Янгиликлар: Путин Пригожин исёнини "хиёнат" деб атади ва жазо муқаррарлиги билан пўписа қилди - Қозоғистон, Ўзбекистон ва Белорус раҳбарларига сим қоқди

Ростов

Сурат манбаси, Reuters

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Вагнер гуруҳи раҳбари Пригожинга кўра, Ростов унинг кучлари назорати остида қолмоқда.

Россия президентининг таҳдидига қарамай унинг таслим бўлиш нияти йўқ.

Сўнгги аудиомурожаатида у "...ватанга хиёнат қилиш айблови билан президент қаттиқ адашди. Биз ватанпарварлармиз, урушмоқдамиз ва урушамиз, ҳеч ким президент ёки ФСБ чақириқларига биноан бошини эгиб таслим бўлмайди. Чунки биз мамлакат бошқа коррупция, бюрократия ва ёлғон ичида яшашини истамаймиз".

Владимир Путин ўз чиқишида исёнкорларни жазолашини айтган, аммо Пригожин исмини тилга олмаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Воронеждаги ҳарбий заҳиралар ҳам Вагнер назоратига ўтган.

Бу борада мустақил манбалардан тасдиқ йўқ.

BBC

Москвада хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Вагнер кучлари Россия пойтахти томон юргани ва сўнгги хабарларга кўра, Пригожин "хунрезликка йўл қўймаслик" учун ортга қайтаётганини айтган.

Москва шаҳри, Москва ва Воронеж вилоятларида аксилтеррор амалиёти режими амал қилмоқда.

Ушбу воқеалар ривожидан аввал Евгений Пригожин Россия ҳарбийларини Вагнер гуруҳининг ҳарбий жамлоқларига ракеталар билан ҳужум қилишда айблаганди.

"Россиянинг ички иши..."

Владимир Путин Қозоғистон, Ўзбекистон ва Белорус раҳбарларига сим қоққан.

Путиннинг матбуот котибига кўра, Россиядаги вазиятдан уларни бохабар қилган.

Қозоғистон президенти "бўлаётган воқеалар Россиянинг ички иши" эканини айтган.

Бу ҳақда Қозоғистон президентининг матбуот хизмати хабар қилган.

Тарихча ўрнида

BBC

Вагнер раҳбари Пригожин анчадан бери Россия ҳарбий қўмондонлиги билан "даҳанаки" жанг олиб бораётганди.

Май ойининг бошларида у Путинга мурожаат билан чиққан эди.

" Бош штаб, Мудофаа вазирлиги, Бош қўмондон ва Россия халқига расмий мурожаат қиламан. "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати жангчилари, "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкати қўмондонлиги номидан маълум қиламан, 2023 йилнинг 10 май куни Бахмут аҳоли масканидаги позициямизни Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига топширишга ва "Вагнер" хусусий ҳарбий ширкатидагиларнинг яраларини даволаш учун олиб чиқишга мажбурмиз"

"Мен ЧВК "Вагнер" бўлимини Бахмутдан олиб чиқишимга сабаб, улар қурол-яроқ етишмовчилиги, деб беъмани ўлимга юз тутмоқда", дейилади Пригожиннинг ҳарбий қўмондонлик ва Владимир Путинга йўллаган мурожаатида.

Бу мурожаатдан сал олдинроқ Пригожин жасадлар орасида туриб даҳшатли видео чоп қилди. Видеода у Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Россия бош штаби раҳбари Валерий Герасимовга сўкиниб мурожаат қилган. У ёнидаги жасадлар 4 май куни ҳалок бўлган "Вагнер" аскарлари эканлигини таъкидлаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

"Қурол-яроқ бермаётган бу …, қанжиқлар дўзахда ичак-чавоғини ейди. Қурол-яроқ 70 фоиз етишмаяпти. Шойгу, Герасимов, қани, қанжиқ, қурол-яроқ. Қаранглар мана буларга, қанжиқ!", деб бақирган Пригожин (агенлик иқтибоси).

Пригожиннинг Мудофаа вазирлиги билан можароси биринчи марта бўлаётгани йўқ, бироқ бу қадар кескинлашиш олдин кузатилмаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.