Кун саволи. Россия: Путин одам танлашда адашдими? Rossiya Putin Ukraina

- Author, Поль Кирби
- Role, BBC News
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Владимир Путин Россия армиясини ўз мамлакати иқтисодиётини барбод қиладиган хавфли урушга олиб бораётган ягона шахс.
У охирги марта ўзига яқин одамлар билан кўриниш берганчалик ёлғиз кўринган эмасди. Энг яқин маслаҳатчиларидан ҳам масофа сақлаб ўтирибди.
Бош қўмондон сифатида у босқин учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади, лекин у доимо содиқ одамларига таяниб келган.
Уларнинг кўпчилиги Россия хавфсизлик хизматларидан чиққанлардир.
Савол туғилади, президентлик давридаги энг оғир паллада у кимларни тинглаяпти?
Мудофаа вазири Сергей Шойгу

Сурат манбаси, Getty Images

Улардан бири Путиннинг Украинани демилитаризация қилиш ва Россияни Ғарбнинг ҳарбий таҳдидидан ҳимоя қилиш ҳақидаги гапларини тўтиқушдек такрорлайдиган кўп йиллик сирдоши Сергей Шойгудир.
У президент билан Сибирга ҳайвон ва балиқ овлагани бирга борадиган ва ўтмишда унинг потенциал вориси сифатида кўрилган одамдир.
Аммо унинг столнинг нариги бурчагида ўтириб, қуролли кучлар бошлиғи ёнида ноқулай ҳолатда ўтиргани тасвирланган ушбу ноодатий суратга қаранг. Путин уни қанчалик тинглаши мумкин?
Алоқадор мавзулар:
- Янгиликлар: Путин Пригожин исёнини "хиёнат" деб атади ва жазо муқаррарлиги билан пўписа қилди
- Янгиликлар: Путин ҳеч кимни аямайдими?
- Пригожин қаттиқ сўкди ва "Вагнер" Бахмутдан чиқишини айтди, шаҳар тақдири нима бўлади?
- Украина уруши: Путин алоқаси борлигини тан олмаётган "Вагнер" гуруҳи қанчалик кучайди?

Сурат манбаси, Reuters/Kremlin
Бу сурат ҳарбий кампания бошланганидан уч кун ўтиб, Украинанинг кутилмаган қаршиликларига дуч келган рус армиясининг руҳи тушган бир вақтда олинган.
"Шойгу Киевга кетиши керак эди, у Мудофаа вазири ва ғалаба қозониши шарт эди", дейди қуролли можаролар бўйича мутахассис Вера Миронова.
У 2014 йилда Қрим босиб олинишига ҳисса қўшган. У, шунингдек, 2018 йилда асабни фалажловчи модда билан Буюк Британияда ва 2020 йилда Сибирда мухолифат лидери Алексей Навалнийга қилинган ҳужум ортида турган ГРУ - ҳарбий разведканинг бошлиғи эди.
Расм яқиндан қаралганда янада ёмонроқ кўринади. "Бу худди дафн маросимига ўхшайди", дейди Миронова хоним.

Сурат манбаси, .
Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо россиялик хавфсизлик бўйича эксперт ва ёзувчи Андрей Солдатовнинг фикрича, мудофаа вазирининг овози ҳали ҳам президент эшитадиган энг кучли овоздир.
"Шойгу нафақат армияга, балки қисман мафкурага ҳам жавоб беради ва Россияда мафкура асосан тарих билан боғлиқ."
Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов

Бош штаб бошлиғи сифатида Украинага бостириб кириш ва ишни тезда бажариш унинг вазифаси эди ва бу меъёрларга кўра у ишни эплай олмади.
У 1999 йилдаги Чеченистон урушида армияга қўмондонлик қилганидан бери Владимир Путиннинг ҳарбий кампанияларида катта роль ўйнаган, шунингдек, ўтган ой Беларусда ўтказилган ҳарбий машғулотларни назорат қилган, Украинага ҳарбий ҳужум режаси ишлаб чиқилаётганда бошида турган.
Россиялик мутахассис Марк Галеотти "тишини оқини кўрсатмайдиган, чўтирбашара, қўпол" деб таърифлаган генерал Герасимов ҳам Қримни аннекция қилиш учун ҳарбий кампанияда муҳим роль ўйнаган.
Айрим хабарларга кўра, у Украинага ҳужум кўнгилдагидек бўлмагани ва қўшинларнинг руҳий ҳолати ёмонлиги ҳақидаги хабарлар туфайли ҳозирда четга чиқариб қўйилган.
Аммо Андрей Солдатовнинг фикрича, баъзи одамлар яхши ниятда: "Путин ҳар бир йўл ва ҳар бир батальонни назорат қила олмайди ва бу унинг иши", деб ўйлашади. Мудофаа вазири ўз формасини яхши кўрса ҳам, у ҳарбий тайёргарликка эга эмас ва профессионалларга таяниши керак, дея қўшимча қилади у.
Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев

Сурат манбаси, Getty Images

"Патрушев Ғарб кўп йиллар давомида Россияга кўз тикаётганига ишонадиган ашаддий муросасизлардан биридир", дейди Бен Нобл, Лондон Университет коллежи Россия сиёсати кафедраси доценти.
У 1970 йиллардан бери ўша вақтда Ленинград деб аталган, Россиянинг иккинчи шаҳри бўлмиш Санкт-Петербургда Путин билан хизмат қилган уч содиқ тарафдорлардан бири.
Яна икки ишончли тарафдор - хавфсизлик бошлиғи Александр Бортников ва ташқи разведка бошлиғи Сергей Наришкиндир. Президентнинг бутун яқинлари "силовиклар" сифатида танилган, аммо бу учтаси энг яқинидир.
Президентга Николай Патрушевдек таъсир ўтказа оладиган одамлар кам. У билан нафақат коммунистик даврда эски КГБда ишлаган, балки 1999 йилдан 2008 йилгача КГБ вориси ФСБ раҳбари ҳам бўлган.
Украинага босқиндан уч кун олдин ўтган Россия Хавфсизлик Кенгашининг ғалати йиғинида Патрушев АҚШнинг "аниқ мақсади" Россияни парчалаш деб айтган эди.
Ўша йиғин фавқулодда театрлаштирилган томоша бўлди: президент мисоли суд ўтказди, унинг хавфсизлик хизматлари раҳбарлари бирин-кетин минбарга чиқиб, Украинадаги Россия томонидан қўллаб-қувватланаётган исёнчиларнинг мустақиллигини тан олиш ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Николай Патрушев синовдан ўтди. "У анча жанговар, қайсидир маънода Путин унинг радикалроқ позициясига ўтди", дейди Бен Нобл.
Федерал Хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортников

Сурат манбаси, Getty Images

Кремль кузатувчилари фикрича, президент бошқа манбаларга қараганда хавфсизлик хизматларидан олган маълумотларга кўпроқ ишонади ва Александр Бортников Путиннинг муқаддас давраси ичидадир.
Ленинград КГБсидан чиққан Бортников, Николай Патрушев кетганидан кейин ФСБга раҳбар бўлди.
Иккала шахс ҳам президентга яқин экани маълум, бироқ Бен Нобл таъкидлаганидек: "Ким қўмондон экани ва қарорларни ким қабул қилаётганини аниқ айта олмаймиз".
ФСБ бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига сезиларли таъсир кўрсатади ва ҳатто ўзининг махсус кучларига эга.
У муҳим, лекин бошқалар каби Россия раҳбарига қарши чиқиш ёки маслаҳат бериш даражасида эмас, деб ҳисоблайди Андрей Солдатов.
Ташқи Разведка хизмати (СВР) раҳбари Сергей Наришкин

Сурат манбаси, Getty Images

Ленинграддан чиққан учликнинг сўнггиси Сергей Наришкин фаолиятининг кўп қисмида президентга яқин бўлиб келган.
У Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида гапини йўқотиб қўйганидан сўнг кескин танқидга учрагани ҳақида нима дейиш мумкин?
Вазиятни баҳолаш ҳақида сўралганда, разведка бошлиғи саросимага тушиб, гапини йўқотиб қўйди, шундан сўнг президент унга: "Биз буни муҳокама қилмаяпмиз", деди.
Узоқ давом этган мажлис видеоёзуви таҳрир қилинди, шу боис Кремль ўз норозилигини кўп телетомошабинлар олдида кўрсатишга қарор қилди.
"Одамни ҳайратда қолдирадиган ҳол. У жуда ақлли ва босиқ одам, унинг аҳволини кўрган одамлар, нима бўляпти ўзи деб сўрашарди", дейди Бен Нобл Би-би-сига. Марк Галеотти ўша ердаги муҳитдаги заҳарли атмосферадан ҳайрон бўлди.
Аммо Андрей Солдатов ўша ҳолатдан роҳат олганини айтади: "Путин ўз атрофидагилар билан ўйин ўйнашни яхши кўради, бу эса уни [Нришкинни] аҳмоқ қилиб кўрсатади".
Сергей Наришкин 1990 йилларда Санкт-Петербургда, кейин 2004 йилда Путин маъмуриятида, охири парламент спикери бўлган. Аммо у Россия тарих жамиятига ҳам раҳбарлик қилади. Солдатовнинг сўзларига кўра, президентни мафкуравий асос билан таъминлашда жуда муҳим роль ўйнаган.
Ўтган йили Би-би-си Москва мухбири Стив Розенберг билан суҳбатда у Россиянинг заҳарлаш ва киберҳужумлар уюштирганини ёки бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашганини рад этган эди.
Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров

Сурат манбаси, Getty Images

Гарчи қарор қабул қилишда катта роль ўйнамаса ҳам, Ларов 18 йил давомида Россиянинг энг юқори мартабали дипломати бўлиб, уни бутун дунёга тақдим этди.
71 ёшли Сергей Лавров Владимир Путин ўзининг ўтмишдаги сафдошларига таянишининг яна бир далилидир.
У жуда айёр: ўтган ой у Британия ташқи ишлар вазири Лиз Труссни Россия географияси борасидаги билим даражаси учун масхара қилишга уринди, бир йил олдин эса Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Жозеп Боррелни камситишга уринганди.
Аммо у узоқ вақтдан бери Украина билан боғлиқ ҳамма нарсадан четда эди ва Украина бўйича дипломатик музокараларни давом эттиришни ёқлади, Россия президенти эса бу масалада унга эътибор бермасликни афзал кўрди.
У БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Россия босқинини ҳимоя қилиб, видео алоқа орқали гапираётганда аксар дипломатлар зални тарк этганига парво қилгани эҳтимолдан узоқ.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост

Россия парламенти юқори палатаси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко

Сурат манбаси, Getty Images

Путин атрофидагилар орасидаги ноёб аёл, у юқори палатанинг Россия қўшинларини хорижга юборишни маъқуллашига кафил бўлди ва Украинага қарши босқинга расман йўл очиб берди.
Валентина Матвиенко Путиннинг яна бир санкт-петербурглик тарафдори бўлиб, у ҳам Қримнинг 2014 йилда аннекция қилинишига ёрдам берган.
Аммо у асосий қарор қабул қилувчи ҳисобланмайди. Умуман олганда, қарорларни ким қабул қилганини аниқ айтиш қийин.
Россия Хавфсизлик Кенгашининг бошқа ҳар қандай аъзоси сингари, унинг иши ҳам Россия раҳбари аллақачон қабул қилган қарорни жамоавий қабул қилингандек кўрсатиш учун роль ўйнаб беришдан иборат.
Миллий Гвардия раҳбари Виктор Золотов


Президентнинг собиқ тан соқчиси, ҳозирда у олти йил олдин Президент Путин томонидан шахсий армия сифатида яратилган Россия Миллий гвардияси - Росгвардияга раҳбарлик қилмоқда.
У Гвардиянинг садоқати амин бўлиш учун унга ўзининг шахсий қўриқчисини раҳбар қилди ва унга нақ 400 000 одамни топшириб қўйди.
Вера Миронованинг фикрича, Россиянинг асл режаси босқинни бир неча кун ичида якунлаш эди ва ҳарбийлар муваффақиятсизликка учрагандек туюлганда, Россия Миллий гвардияси етакчиликни қўлга олди.
Муаммо шундаки, Миллий гвардия раҳбари ҳарбий тайёргарликка эга эмас ва унинг отрядида танклар йўқлиги сабабли улар ҳам ҳужумга учраши мумкин.
Путин яна кимларни тинглайди?
Бош вазир Михаил Мишустинга иқтисодни қутқаришдек вазифа юкланган, аммо у уруш ҳақида гапира олмайди.
Сиёсий таҳлилчи Евгений Минченкога кўра, Москва мери Сергей Собянин ва давлат нефть гиганти «Роснефть» раҳбари Игор Сечин ҳам президентга яқин.
Президентнинг болаликдаги дўстлари бўлган миллиардер ака-ука Борис ва Аркадий Ротенберглар ҳам узоқ вақтдан бери яқин сирдош бўлиб келган. 2020 йилда "Forbes" журнали уларни Россиядаги энг бой оила деб топди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
















