Туркия: Лира кескин қадрсизланди – ўзбекистонликлар нима қилишмоқчи? Turkiya, O‘zbekiston, Мирзиёев, dunyo, yangiliklar

Истанбул

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY

Туркия: Лира кескин қадрсизланди - ўзбекистонликлар нима қилишмоқчи? Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Кечаётган ҳафтада турк лираси АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада қадрсизланди.

Эрдўғаннинг Натодаги йирик иттифоқчилари ва йирик савдо ҳамкорлари билан орасининг қочиши, глобал коронавирус пандемияси ўз сўзини айтмай қолмади.

Ётиримчилар Туркиянинг Ливия, Сурия, Кипр ва Кавказ - Тоғли Қорабоғдагидаги хатти-ҳаракатларидан жиддий безовта.

Сармоячилар булар барчасининг Туркия иқтисодига таъсиридан ташвишга тушишаркан, мавжуд ҳолат турк лирасининг кескин қадрсизланишига олиб келди.

Туркияда инфляциянинг кучайиши ва мамлакат Марказий банкининг асосий фоиз кўрсатгичини кўтаришдан бош тортиши ҳам бунга қўшимча бўлди.

Туркия ўзининг миллий пул бирлигини ҳимоя қилиш учун миллиардлаб АҚШ долларини сотди, валюта заҳираси жиддий қисқарди.

Энди, бу йил иқтисоди секинлашиши мумкин, деган хавотирлар ҳам бор.

Туркия ўзбекистонлик меҳнат мухожирларининг катта қисми учун даромад манбаи бўлиб келади.

Туркиядаги ўзбекистонликлар сони ўн минглаб экани айтилади.

Уларнинг орасида оилавий бўлиб меҳнат муҳожирлигига юз тутганлари ҳам оз эмас.

Шундай экан, мавжуд вазият Туркияда яшаб, меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган, турли иш ва юмушда банд ўзбекистонликларнинг тирикчилиги, даромадига қандай таъсир қилди ва қилмоқда?

Феруза Шокирова, Ўзбекистон - Туркия

Feruza Shokirova

Сурат манбаси, facebook

Туркиядаги энг катта сондаги ўзбекистонликлар эса, айнан Истанбул шаҳрига тўғри келади.

Улар асосан дўкон, бозор, турли хил емакхоналар ва карго хизматларида ишлашади.

Истанбулда бўлган ўзбекистонлик бир меҳнат муҳожири эса, ойига ўртача $300-$500 АҚШ доллари миқдорида даромад қилади.

Яшайди, еяди, ичади, орттириб, яна ортга - Ўзбекистондаги яқинларига ҳам пул жўнатади.

Туркия лирасининг кескин қадрсизланиб бораётгани, албатта, бу ерга ишлаш учун келган Ўзбекистон фуқаролари тирикчилиги, даромадига ҳам салбий таъсир ўтказмоқда.

Маълумки, ўзбекистонликлар ватанларига асосан АҚШ долларида пул юборишади. Айнан ушбу валюта сўнгги пайтларда яна қимматлашиб бормоқда. Бу ҳолат Туркияда, айниқса, шу - ўтаётган ҳафтада рекорд даражага чиқди.

Турк лирасининг кескин қадрсизланиб бораётгани ҳозир Туркиядаги Ўзбекистонлик меҳнат мухожирларини энг ўйлантираётган масалалардан бирига айланган.

Турк иш берувчилари маошни асосан миллий валюта - лирада тўлашади.

Бундан бир неча йил олдин ватандошларимиз олган ойлик маошларини долларга айлантириб, ортга мўмайгина пул жўната олган бўлишса, бугунга келиб даромадлари деярли ярмига камайди.

Ишлагани келган бир ватандошимизнинг айтишича, бундан ўн йил муқаддам бир қариндошининг тавсияси билан Туркияга келган.

Ўша пайтда баъзилар ҳатто долларда маош олишарди. Хозир долларга иш топиш деярли имконсиз. Лирага олган маошингиз бу ой дейлик, $400 бўлса, икки ой ўтгач $300 га тушиб кетиши ҳеч гап эмас, дейди у.

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Туркияда курьер бўлиб ишлаётган яна бир ватандошимиз билан вазият юзасидан суҳбатлашганимизда эса, у вазият шундай давом этса, ҳатто, Ўзбекистонга қайтиб кетишини айтди.

"Ҳеч бир ўзбек Туркияда доллар курсининг кўтарилишидан хурсанд бўлмаса керак. Шахсан мен вазият бундай давом этса, Ўзбекистонга қайтиб кетаман. Ўзимизда бу ерда топганимнинг ярмини топсам ҳам, шуниси маъқул", - дейди у.

Туркияда бугунги кунда энг кам иш ҳаққи 2324 турк лирасини ташкил этади. Агар, бугунги курс билан айтадиган бўлсак, бу $279 АҚШ долларига тўғри келади.

Бу миқдордаги лирани эса, бундан беш йил олдин тахминан $600 долларга алмаштирса бўларди.

Яна бир ватандошимиз суҳбатда иш учун Туркияни танлаганидан пушаймонлигини айтди.

Олдин келганларнинг даромадини эшитиб, Туркияга келдим, аммо бу ерга келгач, ҳақиқий вазият айтилганидан бошқача эканини билдим, дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳозир Туркияга бораман, деганларни ҳам бу фикрларидан қайтармоқда.

"Ўзим ҳам бошқа давлатларда ишлаш имкониятларини кўриб чиқаяпман", - дейди у.

Истанбул

Сурат манбаси, NURPHOTO

Турк лирасининг қадрсизланиши нафақат меҳнат муҳожирлари, балки маҳаллий аҳолининг ҳаётига ҳам сезиларли таъсир ўтказмоқда.

Истеъмол маҳсулотларининг қимматлашиши йилдан-йилга уй киралари нархларининг ҳам кўтарилишига сабаб бўлмоқда.

Бунга ҳамоҳанг бошқа хизматлар ҳам қимматлашмоқда.

Туркияда яшаб ишлаш, кундалик харажатлардан орттириб ватанга пул жўнатиш ҳам қийинлашмоқда.

Лекин ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз орасида мавжуд вазиятдан у даражада таъсирланмаган ватандошларимиз ҳам бор.

Туркияга яқинда ўқишга келган талаба ўқишдан бўш вақтлари ишлайди.

Харажатларидан пул орттириб, уйига ҳам юборганини айтган талаба: "Бир ойлардан бери бизда пул топишга иштиёқ ортди, шунинг учун кўпинча тунги ишларга ҳам боряпмиз. Доллар курси ошгани сабаб кунлик иш ҳақлари ҳам бироз камайди, лекин университет учун тўловлар ўз миқдорида қолди. Бу ерга келган вақтим оралиғида яхши таассурот олдим. Яшаш жуда қийин эмас экан", - дейди у.

Президентлар

Сурат манбаси, official

Би-би-си: Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Агар, Туркия томонининг 2018 йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.

Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.

Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Глобал коронавирус пандемиясига қадар бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб турган.

Бугун дунёнинг турли давлатларида меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони миллионларга нисбат берилади.

Аммо яқин-яқингача бошқа Марказий осиёликлари билан қиёсланганда, айнан ўзбекистонлик мигрантлар энг ҳуқуқсизи ва ижтимоий ҳимоясизи бўлиб келган.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг миграция ва мигрантлар борасида сиёсати ҳам кескин ўзгаришларга юз тутган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум Президенти Ислом Каримов "дангаса", деб атаган мигрант фуқароларини Мирзиёев, "фарзандлари"га қиёс берган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг ҳам четда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг ҳимоясига қаратилган турли мурожаат, даъват ва баёнотлар билан бунчалик фаоллик билан чиқаётгани ҳам мамлакатнинг бу яқин тарихида кузатилмаган воқеълик бўлади.

Аммо, шунда ҳам, Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва Бош консулликлари фаолиятидан шикоятда бўлган ўзбекистонликларнинг сони оз эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek