Ўзбекистон: “Буханка”га навбат, 20 йил ўғил бола исмида яшаган қиз ва шакар нега қимматлашяпти? – янгиликлар, O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Social media
- Расмийлар шакар қимматлашуви сабабига изоҳ берди;
- Фарғонада "буханка"га навбат юзага келди;
- Йил бошидан бери $1 миллиарддан зиёд озиқ-овқат импорт қилинди;
- 20 йил ўғил бола исми билан яшаган қизга янги гувоҳнома берилди;
Қимматлашаётган шакар
Ўзбекистонда шакар нархининг кўтарилишига, биринчи навбатда, тайёр маҳсулот ва хомашёни етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги бугунги кунда ички бозорда юзага келган вазият бўйича тушунтириш берган.
Расмий маълумотга кўра, ҳозирда, ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9 500 - 13 000 сўм доирасида шаклланмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон: “Буханка” нон қимматлашди, инфляция 11 фоизга чиқди - энди газ-свет нархи ҳам ошадими? Янгиликлар
- Ўзбекистон: Президентнинг ваколат муддати ўзгартирилмайдими ва дон захираси қачонгача етади? – янгиликлар
- Украина уруши Афғонистонни Ўзбекистон ва минтақа учун янги таҳдидга айлантирадими? Видео
- Ўзбекистон: Камбағалларга пул тарқатилади ва Хитойга газ экспорти икки баробар ошди – янгиликлар
"Шу билан бирга, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга (сўм эквивалентида қўшни мамлакатларда 14 000 сўмдан 21 000 сўмгача) ўсиши билан бир қаторда, ушбу маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ муаммо ва хатарлар юзага келаётганлиги кузатилмоқда", дейилади вазирлик ахборотида.
Таъкидланишича, бозор иқтисодиёти шароитида ва Ўзбекистон иқтисодиётининг халқаро савдо занжирига кириб бориши манзарасида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди.
"Мисол учун, бугунги кунда Лондон биржасида шаклланган шакарнинг нархи (500 доллардан 575 долларгача) 15 фоизга ошган бўлса, унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган", билдирган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.
Вазирлик шакар тақчиллиги ва маҳсулот нархининг янада ошиб кетишишига йўл қўймаслик мақсадида шакар ишлаб чиқаришни 50 фоизга кўпайтириш ҳамда шакар хомашёси импорти ва биржага чиқарилаётган тайёр маҳсулот миқдорини ошириш режаланганини қўшимча қилган.
"Буханка"га навбат

Сурат манбаси, Screenshot/Daryo.uz
Фарғона шаҳрида қолипли нон - "буханка"га турнақатор навбат юзага келди, дея хабар бермоқда Дарё.уз нашри.
2 июнь тонгида шаҳардаги савдо дўконларидан бирида тасвирга олингани айтилаётган видеода одамлар "буханка" нонларни "талаб олаётгани" кўринади.
Шу вақтгача ўртача 1 600 сўмдан сотилиб келинган қолипли нон нархи Тошкент шаҳрида 1 июндан бошлаб 2 800 сўмга кўтарилган эди.
Нарх кўтарилишига муносабат билдирган Монополияга қарши курашиш қўмитаси республикада ун маҳсулоти захираси етарли экани, нарх-наволар кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда ун савдоларга қўйиб борилишини билдирган.
"Ўрганишлар давомида аниқланишича, "буханка" нон нархи Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўмни ташкил этмоқда", маълум қилган қўмита 1 июнь куни.
Шунингдек, Антимонопол қўмита нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан маҳсулот тақчиллиги борасида хавотирга тушмаслик, "ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланмаган маълумотларга ишониб", сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликларини сўраган.
$1 миллиардлик импорт

Сурат манбаси, BBC O'zbek
2022 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистонга $1,1 миллиардлик озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинган.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 50 фоизга кўп - 2021 йил январь-апрель ойларида мамлакат $756 миллионлик озиқ-овқат импорт қилган.
Жорий йилда Ўзбекистонга энг кўп озиқ-овқат Қозоғистондан олиб келинган — $430 миллион.
Россия $280 миллиондан ортиқ озиқ-овқат билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Бразилия қарийб $130 миллион билан учинчи ўринда қайд этилган.
Давлат статистика қўмитаси йил бошида бери Украинадан озиқ-овқат импорти кескин қисқарганини билдирган.
Агар ўтган йилнинг январь—апрель ойларида $20 миллиондан ортиқ озиқ-овқат Украинадан келтирилган бўлса, ушбу йилда бу кўрсаткич $12 миллионга яқин бўлган.
20 йиллик ўғил болача исм

Сурат манбаси, Xalq So'zi
Қашқадарёда 20 йил ўғил болача исм билан яшаб юрган қизга ўз исми ёзилган гувоҳнома берилган.
"Халқ сўзи"нинг ёзишича, Деҳқонобод туманининг тоғли қишлоқларида ўтказилган сайёр қабулда 20 йилдан буён "Шафоатов Олим" исми билан яшаб келаётган қиз мурожаат қилган.
Маълум бўлишича, қиз туғилганида янглишиб, унга ўғил бола исми ёзилган гувоҳнома берилган, тоғли қишлоқ эса туман марказидан 180 километр олисда бўлгани сабаб гувоҳномадаги хатолик тўғриланмай қолиб кетган.
Сайёр қабулдан сўнг қизга "Шафоатова Муқаддам Равшан қизи" деб ўз исми қайд этилган гувоҳнома топширилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















