АҚШ истиҳбороти: Путиннинг ёнидагилар унга бор ҳақиқатни айтишга қўрқмоқда Putin Ukraina AQSh

Путин ва Шойгу

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Путин билан Россиянинг ҳарбий раҳбарияти ўртасида зиддият юзага келган, деб ҳисоблайди АҚШ истиҳборот хизматлари

Америка махсус хизматлари Владимир Путиннинг атрофидагилар унга нималар бўлаётгани ҳақида аниқ ва тўлиқ маълумот бермаётгани ҳақидаги ҳисоботни қисман ошкор қилди.

Оқ уйнинг коммуникациялар бўйича директори Кейт Бедингфилд журналистларга ҳисобот мазмуни ҳақида гапириб берди.

"Путин ва ҳарбийлар ўртасидаги таранглик"

"Бизга маълум бўлишича, Путин ўзини рус ҳарбийлари адаштирганини ҳис қилмоқда, бунинг натижасида Путин ва ҳарбий раҳбарият ўртасида давомли зиддият пайдо бўлган", дейди Бедингфилд.

"Биз маслаҳатчилар Путинга Россия армияси қанчалик самарали эканлиги ва Россия иқтисодиёти санкциялардан қанчалик зарар кўргани ҳақида нотўғри маълумот бераётганига аминмиз, чунки унинг катта маслаҳатчилари унга ҳақиқатни айтишдан қўрқади", дея қўшимча қилди у.

Бедингфилднинг сўзларига кўра, Байден маъмурияти Украина билан уруш Россия учун қандай стратегик хато иш бўлганини кўрсатиш учун бу маълумотни ошкор қилишга қарор қилди.

Кейт Бедингфилднинг қўшимча қилишича, ушбу маълумот манбалари ёки разведка ушбу маълумотни қандай усуллар билан қўлга киритганини ошкор этиб бўлмайди.

"Путин уруши стратегик хато бўлиб, Россияни узоқ муддатда заифлаштиради, жаҳон миқёсида тобора яккаланиб қолишига олиб келади", дейди у.

"Путин катта хато қилди"

Худди шундай фикрни Британия электрон разведкаси GCHQ раҳбари Жереми Флеминг ҳам билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Россия президенти Владимир Путин Украинага ҳужум қилишдан олдин ўз армиясининг ҳам, душманнинг ҳам кучини етарлича баҳоламаган ва энди унга ҳақиқий вазият ҳақида хабар беришдан қўрқишмоқда.

"Путин вазиятни баҳолашда жуда катта хатога йўл қўйди. Бизнинг фикримизча, Путиннинг маслаҳатчилари энди унга ҳақиқатни айтишдан қўрқяпти", деди чоршанба куни Канберрадаги Австралия Миллий университетида Жереми Флеминг.

"Бу Пентагонда хавотир уйғотмоқда"

Пентагон матбуот котиби Жон Кирби журналистларга АҚШ ҳарбийлари Оқ уйнинг Россия президенти Путиннинг Украинадаги воқеалардан яхши хабардор эмаслиги ҳақидаги баҳосига қўшилишини айтди.

Пентагон бу аҳволдан хавотирда, деди Кирби.

Открытки с Путиным

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Пентагон хавотирича, Путиннинг яхши хабардор эмаслиги музокараларда нотўғри қарорларга етаклаши мумкин

"Бу унинг армияси. Бу унинг уруши. У шуни танлади... У ўз қўшинлари Украинада қай даражада муваффақиятсизликка учраганини тўлиқ тушунмаслиги мумкинлиги баъзи хавотирларни уйғотади", деди Кирби.

Пентагон вакилининг сўзларига кўра, Путиннинг вазиятдан тўла хабардор эмаслиги можарога барҳам бериш бўйича музокаралар чоғида хато қарорларга олиб келиши мумкин.

"Агар у ўзининг аҳволи чатоқлиги ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмаса, унинг музокарачилари қандай келишувга келади?" деди Кирби.

Нега разведка сукут сақламади?

Путин ва Шойгу

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Пандемия оқибатида Путин билан бевосита мулоқот қилиш мушкуллашди

Ўз-ўзидан хулоса шуки, Путин жуда оз одам билан мулоқот қилади ва кам сонли одамларга ишонади, улар ҳам эскидан яқин бўлган куч ишлатар тизим раҳбарлари, янгилар йўқ, Ковид 19 пандемияси вақтида унинг атрофида жорий қилинган карантин буни янада зўрайтирган.

Бироқ яқинда Америка матбуотида бир неча марта, Ғарб разведка идоралари ҳақиқатан ҳам Путин атрофида нималар бўлаётганини аниқлаш йўлини топгани ҳақида мақолалар пайдо бўлди.

Байден маъмурияти ўтган кузда билганларини мунтазам равишда нашр эта бошлади, уларнинг бир қисми Украинага тўлиқ миқёсли босқин тайёрланаётгани ҳақидаги кўплаб ва охир-оқибат тасдиқланган огоҳлантиришлар эди.

Одатда, разведка олинган маълумотларни - турли сабабларга кўра, шу жумладан - манбаларни ҳимоя қилиш учун оммага ошкор қилмайди. Аммо бу ҳолатда, олинган маълумотлар урушнинг олдини олиш мақсадида оммага эълон қилинди.