Уруш: Россия нега Украинага бостириб кирди ва Путин нимани истайди? Таҳлил Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Россия президенти ва Мудофаа вазири

Сурат манбаси, MIKHAIL METZEL/TASS

Сурат тагсўзи, Босқин бошланишидан бир неча дақиқа олдин, Президент Путин телевидение орқали қилган мурожаатида замонавий Украинанинг доимий таҳдиди остида Россия ўзини "хавфсизликда, ривожланишда ва мавжуд ҳис эта олмайди", деб айтди
    • Author, Пол Кирби
    • Role, BBC News

Россия ҳаводан, қуруқликдан ва денгиздан аҳолиси 44 миллионлик Европа демократик давлати бўлган Украинага ҳалокатли ҳужум бошлади. Президент Владимир Путин бир неча ой давомида қўшнисига бостириб кириш нияти борлигини инкор қилиб келган эди, бироқ кейин у тинчлик битимини улоқтириб, Украинанинг шимоли, шарқи ва жанубидаги чегараларни бузиб, мамлакатга бостириб кирди.

Ўлганлар сони ортиб бораётган экан, энди уни Европада тинчликка хавф солаётганликда айблашмоқда ва бундан кейин содир бўладиган воқеалар қитъанинг бутун хавфсизлик тузилмасига таҳдид солиши мумкин.

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Рус қўшинлари қаерга ҳужум қилмоқда ва нима учун?

Украина бўйлаб шаҳарлар яқинидаги аэропортлар ва ҳарбий штаб-квартиралар, жумладан, Киевдаги асосий Борисполь халқаро аэропорти биринчи бўлиб зарбага учради. Кейин танклар ва қўшинлар Украинанинг шимоли-шарқида, 1.4 миллион аҳолиси бўлган Харьков шаҳри яқинидан бостириб кирди; шарқда Луганск яқинидан ва шимолда қўшни Беларусдан. Россия қўшинлари Украинанинг йирик порт шаҳарлари Одесса ва Мариуполга ҳам ташланди.

Босқин бошланишидан бир неча дақиқа олдин, Президент Путин телевидение орқали қилган мурожаатида замонавий Украинанинг доимий таҳдиди остида Россия ўзини "хавфсизликда, ривожланишда ва мавжуд ҳис эта олмайди", деб айтди.

Путин мақсади таъқиб ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш ва Украинани "қуролсизлантириш ва нацистлардан тозалаш" эканини урғулар экан, унинг кўпгина далиллари сохта ёки мантиқсиз эди. Украинада геноцид бўлмаган ва бу мамлакат яҳудий президент бошқараётган жонли демократиядир. "Қандай қилиб мен нацист бўлишим мумкин?" деди Владимир Зеленский Россиянинг ҳужумини Иккинчи жаҳон урушидаги фашистлар Германияси босқинига қиёслаб.

Россияпараст президент Виктор Янукович 2014 йили унга қарши бир неча ой давом этган норозилик намойишларидан сўнг ҳокимиятдан четлатилганидан бери президент Путин экстремистлар Украинада ҳокимиятни босиб олди, деб такрорлаб келади. Кейин Россия бунга куч билан жавоб қайтарди ва Қримни эгаллаб олди ва мамлакат шарқида айирмачиларни қўллаб- қувватлай бошлади, бу урушда 14 минг киши ҳалок бўлган.

2021 йил охирида у Украина чегаралари яқинида кўп сонли рус қўшинларини жойлаштиришни бошлади. Шу ҳафта у 2015 йилда имзоланган шарқ учун тинчлик битимини бузди ва исёнчилар назорати остидаги ҳудудларни мустақил, деб тан олди.

Россия узоқ вақтдан бери Украинанинг Европа Иттифоқи ва Ғарбнинг мудофаа ҳарбий иттифоқи НАТО олға силжишига қаршилик қилиб келмоқда. Россия босқинини эълон қилар экан, у НАТОни "халқ сифатида тарихий келажагимизга" таҳдид, деб айблади.

Россия қанчалик узоққа боради?

Украина президенти

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Украина президенти ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмасликларини айтмоқда

Россия раҳбари Украинанинг демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ағдармоқчими ёки йўқ, ҳозирча аниқ эмас. Кремль Украина идеал тарзда "озод қилиниши, нацистлардан тозаланиши" керак деб ҳисобласа-да, ҳукуматни ағдариш ҳақида гапиришдан бош тортди.

