Туркия, ўзбек мигрантлар: Доллар ошиб, лира қадрсизланди, ўзбеклар нима қилишмоқда? Video Turkiya O‘zbekisto dunyo yangiliklar

Турк лираси
Сурат тагсўзи, Иқтисодчилар турк лирасининг бу қадар кескин қадрсизланишига Туркия президентининг сўзлари сабаб эканини айтишмоқда
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Кечаётган ҳафтада турк лирасининг 2001 йилдан буён бир кун ичида энг кескин қадрсизланиши қайд этилди.

Иқтисодчилар бу санани Ражаб Тойиб Эрдоғаннинг 22 ноябрь кунги баёноти билан боғлашмоқда.

Президентнинг "Валюта курсининг ошиши бандликни оширади", деган сўзлари ортидан доллар/TL курси 13,46 даражасига чиққан.

Туркия энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлган дунёнинг тўртта давлатидан биридир.

Турк лираси инқирози мамлакатдаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳаётида қандай акс этмоқда?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистонлик мигрант
Сурат тагсўзи, Ҳозир ҳатто Қозоғистонда ҳам Туркиядагидан кўра кўпроқ пул топиш мумкин, дейди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз

Истанбул шаҳрида ишлаётган жиззахлик муҳожир Бекназар Раҳматов билан айни пайтда у ердаги ўзбекистонликларнинг ҳаёти қандай кечаётгани ҳақида суҳбатлашдик.

Бекназар Раҳматов: Туркияда деярли ҳамма жойда иш ҳақи ўз миллий валютаси - ТЛ, яъни турк лирасида берилади. АҚШ долларида маош оладиганлар саноқли.

Туркиядаги ўзбекистонликларнинг юздан уч-тўрт фоизигина долларда маош олишлари мумкин.

Ўзбекистонлик мигрант дейлик, ўтган йили 3000-3500 лира маош олган бўлса, бу ой ўтган йилги ойлигини долларга айлантирганда, 80-90 долларга жуда катта фарқ бўлаяпти.

Бир-икки йил олдин уйига ойига 300-400 доллар юборган ўзбеклар 250-280 доллар орттириб жўнатишаяпти.

Истанбул
Сурат тагсўзи, Туркия энг катта сондаги ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида бўлган дунёнинг тўртта давлатидан биридир

Би-би-си: Турк лираси қадрсизланиб бораркан, ўзбекистонликлар ишлаш учун нега Туркияга кетишда давом этишмоқда?

Бекназар Раҳматов: Ўзбекистондаги иш ҳақига масалан, текстиль иши ёки официант каби оддий ишчини иш ҳақини сўмдан долларга "чақсангиз" ва турк лирасидаги маошини долларда ҳисобласангиз, барибир Туркиядаги иш ҳақи Ўзбекистондагидан 2-3 баробар юқорилиги кўринади.

Масалан, Ўзбекистондаги ишчи фабрикада 800 минг сўм ёки энг кўпи билан 1 ярим млн сўм (140 долларча) иш ҳақи олса, , Туркияда энг камида 300-350 доллар маош олиб, уйига 200 доллар жўнатади.

Ўзим Ўзбекистонда 10 йил давомида кутубхоначи бўлиб ишлаганман. Ойлигимнинг энг юқорига чиққани 1 млн 800 минг сўм бўлди.

Бу пулдан ижара, озиқ-овқат, кундалик харажатлардан орттириш жуда қийин бўлади.

Бир ойга ортиқча сарф-харажатларсиз етади, аммо уйда кимдир бетоб бўлиб қолса ёки тўй-маърака бўлиб қолса, бу ойлик билан одам шошиб қолади.

Ўйлайманки, менга бу ойлик етмаган бўлса, умуман ишсиз юрганлар нима қилишаркин?

Яширишнинг ҳожати йўқ - бунинг ортидан Ўзбекистонда Камбағалликка қарши курашиш вазирлигими, агентлигими, очилди.

Тасаввур қилинг, ҳаракат қилса ҳам 100 доллар ишлаб топа олмайдиган ўзбекистонлик, тожикистонлик ёки туркманистонлик учун Туркияга келиб ишлаш, ҳам 300-350 доллар маош олиш, ҳам яхши еб-ичиб, яхши кийиш, булардан орттириб уйига 200 доллар пул юбориш албатта, маъқул.

Ҳар қандай имконияти бор инсон шундай таққослаб, маъқулини танлаган бўларди.

Шунинг учун Туркияда доллар курси кўтарилиб кетса ҳам, яшаш тарзи яхшилиги, ишчига талаб борлиги учун бу ерга келишда давом этаверишади.

Истанбул
Сурат тагсўзи, Туркия Ўзбекистон билан мунтазам рейслар энг фаол давлатлардан бири бўлади

Би-би-си: Туркия меҳнат бозори ўзбекистонликларни нимаси билан жалб этаяпти ва у мигрантларни ўзида ушлаб қола олаяптими?

Бекназар Раҳматов: Баъзилар русчадан кўра, турк тилини ўрганиш осон деб билади.

Баъзи ҳолларда бу ерда ўзбек аёллари кўп бўлгани учун турмуш ўртоғи, ака-укаси ё ўғлини ишга чақиради.

Туркияда аёлларга иш ҳақи Россияга қараганда, юқори. Ҳамма жойда деб бўлмайди, аммо юз минг аёл Туркияда, юз минг Россияда бўлса, Туркиядагиларнинг иш топиши осон.

Бу ерда аёллар учун иш ҳам, аёл ишчиларга талаб ҳам кўп.

Россияда эса эркак ишчиларга талаб юқори.

Ҳозирда бу ердан ўз танишларимиз орасида кунига 3-4 киши Россияга ишга кетишаяпти.

Пандемия даврида Россия ёпиқ бўлгани учун Туркияга келишган, бу ерда иш ҳақини кўришган, Россияда нисбатан юқорилиги учун у ерга қайтиб кетишаяпти.

Ҳатто Қозоғистонда ҳам бу ердагидан кўра кўпроқ пул топиш мумкин.

Ўзим бу ердан Россия, Қозоғистон, Украина, Беларусга ишга кетган эркакларни кўп кўрганман.

Ҳамма ўз ишидан келиб чиқиб фикр билдиради.

Масалан, мен авиачипта сотганим учун мени назаримда худди ҳамма ўзбеклар четга чиқиб кетаётгандек кўринади. Ёки шифохонага борсангиз, ҳамма ўзбек касалдек бўлиб кўринади.

Айтганимдек, асосан Россиядан депортация бўлганлар ёки аёл қариндошларини орқасидан бу ерга келган эркаклар бор.

Истанбул
Сурат тагсўзи, Айни пайтда Туркияда 50 мингдан ошиқ ўзбекистонликлар расмий мақомга эга

Туркияга ўзбек ёки бошқа миллатларни тортадиган омил - диний эркинлик.

Инсон кийими, соч-соқоли, эътиқоди учун таъқиб қилинмаслиги, ташқи кўриниш ишга кириш учун монеълик бўлмаслиги, диний таълимларга имкониятлар кўплиги учун ҳам кўп давлатлар фуқаролари яшаш учун бу мамлакатни танлашади.

Би-би-си: Айни пайтда Туркияда 50 мингдан ошиқ ўзбекистонликлар расмий мақомга эга. Норасмий юрганлар, ҳужжатсиз ишлаётганлар сони бир неча баробар кўплиги айтилади. Нима учун кўплаб ўзбекистонликлар Туркияда ноқонуний юришни афзал кўришади?

Бекназар Раҳматов: Туркияда Ички ишлар ва ҳавфсизлик хизматлари ходимларининг хорижлик фуқароларга муносабатлари яхши, миллат ажратишмайди.

Бу ер - туристик мамлакат, йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.

Улар орасида ҳужжати бор-йўғини ажратиш жуда қийин бўлса керак.

Аммо ноқонуний муҳожирликка қарши рейдлар ўтказилиб турилади.

Истанбул
Сурат тагсўзи, Суҳбатдошимизга кўра, Туркияга ўзбек ёки бошқа миллатларни тортадиган омил - диний эркинликдир

Метроларда мигрантларнинг ҳужжатларини текширилди.

Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ, ўзим текширувларнинг кўп гувоҳи бўлганман.

Аммо ҳужжат бўлмаса, ҳар доим ҳам маҳкамага олиб бориб, Ўзбекистонга депортация қилаверишмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek