Ўзбекистон: Ҳокимдан арз қилган ҳоким, ҳокимлар Ялтада дам олади ва энди фуқаролар текшириш учун ИИБга олиб кетилмайдими? – Янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Шаҳар ҳокими вилоят ҳокими ҳаракатларидан арз қилди;
- Маҳаллий ҳокимлар 15 январга қадар дам олади;
- Фуқароларни текшириш учун ИИБга олиб бориш тартиби бекор қилинади;
- Бўстонлиқда чақиримларга чўзилган тирбандлик юзага келди;
Чигит муаммоси
Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарё ҳокими ҳаракатларидан норозилик билдириб, мақола эълон қилган.
Алимованинг ёзишича, шаҳардаги ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона Қашқадарёдан сотиб олинган чигитни вилоятдан олиб чиқишда тўсқинликка учраган.
Гавҳар Алимова бу ҳолат Қашқадарё вилоят ҳокими Муроджон Азимовнинг топшириғига биноан юзага келганига ишора қилган.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон-Россия: "Содиқ иттифоқчи", иттифоқ қўрқуви ва савол остига олинган мустақиллик – сарҳисоб
- Ўзбекистон: Президент самолётда кузатган ўйин ва Мексика орқали Америкага боришнинг нархи қанча? – янгиликлар
- Мирзиёев ҳокимларни кескин танқид қилди, муаммонинг ечими уларни сайлашдами?
- Россия-Ўзбекистон: Андижон ИИБ таксичи ва блогерни нега ҳибсга олди?
Маълум қилинишича, корхона томонидан Республика товар ва хом-ашё биржасида очиқ савдолар асосида сотиб олинган 100 тонна чигит 28 декабрь куни Қашқадарёдан Самарқандга кириш чегарасида тўхтатиб қолинган.
Алимова чигит Қашқадарё вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Нодир Эркаевнинг топшириғи билан ушлаб турилганини ёзган.
"Бир неча марта уринишлардан сўнг ва ниҳоят Нодир Худойбердиевич билан телефон орқали боғланиб, чигит ортилган юк машиналарини чегарадан ўтказишга ёрдам қилишини илтимос қилдим. Нодир Худойбердиевич "...опажон чигитни вилоят ҳокими рухсат бермаса, чегарадан чиқара олмайман" деди", билдиради Алимова ўз мақоласида.
Каттақўрғон ҳокими шундан сўнг Муроджон Азимов билан ҳам боғлангани, вилоят ҳокими "масалани ўрганиб чиқиши" ҳақида гапирганини маълум қилган.
Бироқ Алимованинг таъкидлашича, 2 январга келиб ҳам Қашқадарё расмийлари вилоят ҳокими чигит ортилган машиналарни қўйиб юборишга рухсат бермаганлигини билдирган.
Ўзбекистонлик тадбиркорлар бундан аввал ҳам қатор вилоятлар ҳудудидан чигит олиб чиқишда муаммоларга дуч келган эди.
2020 йил ноябрь ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси бу ҳолат қонунга зид эканини таъкидлаб, чигитни фақат ўз ҳудудидаги ишлаб чиқарувчилар томонидан сотиб олинишига кўрсатма берган Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари ҳамда вилоятлар ИИБларига нисбатан тегишли иш қўзғатилганини маълум қилганди.
Ҳокимлар Ялтада дам олади

Сурат манбаси, Getty Images
Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари Ўзбекистон ва Россия санаторийларида ҳордиқ чиқаради.
ЎзАнинг ёзишича, маҳаллий раҳбарларнинг икки босқичда дам олиши ва соғлигини тиклаши таклифи ўтган йил охирида президент томонидан маъқулланган.
25 декабрь куни маҳаллий раҳбарлар таътилини ташкиллаш бўйича Президент Администрацияси топшириқ берган.
Ушбу топшириққа асосан барча шаҳар ва туман ҳокимлари 1 январдан 15 январга қадар Ўзбекистондаги дам олиш масканлари, шифохоналар ҳамда Россиядаги Ўзбекистон ва Ялта санаторийларида соғлигини тиклайди, дейилади ЎзА хабарида.
Ижроия ҳокимияти раҳбарларининг икки ҳафта давомида таътилга чиқиши ҳақида бундан аввал тасдиқланмаган хабарлар тарқалган эди.
Хусусан, Рост24 нашри ўз манбалари амалдорларнинг нафақат Ялта, балки Анталия, Таиланд, Малдив оролларига дам олишга жўнаётганини хабар қилганини ёзган.
Бир вақтнинг ўзида ҳокимликлар матбуот хизматлари раҳбарларнинг қаерда ва қайси маблағ эвазига дам олишни режалаштираётганига оид саволларга ойдинлик киритгани кўзга ташланмаган.
Бекор қилинаётган оғриқли амалиёт

Сурат манбаси, Gazeta.uz
2022 йилда фуқарони шахсий маълумотларини текшириш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш тартиби бекор қилиниши мумкин.
Ўзбекистон жамиятида узоқ йиллардан буён оғриқли муаммолардан бири бўлиб келган ушбу тартибни бекор қилиш "Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида"ги президент фармони лойиҳасида таклиф этилган.
Фармон лойиҳасида апрель ойига қадар "E-patrul" тизими жорий этилиб, текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш тартибини бекор қилиш ва барча маълумотларни жойида текширишни йўлга қўйиш тўғрисида сўз боради.
Фармон лойиҳаси айни вақтда жамоатчилик муҳокамаси қўйилган бўлиб, муҳокамалар 14 январга қадар давом этади.
Азобга айланган дам олиш

Сурат манбаси, Videograb/Social media
Дам олувчилар сони кескин ортганидан Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларига олиб борувчи йўлларда чақиримларга чўзилган тирбандлик юзага келган.
Ижтимоий тармоқда ушбу тирбандлик тасвирланган видеолар тарқалган.
Видеолар муаллифлари Амирсой, Чорвоқ ва Чимёнга айни вақтда бормасликни маслаҳат берганлар.
ИИВ ЙХҲББ 31 декабрдан 10 январга қадар хавфсизлик ва йўлнинг ўтказувчанлик имкониятини инобатга олган ҳолда Амирсой тоғли дам олиш масканларига олиб борувчи йўлда вақтинча бир томонлама ҳаракатланиш тартиби ўрнатилганини эслатган.
Расмий мурожаатда айни вақтда ҳудудда ишчи гуруҳ хавфсизликни таъминлаш ва тирбандликлар олдини олиш бўйича фаолият юритаётгани билдирилган.
Видеоларга қолдирилган изоҳларда айрим тармоқ фойдаланувчилари мамлакатда "дам олиш ҳам азоб экани" ҳақида ёзганлар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek















