Тошкент ва сиёсат: Ўзбек ҳукумати нима қилиши керак?

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Миллиардлаб долларлик ҳуқуқсизлик

2018 йилда хориждан Ўзбекистонга юборилган расмий пул ўтказмалари 5 млрд АҚШ долларни ташкил этган.

Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев матбуот анжуманида маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатдаги ҳар қандай соҳа экспорт тизимидан кўра кўп кўрсатгичдир.

«Айни пайтда хорижда 2,6 млн Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилишмоқда, улардан 83 фоизи Россияда, бу 2 млндан зиёд кишидир», дея таъкидлади вазир.

Россия Федерацияси Марказий Банки маълумотига кўра, 2018 йил якунига кўра, Россиядан МДҲ давлатларига пул жўнатмалари ҳажми бўйича Ўзбекистон етакчилик қилиб турибди.

Ўтган йил давомида Ўзбекистонга 4,082 млрд доллар миқдорида пул юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистон меҳнат муҳожирлари сони жиҳатидан ҳам Россияда етакчи.

Россия Федерацияси ИИВ маълумотига кўра, 2018 йилда 4,5 млн Ўзбекистон фуқаролари миграция қайдига қўйилган, 3,25 млн эса рўйхатдан чиқарилган.

Таҳлилчилар Россия ҳудудида ноқонуний юрган муҳожирларни ҳисобга олса, бу рақам икки баробарга кўп бўлиши мумкинлигини тахминлашади.

500 доллар учун дам олиш кунисиз иш

Мигрантлар

Сурат манбаси, courtesy

Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг катта қисмини 17 ёшдан 45 ёшгача бўлган эркаклар ташкил этади.

Улар асосан қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади.

Марказий осиёлик, айниқса ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг меҳнат ҳуқуқлари ҳимояланмаган, аксар ҳолларда улар кунига 12 соатлаб, дам олиш кунларисиз ишлашади ва бунинг учун ҳеч қандай қўшимча ҳақ ёки имтиёзлар берилмайди.

Меҳнат шартномаси билан ишлаётган меҳнат муҳожири ҳам ижтимоий ҳимояга эга эмас.

Муҳожирнинг иш ҳақи дейлик, ўртача хисобда Москвада 500 долларни ташкил этади.

Муҳожир ўз ҳаражатлари (патент солиғи, еб-ичиш ва турар жой ҳақи) дан орттириб, ҳар ойда оиласига ўртача 250-300 доллар юбораётир.

Мигрантлардан юртга бораётган валюта ҳануз мамлакат валюта тушумида салмоқли улушни ташкил этмоқда.

Муҳожирларнинг кўпчилиги «Ватанимда иш бўлса, келмас эдим» дейишади.

Аммо иш ўрнига эга бўлган ўқитувчи ёки ҳамшира кабиларни ҳам меҳнат муҳожирлигида кўриш мумкин.

Уларнинг баъзилари иш ҳақи озлиги учун келганликларини айтишса, баъзиси «иш билан таъминланди деган ном учун 0,25 ставкада ишлашга мажбур бўлган»лигини айтади.

Асосий муаммо - ишсизлик

Айни пайтда Ўзбекистонда 1 миллион 391минг нафар киши ишсиз. Улардан 16 минг нафарига ишсизлик нафақаси тўланади.

Ўзбекистоннинг 19 миллион аҳолиси ишга яроқли ҳисобланади. Шундан 13 миллион 400 минг киши расмий ва норасмий равишда иш билан таъминланган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолиси сўнгги 5 йилда йилига 540 минг кишига ортган.

«Бундай ўсиш суръати ва ҳозирги ишсизлик даражасида яқин эллик йилда мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли бўлган барча аҳолисини иш билан таъминлаш эҳтимоли ҳам йўқ», деб ёзади мустақил журналист Карим Баҳриев.

Ўзбекистонда иш ўринлари кўпайтирилиб, меҳнат муҳожирларининг ватанига қайтиб ишлашига умид қилса бўладими?

«Бу имконсиз ва бунга интилиш ҳам шарт эмас», дейди журналист.

Карим Баҳриев Ўзбекистондаги миграция билан боғлиқ вазиятни қуйидагича таҳлил қилади.

«Тасаввур қилинг, ҳар йили ярим миллионга кўпаяди аҳолимиз. Реал рақамларга қарасак, уларнинг ўндан бирига янги иш ўринлари яратилмоқда. Яқин ўн йилда кўпайиш суръати сақланганда ҳам олти-етти миллион одам дунёга келади. Ҳозир четда ишлаётган 5-7 миллионни қўшсак, 12 миллиондан зиёд кишига иш ўрни яратиш имкони борми?

Биринчидан, шунча ишчи ўрни яратиш учун астрономик миқдорда сармоя керак ва ҳар қадамда завод ва фабрикалар қурилиши шарт»

Россия Ўзбекистон иқтисоди учун ягона нажотми?

Мигрантлар

Сурат манбаси, courtesy

Ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлиги учун Россиядан ташқари Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея, Чехия, Польша, Араб амирликлари каби давлатларга йўл олмоқда.

Аммо хорижга чиқиш учун виза тартиби ва бошқа қўшимча ҳаражатларнинг йўқлиги боис, ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун Россия энг яқин ва энг катта меҳнат бозори бўлиб қолаётир.

Ўзбекистонлик муҳожирлар ватанига юбораётган маблағдан ташқари Россия бюджетини ҳам бойитишмоқда.

Ўтган йили Россия Федерацияси бюджетига мигрантлардан тушган маблағ 57 миллиард рублни ташкил этган. Унинг салмоқли улуши ўзбекистонликларга тегишли.

Меҳнат муҳожирларининг аксари қийин шароитларда яшашмоқда. Кунига 10-12 соатли оғир ишларда банд бўлган ҳолда, ўз ҳаражатларини қисиб, пул оттириб, ватанда улар юборадиган пулга кўз тикиб ўтирган оилаларини боқишмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги меҳнат мигрантларига нисбатан муносабати илиқлашди.

Марҳум президент Каримов «дангасалар» дея «жирканиши»ни айтган муҳожирларни амалдаги президент «фарзандларимиз» деб атади.

Россия ва Ўзбекистон орасида миграция бўйича ҳукуматлараро келишув имзоландиди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москвада ваколатхонаси очилди, оғир аҳволга тушиб қолган муҳожирлар юртга қайтарила ва ҳорижда вафот этган ўзбекистонликларнинг жасади ватанига транспортировка қилина бошланди.

Аммо булар ўзбекистонликларнинг Россияда айнан яшаш ёки меҳнат шароитининг яхшиланишига ўз таъсирини кўрсатмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek