Украина уруши: Ғарб таҳлилчилари Путин нимани ўйлаётганини аниқлашга интилмоқда Ukraina Rossiya Putin

Russian President Vladimir Putin in Samolva villiage outside of Pskov, Russia. 11 September 2021,

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Гордон Корера
    • Role, Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири

Таҳлилчиларга кўра, Россия Қора денгиздаги етакчи ҳарбий кемаси "Москва"ни йўқотиши рамзий маънога эга ва урушда бурилиш ясаши мумкин. Путин русларнинг Қора денгизда фахри бўлган кема чўкканига муносабат билдирмаган. Путин нимани ўйлаяпти?

Ғарб жосусларига кўра, Россия етакчиси Владимир Путин ўзи яратган ёпиқ дунёга қамалиб қолган. Ана шу уларни ташвишга солмоқда.

Йиллар давомида улар Путиннинг ниятларини яхшироқ тушуниш учун унинг онгига киришга ҳаракат қилишди.

Россия қўшинлари Украинада ботқоққа ботиб қолган бир пайтда, Путин қандай йўл тутишини билиш учун у қандай ўйлаётганини аниқлаш зарурати янада долзарблашди.

Унинг руҳий ҳолатини тушуниш инқирозни янада хавфли томонга буриб юбормаслик учун жуда муҳим.

Россия раҳбари касал бўлиб қолгани ҳақида миш-мишлар тарқалди, аммо кўплаб таҳлилчиларнинг фикрича, у аслида ҳар қандай муқобил қарашлардан узилиб, яккаланиб қолган.

Унинг ўз қобиғига ўраниб қолгани учрашувларида олинган фотосуратларда, масалан, Президент Эммануэл Макрон билан учрашувда уларнинг узун столнинг икки томонида ўтирганида яққол кўриниб турарди. Бу Путиннинг уруш арафасида ўзининг миллий хавфсизлик гуруҳи билан учрашувида ҳам яққол намоён бўлди.

Путиннинг уруш режаси КГБ зобити томонидан ишлаб чиқилганга ўхшайди, дея тушунтиради Ғарб разведкаси ходими.

Айтишларича, унинг махфийликка керагидан ортиқ эътибор қаратилган бу режаси гўё "фитначи яширин гуруҳ" томонидан яратилгандек эди. Аммо натижа тартибсизлик бўлди. Россия ҳарбий етакчилари тайёр эмас эди, ҳатто баъзи аскарлар қаерга ва нима учун кетаётганини билмай Украина чегарасини кесиб ўтишди.

Ягона қарор қабул қилувчи

Ғарб жосуслари бу режалар ҳақида Россия раҳбариятидаги кўпчиликка қараганда яхшироқ билишган. Аммо энди бу жосуслар олдида янги вазифа турибди - Россия раҳбари бундан кейин нима қилишини аниқлаш. Бу эса осон эмас.

"Кремлнинг келгуси ҳаракатларини аниқлаш билан боғлиқ муаммо шундаки, Путин Москвада қарор қабул қилувчи ягона шахсдир", деб тушунтиради аввалроқ Россияда Марказий разведка бошқармаси операцияларини бошқарган Жон Сайфер. Путиннинг қарашлари кўпинча оммавий баёнотларда айтилган бўлса-да, аммо у ўз айтган сўзлари бўйича қанчалик йўл тутишини билиш мураккаб жосуслик амалиёти саналади.

Russian President Vladimir Putin chairs a meeting on economic issues at the Kremlin in Moscow on February 28, 2022

Сурат манбаси, SPUTNIK / AFP

Сурат тагсўзи, Ихоталанган - Президент Путин 2022 йил 28 февралидаги мажлисга раислик қилмоқда

"Россия каби яхши ҳимояланган тизимда раҳбарнинг бошида нималар борлиги ҳақида ишончли маълумотга эга бўлиш жуда қийин, айниқса, унинг аксар одамлари нима бўлаётганини билмаса", дейди Британиянинг MI6 истиҳборот бошқармаси собиқ бошлиғи Сэр Жон Соэрс Би-би-сига.

