Туркия ва лира: Оддий сут икки баробар қимматлаган, бир кишига бир литр ёғ - Истанбулда нималар бўлмоқда? Turkiya O‘zbekiston dunyo yangiliklar

Turkiyadagi yemakxona

Сурат манбаси, SEDAT SUNA/EPA

Сурат тагсўзи, Сўнгги уч ой ичида турк лираси АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланди, қарийб тенг ярмига арзонлади. Бу айрим экспертларнинг Туркия валюта инқирозини бошидан кечираётганига оид баҳоларига ҳам сабаб бўлди
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Турк лираси АҚШ долларига нисбатан устма-уст антирекорд қўймоқда.

Бу оддий одамларни қандай аҳволда қолдирган? Уларнинг бугунги тирикчилиги, ейиш-ичиши нима бўлаётир?

Истанбул Туркиянинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам яшовчи, борувчи, савдо-сотиқ қилувчи учта йирик шаҳридан биттаси бўлади.

line

Турк лираси инқирози мамлакатдаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳаётида қандай акс этмоқда?

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Журналист ва публицист Иброҳим Набиўғли Би-би-си Рус хизмати учун оддий истанбулликларнинг ҳолларини ўрганиб берган.

У маҳаллий тадбиркор, мева дўкони сотувчиси ва шифокор билан ҳам суҳбатлашган.

Истанбул ва бугунги ҳаёт

Бу йил Истанбулга қиш эрта келган.

Дўстим Меҳмет шкафдан ўтган қишдан буён киймаган пальтосини олди.

Пальтонинг чўнтагидан эса, эски харид чеки чиқди.

Меҳмет ўтган йили 20 та тухум, бир буханка нон, 1 литр ёғ, ярим кило гўшт ва яна бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини супермаркетдан 112 лира(7,45 доллар)га олган экан.

У худди шу харид чеки билан яқинда яна ўша супермаркетга бориб кўрди.

Ўтган йилги харидини қилди, аммо бу гал олган нарсалари Меҳметга 229 лирага тушди.

"Бир йилнинг ичида нарх кескин ошган. Икки баробардан кўпроққа кўтарилган. Бу мамлакатда катта норозилик тўлқинини келтириб чиқариши мумкин", - деб койинади у мен билан суҳбатда.

Суҳбатдошимнинг айтишича, бу кейинги президент ва парламент сайловларида ўз сўзини айтмай қолмайди.

Turkiyadagi yemakxona

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Лиранинг қадрсизланиши Туркиядаги кўпчиликнинг ҳаётига бирданига таъсир қилган

Официантга ҳақни ким тўлайди?

Меҳмет Босфорнинг Европа қирғоғида шинам ва кичиккина балиқ ресторанини бошқаради.

Декабрнинг совуқ оқшомида у билан суҳбатимизни шу ерда, кечки овқат устида давом эттирамиз.

Ресторанда биздан бошқа фақат яна иккитагина хўранда кўзга ташланади.

Авваллари эса, куннинг шу вақтида бу ерда овқатланиш учун жой топилмасди.

"Ўғилларим ҳам улғайиб қолишаяпти. Аввалига пандемия, энди эса, иқтисодий инқироз…Бу каби шароитда ресторан бизнесидан қандай фойда қилиш мумкин"- дея шикоят қилади у менга.

Турк нашрларининг ёзишича, коронавирус чекловлари боис ресторан эгалари ўз ишчиларига ҳақ тўлай олмайдиган аҳволга тушиб қолишган.

Ҳукуматнинг келаси йилда энг кам иш ҳаққини тенг яримга ошириш қарори Меҳметнинг аҳволини янада қийинлаштирган.

Энди у ҳам официантлари сонини тўққизтадан бештага қисқартиришга мажбур бўлади.

"Бирданига тўртта кишини ишдан бўшатиш осон эмас. Одамнинг юраги ачийди. Аммо на чора", - дейди у ўйга толганча.

Сўнгги уч ой ичида турк лираси АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланди, қарийб тенг ярмига арзонлади.

Бу айрим экспертларнинг Туркия валюта инқирозини бошидан кечираётганига оид баҳоларига ҳам сабаб бўлди.

Turk lirasi

Сурат манбаси, Getty Images

Туркия Марказий Банки эса, бозор кутганига зид равишда худди шу вақт оралиғида базавий ставкасини жами 400 базис пунктга тушириб, лиранинг қадрсизланишини янада тезлаштирди.

Бу Туркия миллий пул бирлигининг АҚШ долларига нисбатан устма-уст рекорд даражада қадрсизланишига олиб келди.

Туркия ҳукумати нарх-навони жиловлашга қодир эмас.

Миллий валютанинг харид қобилияти шиддат билан пасайиб бормоқда.

Инфляция даражаси қўрқинчли тус олиб бораётир.

Сабзи кимга тегади?

Билол Истанбулнинг ҳашаматли мавзеъларидан бирида мева-чева сотади.

Лиранинг курси билан умуман иши йўқ, у ошиб бораётган нарх-наводан нолийди.

Унинг қизи бу йил лицейни тугатади. Университетга кирмоқчи. Отаси эса, ўқишнинг пулини қандай тўлайман, деб аллақачон хавотирга тушиб қолган.

"Қўшним менга бор-йўғи беш ой олдин 90 минг лирага олган пикапимни ўзига 280 минг лирага сотишни таклиф ҳам қилди", - дейди у менга хижолат билан.

Мен унга "яхши пул"лигини айтиб, сотишини маслаҳат бердим.

У эса, машиналар нархи ақл бовар қилмас даражада ошиб бораётгани, пикапини сотса, бошқасини ортиқ ололмаслигини айтади.

Инфляциядан энг кўп Билолга ўхшаш даромади кам одамлар азоб чекишмоқда.

"Иқтисодий инқироз шаротида "бойлар бойиб, камбағаллар қашшоқлашади", деган ибора Туркия мисолида ҳам ўз исботини топаётгандек.

Turkiya prezidenti

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Президент Эрдоған ортга қайтмоқчи эмас

Машҳур олим, Истанбул Техника университети профессори Жалол Шенғор мавжуд вазиятга ўзига хос таъриф беради.

"Пойгада ғолиб чиққан отнинг эгаси 3 миллион, пойгачи 250 минг лира, от эса, сабзи олади. Ҳозирги ҳолатда от - аҳолининг кам таъминланган қисмидир", - дейди у.

Ҳамширалар шифокорлардан қимматроқми?

Туркия соғлиқни сақлаш тизимида ҳам қийин вазият юзага келган.

"На-да кулишни ва на-да йиғлашни билмайдиган" ҳоллар ҳам бўй кўрсатган.

Айрим касалхоналарда врачларнинг ойлиги оддий ҳамшираларники билан тенглашиб қолган.

Turkiyadagi do'kon

Сурат манбаси, ISA ÖZDERE / EYEEM / GETTY

Сурат тагсўзи, Аксарият дўконларда "Бир кишига 1 литр зайтун ёғи", деган тахтачалар ҳам пайдо бўлган

Элиф давлат касалхоналарининг бирида шифокор бўлиб ишлайди.

Яқинда ҳомиладорлик таътилидан сўнг яна ишга қайтган.

Тунги сменалар, навбатчилик, шошилинч қўнғироқлар, бир сўз билан айтганда, пандемия даврига хос стресс - ҳаммаси қайта бошланган.

Лекин, буларнинг барчасига қарамай, олаётган ойлиги унча кўп эмас.

"Янги энг кам иш ҳаққи меъёрлари бўйича хусусий клиникалардаги ҳамширалар энди шифокорлардан кўра кўпроқ пул олишади. Аммо қанақасига", - дейди у тушунолмай.

Ҳақиқий хавфни эса, доктор Элиф чет эл валютасига харид қилинувчи дори-дармон ва тиббий жиҳозлар нархининг мисли кўрилмаган даражада ошиб кетишида кўради.

"Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар Туркиянинг тиббиёт соҳасини дунёдаги энг етакчилари қаторига олиб чиқди. Аммо аксарият шифохоналар ҳозирги вазиятдан жиддий хавотирда. Дори-дармонлар тақчиллашган пайтда нималар бўлиши ҳақида, ҳатто, ўйлашни ҳам истамайман", - дейди у.

Доктор Элиф ёш она эмасми, сутнинг нархидан ҳам шикоятда.

"Бир литр сут бор-йўғи ўтган ой 6 лира эди. Ҳозир эса, 13,5 лира. Янги Йилда 20 лирага чиқса керак", - дейди таажжуб билан шифокор.

Инқироз "футболнинг белини синдирди"

Айрим дўконлар эса, мавжуд вазиятдан кўпроқ пул ишлаб қолиш, янада қимматроқ пуллаш илинжида ўз маҳсулотларини омборхоналардан чиқармаслик йўлига ўтишган.

Бу ҳам озиқ-овқат тақчиллигига сабаб бўлмай қолмаган.

Аксарият дўконларда "Бир кишига 1 литр зайтун ёғи", деган тахтачалар ҳам пайдо бўлган.

Давлат бунга қарши чора кўришга киришган.

Turk ayoli

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Сўнгги уч ой ичида турк лираси АҚШ долларига нисбатан кескин қадрсизланди, қарийб тенг ярмига арзонлади

Туркия парламентининг Саноат қўмитаси дўконлар ва савдо марказларининг ўз товарларини омборхоналарда сақлаб туришларини маън қилувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган.

Иқтисодий инқироз таъсиридан спорт ҳам бир четда қолмаган.

Футбол клублари президентлари аллақачон чет эллик легионерларига қандай ойлик тўлашни билмай, бошлари қотиб қолганини очиқча гапира бошлашган.

Клубларнинг ҳам ҳамма даромадлари лирада келади.

"Фенербаҳче" президенти Али Коч яқинда берган интервюсида, ҳатто, инқироз "Туркия футболининг белини синдиргани"ни ҳам айтди.

Ечим нима?

Кеча икки ёш йигитнинг суҳбатига қулоқ тутдим. Улар ишга кириш масаласини муҳокама қилишарди.

"Агар иш топсанг, қанча ойликка рози бўласан", деб сўради улардан бири бошқасидан. "Ҳар қандайига, ҳатто энг камига ҳам", - деди ўртоғи.

Туркияда қиш совуқ бўлади, мамлакатнинг айрим тоғ-чанғи курортларига кўп қор тушган.

Аммо ҳозир уларда дам олаётганларнинг кўпчилиги чет элликлар.

Маҳаллий аҳолининг бунга ортиқ қурби етмайди.

Бундан ташқари, улар бугун ҳордиқ эмас, кўпроқ сиёсат ҳақида ўйлашмоқда.

Туркияда чуқур иқтисодий инқирозларнинг натижаси, одатда, сайлов участкаларида билинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek