Ўзбекистон, Россия, миграция: Ўзбекнинг энг катта ташвиши четга чиқишми?

Сурат манбаси, Getty Images
Ички ишлар вазирлиги тақдим этган расмий маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар энг кўп биометрик паспорт ва хорижга чиқиш паспортини олиш мақсадида мурожаат қилмоқдалар.
Вазирликнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари шанба-якшанба - дам олиш кунлари ҳам фуқароларга хизмат қила бошлади ва матбуот хизмати ҳар дам олиш кунларида неча кишининг оғири енгил қилингани ҳақидаги ахборотни тарқатмоқда.
Охирги бир ойда кўрсатилган хизматлар статистикасидан, ўзбекистонликлар учун даромад топишнинг энг мақбул йўли ҳамон Россияга кетиш бўлиб қолаяпти, деган хулосага келиш мумкин.
Ички ишлар вазирлигининг Telegramдаги расмий канали - https://t.me/iivuz хабар қилишича, 20-21 июль кунлари 5594 киши биометрик паспорт ва хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш юзасидан ҳужжат топширганлар.

Сурат манбаси, .
27-28 июль кунлари 20067 киши ички ишлар органларига мурожаат қилганлар, уларнинг 4285 нафари биометрик ёки "загран" паспорт олишни истаган, 7444 киши паспортини олган.
3-4 август кунлари мурожаат қилган 19815 фуқаронинг 7758 тасига, 10-11 августда мурожаат қилган 16785 инсоннинг 4871 тасига паспортлар тақдим этилган.
17-18 август кунлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига 16551 киши мурожаат қилган.
Улар орасида 3168 киши паспорт олишни истаган, аввал мурожаат қилганлардан 6082 фуқаро тайёр паспортларини олган.
Шу кунларда илк бор Россия Федерал Хавфсизлик хизмати бу мамлакатга ишлаш учун борган хорижликларга оид маълумотларни эълон қилди.

Сурат манбаси, https://t.me/iivuz
Ушбу маълумотларга кўра, 2019 йил бошидан Россияга 918 минг Ўзбекистон фуқароси вақтинча ишлаш учун борган.
Президент Мирзиёев қудратга келганидан буён оддий ўзбекистонликлар учун яшаш шароитини яхшилаш, янги иш ўринларини барпо этишни ўзининг устувор мақсади эканини эълон қилган.
Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар, ҳаётга татбиқ этилаётган Ҳаракатлар Стратегиясининг ҳам асосий мақсадларидан бири - оддий ўзбекистонликлар учун мамлакатнинг ўзида ишлаб ўз оиласи эҳтиёжини қондирадиган даромадга эга бўлиш шароитини яратиш деб кўрилади.
- Россия, мигрантлар қамоқхонаси: жиноятчи бўлмаган "маҳбус"ларнинг тақдири кимнинг қўлида?
- Россия, Ўзбекистон, мигрант: Ўзбек ҳукумати ишга юборган мигрантлар ойлик ололмай, Москвада иш излашмоқда
- Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси: янги ташкилотдан янги умидлар
- Россия-Ўзбекистон: 2018 йил мигрантлар учун нега оғир келди?
- Ҳаётини хатарга қўйиб оила боқаётган ўзбек муҳожир
Шу мақсадда ёшларни иш билан таъминлаш, ўзларини ўзлари банд қилиш мақсадлари кўзда тутилган "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурлари қабул қилинган.
Аммо бу дастурлар билан ҳам бугунги замонавий оиланинг эҳтиёжини қондирадиган маошли иш жойларини барпо этиш осон бўлмаяпти.
Агар бир вилоятдаги ишсизларнинг сони 100 минг бўлса, барпо этилган иш ўринларининг сони атиги бир неча мингни ташкил этаяпти.
Шундай бир шароитда ойига 300, 500 АҚШ долларига тенг маош ваъда қиладиган Россия ҳунари, малакаси йўқ ўзбекистонликка жозибали туйилаётгани табиий.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

















