Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевда коронавирус аниқланди - Koronavirus

Сурат манбаси, ALEXEY NIKOLSKY/TASS
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевда коронавирус аниқланган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Твиттер саҳифасида Биринчи Президент-Элбошининг коронавирус инфекциясига чалингани ҳақидаги хабардан қайғуга тушганини ёзган.
"Таассуфлар бўлсинким, коронавирус бизнинг Биринчи Президентимиз, Элбошини ҳам четлаб ўтмади. Нурсултон Абишевич Назарбоевга тезроқ соғайишини тилайман. У руҳан бақувват инсон. Унинг бутун ҳаёти қийинчиликларни енгиб ўтишдан иборат бўлган, шунинг учун ишонаманки, бу синовдан ҳам муваффақиятли ўтади", дея твит қолдирган Тоқаев.
Аввалароқ РИА Новости агентлиги Қозоғистон раҳбарининг матбуот хизматига таяниб Назарбоевда Covid-19 аниқлангани ҳақида хабар тарқатганди.
Матбуот хизмати "хавотирга асос йўқлиги", Назарбоев ўзини яккалагани ва масофадан ишлаётганини маълум қилган.
Ўтган ҳафта Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Елжон Биртановнинг коронавирус ташхиси билан шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Қозоғистон парламенти қуйи палатаси раиси Нурлан Нигматулин ҳам вирусга чалинган.
Бундан ташқари, Бош вазир Асқар Мамин ҳамда Мудофаа вазири Нурдан Ермекбаев ҳам ўз-ўзини яккалаш тартибида масофадан ишлаётгани билдирилган.
Қозоғистонда расман 22 708 коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолатлари қайд этилган.
Унга ҳам симптомли ва ҳам симптомсиз ҳолатлар киради.
АҚШдаги Жон Хопкинс университети Қозоғистонда инфекцияга чалинганлар сони 15 877 нафар дея қайд этган, улардан қарийб 10 минг нафари даволанган.
Ҳозирга қадар мамлакатда 100 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Ўзбекистон нега Хитойга очилмоқчи? - O'zbekiston, Xitoy, dunyo - BBC Uzbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост

80 ёшни қаршилаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни қарийб 30 йил бошқариши ортидан ўтган йил майида амалдаги президентликдан истеъфо берган эди.
У "Миллат отаси" ва Конституцион кенгаш аъзоси сифатида қолиши баробарида Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва иқтидордаги "Нур Отан" партиясига раҳбарлик қилади.
Назарбоевлар оиласи Қозоғистон сиёсатига таъсирини сақлаб қолаётгани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek













