Россия кимга суянмоқчи? Мирзиёев Украинани бу йил табрикламадими? Россия - Ўзбекистон, Украина, МДҲ, янгиликлар

уруш

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украина мустақиллигининг 31 йиллиги кунида Россиянинг Украинага босқинига 6 ой тўлди.
  • Россия дунёдаги янги куч марказини яратмоқчими?
  • "Украин халқи иродасини синдирадиган ракета йўқ"
  • Россия Афғонистонни қандай тартибга солмоқчи?
  • Россия ЕОИИни молиявий хабарларни узатиш тизимига уламоқчи.

ШҲТ дунёдаги янги куч маркази бўладими?

Дунёдан яккаланиб бораятган Россиянинг қўшни давлатлар, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти мамлакатлари билан алоқаларга катта аҳамият қаратмоқда.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) ни дунёдаги янги куч маркази деб атади.

Бугунги кунда ШҲТга 8 та давлат аъзо: Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Покистон.

Алоқадор мавзулар:

Россия мудофаа вазири чоршанба куни Самарқандда ўтказилган ШҲТ мудофаа вазирлари йиғилишида ШҲТ янги куч маркази сифатидаги роли нотинч халқаро вазият фонида ортиб бораётганини таъкидлади.

"Бундай шароитда ШҲТнинг роли янги куч маркази, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурматга асосланган давлатлараро муносабатлар модели, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш кафолати сифатида изчил ошиб бормоқда", деди Сергей Шойгу.

Россия мудофаа вазири ШҲТ га аъзо мамлакатлар билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини билдирди.

Шунингдек, вазир Россия қаторида бу мамлакатларга ҳам таҳдид ва инқирозлар ҳавфи кучаяяётгани ҳақида ўз фикрини уқтирди.

"АҚШ ва жамоавий Ғарб, - деди у, - глобал ҳукмронликни сақлаб қолиш учун мустақил давлатларга мисли кўрилмаган босим ўтказмоқда. Бунинг учун очиқ шантаж, таҳдидлар, рангли инқилоблар ва давлат тўнтаришидан фойдаланмоқда, қўпол дезинформация тарқалмоқда", - деди Сергей Шойгу.

Россия мудофаа вазирининг сўзларига кўра, "Ғарбнинг қарама-қарши ҳаракатлари ва у жорий этаётган санкциялари натижасида жаҳон иқтисодиётидаги вазият ёмонлашмоқда, алоқалар бузилмоқда, сунъий равишда озиқ-овқат инқирози яратилмоқда".

Мустақиллик учун қайта кураш

Россия Мудофаа вазирининг Ўзбекистонга расмий сафари куни Украина ўз мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлади.

«Бу йилги байрам уруш шароитларида, юртимиз яна ўз эрки учун курашаётган бир пайтда ўтаяпти», деб ёзди украин нашрлари.

владимир зеленский

Сурат манбаси, downing street

Сурат тагсўзи, Уруш бошланганидан бери Борис Жонсоннинг Украинага учинчи ташрифи.

Украина президенти Володимир Зеленскийга дунёнинг кўплаб давлатлари, элчихоналари, расмий шахслари, ҳукумат вакилларидан байрам табриклари йўлланди.

Қутловлар орасида Америка, Канада ва Ғарб давлатлари қаторида МДҲнинг Туркманистон, Белорус, Озарбайжон, Грузия каби бир неча мамлакатлари раҳбарлари ёзган табриклар бор.

Европа Иттифоқи 17 та давлатлари депутатлари мустақиллик куни билан қутлаш учун Украинага ташриф буюрган.

Британия бош вазири Борис Жонсон Украинада уруш бошланганидан бери учинчи бора ташрифидан мамнун Володимир Зеленский алоҳида эътироф этди.

"Ўзига ишонган халқнинг иродасини синдирадиган ҳеч қандай ракета йўқ", - деди Украина президенти Володимир Зеленский ўз халқига байрам табриги мурожаатида.

Ижтимоий тармоқларда эса Ўзбекистон Украинани мустақиллик куни билан ҳозиргача табриклагани хабарлари кузатилмади қабилидаги фикрлар айтилган.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Ўзбекистонга ташрифи манзарасида бу ижтимоий тармоқларда таҳлилчи ва фаоллар томонидан муҳокама мавзуларидан бирига айланди.

Россия, Афғонистон ва Марказий Осиё

Россия мудофаа вазирлиги расмий сайтида Сергей Шойгу Россиянинг Марказий Осиёдаги режаларининг бир қисмига тўхталгани очиқланган.

«Афғонистондаги вазият фонида Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базалари ҳамда инқирозга қарши курашувчи бошқа кучларнинг жанговар тайёргарлигини оширмоқда», - Шойгудан иқтибос келтиради расмий сайт.

Вазирнинг бу баёнотлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳарбий идоралари раҳбарларининг йиғилишида янграган.

Шунингдек, Шойгу "ИШИД" ва "Ал-Қоида" халқаро террорчилик ташкилотлари фаоллашиб бораётган Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий вазият оғирлашиб бораётгани, диний радикализм мафкураси сингдирилаётгани, наркотрафик, трансчегаравий жиноятлар авж олаётганини таъкидлаган.

"Россия афғонларни тартибга солиш бўйича ҳар қандай халқаро ташаббусларни олқишлайди ва шу билан бирга Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради", - дейди Шойгу.

Россия мудофаа вазири Тожикистонда КХШТ орқали бир қатор маневрлар, 2023 йилда Россия ҳудудида ШҲТ давлатларининг "Тинчлик миссияси - 2023" қўшма ҳарбий аксилтеррор қўмондонлик-штаб ўқув машғулотлари ўтказилишини билдирди.

Украинага бостириб кирган мамлакат Мудофаа вазири Шойгу "тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ШҲТнинг асосий устувор йўналиши бўлиб қолаётганини" таъкидлаган.

Россиянинг ЕОИИ валюталари борасида таклифи

Россия 25 ва 26 август кунлари Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтадиган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши (ЕМҲК) йиғилишлари кун тартибига Евроосиё давлатларининг миллий валюталаридан фойдаланишни кенгайтириш масаласини киритди. Бу ҳақда РБК ўз манбаларга таяниб хабар берди.

рубл

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россиялик таҳлилчилар мамлакат иқтисодиёти келгуси 10 йилда урушгача, яъни 2021 гача бўлган даврга қайтишини тахминлашмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Россия Иттифоққа аъзо мамлакатларда ЕОИИ мамлакатлари миллий тўлов тизимларининг ишлашини таъминлашни таклиф қилмоқчи.

Шунингдек, Россия ЕОИИ мамлакатлари банкларидаги вакиллик ҳисобварақларининг миллий валютадаги улушини ошириш тарафдори эканлигини билдирган.

РБК маълумотича, 2022 йил охирига келиб ЕОИИ давлатларининг марказий банкларини Россия банкининг молиявий хабарларни узатиш тизими (МХУТ) га улаш, шунингдек, МХУТ ни ўзаро савдога хизмат кўрсатадиган аксарият банкларга улашни режалаштирмоқда.

Россия таклифлари орасида собиқ Иттифоқ мамлакатлари биржаларида ЕОИИ миллий валюталарида валюта жуфтликлари савдосини йўлга қўйиш таклифи ҳам бор. Бундан ташқари, Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Россия миллий валюталарда товар активлари савдосини бошлаш имкониятини муҳокама қилмоқчи эканини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek