Ўзбекистон, мигрантлар: Европага қандай кетса бўлади? Янгиликлар (видео)

йулга
Сурат тагсўзи, Кейинги бир йилда ўзбекистонликларнинг Европага ишлашга кетишлари сони ортган.
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Ўзбекистонликлар эндиликда ишлаш учун тобора Европага кетишга ҳаракат қилишмоқда. Ўзбекистонликларни Европага ишга асосий жўнатувчи Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлиб қолмоқда.

Россия мигрантлар учун жозибадорлигини йўқотаяптими? Европада ишлаш ўзбекистонликлар қанчалик имконли? Европа мамлакатлари келажакда меҳнат миграцияси борасида Россиянинг муқобили бўла оладими?

Би-би-си Ўзбек хизмати бу борада мутахассислар фикрини билди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Хорижда ойликлар қанча?

Ўзбекистонликлар қанча маош учун хорижга ишлашга йўл олишаяпти?

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги маълумотлари асосида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўртача ҳисобда бир ойда қуйидагича иш ҳақи олишаётганини билдик:

ойликлар руйхати
Сурат тагсўзи, Мигрантларга ойлик маошлар иш тури, вақти ва тартибига кўра белгиланади.

300 доллар маош ва 1 ярим млн ишсиз

Жорий йилнинг апрелида Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 3,5 млн сўм, яъни ўртача 300 доллар эканлигини маълум қилди. Аммо ижтимоий тармоқларда фаоллар ва жамоатчилик бу маълумотни шубҳа остига олишади. Вилоятларда ўртача иш ҳақи миқдори 150 доллар атрофида бўлиши мумкинлиги тахминланади.

Бу маошни олиб ишлашга ҳамма ҳам имконли эмас.

Меҳнат вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда ишсизлик даражаси ортиб бормоқда.

2022 йил 1 январь ҳолатида мамлакатдаги меҳнат ресурслари сони 20 млн га яқинни ташкил этади. 1 ярим млн га яқин киши ишга муҳтож бўлиб, ишсизлик даражаси 10 фоизга яқинлашган. Ёшлар орасида 15 фоиздан ошиқ, аёллар орасида 13 фоиздан юқори.

Мамлакатдаги ишсиз ёки бу ердаги оз маош қониқтирмаган кишилар тирикчилик учун хорижга иш излаб кетишга мажбур.

Россиядаги мигрантлар - ҳимоясиз

Ўзбекистоннинг миграция тарихида Россия ўзбекистонликлар энг кўп муҳожирликка чиқувчи мамлакати бўлиб қолмоқда.

мигрант аёллар
Сурат тагсўзи, Хорижда ишлаётган ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди хотин қизлардир.

Расмий рақамларга кўра, бу ерда 2 млн га яқин ўзбекистонликлар ишлаб оила боқишмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари бир неча йилларки, бу мамлакатда кўп ҳолларда меҳнат муҳожирларининг ҳимоясизлиги, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этиб этилаётганидан бонг уриб келишади.

- Ишчи муҳожирлар Россия меҳнат бозорида энг ҳуқуқи таъминланмаган шахслар қаторига киради. Россияда пенсия ёшидагилар ва аёллар ҳуқуқи кафолотланмагани кўп таъкидланади, аммо мигрантларнинг ҳуқуқи улардан-да таъминланмагандир, - дейди Москвадаги ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева.

Юристга кўра, меҳнат муҳожирлари ўз ҳуқуқларини билмасликлари ва мамлакатда кўп дуч келинадиган ирқчилик кайфияти ортидан муаммоларга дуч келишади.

зарнигор
Сурат тагсўзи, Россиядаги ўзбекистонлик мигрантларнинг ҳуқуқи энг эътиборсиз қолаётган ҳолатдир, дейди юрист.

- Шунинг учун ҳам интернетда хужжат учун бармоқ изи топшираётган мигрантни урган масъул ходим ёки «мени нега тўхтатдингиз» деган саволи учун калтак еяётган мигрант каби видеолар кўп. Буларнинг бари меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқи билан ҳеч ким қизиқмагани оқибатидаги вазиятлар, - дейди ҳуқуқшунос.

Мигрантлар бошқа йўл излай бошлади

Узоқ йиллар давомидаги мигрантларга нисбатан қаттиққўллиги боис Россия жозибадорлигини йўқотиб бораяпти. Миграция оқими бошланган йилларда узбекистонликлар учун тирикчиликка яхшироқ пул топиш учун қулай мамлакат сифатида йўл олинган Россия ҳозирда аксар ҳолларда чорасизликдан бориладиган мамлакат бўлиб қолган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий Телеграм каналида эълон қилиб борадиган ҳар ярим йиллик ҳисоботида оғир вазиятга тушиб қолиб ватанга қайтарилган кўплаб ўзбекистонликлар ҳақида маълумот ҳам бериб боради.

Россиянинг мигрантлар энг кўп жойлашган шаҳарларида ижара уй нархлари қимматлиги боис, бир уйда ўнлаб одамларнинг яшаши, оғир шарт-шароитлар, кунига ўртача 12 соатлаб ишлаш каби муаммоли ҳаёт мигрантларга ўз таъсирини ўтказа бошлади.

Ўзбекистонликлар Россиядан бошка иш ҳақи ва шароитлари яхшироқ хамда ҳуқуқлари кафолотланган мамлакатларга йўл излай бошлашди.

Ва бу танлов асосан - Европа мамлакатлари бўлмоқда.

Ўзбекистонликларни Европага ишга асосий жўнатувчи эса Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бўлиб қолмоқда.

Янги меҳнат бозорлари сари

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов ўзбекистонликлар учун янги имконият - Европа меҳнат бозорига йўл очилгани ҳақида гапириб берди.

матбуот котиби
Сурат тагсўзи, Миграция агентлиги Европа меҳнат бозорини ривожлантириш ҳаракатида

- Агентлигимиз фуқароларимизни ривожланган давлатларга, яъни, яхшироқ маош бериши мумкин бўлган мамлакатларга юбориш бўйича шу давлатларнинг иш берувчилари билан доимий музокаралар олиб бораяпти. Бундан мақсад - юртдошларимизни фақат бир ёки икки давлатга боғланиб қолмаслиги ва хорижда манзилли, ҳавфсиз иш билан таъминлашдан иборат, - дейди агентлик матбуот котиби.

Агентлик қайд этиб бораётган статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда ўзбекистонликларни Европага ишга жўнатилиши рақамлари кескин ошган.

- Масалан, Сербияга ҳам ўтган йили ишчи юборилиши ташкиллаштирилмаган, жорий йилнинг 6 ойида 410 киши юборилди. Германияга ҳам 2021 йилда умуман ишчи юборилмаган, 2022 йилнинг олти ойида 31 киши жўнатилди, - дейди Ортиқхўжа Норов.

Агентлик ҳисобига кўра, шу йилнинг январь-июнь ойлари давомида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 7 минг дан зиёд ўзбекистонликлар хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган.

Миграция агентлиги матбуот котиби ўзбекистонликларни ташкилий равишда хорижга ишга юборишда иш берувчилар, шартлар ва мезонлар ўрганилиши, ишчилар хорижга чиқиш учун махсус тайёрлов курсларида ўқитилиши ҳақида маълумотлар берди.

- Янги меҳнат бозорларини очиш, уларнинг имкониятларини ўрганиш, хорижлик иш берувчиларнинг эътиборларини бизнинг фуқароларимизга жалб қилиш албатта, вақт талаб қилади. Ҳозирда Англия, Чехия, Польша, Латвияга ишга юборилиши бўйича тадбирлар олиб борилмоқда, - дейди агентлик матбуот котиби Ортиқхўжа Норов.

Нима учун Европа?

- Европа мамлакатларида аввало Россия ёки Қозоғистондагичалик текширувлар йўқ. Хужжатларингиз жойида бўлса, жиноятларга аралашиб қолмаган бўлсангиз, ҳеч ким сизни турткиламайди, ҳар қадамда хужжатингизни текшириб камситмайди, шаънингизни ерга уришмайди. Шу каби инсонга бўлган муносабат, инсонга ва меҳнатга бўлган хурмат Европада ишлашга бўлган қизиқишни кучайишига олиб келаяпти, деб ўйлайман. Ва албатта у ердаги маошлар Россия, Туркия ва Қозоғистондагидан бир неча баробарга баланд бўлгани ва доллар курсига боғлиқ бўлмаган, барқарор бўлганлиги билан ҳам мигрантларни жалб қилаяпти, - изоҳлайди Зарнигор Омониллаева.

мигрантлар

Сурат манбаси, TMMA

Шунингдек, юрист Европада ишлаш имкониятларининг тобора очилишига интернет ва ахборот имкониятлари кенгайганининг таъсири бўлаётганини айтади.

- Инсонлар Европага бориш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида бугун интернетдан бемалол ўзларига керакли маълумотларни олишлари ва ҳаракат қилиб боришлари ҳам мумкин, - дейди юрист.

Европа ўзбекларга қучоқ очадими?

Европада ишлаш ўзбекистонликлар қанчалик имконли?

Европа мамлакатлари келажакда меҳнат миграцияси борасида Россиянинг муқобили бўла оладими?

Бу борада миграция бўйича тадқиқотчи олим, Швециядаги Лунд университети ўқитувчиси Шерзод Эралиевнинг фикрларини билдик.

- Ўйлайманки, яқин йилларда ҳам, узоқ истиқболда ҳам Европа давлатлари ўзбекистонликлар учун меҳнат бозори сифатида Россияга муқобил бўла олмайди. Бунга биринчи сабаб - Европа, хусусан Шенген ҳудудига кириш учун ўзбекистонликларга виза керак бўлади ва бу визани олиш анча мушкул. Агар қўлингизда Европадаги иш берувчи ташкилотнинг таклифномаси бўлмаса, Европага ишчи виза олиш деярли имконсиз, дейиш мумкин, - дейди Шерзод Эралиев.

Хатто Туркия ҳам Россия меҳнат бозори ўрнини эгаллай олмайди, дейди тадқиқотчи.
Сурат тагсўзи, Хатто Туркия ҳам Россия меҳнат бозори ўрнини эгаллай олмайди, дейди тадқиқотчи.

Тадқиқотчига кўра, Европага қўшни бўлган ҳудудлардан, Шимолий Африка, Яқин Шарқдаги мамлакатлардан меҳнат муҳожирлари, шу билан бирга турли можаролардан қочиб келган қочоқлар сони ҳам жуда кўплиги ўзбекистонликларнинг Европа меҳнат бозорига эркин кириб келишига тўсиқ бўлиши мумкин.

- Муҳожирлар ва қочоқларнинг кўплиги ўз навбатида Европадаги меҳнат бозори конъюнктурасига, аҳоли орасидаги аксилмуҳожир кайфиятларни кучайишига ўзининг таъсирини ўтказмай қолмаган. Шунинг учун Европа мамлакатлари ўрта ва паст даромадли мамлакатлар фуқаролари учун виза беришни қийинлаштириб қўйган, - дейди олим.

Шерзод Эралиевнинг фикрича, нафақат Европа мамлакатлари, балки ўзбекистонликлар ишлаш учун энг кўп бораётган бошқа давлатлар ҳам улар учун асосий меҳнат бозори бўла олмайди.

- Хатто айтиш мумкинки, сўнгги пайтларда ватандошларимиз сони жудаям кўпайиб бораётган Туркия ҳам асосий меҳнат бозори сифатида Россия ўрнини эгаллай олмайди. Лекин бу - Россиядан бошқа жойда - маошлари юқори бўлган, инсон шаъни янада қадрланадиган бошқа мамлакатларда иш қидириш керак эмас дегани эмас. Албатта, бунга интилиш керак. Бу шахсан фуқаролар, иш қидирувчилар томонидан ҳам ҳаракат бўлиши керак, давлат томонидан ҳам шунга шароит яратилиши керак, - фикрларини билдирди тадқиқотчи Шерзод Эралиев.

Бизга имконият беринг

Ўзбекистонлик мигрантлар эса Европада ишлаш имконияти янада кенгайишига умид билдиришмоқда.

- Менинг таклифим - давлат томонидаги миграция агентлигининг талабларини пастга тушириш, хусусий бандлик агентликларининг тўлов ҳақлари нархларини камайтиришдир, - Туркиядаги ўзбекистонлик муҳожир Даврон Мўйдинов.

даврон

Сурат манбаси, curtesy

Сурат тагсўзи, Олий маълумотли муҳожир расмийлардан Европага ишга кетишни соддалаштиришни сўради

Даврон олий маълумотли мутахассис, у бир неча йиллардан бери Европага ишлашга кетиш учун мустақил ҳаракат қилмоқда. Бу борада хорижлик иш берувчилар билан ҳам гаплашиб, таклифномалар олишга ҳам муваффақ бўлган. Бироқ бир неча ойлардир, виза масаласи ижобий ҳал бўлмаётганини айтади. Шу боис, расмий вакиллар орқали хорижга ишлашга боришни имконли қилишни сўрайди.

- Дейлик, оддий фуқаролар, қўлидан иш келадиган оддий хунарманд четга ишлашга кетаяпти. Бизнинг ўзбекларимиз Россия ёки бирон ерга ишлашга борадиган бўлса, кўпинча кимдандир қарз олиб кетади. Чунки ўзи моддий аҳволи яхши бўлмагани учун четга ишлашга чиқишади. Агентликларга олдиндан тўлов қилиш, қанчадир вақт кутиш - қийин масала. Ўзбекистондаги муҳожирликка чиқаман деган оддий инсонлар учун қийин бу. Шуни меъёрлаштиришни, давлат томонидан хомийлаштиришни таклиф қилган бўлардим, - дейди Даврон Мўйдинов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek