Ғарб Украинани қуроллантириши керакми? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, SERGEI SUPINSKY
- Author, Гордон Корера
- Role, Би-би-сининг хавфсизлик мухбири
- Ўқилиш вақти: 3 дақ
АҚШ ва Буюк Британия кўп йиллар давомида Украина қўшинларини Россия босқинига қарши қандай курашишга ўргатиб келди. Ҳозир кенг миқёсли босқин бошланди, Ғарб мамлакатларида узоқ муддатли қаршиликни қўллаб-қувватлашни қанчалик давом эттириш ҳақида баҳслар бўляпти.
Украина Мудофаа вазирлиги аҳолини яқинлашиб келаётган рус қўшинларига зарба бериш учун молотов коктейли тайёрлашга чақирди ва мамлакатдаги кўпчиликда қаршилик кўрсатиш руҳи яққон намоён бўлмоқда.
Ғарб Россия билан урушга айланиб кетиши мумкин бўлган ҳар қандай бевосита ҳарбий тўқнашувлардан эҳтиёт бўлса-да, дастлабки босқинни қайтариш учун Украинани очиқдан-очиқ ҳарбий техника - масалан, танкга қарши қуроллар билан таъминлади.
Йиллар давомида Британия ва Америка разведкаси ва махсус кучлари украиналик ҳамкасбларини ўқитиб келди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Булар ичида тартибсиз ёки партизан уруши деб аталадиган усуллар ҳам бор, дейди манбалардан бири Би-би-сига, буни Иккинчи Жаҳон уруши даврида Махсус операциялар бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар билан таққослаб.
Яна бир ўхшашлик, дейди улар, Совуқ уруш бошида, Совет танклари Европа бўйлаб ўтиб юрганда, махфий қурол-яроғ омборлари тайёрлаб қўйиш - "ортда қолиш" режаларидир.
"Бу классик Иккинчи жаҳон урушига хос нарса", дейди иш билан таниш бўлган бир киши. Энди бу режалар Россиянинг илгари силжишини секинлатиш учун амалга оширилаётган бўлиши мумкин.
Аммо Лондон ва Вашингтон узоқ муддатли қаршиликни қўллаб-қувватлаш қанчалик давом этиши ҳақида қарор қабул қилиши керак. Совет Иттифоқи Афғонистонга бундан қирқ йилдан кўпроқ вақт олдин бостириб кирганида, Ғарб қурол-яроғ етказиб берди ва Қизил Армияга қарши пистирма ва ҳужумлар билан курашаётган афғон жангчилари - мужоҳидларни ўқитди.
MI6 гуруҳлари Афғонистонга қўмондонлар билан ишлаш учун жўнаб кетди. Марказий Разведка бошқармаси катта миқдордаги қурол-яроғни, шу жумладан, Совет ҳарбий учоқларини уриб туширган Стингер ракеталарини етказиб берди.
Бу ўн йил давом этди ва сўнгида Совет қўшинлари чекинишга мажбур бўлди. Берилган қурбонлар сони ортиб кетди, бу Совет Иттифоқи ҳаловатини ўғирлади. Кўпчилик бу мағлубият унинг қулашига ҳисса қўшганига ишонади.
Ғарб ҳам Афғонистон ва Ироқдаги сўнгги исёнлар ботқоғига тушиб қолганди, улар бунинг қандай бўлишини яхши билади.
Украинадаги қаршиликни очиқ ва кучли қўллаб-қувватлаётган собиқ ҳарбийлар ва разведка ходимлари бор.
Британия Бош вазири Борис Жонсон Россиянинг талафотларини ошириш ва бостириб кириш муваффақиятли бўлмаганини исботлаш зарурлиги ҳақида гапирганда, у нафақат санкцияларнинг иқтисодий оқибатларини, балки рус аскарлари ҳаётидаги инсоний талафотларни ҳам назарда тутган бўлиши мумкин.
Бу Украинадаги қаршиликни қўллаб-қувватлашни асосий баҳс мавзусига айлантирди.
Хўш, афғон дастурига ўхшаш нарса такрорланиши мумкинми? Буни қийинлаштирадиган бир қанча омиллар мавжуд.
Улардан бири Россия стратегиясидир. Москва ишғол қилишни хоҳламаслигини айтади ва бу ҳақиқат бўлиши мумкин. Эҳтимол, у ишғол қилиш хатарларини тушунади ва ундан кўра ўзига мос итоаткор ҳукуматни ўрнатишни афзал кўриши мумкин. Аммо воқеалар ривожи стратегияни ўзгартириши мумкин.
Қаршилик самарали бўлиши учун унга хавфсиз бошпана керак.
1980 йилларда америкаликлар ва инглизлар Покистондан операциялар базаси сифатида фойдаландилар. Воқеаларнинг ривожланишига қараб, бу стратегияни Украинада такрорлаш қўшни НАТО давлати ҳудудидан фойдаланишни талаб қилиши мумкин.
Хавф шундаки, Россия буни тажовузкор ҳаракат сифатида қабул қилиши ва муносабат билдириши мумкин. Ва зиддият яна кенгайиши мумкин.
Яна бир вариант: Россия Украинани иккига бўлиб, бошқача таклиф билан чиқиши мумкин.
Муаммо шундаки, бирор нарсани сир сақлаш ёки ундан "тонса бўладиган" шаклда сақлаш қийин. Бу 1980 йилларда Афғонистонда бўлиши мумкин эди, лекин 2020 йилларда - телефон камералари ва сунъий йўлдошлар ҳар ерда бўлган Европада анча қийинроқ.
Россия ва унинг разведка идоралари, хусусан, Украина ишларини бошқарадиган ФСБ ҳам тайёр бўлади.
Таъкидланишича, улар ҳар қандай қаршилик кўрсатиш ривожланиб кетмаслиги учун "қўлга олиш ёки йўқ қилиш" рўйхатини аллақачон тузган.
Совуқ уруш бошида Марказий Разведка бошқармаси ва МI6нинг Украина, Болтиқбўйи давлатлари ва Албания каби темир парда ортидаги мамлакатларда қаршиликни қўллаб-қувватлашга уринишлар даҳшатли фалокат билан якунланган эди. Москва ўз жосуслари орқали гуруҳлар ичига кириб борган.
АҚШнинг сўнгги ўн йил ичида Сурияда жанг қилиш учун гуруҳлар тайёрлашга уриниши ҳам муваффақиятсизликка учради.
"Қаршиликни қўллаб-қувватлаш" стратегияси қонли ва жирканч бўлиши мумкин ва Россияда бундай фаолиятни бостириш учун шафқатсиз усуллардан фойдаланиш тарихи бор - Чеченистон бунинг далилидир. Бу Украина фуқаролари ҳам, Россия фуқаролари ҳам талафотларни ўз зиммаларига олишлари мумкинлигини англатади.
Қаршиликни қўллаб-қувватлаш Москвани босқинда айблашнинг ягона йўлларидан бири сифатида қаралиши мумкин, аммо Ғарб сиёсатчилари ҳам бу осон бўлмаслигини билишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















