Видео. Қумкапи: Туркияда ўзбеклар маҳалласи пайдо бўлди Turkiya O‘zbekiston yangiliklar

Истанбулдаги ўзбеклар Қумкапини яхши билишади. Қумкапи - қум дарвоза дегани, аммо бу ерни ўзбеклар маҳалласи деса ҳам бўлади.
Кейинги 2 йилда ўзбекистонликларнинг Туркияга келиши шу қадар кўпайганки, икки давлат орасида парвозлар сони Россиядан хам ошган. Ўзбеклар Туркияга асосан ишлаш учун келишмоқда.
Туркия нимаси билан ўзбекистонлик муҳожирларни ўзига жалб этмоқда? Бу ерда ўзбек эркакларга иш имконияти қандай?
Истанбулдаги ўзбекистонликлар ва Қумкапи ҳақида Соҳиба Ҳаёт лавҳаси:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбек аёллари нега Туркияда ишлашни танлашаяпти?
- Туркия, ўзбек мигрантлар: Доллар ошиб, лира қадрсизланди, ўзбеклар нима қилишмоқда? Видео
- Туркия ва лира: Оддий сут икки баробар қимматлаган, бир кишига бир литр ёғ - Истанбулда нималар бўлмоқда?
- Туркия, Истанбулда рейдлар: Қочиб юрган ўзбекистонликлар бор

- 7 йилдан бери Туркияда ишлайман. Текстиль соҳасида, пайпоқ заводида ишлайман. Устаман, 4 та шогирдим бор, дейди ўзини Ҳикмат дея таништирган муҳожир.
Тасвирга олиш жараёнида фарғоналик Шуҳрат билан ҳам танишдик, у пластик буюмлар ишлаб чиқарувчи заводда ишларкан. Бу икки муҳожир ҳамроҳлигида Қумкапини айландик.
Қумкапи - қум дарвоза дегани, аммо бу ерни ўзбеклар маҳалласи деса ҳам бўлади. Гавжум кўчалардаги аҳолининг 60-70 фоизи ўзбеклар эканини нафақат юз кўринишлардан, балки бир-бирлари билан мулоқотдан ҳам билиб олиш қийинмас.

Ўнга яқин ўзбек миллий таомлари ошхоналари, дўконлар ёнида мош-гуруч, қурут, сумалагу нишолдагача сотилаяпти. Харидорларнинг ҳам, сотувчилар ҳам аксари ўзбекистонликлар.
Бир суҳбатдошимизнинг айтишича, бу маҳаллада камида 5000 атрофида ўзбеклар яшайди.
- Бири келиб, иш-уй топиб жойлашгач, бошқасини чақирган. Шу зайлда кўпчилик ўзбеклар бу ерга келиб қолган, - дейди Шерзод исмли муҳожир.
Кўчаларда саноқли бўлган маҳаллий аҳоли вакилларини саволга тутдик. Улар ўзбекистонликларнинг бу мавзега тўпланиши сўнгги 2 йилда ортганини айтишди.
- 37 йилдан бери бу ерда яшайман. Қумкапи Истанбулнинг энг гўзал ери эди, ҳозир энг ёмон ери бўлди, - норози оҳангда дейди гуручли чиғаноқ сотаётган турк киши.
- "Бу ерда ўзбеклар тўпланишади, миллий таомларини ейишади. Бу ер уларнинг иккинчи ватанидек бўлиб қолган. Ҳатто бу ерга келиб, "турк борми", деб бақиришади. Мен туркман, десам, "Аллоҳга шукр", деб йўл сўрашди, - ҳикоя қилади бошқа бир турк тижоратчи.
Биз Қумкапида ўнлаб ўзбекистонликлар билан суҳбатлашдик. Россиядаги аксар муҳожирлардан фарқли бу ердагилар камерадан чўчишмади. Фақат биз учратган аёллар микрофонга гапиришга бироз тортинишди.
Истанбулдаги ўзбекистонликларнинг кўпчилиги очиқ ва ҳаётларидан хурсанд кўринишди. Аммо уларнинг дардларини самарқандлик киши айтди.

- Ўзбекистонликлар қандай яшаяпти, кўрдингизларми? Депутатларимиз қаерга қараяпти? 2-3 йиллаб уйига бормаган инсонлар бор. Ўзбекистонда яхши пул беришса, шулар ўз ватанида яхши ишлаган бўларди. Бегона юртга келмаган бўларди. Уйини соғиниб, қийналиб юришибди. Ёшлар, ўқимишли болалар шу ерда. Бизда иш бор деб ёлғон гапиришади. Иш бўлса, бу ерга келишармиди?! Депутатларимиз шу ҳақда ўйлаб кўришсин, - деди оқдарёлик Жамшид.
Расмий рақамларга кўра, Туркияда 500 мингдан ортиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.