Бироқ Беларусдан ва шимолдаги Харьков яқинидан бостириб кириш орқали Путин ўз мақсади саккиз йиллик урушдан жабр кўрган шарқий минтақалар билан чекланмаслигини кўрсатди.

Босқиндан олдинги кунларда, 200 000 га яқин аскар Украина чегараларида бўлганида, у эътиборини шарққа қаратди.

Ўзини мустақил, деб эълон қилган россияпараст давлатчалар Луганск ва Донецкни тан олиб, улар энди Украина таркибига кирмайди, деб қарор қилди. Сўнг Путин бу давлатчаларнинг Украинанинг каттароқ ҳудудига бўлган даъвосини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ўзини мустақил эълон қилган халқ республикалари Украинанинг бутун Луганск ва Донецк вилоятларининг учдан бир қисмидан сал кўпроғини эгаллайди, бироқ исёнчилар қолган қисмини ҳам даъво қилмоқда.

"Биз уларни тан олдик, шундай эмасми, демак, уларнинг барча таъсис ҳужжатларини тан олдик", деди Россия раҳбари. У нафақат уларни тан олди, балки у ерда рус қўшинларини очиқ жойлаштириш ва ҳарбий базалар қуришга рухсат берувчи фармонни имзолади.

Бу босқин Европа учун қанчалик хавфли?

Бу Украина халқи учун даҳшатли лаҳзалардир.

Германия "Путин уруши", деб атаган бу урушда ўнлаб одамлар - тинч аҳоли ҳам, аскарлар ҳалок бўлди. Европа етакчилари учун эса босқин Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг зулмат вақтлардан бири бўлди.

Ҳар икки томон қуролли кучлар оилаларини хавотирли кунлар кутмоқда. Қўшни давлатга бостириб кириш Россия парламентининг юқори палатаси томонидан муҳрланган бўлса-да, бу Россия аҳолиси тайёр бўлган уруш эмас.

АҚШнинг юқори мартабали ҳарбий амалдори Марк Миллининг айтишича, Россия кучларининг кўлами аҳоли зич жойлашган шаҳарлардаги жанглар учун "даҳшатли" сценарийни англатади.

Украина сўнгги йилларда ўз армиясини қурди, Россия эса душман аҳоли билан юзлашмоқда. 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча захирадагилар армияга чақирилди.

Германия канцлери Олаф Шольц сўзлари билан айтганда: "Ҳеч қандай оқлов йўқ. Бу Путиннинг уруши".

Аммо босқинчилик Россия ва Украина билан чегарадош бошқа кўплаб мамлакатлар учун билвосита оқибатларга олиб келди. Латвия, Польша ва Молдова қочқинлар оқимига тайёрланаётганини айтади. Молдова ва Литвада фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Ғарб нима қила олади?

НАТО жанговар самолётларни шай ҳолатга келтирди, бироқ Ғарб альянси Украинанинг ўзига жанговар бўлинмаларни юбориш ниятида эмаслигини очиқ айтди. Бунинг эвазига улар Украинага маслаҳатчилар, қурол-яроғ ва дала касалхоналарини таклиф қилишди. Айни пайтда Болтиқбўйи давлатлари ва Польшада НАТОнинг 5 минг аскари жойлаштирилган. Яна 4000 нафари Руминия, Болгария, Венгрия ва Словакияга юборилиши мумкин.

Ғарб Россия молияси ва айрим шахсларга қарши чора кўришга эътибор қаратди. Путин Украина билан 2015 йилда имзоланган Минск тинчлик битимини йиртиб ташлаганидан сўнг, Россияга қарши бир қатор санкциялар жорий этилди, ҳужум қилмаслигига умид қилиниб, айрим чоралар вақтинча тўхтатиб турилган эди:

  • Германия Россия ва Европа компаниялари катта сармоя сарфлаган Россиянинг "Шимолий оқим 2" газ қувурини қуриш учун рухсатномалар беришни тўхтатди.
  • Европа Иттифоқи Россиянинг исёнчилар назоратидаги ҳудудларни мустақил давлатлар сифатида тан олиш ҳақидаги "ноқонуний қарори"га овоз берган барча 351 депутатни қамраб олган кенг қамровли санкцияларни келишиб олди.
  • АҚШ Россия ҳукуматини Ғарб молия институтларидан узиб, юқори мартабали "элита"ни нишонга олаётганини айтди.
  • Буюк Британия Россиянинг бешта йирик банки ва учта миллиардерини нишонга олди.
  • Уч Болтиқбўйи давлати бутун халқаро ҳамжамиятни Россия банк тизимини Свифт халқаро тўлов тизимидан узишга чақирди. Ўзларига ҳам таъсири бўлса-да, Ғарб бу қадамга ҳам борди.

Путин нима истамоқда?

Путин

Сурат манбаси, Reuters

Босқиндан бир неча ҳафта ва ойлар олдин Россия "хавфсизлик кафолатлари" бўйича Ғарб олдига бир қатор талаблар қўйди, уларнинг аксарияти НАТОга тегишли эди. Президент Путин ҳужум қилиш қарорига келишида НАТОнинг шарққа томон кенгайишини қисман айблади. У аввалроқ "Россиянинг чекинадиган бошқа жойи йўқ - улар ҳақиқатан ҳам бизни индамай ўтиради деб ўйлашадими?" деб шикоят қилган эди.

"Украина ҳеч қачон НАТОга аъзо бўлмаслигини таъминлаш биз учун жуда муҳим", деганди Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков.

Путиннинг яна бир асосий талаблари - НАТО "Россия чегаралари яқинига ҳужумкор қуролларни жойлаштирмаслиги" ва 1997 йилдан бери иттифоққа қўшилган аъзо давлатлардан ҳарбий кучлар ва инфратузилмани олиб чиқиб кетиши.

Бу Марказий Европа, Шарқий Европа ва Болтиқбўйи демакдир. Аслида Россия НАТОнинг 1997 йилдан олдинги чегараларига қайтишини истайди.

Ўтган йили президент Путин руслар ва украинларни "бир миллат" деб атаган узун мақола ёзган ва 1991 йил декабрида Совет Иттифоқининг парчаланишини "тарихий Россиянинг қулаши", деб атаган эди. Унинг таъкидлашича, замонавий Украина бутунлай коммунистик Россия томонидан яратилган ва ҳозир Ғарб томонидан назорат қилинадиган қўғирчоқ давлат.

Президент Путин, шунингдек, агар Украина НАТОга қўшилса, альянс Қримни қайтариб олишга уриниб кўриши мумкинлигини таъкидлади.

НАТО нима дейди?

НАТО янги аъзолар учун очиқ эшиклар сиёсатига эга мудофаа иттифоқидир ва унга аъзо 30 давлат бу сиёсат ўзгармаслигига қатъий ишонади.

Украина президенти НАТОга аъзо бўлиш учун "аниқ ва реал вақт жадвалини" тузишга чақирди, бироқ Германия канцлери аниқ таъкидлаганидек, бу узоқ вақтгача амалга ошмайди.

Ҳар қандай НАТО давлати аъзоликдан чиқади, деган гап тўғри эмас.

Президент Путин назарида, Ғарб 1990 йилда НАТО "шарққа бир дюйм ҳам" кенгаймаслигига ваъда берган эди, аммо барибир буни амалга оширди.

Бироқ бу Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин эди, шунинг учун Совет Иттифоқининг ўша пайтдаги президенти Михаил Горбачевга берилган ваъда фақат қайта бирлаштирилган Германия контекстида Шарқий Германияга тегишли эди.

Кейинчалик Горбачев ўша пайтда "НАТОни кенгайтириш мавзуси ҳеч қачон муҳокама қилинмаганини" айтди.

Дипломатик чиқиш йўли борми?

Ҳали эмас, лекин ҳар қандай эҳтимолий келишув ҳам шарқдаги урушни, ҳам қурол назоратини қамраб олиши керак.

Қўшма Штатлар қисқа ва ўрта масофали ракеталарни чеклаш, шунингдек, қитъалараро ракеталар бўйича янги шартнома устида музокараларни бошлашни таклиф қилди. Россия АҚШнинг барча ядровий қуроллари ўз миллий ҳудудлари ташқарисида тақиқланишини хоҳлайди.

Россия ракета базаларини ўзаро текшириш бўйича таклиф этилган "ошкоралик механизми"га ижобий муносабат билдирди - иккитаси Россияда, иккитаси Руминия ва Польшада.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek