Ўзбекистон: Каважон - "Пул беришса, ёқмасди" ... Қийин замонда бева яшаётган аёл ҳикояси - O‘zbekiston, yangiliklar

4 йил аввал турмуш ўртоғидан бева қолган Каважон Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида уч нафар ёш боласи билан ёлғиз яшайди.
Йиллар давомида табиий газ тўловидан қийналиб келган Каважон хонадонига маҳаллий саховатпеша тадбиркор тежамкор иситиш қурилмаси ўрнатиб берган.
Ўзбекистонда газ ва электр учун тўловлар оширилиши аҳоли хавотирларига сабаб бўлаётган бир пайтда Би-би-си энергия тежамкор қурилмалардан фойдаланиш ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун қанчалик долзарб эканини кўриш мақсадида Каважоннинг уйига борди.
Аммо мавзу турмуш даражаси энг оғир, ишсизлик авж олган ҳудудлардан бирида бева бўлиб, боқувчисиз яшаш қандай бўлиши борасидаги суҳбатга айланиб кетди.
Газ баҳона суҳбат
Каважоннинг уйи Хоразм ва унга туташ Қорақалпоғистон ҳудудларига хос - девор билан ўралмаган, дарвозасиз, хона деворлари қалин.
Қиш кунлари аёзли кечувчи бу ҳудудларда эса уйни иситишнинг ўзи бўлмайди.

"Уйни ўтин билан иситамиз. Газ борку, лекин баъзи пайтлари пастлаб кетади. Устига газ пулини тўлашга доим қийналганман. Ўтин ҳам қиммат. Ўтинга пулим қолмаган кунларим кўп бўлган. Ўша пайтлар ҳамма эшикларни ёпиб, болалар билан ошхонада ўтирамиз", жилмаяди у.
Аммо пульсизлик, совуқда яшаш Каважоннинг асосий дарди эмас.
Алоқадор мавзулар:
Бундан тўрт йил аввал бу ёш аёлнинг бошига оғир мусибат тушган - турмуш ўртоғи тўсатдан вафот этган.
"Куёвим тўсатдан ётиб қолди. Анализ топширгандан кейин оғир касал эканини айтишди. Нукусга ётқиздик. 40 кун ичида қайтиш бўлди", кўзига ёш олади у.
Орадан бир ой ўтиб, унинг қайнонаси ҳам оламдан ўтган ва 30 ёшида уч гўдак билан ёлғиз қолган.
Кетма-кет мусибатлар ортидан Каважон ўз жонига қасд қилиш ҳаёлига ҳам боргани ҳақида сўзлайди.

"Лекин Аллоҳим куч берди. Сабрли бўл, агар сен ҳам ўлсанг, болаларингнинг ҳоли не кечади, дедим ўзимга", ҳикоя қилади у.
"Пул беришса, ёқмасди"
Каважон бева қолган илк кунлари оғир, тушкунликка тўла кечганини айтади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Боқувчисини йўқотди, деб одамлар оз-моз пул олиб кела бошлади. Қўшнилар кўнглидан чиқариб, ёғ, ун олиб чиқишар эди. Бу менга умуман ёқмас эди. Лекин кейинроқ бу ёрдамларни олишга мажбур бўлдим. Ҳаёт мажбур қилди".
Мамлакатда нарх-наволар ошар экан ҳукумат қашшоқ аҳолига 300 минг сўмдан пул тарқатган.

Каважон бу ёрдамдан хурсанд бўлгани, аммо берилган пул орзу қилган харидларига етмагани ҳақида ийманиб сўзлайди.
"Биринчи бўлиб ун олдим. Беш литр ёғ олдим. Ёрдам ҳақида эшитганимда, болаларимни кийинтиришни орзу қилган эдим. Лекин ўша кунлари кичкинам, ўзим ҳам касал бўлиб қолдик. Дори олдим ўрнига".
"Аммо ўйлайманда - шу пулни бермаганда нима қилар эдим? Президентимизга раҳмат ҳолимиздан хабар олганлари учун", давом этади у.
"1 миллион 657 минг сўм қарз"
Каважоннинг совуқ қиш кунлари газ тўловидан қийналаётганидан хабар топган маҳаллий тадбиркор унинг уйига тежамкор иситиш қурилмаси ўрнатиб берган.
"Охирги ёққанимдан 1 миллион 657 минг сўм қарзим бор. Ҳокимиятдан ёрдам берамиз, дейишган. Минг раҳмат уйимизга янги котёл ўрнатиб кетишди. Тежамкор экан. Қишда 1 миллион ўрнига 250 минг сўмлик газ ёқасиз, дейишяпти".

Мамлакатда 1 июлдан эса ижтимоий норма асосида энергия истеъмоли учун тўловларни ошириш режаланмоқда.
"Агар нархлар яна ошса, бизга ўхшаган оилалар нима қилади - билмайман. Ток, газга бундан икки баробар тўлай олмайман. Яна яшаш ҳам керакку. Ун, ёғ олишим керак. Нархлар ҳам ошиб кетяпти. Бу кетишда ҳаёт нечук бўлади - билмайман", ўйчан сўзлайди уч боланинг онаси.
Турмуш шароити оғир бўлишига қарамай, Каважон фарзандларини ўқитиш, ўзи ҳам севган касби билан шуғулланиш орзусида эканини айтади.
"Худойим кўнглига солганми - куёвим қайтишидан олдин агар ўлсам, икки ўғлимизни милиса, қизимизни духтир қил, деб айтиб кетган эди".

"Ўзим турмушга чиқишдан олдин медицинани ўқиб, ишлаганман. Ҳозир болаларимга қарайдиган одам йўқ учун ишлай олмаяпман", қўшимча қилади у.
Каважон ҳаётда орзулари кўплиги, улардан энг каттаси ўзи каби бева-бечоралар ҳаётини яхшилаш эканини таъкидлайди.
"Қани энди ишлаб, пулим кўпайиб кетсаю, ҳамма бечораларга ёрдам берсам. Уларни бой қилсам. Шуни хоҳлайман", кўз ёшини тия олмайди муштипар она.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.















