ШҲТ саммити Ўзбекистон учун бошоғриқми? O'zbekiston ShHT Dunyo Yangiliklar - янгиликлар

Сурат манбаси, Reuters
Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига дунё эътибори кучайган.
Ўзбекистон 15-16 сентябрь кунлари ШҲТ саммитига мезбонлик қилади, шу муносабат билан Ўзбекистоннинг қадимий шаҳрига кириб-чиқиш чекланмоқда, самарқандлик болалар мактабга бормайдилар.
Самарқандга ШҲТ аъзолари - Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Покистон, Ҳиндистон, кузатувчи мамлакатлар - Беларусь, Эрон, Монголия, шерик мамлакатлар - Арманистон, Озарбайжон, Туркия, Камбоджа, Шри-Ланка раҳбар ва вакиллари келиши кутилмоқда.
Алоқадор мавзулар:
ШҲТ Самарқанд саммити Украинага бостириб киргани оқибатида Россия санкцияларга дуч келган вақтда бўлиб ўтмоқда.
Бироқ Россия раҳбарияти Ғарб жазо чораларини писанд қилмаяпти, аксинча халқаро миқёсда ҳаммаслак, дастакловчилари кўпайганини кўрсатиб қўйишни истамоқда.

Сурат манбаси, .
6 сентябрь куни Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путиннинг Самарқандга боришини тасдиқлади, у ерда Путин жуда муҳим музокаралар ўтказишни режалаганини айтди.
"Путин, чиндан ҳам Самарқанддаги ШҲТ саммитида иштирок этишни режалаяпти, биз у ерда жуда ва жуда муҳим ва эътиборли, ўзига хос тадбирни кутаяпмиз. Ҳақиқатан ҳам у ерда Путиннинг қатор ўта муҳим халқаро мулоқотлари режалаштирилаяпти", деди Дмитрий Песков.
Шу куни Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Бош котибининг ўринбосари Григорий Лонгвинов АҚШни қарама-қаршиликка гижгижлаш уринишида айблаб чиқди.
Россия матбуоти Владивосток шаҳрида ўтаётган VII Шарқий иқтисодий форум доирасида гапирган Лонгвиновдан иқтибос келтирганлар.
ШҲТ бош котиби ўринбосари айтишича, агар ШҲТ аъзоларидан Россияга қарши санкцияларга қўшилишни талаб қилсалар, бир томондан Россия билан Хитой, иккинчи тарафдан коллектив Ғарб ўртасидаги кучайиб бораётган қарама-қаршиликка ШҲТни ҳам аралаштириш эҳтимоли юзага келиши мумкин.
"Бир томондан Россия ва Хитой, иккинчи томондан коллектив Ғарб ўртасидаги кучайиб бораётган қарама-қаршиликка ташкилот(ШҲТ)нинг бевосита қўшилиши керак эмас, деб ўйлайман. Ҳодисаларнинг бундай ривожини ШҲТ аъзоларидан аксилроссия санкцияларига қўшилиш, акс ҳолда турли жазо чоралари кўрилиши билан таҳдид қилиб ультиматум шаклида талаб қилиш билан АҚШ гижгижлаши мумкинлиги бошқа масала. Бундай ҳолатда сценарий жуда мураккаб бўлади", - деган ШҲТ Бош котиби ўринбосари Григорий Лонгвиновдан иқтибослар келтирилди.
Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов мана шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг "кўп ва кенг векторли ташқи сиёсатини" давом эттириши муҳимлигини урғулади.

Сурат манбаси, .
Ўзбекистондаги kun.uz веб-нашри ташкил этган давра суҳбатида гапирган эксперт Камолиддин Раббимов шундай деди:
"Ярим йилдирки, Украина ва Россия ўртасида жиддий уруш кетмоқда. Бу - дунёдаги энг катта уруш, ҳарбий операция. Бугун Россиянинг геосиёсий стратегияси тўлақонли, тизимли ғарб билан тўқнашган. Лекин Хитойнинг манфаатлари ва Хитойнинг Ғарб билан муносабатлари ўта чигал, яъни бир ёқлама конфликт дейиш имконсиз. Барибир Хитой билан коллектив ғарбнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги жуда ҳам жипс.
Мана шундан келиб чиқиб, Самарқандда бўлиши кутилаётган саммитга Россия томонидан имкон қадар мафкуравий тус бериш ва коллектив ғарбга қарши, аввало, Америкага қарши сиёсий-психологик ва ахборий компанияга айлантиришга бўлган мойилликни кутиш мумкин.
Бугун Россия оммавий ахборот воситаларини кузатадиган бўлсак, улар Самарқанд саммитига жиддий эътибор беришяпти ва бу ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси ғарбга қарши қаратилган позицияни имкон қадар тарқатишга ҳаракат қилишяпти. Бу Марказий Осиё давлатларининг манфаатига тўғри келмайди.
Кейинги олти йилда Ўзбекистон ташқи сиёсатда кўп ва тенг векторли сиёсат шакллантириб улгурди. Ташқи дунёда, айтайлик Москва, Пекин ёки Вашингтон, Брюсселнинг муносабатлари қандай бўлишидан қатъи назар, Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, биринчи раҳбарият давридаги оқ ва қора сиёсатни давом эттириш ниятида эмас. Ҳозирги даврда кўп ва тенг векторли ташқи сиёсат шаклланди. Ўзбекистон мана шу ҳолатда давом этса керак", - деди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














