Ўзбекистон: Мамлакатда қанча оила қашшоқ ҳолда кун кечирмоқда?

Сурат манбаси, Dima Qayum
19 июль куни Олий Мажлис Сенатининг 5-ялпи мажлиси ўз ишини бошлаган.
Мажлисга раислик қилган Танзила Норбоева аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш устувор вазифалардан бири эканини айтиб, кам таъминланган эҳтиёжманд аҳоли рўйхати шакллантирилганини маълум қилган.
"Республика бўйича 7 млн. 192 мингдан ортиқ хонадоннинг 300 мингга яқини (4,1 фоиз) эҳтиёжманд хонадон ҳисобланади. Ушбу хонадонларнинг рўйхатлари маҳаллий Кенгашларнинг қарорлари билан тасдиқланган", деган Норбоева.
Сенат раиси сўзларига кўра, бу дастлабки рақам бўлиб, қашшоқ ҳолда яшаётган оилалар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин.
Фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этмайди
Сенатнинг 5-ялпи мажлиси давомида сенаторлар "Фуқароларнинг жамоат тартибини сақлашда иштирок этиши тўғрисида"ги қонунни рад этди.
"Қонуннинг аксарият нормалари реал ҳаётий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солмаслиги, уларнинг асосий қисми тўлиқ ифодаланмаганлиги, белгиланган тадбирларнинг амалга ошириш механизмлари мавжуд эмаслиги алоҳида қайд этилди.
Хусусан, Қонуннинг 7-моддасида фуқаролар жамоат тартибини сақлашда иштирок этганда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар билан ҳамкорлик қилиши белгиланган бўлсада, Қонунда уларнинг ваколатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилмаган", дейилади Сенат хабарномасида.

Сурат манбаси, Senat
"Фақат жарима ундириш билан иш битмайди"
Сенатнинг 5-ялпи мажлисида Танзила Норбоева йўлларда тартиб-интизом ўрнатишга фақат жарималар солиб эришиб бўлмаслигини таъкидлаган.
"Сўнгги икки йилда тез ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги оқибатида 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берган. Охирги уч йилда ҳайдовчилар томонидан махсус автотранспорт воситаларига йўл бермаслик билан боғлиқ 700 дан зиёд ҳолат аниқланган. Аслида ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга йўл бериш керак.
Бироқ уларни ўтказиб юбораман, деб бошқа ҳайдовчиларимиз айбсиз айбдор бўлиб қолмоқда.
Яъни ўтказиб юбораман деб қоида бузса ҳам жарима тўлайди, қоида бузмай деб уларга йўл бермаса ҳам жарима тўлайди. Бу каби ҳолатларга чек қўйиш учун ҳам "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун жуда муҳим", деган Сенат раиси.
"Йўллардаги тартиб-интизомга фақатгина қоидабузарликни қайд этиб, жарима ундириш билан эришиб бўлмайди.
Бугун Қонун чиқса, эртадан бошлаб ҳайдовчиларни жазога тортиш керакмас. Аввало, тушунтириш, ўргатиш, огоҳлантириш керак", қўшимча қилган у.
"Маҳкумларнинг манфаатлари ҳимояланади"
Сенатнинг 5-ялпи мажлисида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялашга қаратилган қонун ҳам сенаторлар томонидан маъқулланган.
Эндиликда, "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун орқали қуйидагилар кўзда тутилмоқда:
•вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувларида чекловлар бекор қилинмоқда. Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан учрашувларининг алоҳида тартиби белгиланмоқда
•маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар киритилмоқда. Яъни маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, шунингдек, манзилли колонияларда сақланаётганларга эса муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилмоқда
•маҳкумларни жазо ўташи даврида адолатли мезонлар асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллаш комиссиясининг иш фаолияти ва уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилмоқда
•жазо муддатини ўташ давомида маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини
таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилмоқда. Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларни тинтув қилиш вақтида жисмоний куч ва махсус воситалар асоссиз қўлланилишининг олди олинмоқда
•Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддаси тўлдирилиб, маҳкумларнинг илтимосига кўра учрашувлари ва телефон орқали сўзлашувларини кўпайтириш ҳамда видео-учрашувлар билан алмаштириш тизими жорий этилмоқда

Сурат манбаси, President.uz
"Вирусни албатта енгасиз"
Президент Шавкат Мирзиёев коронавирусга чалингани маълум қилинга Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга мактуб йўллаган.
"Сизнинг коронавирус касаллигига чалинганингиз тўғрисидаги хабарни чуқур безовталик ва катта хавотир билан қабул қилдим.
Ҳаётингиздаги ушбу синовли ва мураккаб пайтларда биз учун ҳамиша чексиз эҳтиромга сазовор бўлиб келган Сиз, азиз оғамни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигимни ва яқин кўмакдош эканлигимни яна бир бор чин қалбдан маълум этмоқчиман. Ҳеч шубҳасиз, қисқа фурсатларда мазкур вирусни муваффақиятли енгиб ўтиб, шифо топишингизга ва тузалиб кетишингизга ишончим комилдир", дейилади президент мактубида.
Деярли 6 минг
19 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар 88 нафарга кўпайиб, умумий беморлар сони 5855 нафарга етган.
"Янги касалланиш ҳолатларининг 61 нафари — Тошкент шаҳрида (шундан 51 нафари беморлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинганлар, 10 нафари — аҳоли орасида), 27 нафари — карантин марказидаги фуқаролар орасида аниқланган", дея хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Шу пайтга қадар 4199 бемор касалликдан тузалган, 1637 бемор шифохоналарда қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
Қайд этилган ўлимлар сони 19 та.












