлари содир этган амаллари учун узр сўради.
Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир кун олдин 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўради.
Кечирим сўраш воқеасидан кўп ўтмасдан Шуҳрат Ғаниев президент Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда давлат мукофоти билан тақдирланган саноқли вилоят ҳокимларидан бири бўлди.
Ўзбекистон раҳбари уни "Меҳнат шуҳрати" орденига муносиб кўрган.
Мирзиёев ўтган июл ойида снослар билан боғлиқ можаролар манзарасида Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари қаторида Фарғонаникини ҳам "дўстликка хиёнат ва сиёсатга душманлик қилган"ликда танқид қилган. Ўзи ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтган.
"Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда, 30 йилда зўр бўлиб кетардик", дея таъкидлаган Мирзиёев.
2018 йил, 24 январ куни Фарғона вилоят ҳокими Россияга кетишда автобусда ёниб кул бўлган 52 нафар ўзбекистонликнинг тупроққа қўйилган танаси совиб улгурмасдан тошлоқлиқларнинг "падарига лаънат" деган ва уларни "ҳароми", дея ҳақоратлаган.
18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида йўловчи автобусда ёниб кетган ўзбекистонликларнинг 16 нафари тошлоқликлар бўлган.
"20 яшар, 22 яшар йигитлар. 99-йил йигит ҳам бор битта. Йигирмага кирган. Уйланмаган йигитларни оп кетаверадими? Ота-онаси нима деяпти? Карахт ота-онаси. Бу ерда энди бечора участковой айбдор бўлади... 2005 йилда Қақир деган жойда милицияга тош отиб қувган шулар бўлади, шу ҳаромилар... Икки-учтадан хотин қилганиям Тошлоқдан, шаръий никоҳ ўқиган мулласиям Тошлоқдан, хотинларни қўйвориб, алимент тўламай юрганиям Тошлоқдан. Падарингга лаънат сен тошлоқликларни... "
Ғаниев вилоят аҳолиси фожиа қурбонларининг оилаларига 80 миллион сўм миқдорида ёрдам кўрсатишга "мажбур бўлгани"дан таассуф изҳор қилган.
У ўзини ахборот воситаларида танқид қилишларидан қўрқмаслигини таъкидлаган.
"Эртага ёзса ёзаверсин, мани устимдан. Ғаниев урди, ҳажга бормайсан деди, фалон деди, пистон деди, қилиб", деган ҳоким Шуҳрат Ғаниев.
Афғонистондаги уруш қатнашчиси экани айтиладиган Шуҳрат Ғаниев 2011 йил 7 ноябрдан буён Фарғона вилоятига раҳбарлик қилиб келади.
У Ўзбекистон тарихида Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан расман огоҳлантирилган ва муҳлат берилган ягона сенатор ва ҳокимдир.
Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилган ва ДХХ ҳамда прокуратурани уларга тегмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Маҳаллий кузатувчилар марҳум Ислом Каримов даврида маҳаллий ҳокимларни ўша пайтдаги МХХ тийиб турганини айтишади.
Мирзиёев 2016 йилда келажакда ҳокимларни сайлайдиган тизим жорий этилишини айтган, аммо бу борада аниқ режа тақдим этмаган.
22 декабрда ўтадиган сайловларда аксар туман ва шаҳар ҳокимлари депутатликка номзод этиб кўрсатилган.
Шунингдек, ҳокимлар амалда маҳаллий парламент ёки жойлардаги қонун чиқарувчи орган — халқ депутатлари кенгашларини назорат қилишда давом этмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












