Ўзбекистон: ШҲТ кенгайишининг иккинчи тўлқини бошланди – Норов O'zbekiston, yangilik

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти кенгайишининг иккинчи тўлқини бошлангани маълум қилинди - Беларуснинг ташкилотга қўшилиш бўйича аризасини ўрганиш жараёни бошланган.
29 июль кунлари Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашув 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ташкилот саммитига тайёргарлик босқичини якунлаб берди.
Йиғилиш аввалида сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлари вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ШҲТ кенгайишининг навбатдаги тўлқини бошлангани ҳақида гапирди.
Алоқадор мазвулар:
- Ўзбекистон: Сергей Лавров Тошкентда, “Андижон” телевизорлари сотувга чиқарилади ва Қирғизистон нега электрни қайтармоқда?, O'zbekiston, yangiliklar
- ШҲТ: “Суриядаги ИШИДчи жангариларнинг 90 фоизи Афғонистонда”. Бу даъволарда асос борми?
- Россия Ўзбекистонга янада яқинлашмоқчими? Ўзбекистон Афғонистонни қанча электр билан таъминлайдими? Ғалаба Украинада, байрами Британияда. Ўзбекистон ва дунё. Янгиликлар.
- Ўзбекистон: Тошкент анжуманининг Афғонистонга нафи тегадими?
Кенгаяётган ташкилот
2001 йилда Шанхайда ташкил этилган ШҲТга, ҳозирда, саккиз давлат аъзо ҳисобланади: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, Покистон, Россия ва Ҳиндистон.
Тошкентда ўтган ташқи ишлар вазирлари йиғилишида ташкилотнинг кенгайиши кўриб чиқилган асосий масалалардан бири бўлди.
"Ўзбекистон буни ташкилотимиз эволюциясидан далолат берувчи табиий жараён деб билади. Эрон Ислом Республикасининг тўлақонли аъзолигига эришиш йўлидаги ютуқларни алоҳида таъкидламоқчиман", деди Владимир Норов 29 июль куни ўтган учрашувда.
Шунингдек, у Беларус Республикаси аризасини ўрганиш жараёни бошланганини маълум қилди.
Миср, Саудия Арабистони ва Қатарга ШҲТ бўйича мулоқот ҳамкори мақомини беришга оид меморандумлар имзолашга тайёрлиги ҳам билдирилди.
Бундан ташқари сентябрь ойида ўтиши режалаштирилган ШҲТ аъзо-давлатлари раҳбарларининг Самарқанд саммитида Баҳрайн ва Малдив оролларига мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш тартибини бошлаш бўйича ҳам қарорлар қабул қилиниши мўлжалланаётгани тилга олинди.
"Шу билан бирга, биз Озарбойжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга ШҲТда кузатувчи мақоми бериш масаласига яхлит ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак", дея таъкидлаб ўтди Норов.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Ташқи ишлар вазирлари Самарқанд саммити доирасида Араб давлатлари лигаси ҳамда БМТнинг махсус бўлимлари - ЭСКАТО ва ЮНEСКО билан англашув меморандумларини имзолаш таклифини маъқулладилар.
Ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Норовнинг умид билдиришича, Самарқанд саммити ШҲТнинг халқаро майдондаги таъсирини янада кучайтириш йўлида хизмат қилади.
Минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш
Йиғилишга қадар ташқи ишлар вазирлари президент Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлган.
Президент Мирзиёев умумий таҳдид-хатарларга биргаликда ўз вақтида жавоб қайтариш, минтақавий иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш заруриятини қайд этгани хабар қилинган.

Сурат манбаси, BBC O'zbek
29 июлдаги учрашувда ҳам делегациялар раҳбарлари ШҲТ маконида хавфсизликка таҳдид ва хатарларнинг табиати ўзгариб бораётгани, ахборот технологияларининг бузғунчи роли ошаётгани, хусусан, сохта янгиликлар ва турли бузғунчи мафкураларнинг тарқалишидан хавотир билдирдилар.
Шундай бир манзарада йиғилиш иштирокчилари 26 июль куни Тошкентда Афғонистонга тинчлик ва барқарорликни қайтариш масаласи муҳокама қилинган халқаро конференция ўз вақтида бўлиб ўтганини қайд этдилар.
Бир вақтнинг ўзида ШҲТга аъзо мамлакатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