Разведка расмийларининг таъкидлашича, Путин ўзи яратган пуфакнинг ичига тушиб қолган, унга жуда кам ташқи маълумотлар киради, айниқса, унинг фикрини шубҳа остига қўйиши мумкин бўлганлари.

"У фақат жуда тор доирадаги одамларни тинглайди ва қолган ҳаммасини эътиборсиз қолдиради, шу маънода у ўз тарғиботи қурбонига айланган. Бу унда дунё ҳақида ғалати қарашни шакллантиради", дейди Адриан Фернҳэм, психология профессори ва яқинда чиқадиган "Жосуслар ва жосуслик психологияси" китоби ҳаммуаллифи. Хавфли томони "гуруҳий фикрлаш" бўлиб, бунда гуруҳдаги одамлар бир-бирларининг фикрини янада мустаҳкамлайверади. "Агар у гуруҳий фикрлаш қурбони бўлаётган бўлса, менимча, биз бу гуруҳ кимлардан иборатлигини билишимиз керак", дейди профессор Фернҳэм.

Путин гаплашадиган одамлар доираси ҳеч қачон катта бўлмаган, бироқ Украинага бостириб кириш тўғрисидаги қарорга келганда, Ғарб разведкаси расмийларига кўра, бу доира янада кичрайган ва Путин каби фикрлайдиган, битта қарашга мубтало бўлганларгина қолган.

Босқиндан сал олдин Миллий хавфсизлик йиғилишида Путин ўзининг ташқи истиҳборот хизмати раҳбарини ошкора камситганида, унинг яқин доираси қанчалик торайгани кўриниб қолганди. Унинг бир неча соатдан сўнг сўзлаган нутқида ҳам Украина ва Ғарбдан ғазабланган одамлиги кўриниб турарди.

Уни кузатганларнинг айтишича, Россия раҳбарига унинг 1990 йилларда Россия кўрган таҳқирни унутолмаётгани ҳамда Ғарб Россияни ривожлантирмаслик ва уни ҳокимиятдан четлатиш ниятида эканига ишончи таъсир қилмоқда. Путин билан учрашган бир киши эслашича, Путин Ливия раҳбари Қаддофий 2011 йилда ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ўлдирилиши акс этган видеоларни қайта-қайта томоша қилган.

A man looks at TV sets, broadcasting live the annual press conference of the Russian President Vladimir Putin in an electronics store in Moscow. 31 January 2006.

Сурат манбаси, DENIS SINYAKOV

Марказий Истиҳборот бошқармаси директори Уилям Бернсдан Путиннинг руҳий ҳолатини баҳолашни сўрашганларида, у "кўп йиллар давомида норозилик ва амбициянинг ёнувчи аралашмасида қайнаганини" ва унинг қарашлари "қаттиқлашгани" ва бошқалардан "яккаланиб қолган"ини айтганди.

Россия президенти ақлдан озганми? Бу Ғарбда кўпчилик бераётган савол. Аммо кам сонли мутахассислар бу саволни керакли деб билади. Бу соҳага ихтисослашган бир психологнинг айтишича, биз Украинага бостириб кириш каби қарорни тушуна олмаймиз, деб ўйлаш хато бўлади, бу билан биз буни қабул қилган одамни "ақлдан озган"дек кўрсатяпмиз.

Марказий разведка бошқармасида Гитлерни тушунишга уринишдан бошланган, хорижий қарор қабул қилувчиларнинг "раҳбарлик таҳлилини" ўтказадиган гуруҳ мавжуд. Улар махфий разведкага таяниб, ўтмишни, муносабатларни ва саломатликни ўрганадилар.

Яна бир манба - давлат раҳбари билан бевосита алоқада бўлганларнинг гувоҳликлари, масалан бошқа давлат раҳбарларидир. 2014 йилда Ангела Меркел президент Обамага Путин "бошқа дунёда" яшаётганини айтган эди. Айни пайтда, Президент Макрон яқинда Путин билан учрашганида, унга Россия етакчиси аввалги учрашувлардагига қараганда "муросасизроқ, яккаланиб қолган"дек кўринган.

Russian President Vladimir Putin meets French President Emmanuel Macron on 7 February 2022 in Moscow, Russia.

Сурат манбаси, Anadolu Agency / Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Путин ва Франция Президенти Макроннинг 7 февралдаги Москвадаги учрашуви

Бирор нарса ўзгарганми? Баъзилар, ҳеч қандай далилсиз, соғлиғининг ёмонлашиши ёки дорилар таъсири ҳақида тахмин қилишади. Бошқалар эса психологик омилларга ишора қиладилар, масалан, Россияни ҳимоя қилиш ёки унинг буюклигини тиклашдек ўз тақдири деб билган миссияни амалга оширишга вақти тугаб бораётганини ҳис қилаётгани. Россия раҳбари Ковид пандемияси пайтида ўзини бошқалардан янада яккалаб олди ва бу ҳам психологик таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

"Эҳтимол, Путин руҳий касал ҳам эмас, ўзгармаган ҳамдир, гарчи у кўпроқ шошаётган ва сўнгги йилларда кўпроқ яккаланиб қолган бўлса ҳам", дейди АҚШ ҳукуматининг собиқ шифокори ва дипломати, ҳозирда АҚШ-Хитой муносабатлари бўйича Жорж Буш жамғармаси ходими Кен Деклева.

Лекин ҳозир ташвишланарлиси, ишончли маълумотлар ҳали ҳам жаноб Путиннинг аёвсиз доираси ичига йўл топа олмаслигидир. Эҳтимол, босқиндан олдин унинг разведка хизматлари унга эшитишни истамаган маълумотларни бермаган, бунинг ўрнига босқин қандай ўтиши ва рус қўшинлари Украинада қандай кутиб олиниши ҳақида қизғин докладлар қилишган. Яқинда Ғарб расмийларидан бирининг айтишича, Путин ҳалигача ўз қўшинларининг аҳволи яхши эмаслиги ҳақида Ғарб разведкаси билганчалик билмайди. Бу эса Россиядаги вазият ёмонлашганда у қандай муносабатда бўлиши мумкинлиги борасида хавотир уйғотади.

Ақлдан озган одам назарияси

Russian President Vladimir Putin carrying a hunting rifle in the Republic of Tuva, 15 August 2007.

Сурат манбаси, AFP

Путиннинг ўзи болалигида каламуш қувлагани ҳақида гапириб берганди. Ҳайвонни бурчакка сиққанида, каламуш унга ҳужум қилиб, ёш Владимирни қочишга мажбур қилган. Ғарб сиёсатчилари савол беряпти: агар Путин ҳозир ўзини бурчакка қадалгандек ҳис қилса-чи?

"Савол шу: у ўзининг шафқатсизлигини икки баравар ошириб, қўлидаги фойдаланиши мумкин бўлган қуроллар сонини кўпайтирадими?" дейди Ғарб расмийларидан бири. У кимёвий қурол ёки ҳатто тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкин деган хавотирлар бор.

Адриан Фернҳэм: "У жуда шошқалоқлик билан калта ўйлаб, иш қилиши мумкинлиги ташвишлантирмоқда".

Путин ўзини атай хавфлидек, иррационалдек кўрсатиши ҳам мумкин. Бу машҳур тактика (Телба одам назарияси дейилади). Бунда ядро қуролига эга бўлган одам ўз рақибини ҳамма ўлишини билса ҳам ушбу қуролни ишга солишга қодир даражада телба эканига ишонтириш орқали уни чекинишга мажбур қилади.

Ғарб жосуслари ва сиёсатчилари учун Путиннинг нияти ва тафаккурини тушуниш бугунги кунда жуда муҳим. Шу билан уни қаергача ва қанчалик бурчакка сиқиш мумкинлигини билиш мумкин.

"Путиннинг ўзи ҳақидаги тасаввури муваффақиятсизлик ёки заифликни қабул қилмайди. У бундай нарсалардан нафратланади, - дейди Кен Деклева. - Бурчакка қадалган, заифлашган Путин хавфлироқ Путиндир. Баъзан айиқнинг қафасдан чиқиб, ўрмонга қайтиб кетишига йўл қўйган маъқул."

Тelegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

line