Украина уруши: Путин дунёни ўзгартирмоқда, аммо ўзи истаган томонга эмас Ukraina Rossiya Putin

People walk past a poster of Vladimir Putin reading "Russia does not start wars, it ends them," Simferopol, Crimea, 10 March 2022

Сурат манбаси, Rex Features

Сурат тагсўзи, "Россия уруш бошламайди, урушни тугатади", дейилади Қримнинг Симферополида осилган Путин постерида. 2022 йил 10 марти
    • Author, Алан Литл
    • Role, BBC News
  • Ўқилиш вақти: 11 дақ

Владимир Путиннинг Украинага босқини дунёни ўзгартирди. Биз янги ва янада хавфли замонда яшаяпмиз - Берлин девори қулаши билан бошланган Совуқ Урушдан кейинги давр ҳам поёнига етди.

1px transparent line

Катта тарихий оқибатларга олиб келадиган лаҳзани бошдан кечириш ва бу нима эканлигини реал вақтда англаб туриш ноёб ҳодиса.

1989 йилнинг ноябрида мен ўша пайтдаги Чехословакия пойтахти Прагада, қор қоплаган Вацлавск майдонида туриб, янги дунё вужудга келаётганини кузатардим.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Коммунистик Шарқий Европа халқлари ўз диктатурасига қарши исён кўтардилар. Берлин девори бузиб ташланди. Бўлинган Европа яна бирлашди.

Прагада диссидент драматург Вацлав Ҳавел иккинчи қават айвонидан туриб 400 минг кишилик оломонга мурожаат қилди. Бу ҳаяжонли лаҳза, шошқин бир жараён эди. Ўша куни кечқурун коммунистик режим қулади ва бир неча ҳафта ўтгач, Ҳавел янги демократик давлат президенти бўлди. Мен ўшанда ҳам дунёнинг бурилишини кузатаётганимни, дунё кўз ўнгимда қайта тартиблашаётганини кўришдек ноёб лаҳзани ҳис қилиб турганимни билардим.

Vaclav Havel addresses thousands of demonstrators gathered on Prague's Wenceslas Square, 24 November 1989

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Вацлав Ҳавел 1989 йил 24 ноябрда Прагада тўпланган намойишчилар қаршисида нутқ сўзламоқда

Француз инқилобидан кейин Европа тарихида қанча шундай лаҳзалар бўлган? Эҳтимол, ўшанда мен бешга яқин деб ўйладим. Ўша йили, 1989 йил олтинчиси бўлди.

Аммо ўша драматик халқ инқилобларидан кейинги тинчлик, Путин Россия қўшинларини Украинага киритишга буйруқ бергани билан барҳам топди.

Германия канцлери Олаф Шольц бу лаҳзани zeitenwende - бурилиш нуқтаси - деб атаган бўлса, Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс буни "парадигма ўзгариши" деб атади. Унинг сўзларига кўра, хотиржамлик даври тугади.

line

Европа тарихидаги муҳим саналар

The storming of the Bastille,14 July 1789

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Бастилиянинг олиниши. 1789 йил 14 июли
  • 1789 йил: Француз инқилоби. Монархия ағдарилди, республика тузилди.
  • 1815 йил: Вена конгресси Европа харитасини қайта чизди, кучлар мувозанатини тиклади ва Наполеон урушларидаги қўзғолонлардан сўнг ўнлаб йиллар давом этган тинчликка йўл очди.
  • 1848 йил: Европа бўйлаб либерал ва демократик инқилоблар тўлқини.
  • 1919 йил: Версал шартномаси. Эски кўпмиллатли империялар ўрнини янги мустақил суверен миллий давлатлар эгаллай бошлади.
  • 1945 йил: Ялта - Буюк давлатлар Европани Ғарбий ва Совет "таъсир доиралари"га бўлишга рози бўлди. Қитъада темир парда пайдо бўлди.
  • 1989 йил: Совет Иттифоқи ҳукмронлик қилган Шарқий Европада демократик инқилоблар Темир пардани бузиб ташлади. Икки йилдан кейин Совет Иттифоқи парчаланди. Владимир Путин буни "ХХ асрнинг энг катта фалокати" деб атайди.
line

Би-би-сининг энг тажрибали уруш мухбирларидан бири Квентин Соммервил, яқинда Харьков харобалари бўйлаб юриб, Россиянинг бомбалашлари ҳақида: "Агар бу тактика сизга нотанишдек туюлаётган бўлса, демак, яқиндан эътибор бермагансиз", деди.

У жуда эътибор бераётган бўлса, демак, Сурияда Россия ракеталари остида етарлича вақт ўтказган. Аммо демократик дунё ҳукуматлари-чи? Улар Путин режимининг табиатига қанчалик эътибор беришади?

Далиллар йиллар давомида тўпланиб борди.

У бўлгинчи ҳудудларни қўллаб-қувватлаш важи билан Грузияга қўшин юборганига йигирма йил бўлди.

Кейинчалик у қочқин русларни ўлдириш учун Британия шаҳарларига асабни фалажловчи моддалар билан қуролланган жосусларни юборди.

2014 йилда у Украина шарқига бостириб кириб, Қримни аннексия қилди.

line

Буларнинг барчасига қарамай, Германия ва Европа Иттифоқининг катта қисми Россия газига носоғлом қарамлик ҳолатига тушиб қолаверди. Қрим аннексия қилинганидан бир йил ўтиб, улар Россиядан газ етказиб бериш ҳажмини ошириш учун янги "Шимолий оқим 2" газ қувури қурилишини маъқулладилар.

Лиз Трасс "хотиржамликка берилишда" ўз мамлакатини ҳам айблайди. Жон Мейжор бош вазир бўлганидан бери Лондон Россия пуллари учун хавфсиз бошпана бўлиб келган. Россиялик олигархлар бу ерга миллиардлаб пул келтирди, пулларини "ювишди", пойтахтдаги энг нуфузли хусусий уйларни сотиб олишди, сиёсатчилар билан суҳбатлашишди ва уларнинг сайловолди фондларига маблағ ажратишди. Уларнинг тезликда орттирган улкан бойликлари қаердан келгани ҳақида етарлича суриштирилмади.

Ғарб демократиялари ўзларининг шарқий чегараларида пайдо бўлаётган таҳдиднинг моҳиятидан ғофил эдилар.

Аммо Путин ҳам хотиржамдек туюлди.

Receiving station for the Nord Stream 2 gas pipeline, near Lubmin, Germany, March 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Германиянинг Любмин шаҳри яқинидаги "Шимолий Оқим-2" газ қувурининг қабул қилиш станцияси

Биринчидан, у Ғарб сурункали таназзулга юз тутган, ички бўлинишлар ва мафкуравий низолар туфайли заифлашган деб ҳисобларди. Бунинг тасдиғи сифатида у Доналд Трампнинг сайланиши ва Брекситни кўрди. Польша ва Венгрияда ўнг қанот авторитар ҳукуматларнинг кучайиши либерал қадриятлар ва институтларнинг емирилишининг яна бир далили эди. АҚШнинг Афғонистондан шармандаларча чиқиб кетиши заифлашиб бораётган кучнинг жаҳон саҳнасидан чиқиб кетиши исботидек кўринди.

Иккинчидан, у ўз чегараларида нима бўлаётганини нотўғри тушунди. У собиқ иттифоқ республикалари - Грузия (2003 йил), Украина (2004-2005) ва Қирғизистонда (2005 йил) қатор демократик қўзғолонлар халқ иродасининг чинакам ифодаси бўлиши мумкинлигига ишонишни истамади. Уларнинг ҳар бири порахўр ва обрўсиз москвапараст ҳукуматларни ағдариб ташлашга қаратилганлиги сабабли, бўлаётган воқеалар Кремлга хорижий разведка хизматларининг, хусусан, Америка ва Британия разведка хизматларининг тарихан Россиянинг таъсир доирасида бўлган ҳудудларга кириб боришга уринишидек кўринди.

Учинчидан, у ўзининг ҳарбий кучларини тушуна олмади. Энди у бу "махсус ҳарбий операция" бир неча кунда тугашига умид қилгани маълум бўлди.

Россиянинг ҳарбий уқувсизлиги кўплаб Ғарб хавфсизлик экспертларини ҳайратда қолдирди. Мен учун бу собиқ Югославиядаги кичикроқ, жиловлаш мумкин бўлган, аммо барибир ҳалокатли урушнинг акс-садоларидек туюлди.

1992 йилда серб миллатчилари янги мустақил бўлган Босния давлатини туғилгани онда бўғиш учун уруш бошладилар. Улар Босниялик деган ўзлик йўқ эканини, Босния давлатчилиги тарихий қонунийликка эга эмаслигини, бу аслида Сербиянинг бир қисми эканлигини даъво қилдилар. Айнан Путиннинг Украина борасидаги даъвосидек.

A Bosnian special forces soldier and civilians come under fire from Serbian snipers, Sarajevo, 6 April 1992

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Босния махсус кучлари аскари ва тинч фуқаролар 1992 йил 6 апрелида Сербия снайперлари ҳужумига тутилган пайт

Бугунги Россия сингари, серб қўшинлари ҳам ҳаво ҳужумида устун эди. Лекин улар кўпинча маҳаллий серб бўлмаганларнинг қаршилиги билан олға ҳаракатлана олмай қолди. Улар шаҳар ёки шаҳарчаларни эгаллай олмайдигандек туюлди, кўчама-кўча пиёда жанг қилишни истамади. Босниялик ҳимоячилар дастлаб жуда ёмон қуролланган эдилар - мен Сараево хандақларида теннис пойабзали кийган ҳар учта ўғил болада битта АК-47 бўлганини эслайман. Аммо улар деярли тўрт йил давомида ўз пойтахтларини ҳимоя қилдилар. Киевни ҳимоя қилишга ўз ихтиёри билан борган ёшларда ҳам шундай азму қарор бор.

Шундай қилиб, серблар шаҳар ва қишлоқларни олиш ўрнига уларни қамал қилдилар - қуршаб олдилар, бомбаладилар, сув, газ ва электр энергиясини уздилар. Бу аллақачон Мариуполда содир бўлмоқда. Шаҳарни қамал қилинг ва сув таъминотини ўчиринг, қарабсизки, 24 соат ичида ҳар бир ҳожатхона соғлиқ кушандасига айланади. Одамлар сув топиб, ҳожатхонани ювиш учун ташқарига чиқишга мажбур бўлади. Электрни ўчиринг, ўз уйингизда музлаб қоласиз. Тез орада овқат тугайди. Руслар Мариуполь, Харьков, Киев учун шундай ниятдами? Уларни оч қолдириб, ниятларига етмоқчими?

Аммо қарийб тўрт йил давом этган бу ваҳшийлик Босния давлатчилигига қаршилик, азоб-уқубатлар ва қаҳрамонона кураш тарихини ҳадя қилди. Украинанинг миллий ўзлиги украиналикларнинг жанг қилиш усули билан ҳам мустаҳкамланади. Украинанинг русийзабон аҳолиси босқиндан кейин ўзларини "озод қилинган" ҳис қилмади. Бу ҳолат улар ҳам Украинага суверен давлат сифатида қараши тасдиғидир. Путиннинг рус халқининг икки қисми деб ҳисоблаган нарсани бирлаштириш учун олиб бораётган уруши аллақачон тескари таъсир кўрсатмоқда - аксарият украиналикларда Россия ҳукмронлигидан озод бўлишга ирода кучаймоқда.

People crowd together to get their share of rationed food during the siege of Sarajevo, 1992

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1992 йили Сараево қамали пайти рацион бўйича бериладиган нон учун тўпланган одамлар

1994 йилда Болқон ярим оролида уруш ҳали ҳам давом этар экан, Шарқий Европанинг қолган қисми келажакка интилди - ҳар бир халқ бир-бири билан тинч-тотув яшаётган мустақил суверен давлатлар Европада ўзининг табиий ўрнини эгаллашга интилди. Аммо уларнинг бирортасига НАТОга киришга рухсат берилиши аниқ эмас эди.

Ўшанда НАТО ва Россия ўртасида буфер вазифасини бажариш учун янги озод бўлган Шарқий Европа давлатларидан учинчи хавфсизлик блокини тузиш керакми ёки йўқми деган баҳс-мунозаралар бўлди. Россия 1990 йилларда заиф эди, 40 йил давомида совет истилосига чидаган давлатлар унинг узоқ вақт кучсиз қолишига ишонмас эди. Улар НАТОга аъзо бўлишдан бошқа чорани кўрмадилар.

Президент Билл Клинтон даврида АҚШ НАТОни кенгайтиришга интилди. Ўзини Клинтоннинг ишончли иттифоқчиси деб билган Россия президенти Борис Ельцин матбуот анжуманида НАТО Москва билан маслаҳатлашмай туриб, янги аъзоларни қабул қилишни режалаштираётганини билгач, ғазаблангани айтилади.

Темир парданинг қулаши эса геосиёсат учун янги савол туғдирди: Ғарб дунёси қанчалик шарқ томон чўзилиши мумкин? Би-би-си менга "Ғарб дунёсининг шарқий чеккаси қаерда?" деган саволга жавоб топиш учун Польша, Беларус ва Украина бўйлаб саёҳат қилишни топширди.

Мен Беларусдаги Ов уйида эдим, у ерда 1991 йил охирида Россия Федерацияси Президенти Борис Ельцин Украина ва Беларусдаги ҳамкасблари билан учрашди. Бу ерда улар бир-бирининг совет республикаларини мустақил миллий давлатлар сифатида тан олишга келишиб олдилар. Кейин улар Совет раҳбари Михаил Горбачевга қўнғироқ қилиб, у бошчилик қилаётган мамлакат - Совет Иттифоқи энди йўқлигини маълум қилдилар.

Бу хавф ва имкониятларга тўла бир лаҳза эди. Беларус ва Украина учун бу Москва ҳокимиятидан - рус империализмининг чор ва совет шаклларидаги ҳукмронлигидан халос бўлиш имконияти эди.

Ельцин учун бу Россияни империя сифатидаги тарихий бўйинтуруғдан озод қилиш имконияти ҳам эди. Буюк Британия ва Франция Иккинчи жаҳон урушидан кейин, худди Австрия Биринчи Жаҳон урушидан кейин империя бўлишдан тўхтагани каби. Туркияда Камол Отатурк 1918 йилда кўп миллатли Усмонли империяси мағлубиятга учраган ва парчаланиб кетганидан сўнг замонавий Европа дунёвий республикаси - турк миллий давлатини қурди.

US President George HW Bush with Boris Yeltsin in Maryland, US, 1992

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ Президенти Жорж Буш ва Россия Президенти Борис Ельцин 1992 йили Мэрилендаги учрашувда

Борис Ельцин ҳам шундай қила олармиди - совет империяси харобаларида ўзининг суверен қўшнилари билан тинч-тотувликда замонавий рус миллий давлатини қура олармиди? 1990 йиллар бошида у империя ҳокимиятини демократик давлатга айлантиришга уриниб, ғарблаштириш тажрибасини бошлади.

Аммо склеротик давлат бошқарувидаги марказлашган иқтисодиётни эркин бозор тизимига айлантириш учун сармоявий имкониятлар излаётган ва Ғарб демократияси қўллаб-қувватлаган шошқалоқлик ҳалокатли бўлди. У ёввойи капитализмни яратди. Кичик элита йирик саноатнинг, хусусан, нефть ва газ активларини талон-тарож қилиш орқали бемисл даражада бойиб кетди.

1998 йилда тажриба ниҳоят бузилди. Иқтисодиёт қулади, рубль бир ой ичида ўз қийматининг учдан икки қисмини йўқотди ва инфляция 80 фоизга етди.

Ўша кунлардан бирида мен Москвадаги бир банкда ўрта ёшли эр-хотин билан навбатда турардим. Улар пулни доллар ёки фунтда - ҳар қандай нарсада, лекин рублда эмас - олишни хоҳларди. Навбат узоқ ва секин эди ва ҳар бир неча дақиқада банк ходими рубль курси пасайганлиги сабабли кўрсатилган курсни ўзгартирарди. Одамлар ўз жамғармаларининг қиймати дақиқа сайин тушиб бораётганини кўришлари мумкин эди. Эр-хотин навбатнинг бошига яқинлашди, тўсатдан нақд пул тугаб қолди.

People queue in front of a Russian bank, Moscow, September 1998

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 1998 йил сентябри. Москва, банк олдидаги навбат
Presentational white space

Мен Украина билан чегарага яқин аввал кўмир конлари бўлган ҳудудга борган эдим, у ерда конлар деярли қолмаганди. Мен ишсиз қолган кон муҳандиси билан танишдим, ёши 30 дан ошган, ёш оилали бир киши. У мени шаҳар ташқарисидаги дачасига олиб борди, унинг майдони бир гектар келаркан. "Оиламнинг бир йиллик емишининг тахминан 80 фоизи шу ерда ўсади, - деди у. - Қолганларини қаҳва ва шакар кабиларга бартер қиламан. Тахминан 18 ой давомида мен нақд пул ишлатмадим ва ҳатто кўрмадим ҳам." Ельцин Россияни ўзгартира олмаганини ана шу олий маълумотли одам қорин туйдириш учун ер чопаётгани ҳам кўрсатиб турарди.

"Сталин бир авлод алмашмай деҳқон халқдан саноатнинг супер давлатини қурди. Ельцин ҳам худди шундай қиляпти, фақат тескарисини", деди у менга.

Оддий руслар ўзларини талон-тарож қилингандек ҳис қилишарди. Ғарблаштиришнинг буюк тажрибаси жиноий элитани бойитган ва бошқаларни вайрон қилган фирибгарлик эди. Ўша пайтдаги Россия ҳақидаги ҳисоботларни битта саволга жамлаш мумкин эди: "Ҳозирги пайтда руслар бошдан кечираётган чуқур умидсизликнинг сиёсий оқибатлари қандай бўлади?"

Жавоб: Россия охир-оқибат демократиядан чекиниб, авторитар бошқарувга қайтишни танлади. Миллий давлатчиликдан узоқлашиш ва ўзининг "яқин хориж"ига - собиқ Совет Иттифоқи таркибига кирган мамлакатларга нисбатан қатъий империал муносабатга қайтди.

АҚШнинг собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Збигнев Бжезински бир пайтлар Россия демократия ёки империя бўлиши мумкин, лекин иккиси бир вақтда бўлолмайди, деган эди. Россиянинг герби, икки бошли бургут ҳам шарққа, ҳам ғарбга қарайди. Тарих Россияни қарама-қарши йўналишларга тортган - демократик миллий давлатчилик бир томонда, ҳукмрон империал майллар бошқа томонда.

Петербургга боринг, бу қўш характернинг бошқа томонини кўрасиз. Бу мамлакатнинг Финляндия кўрфази қирғоғидаги гўзал ойнаси. Бу 18-асрнинг ғарбга қараган шаҳри. Бу архитектура тимсолидаги Европа маърифати. Чор Россияси даврида у император пойтахти эди.

1917 йилги рус инқилобидан сўнг, большевиклар пойтахтни Москвага кўчирдилар ва ҳокимият Кремлнинг баланд қалъалари ортига чекинди. Бу ҳимоя, шубҳа ва ҳатто қўрқув архитектурасидир. Россия етакчилари бу ердан ғарбга қараса, жануб ва ғарб томон юзлаб чақиримларга чўзилган текис, очиқ майдонни кўради. Табиий чегаралар йўқ.

Palace Square, St Petersburg, Russia

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Санкт Петербургдаги Сарой майдони
1px transparent line
The crenellated red walls of the Kremlin in Moscow

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Москвадаги Кремлнинг тишли қизил деворлари

1990 йиллар охирида Би-би-сининг Москвадаги мухбири бўлиб ишлаганимда, 1940 йилларда, болалигида немис қўшинларини Москва чеккасида кўрган бир ҳайдовчи билан танишгандим. Ҳар сафар у бизни Шереметево аэропортига олиб борганида, биз танкка қарши металл конструкциялар кўринишида ясалган ёдгорлик олдидан ўтардик ва у шундай дерди: "Улар мана шунчалар яқин келишганди".

Наполеон армияси ўтган асрга қараганда ҳам узоқроққа борган. Бу ўтмиш - ғарбий чегаралардан келадиган хавфни ҳис этиб туриш - Россия раҳбарларининг "яқин хориж" ҳақида қандай ўйлашига таъсир қилган.

"Яқин хориж" ҳақидаги яна бир суҳбатда бир дўстим менга қофияли тўртликни ўқиб берди. Рус тилида у чиройли қофияланади: "Товуқ ўзи қуш эмас, Польша чет элда эмас". Россиянинг ўз ғарбидаги бу давлатларда нимага ҳақдор эканлиги ҳақидаги тушунчаси халқ онгига сингган.

Ўша пайтда Москвадаги бир дўстим шундай воқеанинг гувоҳи бўлган. Ўша таниш такси ҳайдовчи дўстимни аэропортда кутиб олиб, қаердан келаётганини сўраган. "Мен дам олиш кунларини Прагада ўтказдим", деган дўстим. "Оҳ, Прага, - деган жавоб келди. - Жуда яхши. У бизники".

Аммо ундай эмасди. Тўққиз йил аввал Берлин девори қулаган ва Шарқий Европа халқлари энди "бизники" эмас эди.

Украинадан ташқари. Мамлакат номи русча "окраина" - "чекка" ёки "ўлка" сўзидан келиб чиққан. Путин уни қўшни давлат сифатида эмас, балки Россиянинг чегара ўлкаси сифатида кўради ва у Россияга қайтишини хоҳлайди.

Бунинг учун нима керак? Бундай бирлашиб қаршилик кўрсатган халқни қандай тинчлантириш мумкин? У бунга эришиш учун кўп ҳаракат қилиб юборди. Энди у бир нечта омил устида бош қотириши керак.

Биринчиси, унинг ўз қуролли кучлари ҳолатидир.

Smoke rises from a destroyed Russian tank in Ukraine, 26 February

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украина ҳудудида вайрон қилинган Россия танкидан чиқаётган тутун. 2022 йил 26 феврали

Иккинчиси, Украина мудофаасининг мустаҳкамлиги. Путин ҳақиқатан ҳам Украинадаги русийзабонлар унинг қўшинларини озод қилувчи сифатида кутиб олишини кутганми? У ҳақиқатан ҳам 2014 йилда москвапараст ҳукуматни ағдариб, ўрнига Ғарбга йўналган ҳукуматни келтирган қўзғолон Ғарбнинг фитнаси эканлигига ишонганми? Агар шундай бўлса, бу Кремль ўзининг "яқин хориж"ини қанчалик кам тушунишини кўрсатади.

Аммо унинг энг катта хатоси Ғарбнинг қатъиятини кам баҳолагани эди. Канцлер Шольцнинг сўзларига кўра, Ана шу нарса 2022 йилни ўша муҳим йиллардан бири - zeitenwende қилади.

Деярли бир кечада Германия дунёдаги ўз ўрнига муносабатини ўзгартирди. Яхши тарихий сабабларга кўра ўз вазнидан фойдаланишни истамаган ҳолда, у қаттиқ кучдан кўра юмшоқ кучни ишлатишни афзал кўрарди. Ҳозир эмас. У мудофаа харажатларини икки баравар оширишини эълон қилди ва Украинани уруш қуроллари билан таъминламоқда. "Ostpolitik" - Германиянинг узоқ муддатли сиёсати - ўзаро ҳамкорлик, айниқса савдо орқали тинчликка эришиш ҳам ўтмишда қолди.

Германия, бутун демократик дунё билан бирга, энди Россия газига қарамлигини тугатиш учун бор кучини сарфлайди. "Шимолий оқим 2" лойиҳаси тўхтатилган, бироқ ҳали бекор қилинмаган. Биз Россияни чиқариб ташлашга қаратилган глобал энергия тақсимоти харитасининг тубдан ўзгаришига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Россия жаҳон иқтисодиётига кучли интеграциялашган. Аммо энди у бутун дунё бўйлаб товар ва хизматлар учун тўловларни узатиш тизимидан узиб қўйилди. Унинг нефть ва газ каби саноат тармоқлари импорт қилинадиган товарлар ва бутловчи қисмларга боғлиқ. Тез орада ишлаб чиқариш тўхтайди. Иш берувчилар ўз ходимларини ишдан бўшатишлари керак. Ишсизлик ортиб боради.

Ғарб Россия Марказий банкига нисбатан санкциялар жорий этишини ҳеч ким кутмаганди. Рубль аллақачон қулади ва фоиз ставкалари икки баравар ошди. Ҳеч бир йирик иқтисод шу пайтгача бундай жазоловчи санкциялар пакетига учрамаган. Бу Россияни жаҳон иқтисодиётидан чиқариб юбориш билан баробар. Кўпроқ одам ишдан бўшатилади. Йирик саноат корхоналари ишини давом эттириш қийин кечади. Ишсизлик ортиб бораверади. Осмонга сапчиган инфляция жамғармаларни йўқ қилади.

Бу ҳолат ҳаммамизга таъсир қилади. Эҳтимол, бу Совуқ уруш тугаганидан кейин пайдо бўлган глобаллашган иқтисодиётнинг ортга қайтишидир.

АҚШ ва Европа Иттифоқи дунёни иккига бўлди. Россия билан савдо қилишда давом этаётган давлатлар ва компаниялар жазоланади - уларнинг бой дунё билан савдоси тўхтатилади.

Бу Россияни Ғарбдан ажратиб турадиган янги иқтисодий темир парда.

Кўп нарса Хитойнинг ушбу янги ландшафтга қандай муносабатда бўлишига боғлиқ. Хитой ва Россия Америка қудратини ёқтирмайди ва ҳар иккиси энг катта таҳдид қайта тикланаётган, янада бирлашган демократик дунёдан келади, деб ишонади.

Хитой Путиннинг заифлашишини ёки Ғарбнинг кучайишини хоҳламайди. Аммо Украинадаги уруш айнан шундай таъсир кўрсатди.

Vladimir Putin and Chinese leader Xi Jinping meet in Beijing, February 2022

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин Пекиндаги учрашувда. 2022 йил феврали

Баъзи Хитой кузатувчилари Пекин жаҳон иқтисодиётида муқобил макон сифатида алоҳида юань зонасини яратиш орқали долларнинг захира валютаси сифатидаги ҳукмронлигига қарши чиқишга уриниб кўради, деб ҳисоблашади, бу эса келгусида АҚШнинг Хитойга қарши санкциялар киритишга уринишларидан ҳимоялаши мумкин. Шундай қилиб, Путин уруши халқаро молиявий харитани қайта шакллантириши мумкин.

