Дунё Буча ва Ирпин кўчаларидаги манзаралардан даҳшатда

Россия қўшинлари бир ой давомида пойтахт Киевни қўлга киритиш мақсадида ҳаракат қилган ҳудудларидан чиқиб кетгач, тинч фуқароларнинг ўлдирилгани билан боғлиқ даҳшатли манзаралар очилмоқда. Киев ғарбидаги Ирпин, Буча ва Гостомель шаҳарлари кўчаларида ҳали март ойи бошида отиб ўлдирилган инсонларнинг жасадлари ётгани аниқ бўлди.

Жонли ёритиш

  1. Дунё Буча ва Ирпин кўчаларидаги манзаралардан даҳшатда

    Россия қўшинлари бир ой давомида пойтахт Киевни қўлга киритиш мақсадида ҳаракат қилган ҳудудларидан чиқиб кетгач, тинч фуқароларнинг ўлдирилгани билан боғлиқ даҳшатли манзаралар очилмоқда.

    Киев ғарбидаги Ирпин, Буча ва Гостомель шаҳарлари кўчаларида ҳали март ойи бошида отиб ўлдирилган инсонларнинг жасадлари ётгани аниқ бўлди.

    Жасадларнинг айримларининг қўллари орқасига боғланган ва бошининг орқасидан отиб ўлдирилган.

    Қатор Европа давлатлари раҳбарлари ва сиёсатчилари тинч фуқароларнинг ўлдирилиши ва қийноқларга тутилгани ҳодисаларини синчковлик билан тергов қилиш ва айбдорларни жазога тортишга чақирмоқдалар.

    Human Rights Watch ташкилоти Бучадаги уруш жиноятлари исбот-далилларини тўплашга муваффақ бўлган.

    Украина Ташқи ишлар вазири Буча шаҳридаги қотилликларни атайин қатлиом деб атади.

    Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги ўлдирилган тинч фуқаролар жасадлари видеосини фейк деб атади.

    Россия Одесса шаҳрини ракета ҳужумларига тутди.

    Буча кўчаларидаги фото ва видеолар уларни кўрган одамларни ларзага солди

    Сурат манбаси, AFP

    Сурат тагсўзи, Буча кўчаларидаги фото ва видеолар уларни кўрган одамларни ларзага солди
  2. Жерард Депардье Украина урушини қоралади

    Россия фуқаролигига эга Жерард Депардьенинг Украина уруши борасидаги баёноти жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди.

    Франс Пресс ахборот агентлигининг машҳур француз актёридан шундай иқтибос келтирган: "Россиялик одамлар ўзларининг Владимир Путиндек раҳбарларининг ақлдан озган, қабул қилиб бўлмас қилиқлари учун жавобгар эмас".

    Путин матбуот котиби Дмитрий Песков жаноб Депардье баёнотига муносабат билдирган.

    "Тахмин қилишимча, нималар бўлаётганини Депардье тушунмайди".

    Кремль воизи сўзларига кўра, актёр сиёсатни кўп ҳам чуқур тушунмаганидан 2014 йили нималар юз бергани, Минск келишуви нимани англатиши, Донецк нима, Луганск нима, тинч аҳоли қандай бомбардимон қилинганидан яхши бохабар эмас.

    "Агар зарур бўлса, буларнинг ҳаммасини биз унга тушунтириб беришимиз мумкин", деган Дмитрий Песков.

    Солиқ тўловларидан норози бўлган Жерард Депардье Франциядан кетишга қарор қилган, 2013 йили Россия фуқаролигини олган эди.

    Сочи шаҳрида шахсан Президент Путиннинг ўзи Депардьега Россия фуқаролиги паспортини топширган эди.

    2015 Украина Депардьени Украинага киришига тақиқ эълон қилди.

    Жерард Депардье Париждаги концертлардан тушган маблағни Украина уруши қурбонларига хайрия қилишини айтган.

    Жерард Депардье

    Сурат манбаси, Getty Images

  3. Киев "Динамо"си ўртоқлик ўйинлари билан пул йиғмоқчи

    Киевнинг "Динамо" футбол клуби Европанинг етакчи футбол клублари билан майдонга тушиб, украиналикларни қўллаб-қувватлаш мақсадида пул тўплашга қарор қилди.

    Match for Peace! Stop the War! - Тинчлик учун ўйин! Урушни тўхтатинг! шиори остида шу йилнинг апрель ва июнь ойларида "Динамо" "Боруссия", "Пари Сен-Жермен", "Барселона", "Милан", "Бенфика", "Аякс", "Спортинг", "Базел", "Стяуа", "Легия" футбол клублари билан ўртоқлик ўйинларини ўйнашини хабар қилди.

    "Динамо" ўйинчилари ўзларининг Киевдаги стадионида ўйиндан олдин

    Сурат манбаси, Getty Images

    Сурат тагсўзи, "Динамо" ўйинчилари ўзларининг Киевдаги стадионида ўйиндан олдин
  4. Киев атрофи Украина назоратида, Изюмни Россия босиб олди

    1 апрель куни Украина ҳарбийлари Киев ва Чернигов вилоятларидаги қатор аҳоли масканлари устидан назоратни қўлга олганлари ҳақида хабар қилдилар.

    Март ойи давомида Россия қўшинлари назорати остида бўлган пойтахт Киевга элтувчи йўллар ва улар атрофини Украина расмийлари ва мухбирларнинг текшириш имконияти пайдо бўлган.

    Би-би-си мухбири Жереми Боуэн Киевдан 4-5 километр узоқликдаги йўлда ёқиб юборилган фуқаролар ва ҳарбий техникани, ўлган инсонларнинг жасадларини кўрган.

    Жереми Боуэн 13 жасадини санаганини айтади.

    Улар орасида камида икки тинч фуқаро бор, эр-хотин Максим ва Ксениянинг қандай ўлдирилгани Украин ҳарбийларининг дрони видеоси тасвирига тушиб қолган.

    Бу уруш жинояти ҳисобланади, дейди Би-би-си мухбири.

    Шунингдек, Украина қуролли кучлари мамлакат шимолидаги Харьков вилоятидаги Изюм шаҳрини қўлдан бой берганларини тасдиқладилар.

    Изюм кичкина, аҳолиси 50 мингни ташкил этадиган шахарча, аммо у ердан муҳим темир йўл кесишмаси ўтган.

  5. Сулҳ музокараларида айрим илгари силжиш бор - Лавров

    Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ҳиндистонда.

    Хабарларга кўра, у Россия ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларни янада кучайтириш мақсадида борган.

    Россияга қарши санкциялардан кейин Россия ўз нефтини Ҳиндистонга арзон нархда сотмоқчи экани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

    Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраҳманям Жайшанкар билан мулоқотдан кейин Сергей Лавров журналистларга гапирган.

    Лавров сўзларига кўра, Украина сулҳ музокараларида айрим илгари силжиш кузатилган.

    Россия ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, Москва Украина таклифларига жавоб беришга тайёрланмоқда.

    Украина ўзининг таклифларида хавфсизлик кафолати эвазига нейтрал мамлакатга айланиш ваъдасини берган.

    Лавров сўзларига кўра, Киев Қрим вазияти ва Донбас бўйича, шунингдек, Украинага нейтрал мақом эҳтиёжи борасида "анча тушуниш"ни намойиш этган.

    Россия 2014 йили Украининг Қора денгиз соҳилидаги Қрим ярим оролини ўзига қўшиб олган, шу йил февралида ўзларини мустақил республикалар деб эълон қилган шарқий Украинанинг Донбасс ҳудудларини расман тан олган.

    Айни пайтда онлайн шаклда Россия ва Украина музокарачилари мулоқотни бошлаганлари ҳақида хабар тарқатдилар.

    Россия ва Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлари

    Сурат манбаси, Reuters

  6. 1 апрелдаги энг сўнгги муҳим янгиланишлар

    Қизил Хоч ташкилоти қамалдаги Мариуполь шаҳрига инсонпарварлик юкларини етказиш ва у ердан тинч аҳолини олиб чиқишда қийинчиликларга дуч келмоқда.

    Украина расмийлари Россия ҳарбийларини Қизил Хоч карвонининг Мариуполга етиб олишида тўсқинлик қилаётганликда айбламоқдалар.

    Украина расмийларининг хабар қилишларича, Чернобль АЭСи ҳудудида Россия ҳарбийлари қолмаган.

    Украинага қўшни Россиянинг Белгород вилояти расмийлари Украина вертолётларини нефтебазага ҳужумда айблаб чиқдилар.

    АҚШ Россияга қарши санкцияларини яна кучайтирган. Санкция рўйхатига 13 шахс ва 21 ташкилот киритилган.

    Хорижий газ харидорларига 1 апрелгача рублда ҳисоб рақамлари очиш талаби қўйилган, акс ҳолда табиий газ таъминотини узиб қўйиш билан таҳдид қилган Президент Путин.

  7. Путин: Газга рублда тўланглар, бўлмаса узамиз

    Россия Президенти Владимир Путин пайшанба куни “дўст бўлмаган давлатлар” билан Россия газига янги тартибда ҳисоб-китоб қилиш бўйича фармон имзолади.

    Улар Россия банкида янги ҳисоб рақамлари очиши керак. Янги тартиб жума, 1 апрелдан кучга киради.

    Агар давлатлар тўловни рублда амалга оширмаса Россия буни шартномадаги мажбуриятни бажармаслик, деб ҳисоблайди ва амалдаги шартнома тўхтатилади.

    Путиннинг таъкидлашича, ғарб давлатлари Россия банкларида рублда ҳисоб рақамлари очиши керак бўлади.

    Олдинроқ Европа давлатларининг раҳбарлари бирин-кетин Россияга газига рублда эмас, балки шартномада кўрсатилган валютада тўлашда давом этишини билдирганди.

    Германия ва Австрия истеъмолчиларни газ танқислигига тайёрлаш режаларини ишлаб чиққани хабар қилинганди.

    Putin

    Сурат манбаси, Reuters

  8. НАТО: Россия Украинада янги ҳужумларга тайёрланяпти

    НАТО Бош котиби Йенс Столбергнинг маълум қилишича, Россия Украинадан ўз қўшинларини чиқариб олаётгани йўқ, балки қайтадан гуруҳларга бўлиниш билан шуғулланмоқда. Олдинроқ расмий Москва Киев ва Чернигов йўналишида “ҳарбий ҳаракатларни кескин камайтириши”ни эълон қилганди.

    Столтенбергнинг айтишича, иттифоқ Россияда Истанбулдаги музокараларда самимий бўлганига тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган, чунки Москванинг ҳарбий мақсадлари Украинага бостириб кирганидан бери ўзгармаган.

    tank

    Сурат манбаси, Reuters

  9. Британия Хитойни Россияга ўта яқинлашмаслик билан огоҳлантирди

    Британия жосуслик хизмати раҳбари Жереми Флеминг Хитойни Россия билан ўта яқин ҳамкорлик қилишдан огоҳлантирди.

    Австралияга қилган сафари давомида гапирган Флеминг “халқаро йўл ҳаракати қоидаларини” инкор қиладиган давлат билан иттифоқчилик қилиш Хитойнинг узоқ муддатли манфаатларига мос эмаслигини айтган.

    Аммо у Кремл Хитойни газ ва нефтига бозор ва санкцияларни айланиб ўтадиган йўл сифатида кўришини айтаётган бир вақтда, Хитой президенти Си Цзинпин бу алоқаларга бошқача кўз билан қарамоқда.

    Хитой Россиянинг Украинага бостириб кирганини қоралагани йўқ ва Жереми Флемингнинг айтишича, Тайванни қайтариб олишни назарда тутаётган Хитой келажакдаги ҳаракатларини чеклайдиган нарсани қилишни истамайди.

  10. Путин Европага рублда газ сотиш фикрини ўзгартирдими?

    Германия канцлери Олаф Шольц Россия президенти билан газга тўлов масаласида телефон орқали мулоқот ўтказди.

    Германия ҳукумати вакили Штеффен Хебестрайтнинг айтишича, Путин Шольцга европалик ҳамкорлар учун ҳеч нарса ўзгармаслигини таъкидлаган: тўлов олдингидек еврода бўлади ва санкцияларга киритилмаган Газпромбанкка келиб тушади, кейин рублга айирбошланади.

    “Шольц суҳбат давомида ушбу жараёнга рози бўлмади, аммо уни яхшироқ англаш учун ёзма равишда маълумот сўради”, деган Хебестрайт.

    Германия ва Австрия газ таъминотидаги эҳтимолий узилишлар сабаб фавқулод вазиятларда ҳаракат қилиш режасини ишга туширди.

    Германия истеъмолчи ва ширкатларни газ етишмовчилигига тайёрлаш мақсадида унинг истеъмолини қисқартиришга чақирди. Австрия ҳукумати газ бозоридаги назоратни кучайтиришини маълум қилди.

    Ўтган ҳафта Президент Путин кутилмаганда “дўст бўлмаган давлатлар” Россия гази учун тўловни рублда амалга ошириши ҳақида гапирди.

    Шундан сўнг Европа иттифоқининг бир нечта давлатлари бу каби тўловдан бош тортди.

    “Рублда тўламаймиз. Бу борада Европа Иттифоқининг барча аъзолари билан ҳамфикрмиз”, деди 30 март куни Австрия Мудофаа вазири Клаудиа Теннер.

    Олдинроқ катта еттилик давлатлари ва Еврокомиссия газ учун тўлов шартномада кўрсатилган валюталарда амалга оширилишини билдирганди.

    gaz

    Сурат манбаси, Reuters

  11. Путин Россия армияси ва Украина кучига баҳо беришда қаттиқ адашдими?

    Британия разведкаси раҳбари Жереми Флемингнинг маълум қилишича, Россия Президенти Владимир Путин Украинага ҳужум қилишдан олдин ўз армиясининг ва душман томоннинг кучига нотўғри баҳо берган. Энди бўлса атрофидагилар унга реаль вазиятни айтишдан қўрқишмоқда.

    “Путин вазиятга баҳо беришда қаттиқ адашди. Ўйлашимизча, энди Путиннинг маслаҳатчилари унга ҳақиқатни айтишга қўрқишмоқда”, деган Флеминг.

    Флемингнинг айтишича, Путин бир томондан ўз армиясининг имкониятларига ортиқча баҳо бериб юборган. Иккинчи томондан эса украиналикларнинг бу каби якдил бўлиб қаршилик кўрсатиши ҳамда Ғарб давлатларининг Россияга аниқ зарбалар берган санкцияларни қўллашда қатъий бўлишини кутмаган.

    Флемингнинг айтишича, Британия разведкасига келиб тушган маълумотларга кўра, Украинадаги айрим Россия ҳарбийлари буйруқларни бажаришдан бош тортмоқда, гоҳида ўз техникаси ва қурол-яроғини бузиб қўймоқда. Бир ҳолатда адашиб ўз самолётини уриб туширган.

    Tank

    Сурат манбаси, Reuters

  12. Украина: Россия ҳужум операцияларини қайта бошлашга тайёрланаяпти

    Украина Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Олександр Мотузянюк сўзларига кўра, Россия қўшинлари ўзларининг ҳужум операцияларини қайта бошлашга тайёргарлик кўраяптилар.

    Жанубда, Қора денгиз соҳилидаги стратегик муҳим порт шаҳар Мариуполь ҳамма томондан Россия қўшинлари билан қуршовга олинган.

    Шаҳарда тинч аҳоли ҳам қолган, Россия артиллерия ҳужумига тутишдан тўхтагани йўқ.

    Бироқ Мариуполь ҳамон Украина қуролли кучлари назоратида, жанглар давом этаяпти.

    Украина Мудофаа вазирлиги воизи Россия қўшинлари Мариуполь, Луганск вилоятида Попасна ва Рубижне шаҳарларини қўлга киритишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётганини айтди.

    Украина ҳарбийлари фикрича, Россия кучлари шарқида уруш бошланганидан буён қаттиқ қуролли қаршилик кўрсатаётган Украин қўшинларини қуршовга олиш мақсадини кўзлаганлар.

    Россия қўшинларининг Киев атрофи ва Чернигов вилоятида ҳаракатланаётганлари кузатилган эди.

    Бироқ Украина ҳарбий қўмондонлиги ушбу ҳаракатланишларни қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши деб кўраётгани йўқ.

    29 март куни Россия пойтахт ва шимолдаги Чернигов шаҳри атрофидаги қўшинларини ортга қайтаришга қарор қилгани ҳақида эълон этган эди.

    Бироқ Россия қўшинларининг жанубда - Қрим ярим ороли ва шарқий Донбас минтақасидаги мавқеълари ўзгаргани йўқ.

    Украина ва Ғарб таҳлилчилари фикрича, Россия талофатларга учраган, қурол-яроғи камайган ҳарбий бўлинмаларини шимолга, Беларусь ҳудудига олиб ўтиб қайта гуруҳлантириш, озиқ-овқат ва қурол-яроғ захираларини ғамлаш учун чиқариб, яна қайтиб ҳужум қилишни режалаётган бўлиши мумкин.

    Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков эълон қилишича, Киев ва Чернигов йўналишларидаги қўшинларни қайта гуруҳлантириш вазифаси бажарилган.

    Конашенков сўзларига кўра, шу вақтгача бу жойларга ташланган Россия қўшинлари кўп сондаги Украина кучларини бу йўналишларда ушлаб туриш мақсадини кўзлаган бўлган, шу вақт оралиғида "Донбас республикаларини озод этиш операциясининг якунловчи босқичига киришишга тайёргарлик кўрилган".

    Ирпин шаҳри

    Сурат манбаси, Reuters

  13. Кремль воизи: Музокараларда кўп нарса ваъда қиладиган ўзгариш бўлгани йўқ

    30 март куни Россия Президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков бир кун олдинги Истанбулдаги Украина-Россия музокараларини шарҳлади.

    Песков сўзларига кўра, сўнгги музокараларда катта ўзгариш юз бергани йўқ.

    "Позитив нарса шуки, Украина томони ўзи таклиф этаётган нарсаларни конкрет шаклга солиб қоғозга қўйишни бошлади. Бунгача биз бу нарсани оломаётган эдик. Бу позитив омил. Қолганлари бўйича - биз кучли нарса ваъда берадиган, қандайдир илгари юришни қайд этолмаймиз. Ҳали узоқ ва узоқ давом этадиган иш турипти", деб айтган Дмитрий Песков.

    Журналистлар Кремль матбуот котибидан Қрим ҳақида сўрашди.

    Песков айтишича, Қрим Россияники ва Қрим тақдирини Россия ҳеч ким билан муҳокама қилмоқчи эмас.

    "Қрим - Россия Федерациясининг бир қисми. Ва бизнинг конституциямиз бўйича биз РФ ҳудудлари, Россия ҳудудлари тақдирини биз ҳеч ким билан муҳокама қилмаймиз. Бунинг иложи йўқ, бу нарса бизнинг конституциямизда ёзиб қўйилган. Музокараларниниг қандайдир жиҳатларини эса биз сиз билан муҳокама этмаймиз, бу ҳақда сизга айтмаймиз", деган Путин матбуот котиби.

    29 март куни Истанбулда Украина-Россия музокараларининг навбатдаги давраси бўлиб ўтди, музокаралардан кейин Россия Киев атрофи ва Черниговдаги қўшинлари сонини камайтириши ҳақида эълон қилди.

    Кўплаб таҳлилчилар фикрича, бу нарса Россиянинг қарийб беш ҳафталик жанглардан кейин салмоқли ғалабани қўлга киритолмагани билан боғлиқ.

    Ҳарбий экспертлар фикрича, Киев ва Чернигов йўналишларида Россия қўшинлари катта йўқотишларга дуч келганлар ва ҳозир озиқ-овқат ва қурол-яроғ захиралари кам қолган.

    Қўшинлар жойини ўзгартириб, Россия қайта гуруҳлантириш, куч йиғиб олишни мўлжаллаётган бўлиши мумкин, дейишади экспертлар.

    Бунгача Киев ва Чернигов йўналишларидан қўшинини чекинтирган Россия кўпроқ шарққа - Донецкка кўпроқ эътибор қаратмоқчи, деган тахминлар илгари сурилди.

    Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков

    Сурат манбаси, Reuters

    Сурат тагсўзи, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков
  14. Z ҳарфи босқин рамзига айландими?

    Свастика дунёнинг қатор динларида бугунгача ҳам муқаддас саналса-да, уни Гитлер ўз рамзига айлантиргани учун кўпчилик унга салбий қарайди.

    Россия Украинага бостириб кирар экан, босқинчи кучлар техникасига Лотин алифбосидаги Z ва V ҳарфлари ёзилгани кўринди.

    Россияда Кремлпараст чиқишлар ва ёзувларда ҳам кириллча З ўрнига лотинча Z ёзиш урфга айланди.

    Шу манзарада Z дунё бўйлаб "босқинчи Россия" рамзи сифатида кўрила бошлаганга ўхшайди.

    Дунёга машҳур Жанубий Кореянинг Самсунг компанияси ўзининг машҳур Галакси телефонлар номидан Z ҳарфини олиб ташлагани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

    Samsung 2020 йили Galaxy Z Fold3 5G ва Galaxy Z Flip 3 5G мобиль телефонлари моделларини савдога чиқарган эди.

    Шу кунларда Самсунгнинг Эстония, Латвия ва Литвада савдога қўйилган таклифлари орасида юқоридаги телефон моделлари номларида Z кўринмайди.

    Самсунг мобиль телефонлари номидан нега бир ҳарфни олиб ташлагани ҳақида расман ахборот тарқатгани йўқ.

    Самсунг веб сайти скриншоти

    Сурат манбаси, samsung.com/ee

    Сурат тагсўзи, Самсунг веб сайти скриншоти
  15. 4000000 украиналик ватанини тарк этишга мажбур бўлди

    Бирлашган Миллатлар ташкилоти маълумотларига кўра, 2022 йил 24 февралида Россия Украинага бостириб кирганидан буён 4 миллиондан ортиқ украиналик ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб чиққанлар.

    2 миллион 300 минг киши Польшага, 608 мингдан ортиқ одам Руминияга, 387 мингдан зиёд одам Молдовага, 365 мингга яқин киши Венгрияга йўл олган.

    29 март куни Варшавадан поездда қочқинлар Берлин вокзалига етиб келдилар

    Сурат манбаси, Reuters

    Сурат тагсўзи, 29 март куни Варшавадан поездда қочқинлар Берлин вокзалига етиб келдилар
  16. 30 мартдаги энг сўнгги муҳим ўзгаришлар

    Президент Зеленский айтишича, Россиянингўз қўшинларини Киев ва Черниговдан олиб чиқиши ҳақидаги баёнотига конкрет натижаларга қараб баҳо берилади.

    Россия Пойтахт Киев атрофидан қўшинларини олиб чиқиши ҳақида эълон қилганига қарамасдан, 30 март тонгида яна Киев шаҳрида ҳаво ҳужумидан огоҳлантириш сиреналари янграган.

    Украина ва АҚШ расмийларига кўра, Россиянинг Киев атрофида ҳарбий кучлари жойлашишини ўзгартираётганидан мақсад бундан кейин бор эътиборини шарққа қаратиш бўлиши мумкин.

    Туркиядаги 29 мартдаги музокаралардан кейин хавфсизлик кафолатларини оладиган бўлса Украина қандай нейтрал давлатга айланиши режаларини очиқлади.

    Украина Қуролли кучларига кўра, Россия Украина ҳудудига Грузиянинг икки бўлгинчи ҳудуди - Жанубий Осетия ва Абхазияда жойлашган қўшинларини ташлаган.

    29 мартдан 30 мартга ўтар кечаси Украинанинг қатор шаҳарлари ҳаво ҳужумларига тутилган.

    Николаев вилоят ҳокимлиги биносига ҳаво ҳужуми оқибати

    Сурат манбаси, ДСНС

    Сурат тагсўзи, Николаев вилоят ҳокимлиги биносига ҳаво ҳужуми оқибати
  17. Туркияда Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокараларининг биринчи босқичи тугади

    Украина хавфсизлик кафолати берилган тақдирда Россиянинг асосий талабларидан бўлмиш нейтрал мақомни қабул қилиши мумкин.

    Бетарафлик мақоми Украина НАТО каби ҳеч қандай ҳарбий иттифоқларга қўшила олмаслиги ва ҳудудида хориж ҳарбий базаларин жойлаштира олмаслигини англатади.

    Украина делегациясига кўра, Британия, Хитой, АҚШ, Туркия, Франция, Канада, Италия, Полша ва Исроил давлатлари кафолатчи бўлиши мумкин. Айрим давлатлари аллақачон розилигини берган.

    Украина томони шартномага кафолатчи давлатларнинг ҳаракат механизми ёзиб қўйилиши кераклигини айтмоқда.

    Бу НАТО низомининг 5 моддасига ўхшаш бўлиши мумкин (иттифоқ давлатларининг бирига ҳужум бутун альянсга ҳужум сифатида қабул қилинади).

    Украина томони Россияга қўшиб олинган Қрим мақомини 15 йил давомида музокаралар билан муҳокама қилиш таклифини берган. Бу вақтда томонлар масалани қурол ёрдамида ечишдан тийилади.

    “ДНР” ва “ЛНР” бўлгаларининг тақдири алоҳида пунктга киритилган. Уни икки давлат раҳбари юзма юз кўришганда муҳокама қилади.

    Украина ядродан ҳоли давлат мақомига кўниши мумкин. Бунинг учун бир неча давлатдан аниқ ва қатъий кафолатлар берилиши керак.

    Музокараларда Украина томонидан иштирок этган Александр Чалийнинг айтишича, шартнома референдум орқали Украина халқига ҳавола қилинади. Шартнома ўт очиш тўлиқ тўхтатилганидан сўнг имзоланади. Ундан сўнг келишувни Украина парламенти ва кафолат берувчи давлатларнинг парламентлари ратификация қилиши керак.

    Музокара

    Сурат манбаси, www.tccb.gov.tr

  18. Россия Киев йўналишидаги ҳарбий амалиётларини кескин камайтиради

    Россия Мудофаа вазирлиги Киев ва Чернигов йўналишида ҳарбий ҳаракатларини кескин камайтиришга қарор қилди.

    Олдинроқ Украина қуролли кучлари Россия бу ҳудудлардаги қўшинларини қисман чиқара бошлаганини айтганди

    Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу телевидение орқали кўриниш бериб, армияга чақириладиганларнинг сонини оширмасликка ваъда берди.

    Вазир Украинадаги ҳарбий амалиётлар қўйилган мақсадга етгунча давом этиши ва бош мақсад Донбассни озод қилиш эканлигини айтган.

  19. Украина бир неча шаҳарни қайтариб олган, Россия узоқдан бомбалашда давом этмоқда

    АҚШ Мудофаа вазирлиги юқори мартабали вакили Украина Суми шаҳри яқинидаги Тростянец шаҳрини қайтариб олганини тасдиқлади.

    Пентагонга кўра Россиянинг Киевга юриши тўхтаб қолган. Афтидан Москва эътиборини Донецк ва Луганск вилоятларига қаратаётган кўринади, дейилади хабарда.

    Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведка маълумотларига таяниб, Украина кучлари Киев шимолидаги Ирпен, Буча ва Гостомел шаҳарларига қарши ҳужумни давом эттирганини айтган.

    “Бу ҳужумларда айрим мувафаққиятларга эришилди ва россияликлар бир неча позициялардан сиқиб чиқарилди”, дейилади хабарда.

    Душанба куни президент Володимир Зеленский Киев яқинидаги Ирпенни қайтариб олганини айтиб чиққанди.

    Россия қўшинлари томонидан ўраб олинган Мариупол шаҳри бомбардимон қилинишда давом этмоқда.

    Британия Мудофаа вазирлиги Россия кучлари шаҳарга ҳужум қилишда давом этаётгани, аммо шаҳар маркази ҳамон Украина назорати остида қолаётганини айтган.

    Николаев вилояти губернатори Виталий Ким бомбардимон натижасида вилоят ҳокимлиги биноси зарар кўрганини маълум қилди.

    “Бинонинг ярмини вайрон қилишди, менинг хонамга ҳам тушди”, деган у.

    Кимнинг таъкидлашича, вайроналар остида 8 киши қолиб кетган, уларни қутқариш ишлари давом этмоқда.

    Губернаторнинг айтишича, ҳокимлик биносининг бомбаланиши Россия ҳарбийлари Николаевга ҳужум қилишдан воз кечганини билдириши мумкин.

    “Чунки қаернидир босиб олмоқчи бўлсанг, сенга вилоятни бошқариш учун барча коммуникация, тармоқ ва алоқа тортилган бошқарув нуқтаси керак бўлади”, деган Виталий Ким.

    Николев вилояти ҳокимлик биноси

    Сурат манбаси, Vitaliy Kim

    Сурат тагсўзи, Николев вилояти ҳокимлик биноси
  20. Миллиардер Роман Абрамович заҳарланганмиди?

    Ўт очишни тўхтатиш борасидаги 3 мартда ўтган Россия-Украина музокараларида қатнашган россиялик миллиардер Роман Абрамович ва Украина делегацияси аъзоларида заҳарланиш симптомлари кузатилган. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри ўз манбаларига таяниб хабар берган.

    Bellingcat нашри бу хабарни тасдиқлади.

    Reuters агентлигига гапирган Америка разведкаси вакиллари бу ҳолат заҳарланиш эмас, балки унга атроф-муҳит сабаб бўлганини айтган.

    Wall Street Journal нинг ёзишича, Абрамович ва Украина делегациясининг икки аъзосида кўз қизариши, ундан мунтазам ва беморларда учрайдиган ёш чиқиши ҳамда юз ва қўллардаги терининг ажралиши каби ҳолатлар кузатилган.

    Абрамовичга яқин манба Би-би-сига бир неча ҳафта олдинги музокараларда миллиардерда заҳарланиш аломатлари кузатилганини тасдиқлади.

    Wall Street Journal нашрида ёзилишича, Абрамович уруш бошланганидан сўнг Киев ва Львов шаҳарларига борган ва Зеленский билан кўришган.

    Украина президенти Володимир Зеленскийнинг вакили унга заҳарланиш билан боғлиқ ҳодиса ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини айтган.

    Айни дамда Туркияда ўтаётган Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда Роман Абрамович ҳам кўриниш берган.

    Музокаралар бошланишидан олдин Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба музокараларда иштирок этиши керак бўлган барча украиналикларга ҳеч нарса емаслик, ичмаслик ва иложи борича ҳеч нарсага тегинмаслик тавсиясини берган.

    Абрамович

    Сурат манбаси, RIA

    Сурат тагсўзи, Абрамович Истанбулда ўтаётган музокараларда Эрдўғон билан гаплашган