Видео. Украина уруши: Туркияга қочган россияликлар нега қўрқувда? Rossiya Ukraina Yangiliklar

Туркиядаги руслар 1
Сурат тагсўзи, Март ойининг илк 3 ҳафтасида Туркияга 14 мингдан ортиқ россиялик кириб келган
    • Author, Соҳиба Ҳаёт
    • Role, BBC, Истанбул
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ
  • Биз ўз юртимизда ўзимизни хавфсиз сезмай қўйдик. Ўз уйимизда "бизга тинчлик керак", дейишга ҳам қўрқиб қолдик;
  • Мамлакатда ҳатто "нотўғри" лайк учун, "Вконтакте"га юкланган "исталмаган" сурат учун маҳкамага тортилиш мумкин;
  • Улар ўзларини беларусь, деб таништиришган экан;
  • Нега Туркия? Туркиядан бошқа ким бизни яхши кутиб олади?
  • Руслигимиздан уяладиган замонларга келиб қолдик;

Бугун Истанбул одатдагидек сайёҳлар билан тўла. Шаҳар кезаркансиз, рус тилидаги суҳбатлар ҳам тез-тез қулоғингизга чалинади. Биз ўнлаб россияликлардан нима учун ўз юртларидан кетишгани ва кўчиш учун нега айнан Туркияни танлашганини сўрадик. Аммо микрофон-камерага гапирадиган россияликни топиш жуда қийин бўлди. Россиянинг Украинага босқинининг илк кунларида қабул қилинган ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги сохта хабар учун 15 йил қамоқ жазоси нафақат мустақил ОАВни буғди, балки россиялик оддий фуқароларни ҳам қўрқувга солган. Туркиядаги руслар нимадан қўрқишмоқда?

Алоқадор мавзулар:

Бу гал сайёҳ эмаслар

Туркия саёҳат учун россияликларнинг энг кўп ташриф буюрадиган мамлакатларидан бири бўлган. Аммо охирги ойлар россияликлар бу ўлкага сайёҳ эмас, қочқин сифатида кела бошлашган.

24 февралдан буён Россиядан чиқиб кетувчилар сони кескин ортди. Ҳарбий операциянинг илк 10 кунидаёқ Россияни 200 мингдан ортиқ киши тарк этган. Россияликлар чиқиш учун кўпроқ Грузия, Арманистон ва Туркияни танлашмоқда.

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, март ойининг илк 3 ҳафтаси ичида 14 минг россиялик Туркияга кириб келган.

Биз ўнлаб россияликлардан нима учун ўз юртларидан кетишгани ва кўчиш учун нега Туркияни танлашганини сўрадик. Аммо микрофон-камерага гапирадиган россияликни топиш жуда қийин бўлди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Мен сўнгги 12 йилда Россияда яшадим. Касбим юзасидан ўнлаб россияликлар билан мулоқотда бўлдим. Аммо русларнинг матбуотдан ва ўз фикрини айтишдан қўрқиши жуда кам учрайдиган ҳолат эди...

Туркиядаги руслар 2
Сурат тагсўзи, "Мамлакатда ҳатто "нотўғри" лайк учун, "Вконтакте"га юкланган "исталмаган" сурат учун маҳкамага тортилиш мумкин".

Россиянинг Украинага босқинининг илк кунларида қабул қилинган ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги сохта хабар учун 15 йил қамоқ жазоси нафақат мустақил ОАВни буғди, балки россиялик оддий фуқароларни ҳам қўрқувга солган.

"Гапирганнинг овози ўчирилаяпти"

Туркиядаги руслар 7
Сурат тагсўзи, "Ўз юртимизда қўрқиб яшадик, ундан чиқиб кетиб ҳам қўрқаяпмиз"

- Мамлакатда ҳатто "нотўғри" лайк учун, "Вконтакте"га юкланган "исталмаган" сурат учун маҳкамага тортилиш мумкин. Сўз эркинлиги йўқ, мустақил нашрлар қолмади. Давлат каналлари эса одамларнинг қулоғига лағмон илаяпти.

Гапирган одамнинг овози ўчирилаяпти. Ўз юртимизда қўрқиб яшадик, ундан чиқиб кетиб ҳам қўрқаяпмиз. Сабаби - ҳали қўлимизда Россия паспорти, ватанимизда қолган яқинларимизга тазйиқ хавотири, қайтсак қамалишимиз хавфи бизни қўрқоқ қилиб қўйди, - дейди ўзини Дмитрий деб таништирган россиялик.

Туркиядан бошқа ким?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда айрим россияликлар уларни урушга чақирувдан қочганини, баъзилари эса урушга қаршилиги ва Кремль сиёсатидан норозилиги учун ватанини тарк этганини айтишди.

Туркиядаги руслар 3
Сурат тагсўзи, "Туркиядан бошқа ким бизни яхши кутиб олади?"

- Қрим аннексиясида ҳам, Украинадаги нотинчликларда ҳам нималар бўлаётганини у қадар англамаганман. Ҳаётимиз йилдан йилга ёмонлаша бошлади. Мен учун охирги нуқта рублнинг қулаши бўлди. Ҳаммамиз Россияда рублда ойлик оламиз. Нега рубль қулагани учун икки баробар камбағаллашдик? Менда нега бутун дунё эски нархларда яшаяптию, биз икки баробар қиммат бўлган янги нархларда яшай бошладик, деган савол туғилди. Бу менга ёқмади, кетишимга туртки бўлди.

Нега Туркия?! Туркиядан бошқа ким бизни яхши кутиб олади? Қаерда бизга кўзлари учиб турибди? Беларусдан бошқа дўстимиз қолдими бизни? Беларусда аҳволни кўриб турибсиз. У ерга бордим нимаю Россияда қолдим нима?! Кимларни касрига руслигимиздан уяладиган замонларга тушиб қолдик, - дейди Александр исмли россиялик.

"Ота-онаси юборган экан"

Урушдан қочиб Туркияга келган россияликлар бу ерда уларни яхши кутиб олинмасликларидан қўрқишганини айтишади.

Истанбулдаги кафеларнинг бирида ошпаз бўлиб ишловчи ўзбекистонлик Гавҳар Очилова март ойидан буён кафеда рус-украинлар гавжумлашганини гапиради.

Туркиядаги руслар 4
Сурат тагсўзи, "Улар ўзини беларусмиз деб алдашган экан", дейди Гавҳар Очилова.

- Рус-украинлар турк тилини билмагани учун устамиз сен гаплаш, деб буюртма олишга мени жўнатади.

Бир кун кафемизга бир йигит билан қиз келди. Россиядан келдингларми, деб сўрадим русча гаплашишаётганига тахмин қилиб. Беларусдан, дейишди.

Бироз суҳбатлашдик. Ҳужжат, у-бу масалаларда маслаҳат сўрашингиз мумкин, бироз йўл-йўриғини биламан, дедим. Улар хурсанд бўлишди.

Эртаси куни яна келишди. Кейин "опа, сенга ёлғон гапирувдик, биз Россиядан, Санкт-Петербургдан келдик. Ўзимизни россиялик деб очиқ айтишга қўрқамиз, дейишди. Йигит аскар ёшида, ота-онаси урушга олиб кетиб қолишмасин, деб бу ерга юборган экан, - ҳикоя қилди Гавҳар.

"1937 йилга қайтганимиз ташвишли"

Биз суҳбатлашган россиялик ёшлар мамлакатдаги вазиятни кўриб-билиб туришгани, аммо уни ўзгартиришга кучлари етмаётганини айтишди.

Туркиядаги руслар 5
Сурат тагсўзи, "Охирги нуқта - рублнинг қулаши бўлди"

- Охирги йиллар Россияда аҳоли сони қисқариб бораяпти. Ўнг-чапга қарамай, мигрантларга паспорт бераётган бўлса ҳам. Нархлар ошаяпти, халқ даромади пасаяяпти. 40 фоизча россияликнинг маоши тирикчиликдан ортмайди. Долларли миллиардерлар эса янада бойиб бораяпти.

Фақат Москва ва Питерда яшаш сифати яхши. Чекка ҳудудлар қашшоқ. Тузук касалхона, туғруқхона, мактаб, йўллар йўқ. Пенсионерларнинг пули дорига етмайди.

Конституциянинг ўзгартирилганидан ҳам кўра, 1937 йилга қайтганимиз ташвишли. Полиция ва кучишлатар тизимлар чексиз қудратга эга. Инсон ҳуқуқи - оёқости. Энг ачинарли ҳолат - бу мамлакатнинг ижобий истиқболи йўқлиги.

Буларни кўриб билиб туриб, айта олмайсан. Айтсанг - қамаласан.

Шу сабаб аёлим билан бирга Россияни бутунлай тарк этишга қарор қилдик, - дейди Дмитрий.

Туркиядаги руслар 6
Сурат тагсўзи, Улар ўзларини Россиядан кўра, Туркияда хавфсиз сезишларини айтишмоқда.

"Ҳамма эшитди, кўрди, натижа бўлмади"

Александр ўз келажагини Россияда кўра олмаслигини билдирди.

- Ўсишимиз учун, ўз имкониятларимизни очишга йўл йўқ. Афсуски, бу айниқса, кейинги пайтда яққол кўринаяпти.

Ва яна энг муҳими - хавфсизлик.

Ёшлар босимда. Уларни ҳеч ким эшитмаяпти.

Биз ўз сўзимиз ва танловимизни айтиш учун кўчаларга чиқдик.

Бизни дунё эшитсин дея бор овозимиз билан бақирдик.

Ҳамма эшитди, ҳамма кўрди, аммо натижа бўлмади.

Кўчаларни тўлдириб эрк истаганимиз учун калтакландик, қамалдик, ишимиздан айрилдик, таъқибда қолдик.

Биз ўз юртимизда ўзимизни хавфсиз сезмай қўйдик. Ўз уйимизда "бизга тинчлик керак", дейишга ҳам қўрқиб қолдик.

Қачонгача бундай яшаш мумкин?

Йиллаб кутишдан кўра, қўрқиб яшашдан кўра, кетиш яхши ечим бўлди бизга, - деди Александр.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.