Ўзбекистон: Сергей Лавров Тошкентда, “Андижон” телевизорлари сотувга чиқарилади ва Қирғизистон нега электрни қайтармоқда?, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Rossiya elchixonasi
- Россия ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга келди;
- Пахтачиликда долзарб 30 кунлик эълон қилинди;
- Қирғизистон Ўзбекистонга суткасига 8,1 миллион кВт.соат электр қайтармоқда;
- Норбоева аёлларнинг уй-жой билан етарлича таъминланмаётганини танқид қилди;
- Ўзбекистонликлар учун Исроилда ишлаш осонлашиши мумкин;
- Андижонда "Андижон" телевизорлари ишлаб чиқарилаётгани хабар қилинди;
Лавров Тошкентга келди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ярим тунда Тошкентга келиб қўнган.
Аэропортда россиялик вазирни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажараётган Владимир Норов кутиб олган.
Лавров Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо давлатлари ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлисида қатнашиш учун келган.
Мажлис 28-29 июль кунлари пойтахт Тошкентда Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтади.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси Сергей Лавров кун тартибига, шунингдек, мамлакат раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиш ҳам киритилганини маълум қилган.
28 июль куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ҳам мажлисда иштирок этиш учун етиб келгани хабар қилинмоқда.
Алоқадор мазвулар:
- Россия Ўзбекистонга янада яқинлашмоқчими? Ўзбекистон Афғонистонни қанча электр билан таъминлайдими? Ғалаба Украинада, байрами Британияда. Ўзбекистон ва дунё. Янгиликлар.
- Ўзбекистон, мигрантлар: Европага қандай кетса бўлади? Янгиликлар (видео)
- Ўзбекистон: Тошкент анжуманининг Афғонистонга нафи тегадими?
- Россия яна кимларни 'дўстлар сафидан чиқарди'? Қозоғистон 'Аср лойиҳаси'га қўшилмоқчими? Рубль нега тушди? Ўзбекистонда пул кўпайиб кетдими?
Долзарб 30 кунлик

Сурат манбаси, O'zA
27 июль куни президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда пахтачиликда кузатилаётган муаммолар тилга олиниб, барча ҳудудларда амалга ошириш бўйича "долзарб 30 кунлик" эълон қилинган.
Хусусан, президент мамлакатда кузатилаётган аномал иссиқ ва иқлим ўзгариши пахтачилик соҳасига салбий таъсир ўтказаётгани ҳақида гапирган.
Йиғилишда барча имкониятларни сафарбар қилиб, ҳосилни сақлаб қолиш зарурлиги, бунинг учун уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашишни илмий ёндашувлар асосида йўлга қўйиш кераклиги таъкидланган.
"Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт", деган президент.
Қайтарилаётган электр

Сурат манбаси, Milliy elektr tarmoqlari
Қирғизистон суткасига Ўзбекистон ва Қозоғистонга 8,1 миллион кВт.соат электр қайтариб бермоқда.
Бу ҳақда Қирғизистон энергетика вазири Досқул Бекмурзаев 27 июль куни журналистларга маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Қирғизистон қўшни давлатлар мамлакатга қийин пайтларда бериб турган электр энергиясини қайтармоқда.
2021 йил март ойида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида электр товари алмашинуви тўғрисида битим имзоланган.
Битимга кўра, Ўзбекистон 2021 йил март-октябрь ва 2022 йил март-апрель ойларида 750 миллион кВт.соат электр энергияси етказиб берадиган, Қирғизистон эса ушбу қарзни 2021-2023 йилларнинг июнь-август ойлари давомида қайтарадиган бўлган.
Уй-жойсиз аёллар

Сурат манбаси, O'zA
Ижтимоий ҳимоя мақсадида уй-жой билан таъминланиши керак бўлган 12 минг аёлнинг атиги 500 нафардан кўпроғига уй берилган, холос, билдирган Сенат раиси Танзила Норбоева 27 июль куни.
Норбоева, шунингдек, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлаш ишлари бир фоизга ҳам бажарилмаганини таъкидлаган.
Сенат раиси ушбу топшириқларни бажаришга масъул тузилмаларни тадбирбозлик қилиб юришда айблаган.
Исроилга меҳнат миграцияси

Сурат манбаси, TIV
Ўзбекистон ва Исроил ўртасида меҳнат миграциясига оид битим имзоланган.
ТИВнинг маълум қилишича, битимда ўзбекистонлик ишчиларни Исроил меҳнат бозоридаги махсус секторларда вақтинчалик иш билан таъминлаш мақсади кўзда тутилган.
"Ҳужжатлар ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган ва Ўзбекистон фуқароларини Исроилда ташкилий, хавфсиз ва қонуний меҳнат олиб боришлари учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади", дейилади вазирлик хабарида.
"Андижон" телевизорлари

Сурат манбаси, Andijon viloyat hokimligi
Андижонда телевизорлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, "Аср" МЧЖга тегишли телевизорлар ишлаб чиқариш лойиҳаси бир йилда 50 минг дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Шунингдек, лойиҳага асосан "Андижон" телевизорлари сотувга қўйилиб, маҳсулотлар бренд даражасига олиб чиқилиши тилга олинган.
Хабарда телевизорлар қачондан сотувга чиқарилишига ойдинлик киритилмаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