Лекин, энг аввало, бу жаҳон демократик давлатлари жаҳон авторитар режимларига қарши турадиган урушдир.

Бу, шунингдек, халқаро муносабатлар қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги икки қарама-қарши ғоя ўртасидаги урушдир.

Оксфорддан олим Тимоти Гартон Эшнинг айтишича, бу икки дунёқарашни икки сўз билан ифодалаш мумкин - Хелсинки ва Ялта.

1945 йилда Ялтада Сталин, Рузвелт ва Черчилл урушдан кейинги Европани "таъсир доиралари"га бўлди - Шарқий Европанинг кўп қисмини Россияга, Ғарбни эса Европа демократияларини тиклашни бошлайдиган трансатлантик иттифоққа.

"Хелсинки", аксинча, ҳар бири ўз иттифоқларини эркин танлайдиган мустақил суверен давлатлардан иборат Европани тасвирлайди. У 1975 йилдаги Хелсинки Якуний актидан келиб чиққан ва аста-секин Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига айланди.

Украина ҳимоячилари Хелсинки учун курашмоқда. Путин эса "Ялта"нинг Украина мустақиллигини йўқ қиладиган ва уни Россия ҳукмронлиги остида қолдирадиган замонавий версиясини жорий этмоқчи.

Гартон Эшнинг таъкидлашича, Ғарб Хелсинки қадриятларини ҳимоя қилишда жуда иккиланиб қолган, у Украинанинг келажакда номаълум санада НАТОга қўшилиш ҳуқуқини расман тан олади, аммо ҳатто буни ният қилмаяпти.

Аммо Украина президенти Владимир Зеленский Украинанинг НАТО аъзоси бўлишга интилишидан воз кечишга рози бўлиб, Хелсинки тамойиллари бўйича муросага келишга тайёрлигини кўрсатди. Барча хавф-хатарни ҳисобга олганда, бу Украина ўз давлатчилигини сақлаб қолиш учун тўлайдиган нарх бўлиши мумкин.

Short presentational grey line

Менинг тенгдошларим ядровий таҳдид даҳшати остида ўсди. Украина уруши бу қўрқувни жамоатчилик онгига қайтарди. Путин Россия ядровий арсеналидан фойдаланиш билан таҳдид қилди.

Бу 1962 йилдаги Куба ракета инқирозидан кейинги энг хавфли лаҳзага айланди. Ўшанда Совет Иттифоқи иттифоқчиси Кубага ядровий ракеталарни юборганди. АҚШ оролга денгиз орқали бостириб кириш учун кемалар флотини тўплаганди.

Америкаликлар билмас эдики, Советлар узоқ масофага учувчи стратегик ракеталардан кўпроқ нарсага эга эди. Уларда, шунингдек, жанг майдонида қўлланадиган кичикроқ тактик ядровий ракеталар ҳам бор эди. Совет ҳарбий доктринаси қарор қабул қилишни жанг майдонидаги қўмондонларга топширди.

Агар босқинчилик амалга оширилганда, ядровий зарбалар алмашинуви юз бериши турган гап эди.

Ўша пайтдаги АҚШ Мудофаа вазири Роберт МакНамара бу ҳақда 1991 йилда Совет архивлари очилгандан кейингина билган. Шундагина у дунё фалокатга қанчалик яқин эканини тушунди.

"Уруш туманлари: Роберт МакНамаранинг ҳаётидан ўн бир сабоқ" номли ажойиб фильмда у дунё қандай қилиб ўз-ўзини йўқ қилишдан қутулганини тушунтирди. Бу моҳир дипломатия эдими? Ақлли раҳбарлик? Йўқ.

"Омад, - деди у. - Бизга омад кулиб боққанди".

Хотирадан ўчиб кетаётган бу воқеалар ақлларни йиғиб олишга туртки бўлиши керак.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.