Ўзбекистон: Мигрантлар қора ишчи эмас, инвестор – ишсизлик парадокси? (видео) O'zbekiston, yangilik

dinur

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Даврон Қўчқоров республикада биринчилардан хусусий касб-ҳунарга ўқитиш марказига асос солган.
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Украинадаги уруш туфайли Россиянинг ўзи ва дунё меҳнат бозоридаги вазият хавотирли тус олар экан, хорижда ишлаб юрган ўзбекистонликларнинг катта қисми ватанга қайтишга мажбур бўлиши эҳтимоли ортмоқда. Бир вақтнинг ўзида, мамлакатда 1,5 миллион инсон ишга муҳтож.

Расмий рақамларда эса ўтган йилда яна 1,5 миллион ўзбекистонлик хорижда, асосан, Россияда вақтинча меҳнат қилгани айтилади.

Норасмий маълумотлар чет элга иш излаб кетган ўзбекистонликлар сони бундан-да кўп эканини таъкидлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 1 январь ҳолатига мамлакатда ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил этганини маълум қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Бу эса республикадаги 19 миллиондан зиёд меҳнатга лаёқатли инсонларнинг қарийб 1,5 миллиони ҳозирда ишга муҳтож эканини англатади.

Dinur Jobs ва унинг таркибидаги Beruniy Academy касб ҳунарга ўқитиш маркази асосчиси, тадбиркор Даврон Қўчқоров меҳнат мигрантларининг ортга қайтиши ўзи яшайдиган Тўрткўл каби у қадар ривожланмаган ҳудудлардаги аҳволни янада абгорлаштириши ҳақида гапиради.

Алоқадор мавзулар:

Ярмига қисқарган жўнатмалар

beruniy

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Тўрткўл туманлари ишсизлик авж олган ҳудудлардан саналади.

2020 йилда президент қарори билан Ўзбекистонда камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш тизими жорий этилган.

25 йилдан ортиқ тадбиркорлик тажрибасига эга, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенеси собиқ депутати Даврон Қўчқоров мамлакатда биринчилардан бўлиб ушбу тизим доирасида хусусий касб-ҳунарга ўргатиш марказини ташкил этган.

Қўчқоров марказда ишсиз ва малакасиз инсонлар 14 йўналиш бўйича касб-ҳунарга ўргатилиши, асосий мақсад эса хорижда ишлаш учун малакали мутахассислар тайёрлаш эканини айтади.

Расмий статистик маълумотларни ўрганган тадбиркорнинг сўзларига кўра, Тўрткўл туманида 10 минг инсон расман ишсиз ўлароқ рўйхатга олинган.

"Ўтган йили Тўрткўлдан хорижга ишга кетган яна 15 минг инсон йил давомида уйига расмий йўллар билан $50 миллион, норасман $20 миллион, яъни қарийб $70 миллион пул юборган", дейди Қўчқоров.

Рақамларни таҳлил этган Қўчқоров жорий йилда ушбу маблағ тенг ярмига қадар қисқаришини тахмин қилади.

"Украина можароси бошланганидан бери хориждаги тўрткўлликларнинг 30 фоизчаси қайтиб келди. Яъни 5 минг нафар атрофида. Уйга жўнатилаётган пуллар тенг ярмига қисқарди. Бу эса нархлар ошаётган пайтда оддий одамлар ва тумандаги дўконлар, маиший хизмат кўрсатувчи бизнесларнинг ҳам аҳволини танг қилмоқда", давом этади у.

Тумандаги вазиятни тасвирлаган Қўчқоровнинг сўзлашича, мигрантларнинг қайтиши, улар жўнатаётган пулларнинг камайиши, маҳаллий бизнеслар ўсишининг пасайиши одамлар иқтисодий аҳволи абгорлашиши ва ишсизлик даражасининг сапчишига олиб келмоқда.

"Қора ишчи эмас, балки инвестор"

beruniy

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2021 йилда меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга $8 миллиарддан зиёд пул юборган.

Шу сабабдан тадбиркор меҳнат мигрантларини мамлакат учун энг йирик ва муҳим инвесторлар деб атайди.

"Инвесторларнинг икки тоифага ажратишимиз мумкин. Фойдани кўзлаган хорижий инвесторлар бу ерга пул олиб келиб, эртага каттароқ маблағ билан кетиш пайида бўлади. Мигрант-инвесторлар эса беғараз пул юборади. Улар жўнатган пуллар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига манзилли етиб боради", тушунтиради у.

Қўчқоровнинг ишонишича, энди-энди ривожланиб бораётган Ўзбекистоннинг оёққа туриб олишдаги энг муҳим ресурси - бу ишчи кучи.

"Ҳукумат мигрант-инвесторлар масаласига жиддий қараши, уларни дастаклаши шарт, деб ўйлайман".

Бироқ Даврон Қўчқоров ўзи инвесторлар, дея тилга олган меҳнат мигрантларининг катта қисми малакасиз бўлганидан қора ишларда ишлашга маҳкум экани, ҳунари ва касби йўқлигидан Ўзбекистоннинг ўзидаги кўплаб инсонлар ҳам арзирли иш топа олмаётганини таъкидлайди.

"Биласизми, касбга ўргатиш лойиҳасига қўл уришдан аввал ўзим ҳам биздаги ишсизликнинг асосий сабаби завод-фабрикалар йўқлигида, деб ўйлар эдим. Ҳозир эса одамларнинг ишсиз юришига уларнинг малакаси йўқлиги сабаб эканини англаб етдим.

Масалан, Тўрткўлнинг ўзида бугун юзлаб электрик, сантехник иш жойлари мавжуд. Аммо малакали ишчи йўқ. Россияга кетаётганларнинг аксариятида ҳам аниқ бир ҳунар йўқ. У ердаги танишлари, қариндошлари иш бор, дегани учун кетишяпти. Шу туфайли қора ишларда қолиб кетишмоқда. Буни кўриш ачинарли".

У мамлакат ҳукумати хорижга кўпроқ одам, бўлгандаки, малакали ишчилар юборишга эътибор қаратиши зарурлигини таъкидлайди.

Қўчқоров меҳнат мигрантлари мамлакат ривожига қандай ҳисса қўша олишига мисол тариқасида 60-70 йиллардаги Туркия тарихини тилга олади.

"Туркия ҳам энди ривожланаётганда, асосан, Германия, умуман олганда, тараққий этган Ғарбга фуқароларини давлат даражасида жўнатган. Ҳатто, кемада хорижга кетаётган ишчиларни кузатгани бош вазирнинг ўзи чиққани ҳақида ҳам ўқиганман. Кейинчалик, ўша ишчилар урушдан сўнг жадал ривожланган Европани кўриб, у ерда ўрганган билимларини ватанга олиб келиб, бугунги Туркия ривожига асос солганлар.

Ҳозир ўша мигрантларнинг авлодлари Россияда биргина қурилиш соҳасида 300 дан ортиқ компанияни бошқариб, 200 мингдан зиёд бизнинг мигрантларимизни ишлатмоқдалар", ҳикоя қилади Қўчқоров.

Сохта статистика

dinur

Сурат манбаси, BBC O'zbek

Сурат тагсўзи, Тадбиркор Қўчқоров ишсизлик муаммосини ҳокимлар орқали ҳал этиш тизимини танқид этади.

Президент Шавкат Мирзиёев мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатда қашшоқлар борлигини тан олган.

Аҳолини иш билан таъминлаш маҳаллий ҳоким ва раҳбарларга марказий ҳукумат томонидан қўйилган энг асосий вазифалардан бирига айланган.

Одамлар турмушини яхшилаш йўлида, кейинчалик танқидларга сабаб бўлган, маҳаллабай, хонадонбай ўрганиш тизими, ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилган, ишсизларни касб-ҳунарга ўргатувчи Ишга марҳамат моно-марказлари очилган.

Аммо Даврон Қўчқоров яхши ниятда бошланган ушбу ҳаракатлар маҳаллий амалдорлар томонидан кўзбўямачиликка тўлдириб юборилаётгани, аҳолини ишлаб билан таъминланганлик статистикаси сохталаштирилаётгани, оқибатда, ҳукумат ишсизлик муаммоси билан боғлиқ реал вазиятни яхши англаб ололмаётганини таъкидлайди.

"Масалан, Беруний туманида 40 та ҳоким ёрдамчиси бор. Улардан бизнинг марказимизда ўқиши мумкин бўлган қанча ишсиз бор, деб сўрадик. Бизга 600 дан ортиқ инсоннинг манзили, телефон рақамини беришди. Бу одамларга қўнғироқ қилиб, ўқишга таклиф қиламиз, десак улар умуман бошқа ҳудудлардан бўлиб чиқди. Ишсизликни бартараф этишга масъул одамлар статистикани қалбакилаштириб, президентга ёлғон рақамлар жўнатяпти".

Даврон Қўчқоров, шунингдек, президент талаби билан ишсизликни бартараф этиш бугунги кунда асосий вазифаларидан бирига айланган маҳаллий ҳокимлар аҳолини иш билан таъминлашда бирламчи роль ўйновчи хусусий тадбиркорлар билан амалда мулоқот қилмаётгани, уларнинг дардига қулоқ солмаётганини билдиради.

"Биласизми, ишсизликни камайтиришда ўрта бизнес асосий роль ўйнайди. Бугун эса биз катта ва кичик бизнесга эътибор қаратиш билан бандмиз. Давлатга қарашли катта-катта заводлар, фабрикалар банкрот бўляпти, зарарга ишлаяпти. Кичик бизнеслар эса ҳали оёққа турмаган.

мигрантлар

Ҳокимлар олдига ишсизлик муаммосига ечим билан борсанг, эшитишни ҳам истамайди. Президент тадбиркор билан учрашасан, деган талабни қўйган бўлса-да, улар тадбиркор хўп бўлади, деб турадиган лаганбардор бўлиши керак, деб ўйлайдилар", аҳволни тасвирлайди Қўчқоров.

Маҳаллий амалдорларнинг тадбиркорларга беэътиборлиги ортидан Даврон Қўчқоров улар билан учрашувларга президент сўзларидан иқтибослар туширилган футболкалар кийиб бора бошлагани, аммо бу президентга пахта қўйиш эмас, балки амалдорларни сергак торттириш, уларни ишлашга мажбур қилиш йўлидаги ҳаракат эканини айтади.

Бир вақтнинг ўзида тадбиркор хусусий касбга ўқитиш марказлари давлат эътибори ва ёрдамига муҳтож экани, ҳукумат эса ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлаш йўлида одамларни касбга ўргатиш масаласига жиддий ёндашиши зарурлиги ҳақида сўзлайди.

"Масалан, меҳмонхона йўналиши бўйича одамларимизни ўқитиш учун Туркиядан тренер олиб келиш керак. Улар эса 2 000-3 000 евродан камига келмайди. Давлат қандайдир city лойиҳаларини тўхтатиб туриб, шундай масалаларга эътибор қаратиши керак.

Агар одамларимиз малакасини оширсак, улар хориждан янада тажриба орттириб келиб, ўша city ва заводларни ўзлари қуриб оладилар", ишонч билан сўзлайди тадбиркор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek