Ўзбекистон: Нега инсонлар Human бандлик агентлиги орқали хорижга ишга кета олмадилар?

Агентликка пул тўлаган кишилар

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

23 сентябрь куни ўнлаб ўзбекистонликлар Европа давлатлари, жумладан, Германия, Чехия, Туркия каби мамлакатларга ишга юбориш ваъдаси билан ўзларидан "35 миллион сўм"дан пул олган Human хусусий бандлик агентлиги билан юзага келган баҳсли вазият бўйича Би-би-си Ўзбек хизматига мурожаат қилди.

Фуқароларнинг даъвосига кўра, Human бандлик агентлиги уларни хорижга ишга юбориш ваъдаси билан маълум миқдорда (35 миллион сўмга қадар) ҳақ олган, аммо шартномада кўрсатилган муддат якунига етса ҳам, ҳеч ким ишга юборилмаган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси тарқатган хабарномада мазкур вазиятга шундай изоҳ берилади:

"16 сентябрь куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИО ФМБга жамоавий ариза келиб тушди.

Жами 52 кишидан ташкил топган ва республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишларича, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган "Ҳуман" бандлик агентлиги" МЧЖ билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган. Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда "Ҳуман" бандлик агентлиги" МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачидан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган".

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган фуқаролар мамлакат бўйлаб "мингга яқин" инсон агентлик билан шартнома тузгани ва уларнинг ҳеч бирига кўрсатилган муддат ичида хориждан иш топиб берилмаганини билдиради.

23 сентябрь куни эрталаб ушбу масаланинг "имкон қадар тезроқ ва ижобий" ҳал этилишини истаган юзга яқин фуқаро пойтахт марказида йиғилган ва, кейинроқ, даъволарни расмийлаштириш мақсадида арздорлар Яккасарой ички ишлар бўлимига олиб борилган.

Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги 18 сентябрь куни "Human хусусий бандлик агентлиги" МЧЖга "Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун берилган лицензиянинг амал қилиши 10 иш куни муддатига тўхтатилгани"ни эълон қилган.

Расмий хабарномада кўплаб фуқаролар томонидан норозилик мазмунидаги мурожаатлар келиб тушганлиги ва ушбу мурожаатлар ўрганиб чиқилганда фуқаролар "Human хусусий бандлик агентлиги" МЧЖга тўлаган пулларини қайтариб олиш юзасидан бир қатор муаммоларга дуч келганлиги аниқлангани" тўғрисида сўз боради.

Аммо шикоятчилардан бири Шукрулло Хакимовнинг Би-би-сига маълум қилишича, фуқаролар 23 сентябрь куни Human бандлик агентлиги билан юзага чиққан ихтилоф бўйича Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилган ва улар вазирлик вакилидан қониқарли жавоб ололмаган.

"Биз бу агентликка Меҳнат вазирлиги лицензия берганидан унга ишонган эдик. Бизни чиндан хорижда ишга жойлаштириб қўя олади, деб ўйлагандик, лекин вазирлик вакиллари бизга берган жавобдан қониқмадик", дейди фуқароларнинг умумий 22 миллиард сўмдан ортиқ маблағи қайтариб берилмаётганини таъкидлаган Шукрулло Хакимов.

Унинг сўзлашича, Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзи лицензия берган хусусий бандлик агентликлари ишига аралаша олмаслигини билдирган.

"Агентликлар ишига аралаша олмаса ҳам, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиб туриш мумкинку? Бугун бизнинг пулимизни қайтариб беришмаяпти, эртага шундай агентлик минглаб ўзбекистонликларни алдаб, хорижда қулликка сотиб юборса ҳам, вазирлик уларнинг ишига аралашмай тураверадими?" деган саволни ўртага ташлайди суҳбатдош.

Би-би-си мазкур масала юзасидан аниқроқ изоҳ олиш мақсадида Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги билан боғланди. Вазирлик вакили бу борада тез орада расмий изоҳ берилишини айтди.

Шунингдек, хусусий бандлик агентлигидан ўн миллионлаб пулини қайтариб ололмаётган фуқаролар давлат идоралари уларнинг шикоятини ўрганиш бўйича масъулиятни ўз бўйнидан соқит қилишга интилаётганидан арз қилади.

"Ҳеч қайси идора бизни эшитишга рўйхушлик бермаяпти. Бу ишни ҳал қилиш бизнинг ваколатимизга кирмайди, деган гапдан бошқасини айтмаяпти", дейди фуқаролардан бири.

Фуқаролар ўзларининг истаги пулларини қайтариб олиш экани, агар пуллар қайтарилса, Human бандлик агентлиги раҳбарига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтадилар.

Бундан ташқари, улар ўзларининг ягона умиди Президент Шавкат Мирзиёевдан эканини ҳам таъкидлайдилар.

Бандлик ва Меҳнат муносабатлари вазирлиги 14 август куни республика ҳудудида 61 та хусусий бандлик агентлиги фаолият юритаётгани ва уларнинг айримлари кўрсатилаётган хизмат учун фуқаролардан олдиндан 100 фоиз тўловларни амалга оширишни талаб этиб, пировардида, ишга жойлаштириш хизматлари кўрсатилмай қолаётгани тўғрисида хабарнома тарқатган эди.

Шу сабабдан вазирлик баъзи хусусий бандлик агентликлар фаолияти юзасидан текширув ўтказилиши ва "текшириш якуни бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган хусусий бандлик агентликларининг лицензиясини тўхтатиш, тугатиш, бекор қилиш масаласи кўриб чиқилиши" ҳамда "Низом ва Битим талабларини бузган хусусий бандлик агентликлари бўйича тўпланган ҳужжатлар ва маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилиши"ни маълум қилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek