Ватанга қайтаётган минглаб Ўзбекистон ва Марказий Осиёлик мигрантлар нима иш қилади? - Россия, Украина

Мигрантлар

Сурат манбаси, Screenshot

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Россия Украинага бостириб киргач, Ғарб томонидан мисли кўрилмаган санкциялар қаршисида қолди. Россиядаги кўплаб ғарб ширкатлари фаолиятини тўхтатиб, мамлакатдан чиқди.

Сўнгги ўзгаришлар бу мамлакатда фаолият юритаётган миллионлаб Марказий Осиёлик мигрантларнинг ҳаётида ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Ҳар йили қиш сўнггида минтақадан Россияга қараб оқадиган меҳнат миграция оқими тескари кўриниш олди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўтган йили Россияга ишлаш учун 3 миллион меҳнат муҳожири келган Ўзбекистонда мигрантларнинг қайтишига ҳукумат миқёсида тайёргарлик кўрила бошлади.

Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига ватанга қайтган меҳнат мигрантлари учун қурилишларда қўшимча 100 минг иш ўрни яратиш бўйича топшириқ берди.

Россия Украинага бостириб киргандан бери Ўзбекистонга қанча меҳнат муҳожири қайтгани ҳақида расмий маълумотлар йўқ.

Бироқ Сирдарё ва Наманган вилоятлари ҳокимлари қарийб 19 минг меҳнат мигранти қайтиб келгани ва уларнинг сони яна ошиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Телеграм каналида ўтказган сўровномада қатнашган респондентларнинг ярмидан кўпи Ўзбекистонга қайтмоқчи эканлиги ёки рубл курсига қараб қайтиши мумкинлигини билдирган.

Ўзбекистон

Сурат манбаси, Screenshot

Алоқадор мавзулар:

Нафақат ўзбекистонлик, балки, Россиядаги Қирғизистон ва тожикистонлик мигрантларнинг ҳам аҳволи қийинлашиб қолгани айтилади.

"Ўғлим 2014 йили Россияга талаба бўлиб кетганди. Ҳозир етказиб бериш хизматида такси ҳайдайди. Унинг айтишича, ҳаммаси яхши кетаётганди. Аммо охирги ҳодисалардан кейин аҳвол ёмонлашган. Камроқ пул юборяпти", дейди тожикистонлик Наргиз Муҳаммедова.

"Муаммо шундаки, бир кун иш бўлса эртаси куни йўқ. Пулини баъзан вақтида тўлашади, баъзан кечикади", дейди Тожикистондан Зулфия Аминова.

Россияда бир муддат ишлаб Тожикистонга қайтган Имомали Сафаров тожикистонлик мигрантлар Европага бориш йўлларини қидириши кераклигини айтади.

"Мен 30 йилдан бери Россияга ишлаш учун борадиган мигрантлар билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, бугунги Россияни олдингиси билан қиёслаб бўлмайди. Аҳвол жуда оғирлашмоқда, ишлаш қийин бўлиб кетган. Биз Европага борадиган йўлларни қидиришимиз керак. Яқин келажакда Россияга ишга боришни тўхтатишимиз лозим".

Қирғизистон

Сурат манбаси, Screenshot

Чинархон Сидиқова Россиянинг Новосибирск шаҳрида Қирғиз диаспораси уюшмаси фаолларидан бири, у энди Бишкекка қайтган.

"Кўпчилик қайтади. Қирғизистонда аллақачон 100 минг ишсиз бор. Агар улар қайтишса қаерда ишайди, бола-чақасини қандай боқишади?"

Ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад Ўзбекистонда ҳукумат томонидан мигрантларнинг қайтишига кўрилаётган чоралар етарли эмаслиги ва жамоат ташкилотлари ҳам бу борада ҳаракат қилаётганини айтади.

"Тошкент шаҳар прокурори бизга Тошкент шаҳридаги 20 мингга яқин бўш иш ўринларини рўйхатини берган. Биз уларни танлаб олиб, ўзимизнинг мигрант каналимизга эълон қилмоқчимиз. Яна бир ҳаракат бўляптики, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирлиги, Япония, Корея каби мамлакатларга муҳожирларни онлайн ва оффлайн ўқув курсларида тайёрлаб юбормоқчимиз. Ҳиндистоннинг Global халқаро корпорацияси билан биргаликда 80дан ортиқ йўналиш бўйича муҳожирларни тайёрлаш бўйича ишлар амалга оширилган", дейди migrant.mobi портали асосчиси Ботиржон Шермуҳаммад.

Одамлар

Сурат манбаси, Screenshot

Меҳнат мигрантлари юборадиган пул ўтказмалари Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги миллий Ялпи Ички Маҳсулотнинг салмоқли қисмини ташкил этади.

Ташқи миграциядан Ўзбекистон иқтисодига келаётган пуллар мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизини ташкил қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek